Байрамдан беш юз метр нарида

Байрамдан беш юз метр нарида
56 views
22 February 2017 - 5:00

Нима бўлса бўлсин, бу кун биз учун қутлуғдир. Ёки қутлуғ бўлмоғи керак ёки шундай саналмоғи лозим. Албатта, байрам расмий нишонланаётган майдон муҳташамдир. У ерда тўпланган одамларнинг либослари башанг, сўйлаётган нутқлари баландпарвоз.

Аммо бу байрам минтақасидан бор-йўғи 500 метр нарида аҳвол том бошқа. Аҳвол шу қадар бошқадирки, майдонда янграётган гўзал нутқлар ғалати келади қулоққа. Хусусан, улардаги “қутлуғ” деган сўз, хусусан, “муборак” деган ё “муқаддас” деган калималар жуда ҳам ғалати келади. Бу аслида гўзал сўзлар байрамдан 500 метр нарида турган одамнинг қулоғига бир сафсатабознинг уйдирган сўзларига ўхшаб эшитилади. Чунки байрам майдонидагилар, бу сўзларни ўз мазмунидан ажратиб талаффуз қиладилар.

Демагог, яъни сафсатабоз шунинг учун ҳам сафсатабозки, у ўз нутқида мазмунидан ажраб қолган сўзлар қўлланади доим. Масалан, бу одам бир нарсани “қутлуғ” деса, унга ҳеч ким ишонмайди, чунки бу одам учун қутлуғ нарса йўқлигини билишади. Ёки бу одам “муқаддас ватаним” деб оҳ чекса, бунга ҳеч ким ишонмайди, чунки бу одам учун муқаддас нарса йўқдир.

Ҳар йил ўтказилаётган бу мустақиллик байрамларига қараб, мен ўзимни Абдулла Қаҳҳорнинг «Анор» деган ҳикоясидаги у чорасиз йигит каби ҳис қиламан. Эсингиздами, ҳикоя қаҳрамони бу йигитнинг хотини ҳомиладор ва унинг кўнгли анор тусайди. Драма шу истакдан бошланади. Йўқсил йигит, ҳомиладор хотин ва улардан 500 метр нарида фалончи бўйнинг арзанда ўғлига бераётган ҳашаматли тўйи. Ва бу тўйда отилаётган кўз қамаштирувчи мушаклар. Тинимсиз отилаётган, қимматбаҳо мушаклар.

Бу манзара мустақиллик байрамларимизнинг миниатюр кўринишидир. Бизнинг байрамларимизда сарф қилинаётган ҳаражатни Абдулла Қаҳҳорнинг бойваччалари кўрса эди, тил тишлаб, бош чайқаган бўлишарди. Бир тарафда одамлар оиласига нон топиб бера олмай, ўз ёнига қасд қилар экан, иккинчи тарафда ўша одамларнинг нонини туя қилганлар тантанаси. Юмшоқ қилиб айтганда, менда ваколат бўлса эди, оч-яланғоч халқдан беш юз метр нарида бундай исрофгарчиликка йўл қўймаган бўлардим.

Табиийки, мустақиллик куни нишонланган бўларди. Иккинчидан, менда ваколат бўлганда, бу байрамда бевосита халқнинг ўзи иштирок этишини таъминлаган бўлардим. Байрамга бугунги ҳукумат каби мустақилликка қарши курашганларни эмас, мустақиллик учун курашганларни ва бугун ҳам курашаётганларни таклиф қилган бўлардим.

Кейин, бу байрам маросимини телевизордан тинмай кўрсатишдан уялган бўлардим. Ҳатто халқнинг фаравонлик даражаси кўтарилмагунча, инсонлар юзидаги йўқсиллик тамғаси ўрнини ҳузур табассуми эгалламагунча, умуман бундай байрамларни бошламаган бўлардим.

Совет даврида байрам ишқибози бу президентлар компартиянинг биринчи секретарлари эди. У замонларда еттинчи ноябр ва Биринчи Май каби катта байрамлар бўларди. Бизнинг президентларимиз бу қуллик ва мустамлака байрамларини ҳам бугун мустақиллик байрамларини нишонлаётгандай завқ ва илҳом билан нишонлар эдилар.

Совет даврида байрамлар халқнинг кўзини бўяш учун ишлатиладиган рангли, ранго-ранг бир бўёқ эди. Бугунги мустақиллик байрамларини ҳам бизнинг раҳбарларимиз айни мақсадда қўлланмоқдалар. Фақат бир фарқи бор: совет байрамлари қанчалик расмий ва сохта бўлмасин, уларда халқ иштирок этар эди.

Байрам ўтаётган майдонга истаган одам бориши ва тантанани томоша қилиши мумкин эди. Бугунги байрамларда халқ йўқ. Бугунги байрамларга фақат таклиф қилинган одамларгина бориши мумкин. Бу танланган «аслзодалар» давлат раҳбарлари, парламент аъзолари, ҳоким ва ҳокимчалар ҳамда бир-икки маддоҳ ёзувчидан иборат – қолгани бу одамларни кузатиб турадиган айғоқчилар лашкари.

Таклиф қилинган ҳар бир киши байрам майдонига кирар экан, тинтувдан ўтказилади, бундай тартиб советлар даврида йўқ эди. Совет даврида байрам баҳонасида инсонлар ўз раҳбарига яқинлаша билар, унга ўз орзуларини айта оларди.

Бугун эса раҳбар билан халқ ўртасидаги жар шундай чуқурлашмоқдаки, унга тушиб кетган одам тирик чиқмайди. Икки йил аввал байрам асносида бизнинг президентимизга илтифот кўрсатмоқчи бўлган бир аёлнинг бошига нелар тушганини ҳамма билади.

Қисқаси, халқ бу байрамда қатнашмайди. Халқ бу байрамларни кулбасида қаттиқ нон-у иссиқ чой билан безатилган дастурхон атрофида тўпланиб, телевизордан томоша қилиши мумкин. Албатта, агар телевизори бўлса…

Мен ўша байрам майдонига киритилмаган одамларни байрам билан табрикламоқчиман. Ва шуни айтмоқчиманки, сизнинг бугунги қашшоқлигингиз ва изтиробларингиз сабабчиси асло мустақиллик эмасдир. Аксинча, ўша мустақилликни йўқ қилган кимсалар бунинг сабабчиси. «Улар кимлар?» деб сўраманг. Улар сиздан беш юз метр нарида қадаҳ кўтараётганлар ва минбардан нутқ сўйлаётганлардир. Телевизорингизга яхшилаб қаранг, уларнинг башараларини яхшилаб таниб олинг.

(29.08.1997)

(58)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (170-172-саҳифалар.)

(давоми бор)