“Заказной” ариза

“Заказной” ариза
28 views
27 February 2017 - 8:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(йигирма олтинчи мақола) 

“ЗАКАЗНОЙ” АРИЗА

Асосан телерадиокомпания журналистлари ва бошқа ходимларига нисбатан ўзининг ички террорини амалга оширишнинг ҳадисини олган ЎзМТРК раҳбари менга нисбатан ҳам шахсан ўзининг буюртмаси асосидаги амалиётини бошлаганига анча бўлганди. Яъни унинг ўзи ва қудаси – ўша пайтда бош вазир ўринбосари бўлган А.Ариповни хориж матбуотида танқид қилганимдан кейин ҳар томонлама сиқувга олиш, таъқиб-тазйиқ авжга чиқа бошлади. Аввалига бизнинг гонорарларимизни камайтириб ташлади. Радио бўйича директор ўринбосари хонасига чақириб хориж радиосига интервью бермаслигимни сўради ва бу билан мен алоҳида огоҳлантирилдим. Кейин эса мени республика МХХсига чақиртиришиб, “Нега МТРК ва унинг раисини хориж радиосида танқид қилаяпсан?” дея танобимни тортиб қўйишга уринишди. Сўнгра йигирма йилга яқин шу компанияда ишлаб бирон марта ҳатто огоҳлантириш олмаган бўлсам-да, огоҳлантиришсиз бирдан қаттиқ ҳайфсан беришди. Таҳририятимизга келаётган шикоятларни жиддийроқ ўрганишларим жараёнида Алишер Ходжаевнинг ҳам думини қаттиқроқ босиб қўйибман чоғи, журналистик суриштирувлар олиб боришимни ҳам батамом таъқиқлаб қўйишди. У раҳбар бўлиб келганидан буён ходимларнинг ойлик маошлари ўз вақтида берилмайдиган бўлди. Маошларни пластик карточкага ўтказиш учун ҳар бир кишидан мажбурлаб розилик аризаси ёздириб олинди. Ҳисоб рақамлар бевосита МТРК раҳбарининг илгариги ишхонасига тегишли бўлган “Алоқабанк”ка ўтказилди. Янгидан-янги маш-машалар чиқаверди. Энди бўлса, пластик карточкага туширилиши лозим бўлган маош ҳам ўз вақтида тушмасдан пайсалга солинадиган бўлди. Нақд пулдан-ку умуман дарак бўлмай қолди. Тушадиган пулни ҳам тўлиқ туширмасдан 3-4 қисмга бўлиб-бўлиб тушириладиган одат чиқарилди. Бу кўргуликлар ҳам ходимларга етмай турган эканми, коммунал тўловлар 12-14 фоизга ошганлиги эълон қилинган кундан эътиборан бизнинг ойлик маош-гонорарларимиз 18-20 фоиз камайтириладиган бўлди?!

Бу каби аянчли ҳолат, қалашиб ётган муаммолар юзасидан раҳбариятга нисбатан ҳеч ким томонидан норозилик билдирилмайди. Биров миқ этолмайди. Нима эмиш, бу раис МХХдан келганлиги боис унга қарши чиқиб бўлмасмиш. Компанияни “тозалагани” келганмиш.  Шунинг учун  у билган ишини қилиб, истаган ходимини оёқ-ости қилиб, хоҳласа ишдан ҳайдаяпти, хоҳласа жамоада обрўсизлантиришга уринаяпти. Фитналар, қаллобликлар болалаяпти. Бу киши давлат ичра “давлат”, қонун ичра “қонун” яратиб, ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан тап тортмаяптилар-ку, аммо ҳеч ким унинг мушугини “пишт” деёлмаяпти. Нега?…

