Ҳайратланиш насиб бўлмади

Ҳайратланиш насиб бўлмади
29 views
26 February 2017 - 6:00

Ўзбекистонда бундан бир ярим ой аввал бир газета ташкил қилинган эди ва унинг отини «Ҳуррият» қўйишган эди.

«Ҳуррият» деган ҳашаматли исм бугунги Ўзбекистон шароитида нақадар ғалати эшитилмасин, сиёсий мухолифатдагилар бу газетанинг чиқишига ботиний бир умид билан боққан эди. Худди шу умидни қувватлантирган каби, бу янги газетада нисбатан мустақил фикрлар айтила бошлади гўё. Масалан, Ўзбекистон ТВсидаги мафиялашган гуруҳлар ҳақида гапириш Тошкент муҳитида жуда қийин ва шу қийин нарсани «Ҳуррият» жамоаси айтишга журъат қилди.

Биз бу журъаткорликни табриклашга ҳам улгурмадикки, газетанинг муҳаррири Карим Баҳриевнинг ишдан олинганини эшитдик. Ва тасаввур қилинг, биз бундан ҳеч ҳайратланмадик. Аксинча, бу мақола чиққандан кейин ҳам муҳаррир ишдан олинмаса, ҳайратланган бўлардик. Бу мақола чиққандан кейин ҳам яна шунга ўхшаган дадил мақолалар чиқаверса, биз ҳайратланган бўлардик.

Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам демократик ўзгаришлар бошланди, деб ҳайратланган бўлардик, биз янглишибмиз шекилли, биз ҳадеб танқид қилавериб, бўлаётган ўзгаришларни кўрмай қолаяпмиз шекилли, дея ҳайратланган бўлардик. Шундай ҳайратланишни жуда истардик, тўғриси.

Афсуски, бундай ҳайрат бизга насиб бўлмади. Яна эски ҳаммом – эски тос, яна ўша цензура ва яна ўша Госкомиздат, яна ўша рустамбойлар, шоғуломовлар ва уларнинг Ўзбекистон матбуоти узра ўрнатган ҳақоратомуз ҳокимияти.

Мен «ҳақоратомуз» дедим, чунки мана, демократлашдик, ана ҳуррият келди, деб халқни сурункасига алдаш ҳақоратдир.

Яна бир хусус: рамазони шариф Ўзбекистон диндорлари учун оғир келди. Фарғона водийсининг учта вилоятида 15 суткага қамалган диндорларнинг сони 125 тага етди.

Зулмнинг шафқатсиз кўриниши Наманган шаҳрида, рамазон ойининг ўрталарида юз берди. Аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган олти қори ҳибсга олинди ва уларни 15 суткага эмас, бир неча йилга қамалиши аниққа ўхшаяпти.

Жўравой қори, Фазлиддин қори, Юнусхон қори, Ҳусниддин қори, Юнусхон қори каби диндорлар ақлга сиғмайдиган уйдирма айблар билан қамоққа олинганлар.

«ЭРК» демократик партияси диндорларга қарши юритилаётган бу репрессив сиёсатни қаттиқ қоралайди ҳамда ўзбек зиёлиларини ва мухолифат ташкилотларини бу сиёсатга қарши овоз чиқаришга даъват қилади.

(1997)

(62)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (178-179-саҳифалар.)

(давоми бор)