Мен ҳам жим қараб туролмадим

Мен ҳам жим қараб туролмадим
66 views
28 February 2017 - 9:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(йигирма еттинчи мақола) 

МЕН ҲАМ ЖИМ ҚАРАБ ТУРОЛМАДИМ

Сабаби, қарасам, шантаж-у босимлар менга ва оила аъзоларимга нисбатан борган сари кучайиб бормоқда. Бу ҳолатнинг чеки-чегараси кўринмаяпти. Шундан сўнг мен ҳам қўлимга қалам олишга мажбур бўлдим. Умрим бино бўлиб бировнинг устидан шикоят ёзиб, бирон бир идорага мурожаат қилмаганман. Негаки, шундай одат бўлмаган экан, менда. Ёки зарурат бўлмаганми? Билмадим. Шу сабабдан ҳам уни шикоят ёки ариза деб эмас, балки “БИЛДИРИШНОМА” деб номладим. Пичоқ суякка бориб тақалгандан кейин ёзмасликнинг ҳеч иложи йўқ экан. Шунинг учун Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг раиси А.Ходжаев раҳбар бўлиб келгандан буён қандайин номаъқулчилик, қинғирликлар қилган бўлса, имкон қадар барчасини қоғозга туширишга ҳаракат қилдим.

Дастлаб унинг қандай қилиб компаниядаги ижодий муҳитни булғаганлиги ва бу борада қанақанги “жонбозликлар” кўрсатганлигига оид маълумотларга тўхталдим. Яъни аввало эшиттириш ва кўрсатувларнинг ҳафталик дастури мутлақо издан чиққанлигига эътиборни қаратдим. Ҳақиқатдан ҳам дастурни диққат билан қараб чиқсангиз, бир хил номдаги мавзулар, қайтариқлар керагидан ортиқ. Бир-бирини такрорлаган бу рукн-у сарлавҳаларнинг сийқаси чиқиб кетган. Ҳозирга қадар бирон бир кўрсатув ёки эшиттиришни томошабин кўриб ёки эшитиб, мухлислар аудиторияси кенгайтирилди, дея оладиган даражада эмас. Шу боисдан кўчада ёки умуман маҳаллада шу компанияда ишлайман деб айтишга уяласан, киши. Айтсанг балога қоласан. “Ҳа, сизларда доимо тўю-тантана, байрам-ку!” дея устингиздан кулишади. Телерадиокомпания дастурларини Ўзбекистон аҳолисининг тўртдан бир қисми ҳам кўрмаётган ва эшитмаётган экан, унга давлатнинг миллиардлаб маблағини сарфлаш ва уни кўкка совуриш керакмикан? Бу кимга ва нимага зарур бўлиб қолди ўзи? “Билдиришнома”да шу каби саволларни кўндаланг қўйгандим. Бу ҳам иқтисодий ҳам маънавий жиҳатдан очиқ-ойдин кўриниб турган улкан зарар эканлигига ҳам диққатни қаратгандим.

Бундан ташқари, А.Ходжаевнинг кадрлар билан ишлаш услуби бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаслигини ҳам кескин танқид қилгандим. Яъни унинг маънавият ишлари бўйича биринчи ўринбосари Ғолибшер Зиёев ҳали қарасанг телемарказдаги, ҳали қарасанг радиодаги мажлислар залида бўлар-бўлмас, тўлар-тўлмас йиғинларни  ўтказавериб ҳамманинг жонини халқумига келтирганди. Ким уни кўрса, “ана енгилмас куч” ёки “мафкурачи” дея кесатадиган бўлиб қолганди. Кимсан, маънавият ишлари бўйича раиснинг биринчи ўринбосари бўлган бу шахс қарор ва фармоннинг фарқига бормасди. Мазмун-моҳиятини-ку қўяверинг, энди. Канал директорлари, бош муҳаррирлар ва уларнинг ўринбосарларига, бўлим бошлиқларига тушунтириш асносида йўналиш, топшириқ бериш у ёқда турсин, бир гал мажлисда қарорнинг сарлавҳасини эплаб ўқиб беролмасдан роса кулгига қолганди. Охири у Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси ходимларини аттестациядан ўтказишга бориб, уларнинг деярли барчасини ишдан бўшатишга қарор бериб, қовуннинг каттасини туширгандан сўнг ўзи ҳам ишдан кетди. Лекин Ғолибшердан кейин ҳам маънавият ишлари бўйича биринчи ўринбосарлар нақд тўрт маротаба алмашди. Ахийри, бешинчиси тайинланди. Биргина раиснинг биринчи ўринбосарлари беш маротаба алмашганлигининг ўзи кадрлар қўнимсизлигига яққол мисол. Энди каналлар миқёсида оладиган бўлсак, бу қўнимсизликнинг саноғи ва адоғи йўқ.