Хуллас, ана шундай ноҳақликларга бефарқ қарай олмадим. Бир неча бора бош кўтариб чиқдим ва бундай ҳақсизликларга чек қўйилишини қаттиқ туриб талаб қилдим. Бунинг натижасида шахсан мен режим-хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бир неча марта чақиртирилиб, ўзимга нисбатан ҳам “керакли ҳужжат” тайёрланиб қолиниши мумкинлиги ҳақида жиддий огоҳлантирилгандим. Бу каби амаллари билан мени қўрқитиш ва обрўсизлантиришга жуда кўп маротаба уриниб кўришди. Бироқ, Оллоҳнинг инояти билан ҳар гал уларнинг ғаразли мақсади амалга ошмай қолаверди. Шу боис раис ўзининг қабиҳ ниятини амалга оширишнинг шантаж ва туҳматдан иборат бўлган усулига ўтди. Қандай қилиб бўлмасин алами ва қасдини олишга жиддий киришди. Ҳақиқатни айтиб, унинг кирдикорларини фош қилганлардан қандай қасд олиш  қарорига келгунча неча кунлар ё ҳафталар ухлай олмасдан босинқираб чиқиши ёлғиз Яратганга аён…

Айниқса, бош вазир ўринбосари-қудаси А.Арипов ишдан кетиб қолгач, А.Ходжаевнинг пайтавасига қурт тушиб қолди. Ишдан тинчгина кетганида-ку, майли эди… Сабаби, қудаси ишдан олинишидан олдин президент томонидан “ковёр”га чақиртирилиб қаттиқ калтакланганлиги ҳақидаги миш-мишлар бутун мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёйди. Шу алфозда Арипов анча вақт ҳеч қаёққа–на маҳаллага, на кўчага чиқолмасдан қолганмиш деган гаплар урчиди. Бу ҳам етмаганидек, бу иккала қуда: бири МТРК раиси, бири эса собиқ бош вазир ўринбосари миллий телерадиокомпанияда роса бир ярим соат давомида ёқа бўғишганлиги ҳам анча шов-шувларга сабаб бўлди. Бу икки “хўроз”нинг даҳанаки жанги дастлаб Ходжаевнинг кабинетида, кейин эса котиба ўтирган  қабулхонасида, сўнгра коридорда, ундан сўнг эса телемарказнинг деярли ҳамма ўтиб қайтадиган катта айлана шаклдаги боксёрлар жангга тушадиган рингга ўхшаб кетадиган фойесида давом эттирилган. Бу жанг жараёни ҳаттоки, баъзи чаққонлар томонидан мобил телефони камерасига суратга ҳам олинган. Суратга олганларнинг аксарияти компаниянинг кузатув телекамерасига тушиб қолган ва уларнинг барчаси режим ва хавфсизлик хизмати томонидан чақиртирилиб, телефондан ушбу  “жанг”ни ўчириб ташлаш талаб қилинган. Бунга маълум маънода эришилган ҳам. Аммо ўта пухталик билан ўша кузатув камерасига тушиб қолмасликнинг иложини қилиб ушбу ҳолатни аниқ-тиниқ қилиб суратга олишни усталик ила эплаганлар ҳам бўлган. Ҳали бориб-бориб телефондан телефонга кўчирилиб, ижтимоий тармоқларга чиқиб кетиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Қудаларнинг оғзидан чиққан сўзлар ўта уятли бўлган. “Сен сотдинг, “фалонсан”, “Йўқ, сен сотқинсан, сен “фалонсан”, дея жанг кульминацион нуқтага чиққанида Ходжаевнинг бир енги йиртилиб осилиб қолганлигини кўрганлар ҳайрон бўлиб гапириб беришганди. Айнан ана шу жанг-жараён тафсилотларидан мен кенгроқ хабардор эканлигим ҳақидаги маълумотлар ҳамда бу ҳақда очиқ гапириб “Бу одамга нима бўлаяпти ўзи?” деганларим режим ва хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан оқизмай-томизмай унинг ўзига етказилганлигидан жуда яхши хабарим бор эди. Мана шуларнинг ҳаммаси жам бўлиб раисга қаттиқ таъсир қилган бўлиши керак. Шу сабабдан ҳам қандай йўл билан бўмасин у мендан қутулишнинг муҳим режасини тузганлиги аниқ. Ана шу боисдан ҳам у ўзининг режим ва хавфсизлик хизматига қулоқлик вазифасини бажарадиган “ключевой” ижрочиси бўлган Собира Бўлдиевани ишга солишга киришганди. Туҳматга йўғрилган аризани ёзиб бериб, асосий ҳаракатга ёлланганлардан бири – Собиранинг синглиси Шоиранинг эри муқаддам икки маротаба судланган Улуғбек Неъматов. Яна бири эса ички ишлар тизимидаги ишидан, кейинроқ адвокатлик қилиб қинғир ишлари учун адвокатлик лицензиясидан ҳам маҳрум қилинган, агар  бирор бир ножўя ҳаракати билан қўлга тушиб қолса, иккинчи гуруҳ ногиронлигини рўкач-пеш қилиб қутулиб кетишнинг ҳадисини олган Тўра Қодиров. Ариза 2013 йил март ойида ёзилаяпти. Унинг мазмуни шундай: мен бу иккала шахснинг ҳар биридан 2009 йили икки минг доллардан жами тўрт минг доллар олган эмишман. Яъни 4-5 йил олдин менга улар шу пулларни берганмиш. “Қачон, қаерда ва долларни қаердан, қайси банкдан олиб бергандинг? Нима учун шунча йиллар ўтиб энди ариза ёзишга шошиб қолдинг, илгарироқ ақлу-ҳушинг қаерда эди? Фаҳму-фаросатинг шунча йилдан кейин ишлаб қолдими?” дейдиган одамнинг ўзи йўқ. Бу ҳақда биров сўрамайди. Яна савол устига савол туғилади: Нега бу ҳақдаги даъво аризаси ички ишларга, миллий хавфсизликка, судга ёки прокуратурага эмас, айнан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг раиси Алишер Ходжаевнинг номига ёзилган? Ахир, компания раҳбари ушбу масалани ҳал қилиш даражасидаги ваколатга эга эмас-ку?!… ЎзМТРК ёки унинг раҳбари бундай масала билан шуғулланмаслигини ва бу каби даъво аризаси билан бошқа ваколатли органлар шуғулланишини раиснинг ўзи билмайдими?!… Билганда қандоқ. Билгандаям шундай биладики, керак бўлса бу борада ҳар қандай одамни ўқитиб, дарс ҳам бериб қўя олади. Бу масалани шунчалар тушунар, унга шунчалар ақли етар экан, нега  унда раис жаноблари даъво қилувчи аризагўйларга бу борадаги масала билан шуғулланувчи ваколатли идораларга мурожаат қилиши мумкинлиги ҳақида маслаҳат беришни ўзига эп кўрмабди?…

