Ушалмас орзулар

Ушалмас орзулар
91 views
25 February 2017 - 5:00

Русия ўзининг бутун дунёга қўрқув солғучи супердавлат бўлган дориламон даврини эслатаётгани, уни қўмсаётгани шубҳасиздир. Русия бу ўтмишини қайтариб бўлмаслигини билади, аммо ҳеч бўлмаса, унинг хотираси билан яшашни орзу қилади.

Бугунги Русия тарафидан қурилаётган ва қурилиб бўлмасдан парчаланиб кетаётган мўрт иттифоқлар шу орзунинг зоҳирда кўринишларидир. Чеченистондаги уруш, Гуржистондаги рус қўшинлари, Озарбойжонга қарши Арманистонга очиқдан-очиқ ҳарбий ёрдамлар ва Тожикистондаги рус қўшинлари – ҳаммаси бу орзуни рўёбга чиқариш учун қилинган чирпинишлардир.

Лекин Совет империяси ўзининг табиий умрини тугатган бир системадир. Уни қайтадан тиклашга уриниш ўликни қабрдан олиб чиқиб, реанимация столига ётқизган каби маъносиздир.

Бугунги бўлаётган «иттифоқ» ва «бирдамлик декларациялари» оч ва йўқсил халқларига нон топиб беролмаган бахтсиз коммунистларнинг ўзини оқлашга уринишидан бошқа нарса эмас. Улар «мана, сизнинг қорнингизни тўйғазиш учун ҳатто эски кушандамга янгидан қул бўлишга ҳам тайёрман», демоқдалар.

Ва умид қиламизки, бу коммунистларнинг ўз халқларига қилган сўнгги хиёнати бўлажакдир. Чунки уларни ҳеч бир шартнома, ҳеч бир Русия қутқаролмайди. Халқнинг эрки ва ҳурриятини сотиб, қашшоқликни тузатишга уриниш энг катта хиёнатдир.

(1997)

(61)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (177-саҳифа.)

(давоми бор)