Кейинги масала журналистларнинг хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ ҳолат. Компанияда журналистларнинг хавфсизлиги умуман таъминланмаган, ўта ночор аҳволда. Жуда қизиқ: Агар сиз бирор бир масала ёки муаммони ўрганиб, унга жиддийроқ ёндошадиган бўлсангиз, душман ташқаридан эмас, кўпроқ ичкаридан пайдо бўлади. Шу аснода ташқаридаги душманга ҳам осонгина ем бўласиз-қоласиз. Бундайин кампанияни, керак бўлса, ишхонадаги режим ва хавфсизлик хизмати ходимларининг ўзлари уюштириб беришади. Дарҳол улар ташқаридан сизга қарши, аниқроғи, таҳририятга умид билан мурожаат қилган, адолатсизлик, ноҳақликдан жабр кўрганларга қарши кучлар, яъни коррупцион занжирлар  билан алоқага киришиб, ўзларининг махсус сценарий асосидаги “режа”ларини ишга туширишади. Қарабсизки, ҳамма бало сизнинг бошингизга ёғдирилади. Ўз иш фаолиятим даврида дуч келган ана шундай аниқ мисолларга алоҳида урғу берганман. Бу борадаги масала ўта жиддий бўлганлиги учун уни ҳал қилиш мақсадида ЎзМТРК раиси қабулига киришга кўп маротаба уринганлигим, лекин у ўзининг ижобий натижасини бермаганлиги билан боғлиқ тафсилотларни ҳам келтирганман. Саккиз йил мобайнида бу шахс раҳбарлиги давомида ўз ходимларини одам ўрнида кўрмаганлиги ва шунинг учун ҳам биронта ходимни қабул қилмаганлиги алоҳида қайд этилган эди билдиришномада.

Шунингдек, телевидения биносидан алоҳида жойлашган радионинг тўртта каналига компания раҳбарияти томонидан мутлақо эътибор қаратилмаётганлиги ва радио уйининг ҳувиллаб қолганлиги, яъни унинг қаровсиз, эътиборсиз қолганлигини ҳам жиддий танқид остига олгандим. Айниқса, радиодаги ходимлар бирор жойга сафарга бориши лозим бўлса, албатта телевидениега 5-6 марта бўзчининг моккисидай қатнашларига тўғри келарди. Илгари бу масала радионинг ўзида ҳал қилинарди. Ажабланарлиси, кейинги вақтларда радиодастурларни ҳафталик дастурларда чоп этмай ҳам қўйишди. Чунки, нима қилсин радиода бор эшиттиришларнинг номи телевизион дастурларда ҳам такрорланган. Бутун элга шарманда бўлмаслиги учун шу йўлга ўтиб олишган бўлса ажабмас.

Шу билан бир қаторда компанияда бугунги кунда интернетдан фойдаланишдаги қолоқлик, оқсоқлик, янгиликка бўлган интилишда жуда ҳам орқада қолинаётганлиги тилга олинган. Шунинг учун ҳам аҳолининг ахборотга бўлган чанқоқлигини қондиришда жиддий камчиликларга йўл қўйилаётганлиги, сийқаси чиққан саёз мавзуларнинг ҳеч кимга кераги йўқлиги, унда ишлашдан не маъни борлиги ҳам алоҳида таъкидланган.

Раис А.Ходжаев ажратилаётган миллионлаб, миллиардлаб мабалағларни ўзининг шахсий бизнеси учун сарфлаётганлиги ва яна ЎзМТРКга ҳеч қандай нафи бўлмаган қандайдир амалиётлар билан машғул эканлиги ҳақидаги турли афсонаю ҳақиқатлар жамоа ўртасида урчиётганлигини ҳам ёздим. Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди, албатта. Буларнинг барчаси компания тизимида қанчалик танг вазият ҳукм сураётганлигидан дарак беради. Компаниядаги раҳбар ва баъзи раҳбарчалардаги салоҳият ва дунёқарашнинг торлиги миллий телерадиокомпаниядаги аҳволнинг нақадар ночорлашаётганлигидан далолатлиги ҳам тилга  олинган.                               

Президентга ёзилган “Билдиришнома”да яна ушбулар битилганди: “Энг ачинарлиси, Ходжаев ўз касбига садоқат билан хизмат қилаётган ходимларнинг уруғини қуритмоқда,  ишдан четлаштириш чораларини кўрмоқда. Ана шундай ташвишли ҳолатдан Сизни воқиф қилиб қўйиш менинг фуқаролик бурчим, деб билдим. Тангрим ўзининг ҳақиқат деб аталмиш ўтидан бир парчани юрагимга ташлаб қўйган бўлса, нима қилай, айтсам тилим, айтмасам дилим куяди.