Қолаверса, ташаббускор Ходжаевнинг ўзи бўлгандан кейин қандай қилиб ўзи айттириб ёздирган аризасини “ҳуқуқ-тартибот органларига олиб бор”, деб айтиши мумкин? Ундай деб айтадиган бўлса, у  ўзининг олдига қўйган қабиҳликка асосланган шум-мақсадини қандай қилиб амалга оширади? Бутун бошли заказ-буюртмаси нима бўлади?

Яна бир савол: йиллар давомида ички ишлар тизимида ва кейинроқ адвокатлик билан шуғулланишни касб қилган юрист-мутахассис бўлган Тўра Қодиров бу масалаларни тушунмас, англаб етмасмиди? У ҳам жуда яхши тушунган. У ҳам ёллангандан кейин нима қилсин, энди. Менга кейинроқ етиб келган аниқ-тиниқ хабарларга кўра, аризани шахсан МТРК раҳбари-Алишер Ходжаевнинг ўзи сўзма-сўз айтиб туриб ёздирган. Шу асосда бу икки аризагўй телерадиокомпания ҳудудига бемалол кириб-чиқиб юрадиган бўлиб қолишган. Бизга маълум қилган манба – Бўлдиевларнинг энг яқин қариндошларидан бирининг айтишича, Тўра Қодиров билан Собира Бўлдиева ва унинг акаси Мустафо Бўлдиевлар биргаликда илгаридан бу каби қабиҳ ишлар билан машғул бўлиб келишган. Анча йиллардан буён жуда кўпчиликка туҳмат уюштириб, анча-мунча кишиларни қаматиб юбориш борасида анчагина тажриба орттиришган. Айниқса, буюртма асосидаги ишларни бажаришда бу команданинг олдига тушадигани йўқ. Бу маълумотларнинг барчасини овози ўз синглиси Собира Бўлдиева томонидан ёзиб олинган Мустафо Бўлдиевнинг оғзини тўлдириб ўз тили билан айтган гаплари  ҳар томонлама тасдиқлайди. Бу гуруҳ бир ишга киришдими, тамом. Қаматаман деган кишисини албатта қаматади, то турмага олиб бориб тиқмагунича улар ухлашмайди, тинчишмайди. Бундай касб уларнинг “хобби”сига айланган экан. Агарда шу йўсиндаги ишлари сал тўхтаб қолса ёки юришмай қолса, улар шубҳасиз касал бўлиб қолишаркан. “Ҳаттоки, зонада қаматган одамини гумдон қилишдек ишлар ҳам уларнинг қўлидан келади”, – дейди уларнинг яқинларидан бири бўлган манба. – “Чин бўлмаса, катта маблағни ташлаб бўлса-да, шу ишни бажаришади”. Чунки, унинг акаси Мустафо жуда катта миллиардерлардан бири. Буларнинг барчаси битта команда.

Кишини энг ҳайратлантирадиган жойи шундаки, Собира Бўлдиева диктафонга ўзининг опа-сингиллари, қариндош-уруғлари ўртасида қилинган қаттиқ муҳокама-мулоқотларни ҳам ва бошқа бировлар билан қилган катта форматдаги суҳбатларни ҳам яширин тарзда ёзиб олганлиги фош бўлиб қолди. Бу аудиоёзув эса ўзи ишлайдиган радиодаги монтажхонадаги компьютерга кўчирилган экан. Бу ёзув телерадиокомпаниядаги кўпчилик ходимларнинг флешкасига кўчирилиб, бошқа компьютерларда ҳам пайдо бўлди ва ҳаммаёққа тарқала бошлади. Унинг овозаси оламни тутди. Қарангки, ўша ёзиб олинган жиддий муҳокамада айтилишича, Собира Бўлдиева ўзининг синглиси Ўғилой Бўлдиеванинг қизини дастлаб уни ўзим ўқитаман ва келин қиламан дея Тошкентга олиб келади. Бунинг эвазига ўз синглисидан 2500 АҚШ доллари талаб қилиб олади. Бироз вақт ўтиб қизни шаҳар ҳокимининг ўғлига узатаяпман деб яна пул талаб қила бошлайди. Бу режаларнинг биронтаси амалга ошмайди. Даҳшатлиси, уларнинг ўзлари ўз тилларидан гуллашларича, бу борадаги воқеа Собира ўз синглисининг қизини Россиядаги қандайдир бир террористга сотиб юбориши ва қиз у ердан калтакланиб, бахтсиз бўлиб қайтиши ва энг ачинарлиси, ёш қизнинг бачадони олиб ташланиши билан якун топади. Бундайин ваҳшиёна манзара  озгина бўлса-да, қалби, юраги бор кишини ларзага солиши табиий. Агарда аудиоёзувни эшитиб кўрсангиз, Собира Бўлдиеванинг шунчалар қабиҳликларга қўл уриб туриб, ўзини худди айбсиздек тутиб талашиб-тортишишидан, унинг шаккоклиги-шаллақилигидан, ўта маккор ва ҳар қанақанги ишдан тоймайдиганлар хилига мансублигидан ёқа ушлайсиз. Ана шундай кишилар тоифаси Алишер Ходжаевнинг буюртмасини бажарувчи қуроли-тўппончасига айланганлиги бежиз эмас, албатта.

05.07.2014 й.

(давоми бор)