Яна бир муаммо бизни қийнамоқда. Ойлик маош ўз вақтида берилмайди. Пластик карточкага пул тушса, нақд пул кечиктирилади ва яна аксинча. Мукофот пулидан-ку, умуман, дарак йўқ. Ҳеч бир байрамда, ҳаттоки, ўзимизнинг касб байрамимизда ҳам бундай рағбатни эсдан чиқарганмиз. Раис Ходжаев тижорат-рекламани ўзининг шахсий томорқасига айлантириб олганлиги аниқ. 2012 йил октябр ойининг 4-5 ларида олинадиган нақд пулдаги ойлик маошимни 24 октябрда олдим. Нақд йигирма кун кечикди. Яна 2012 йил декабрь ойининг 4-5 чиларида пластик карточкага ўтказилиши лозим бўлган пул ҳам  13 декабрь куни зўрға тушди. Биз эса ҳар ойнинг 10 чисигача тўланиши лозим бўлган боғча пулини тўлай олмай ҳалакмиз. Бошқа ота-оналар олдида изза бўлиб юрибмиз. “Шундай бир катта маданият ўчоғида ишлаб туриб пулингизни ўз вақтида ололмаётган бўлсангиз, бошқа ташкилотдагилар нима қилсин”, деган иддао, таъна-дашномларни ҳам эшитаяпмиз. Бундан ташқари, баъзан ойлик маош 15-20 фоизга ошади, лекин гонорарлар ошмайди. Ҳар гал шу аҳвол. Шунча миқдорда ошса-да, гонорарга номига 2-3 фоизгинани қўшиб қўйишарди, холос.  Кейинги вақтларда эса коммунал тўловлар 12-14 фоизга ошса, бизнинг гонорар-маошларимиз 18-20 камаядиган бўлиб қолди. Ҳа, айтгандай, ишхонадан ҳар янги йил олдидан болаларга берилиши лозим бўлган совғалар ҳам  2011 йилдан бошлаб берилмай қўйилди. Хуллас,  2011-12-13 йилларда совғалар берилмасдан болаларнинг ҳам ризқ-насибаси қийилди. Болаларнинг ризқига кўз олайтириш кимнинг ташаббуси билан бўлган, буни билолмадик. Бу борадаги ҳақ-ҳуқуқини ҳеч ким талаб қила олмайди. Чунки кўпчилик ишдан ҳайдалишидан чўчиб-қўрқиб қолган. Ҳамманинг дами-дарди ичида. “Сен кимсан” деб сўрайдиган, журналистни ҳимоя қиладиган одамнинг, ташкилотнинг ўзи йўқ.

Мен ҳали танловлардаги ғирромликлар, бировнинг таҳоратига бошқа бировлар намоз ўқиганлиги, Алининг шапкасини Валига кийдириб, яъни бировнинг эшиттириши-кўрсатуви учун бошқа бировлар танлов ғолиби бўлиб кетаётганлиги, хизмат кўрсатган журналист бўлиб, ҳали қўлига уни тасдиқловчи ҳужжатини олмасдан туриб газетада шармандаларча танқид остига олиниб фелетон қилинганлар ҳақида ёзмадим. “Ўзбекистон овози” газетасининг 2010 йил 27 ноябрь сонида “Холис фикр ниқоби остида” сарлавҳа остида чоп этилган мақолани  илова сифатида юбораяпман. Бу Ходжаев тавсияси билан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонини қўлга киритган ходимнинг қай даражадаги ва қай савияда эканлигини тасдиқлайдиган яна бир ҳужжатдир асли. Афсуски, ушбу мақола Ўзбекистон радиоканали учун катта иснод бўлди. Бу радио тарихида бўлмаган ҳодисадир. Чунки ҳали “хизмат кўрсатган”лигини тасдиқ этувчи ҳужжатни қўлига олмасдан матбуотда, хусусан, “Ўзбекистон овози” газетасининг бош саҳифасида ўша тақдирланиши лозим бўлган журналистнинг савияси неқадарлиги савол остига олиниб фелъетон қилинишининг ўзи қанақанги шармандагарчилик эканлигини энди тасаввур қилаверинг. Худди шу жиҳати билан ҳам ушбу воқеа янада “ноёб”дир. А.Ходжаев даври ана шундай ғаройиб ҳодисаларга бой бўлмоқда.

Вақтнинг ўзи олий ҳакам. Аста-секин кимнинг ким эканлиги ва кимнинг нималарга лойиқ эканлиги фош бўлиб бормоқда.  Ноҳақлик, нохолисликлар  баъзи танлов-тақдирловларнинг нуфузига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Кўрик-танловларга ўз эшиттириши-ю, кўрсатувларини, мақолаларини топшираётганларнинг сони ва сафи йилдан-йилга камайиб бормоқда ва чунки бундан кўпчиликнинг борган сари ҳафсаласи ҳам пир бўлмоқда. Сабаби, бу борадаги амалиётни “қотириб бажарадиган” радиодаги бош воситачи ким эканлигини ва шунинг учун ҳам кимга қандай мукофот берилишини барча ходимлар олдиндан билишади. Шу боисдан ҳеч ким ушбу “табиий ҳолат”дан ҳайратланмай ҳам қолган. Танловларга топшираётганлар ва уларнинг ижодий материаллари сони камайиб бораётганлигини 2010-2011-2013 йиллардаги рақамлар ҳам яққол тасдиқлайди. Деярли ҳеч ким ўз ташаббуси билан танловга материалини топширмайди, аксинча, ходимларга материалларини раҳбарият томонидан мажбурлаб топширтирилади, токи эртага танловга топширувчиларнинг йил сайин сони ошиб бораётганлиги ҳақидаги сохта ҳисоботни янада бўрттириб кўрсатиш учун.

Хуллас, бугун миллий телерадиокомпанияда сидқидилдан ишлайдиганлар доимо кузатувда, таъқиб-тазйиқда, таъна-дашном эшитишда, ҳайфсан олишда давом этмоқда. Мана, шахсан менга нисбатан янада кучлироқ тазйиқлар бошқа бир кўринишда яна бошланди, яъни ташқаридан ёлланган “учинчи қўллар” орқали. (Бу ҳақдаги тафсилотлар илова қилинаяпти.) Шу тахлитда адолатсизлик ҳукм сураётган муҳитдаги аҳволни билдириб қўйиш менинг биринчи галдаги вазифам эканлигини чуқур англаган ва ҳис этган ҳолда ушбу билдиришномани ёздим. Зеро, ўзингиз таъкидлаганингиздек, “Одам ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди”. Бу муаммо бутун бир жамият, мамлакат, миллат ва халқимизнинг эртанги куни, келажаги учун жуда катта хавф-хатар эканлиги учун ҳам бефарқ қараб туролмадим. Шунинг учун ҳам виждон амри билан буни тегишли тафсилотлар асосида ёзишга мажбур бўлдим. Акс ҳолда бундайин адолатсизлик ич-этимни емириши аниқ. Лекин мен ҳозир ҳам таъқиб-тазйиқда, чуқур изтиробдаман, азобдаман, токи ҲАҚИҚАТ юзага чиқмагунича. Худди шу азоб, таъқиб-тазйиқ остида сабр-бардош билан айни пайтда беш нафар фарзандни катта умидлар билан тарбиялаяпман. Болаларим  ҳали  жудаям ёш, бирортаси ҳам вояга етмаган. Бу каби ҳолат, муносабат менинг соғлигимга, қолаверса, оилавий муҳитга ҳам ўз таъсирини ўтказаяпти. Тўғриси, ҳайфсан олганимни уйдагилар билишмайди, бундан жуда ҳам ҳижолатдаман. Турмуш ўртоғим, болаларим олдида нима деган одам бўламан, деб. Ҳақиқатдан ҳам улар буни билишса ҳайратдан ёқа ушлашлари аниқ. Чунки улар мени эрталаб ишга кечикмасин, дейишиб кузатиб қўйишади, шу билан кун узоғи ишда бўлиб кеч соат 7-8 ларда уйга кириб бораман. Айниқса, айни пайтда менинг турмуш ўртоғим ва беш нафар вояга етмаган болаларимнинг келгусидаги тақдири нима бўлиши мени жиддий хавотирга солмоқда. Бир куни ҲАҚИҚАТ қарор топар деган, улуғ ниятда ҳалигача оиламдагиларга бу ҳақда ҳеч нарса дея олганим йўқ. Мен ўйлайманки, бу каби чидаб бўлмас аҳволга, вазиятга ўзингиз тегишли тарзда баҳо берасиз ва адолатни тиклашда амалий ёрдамингизни аямайсиз.”

Ана шундай мазмунда президентга ёзилган “Билдиришнома”, балки, раиснинг ҳисоботга асосланган мулоқотнамо учрашувини ўтказиш учун қайсидир маънода туртки бўлган бўлса ажабмас…

11.07.2014 й.

(давоми бор)