“Атака”

“Атака”
67 views
01 March 2017 - 9:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(йигирма саккизинчи мақола) 

“АТАКА”

Шундай қилиб ушбу гуруҳ аъзолари “махсус режа” асосидаги амалиётини мен ва оиламга нисбатан турли хил кўринишдаги таъқиб-тазйиқ ҳамда қўрқитувлар билан давом эттиришга киришди. Аризани ЎзМТРК раҳбарининг номига ёзиб берганидан сўнг ҳам улар тинчишмади. Менинг ёнимга ва уйимга нуқул шикоятчи Қодиров Тўра деган нусха кўп қатнайдиган бўлиб қолди. Нимагадир икки марта судланган аризачи Неъматов Улуғбек дегани ҳеч ёнимга йўламайди. Фақат бир марта у ўзининг қайноғаси Бўлдиев Мустафо ва қайнопаси Бўлдиева Собирани элчи сифатида ишхонамга юбориб “Нарзулло ака мени кечирсинлар, хато қилиб қўйдим”, деган гапини айтиб юборган холос. У ўзини  ҳаммавақт олиб қочиб юрди.

Мен ишга кетганимда, яъни айнан уйда йўқ пайтимда хонадонимизга ўша – мелисаликдан ҳайдалгач, бир думалаб адвокат бўлган, сўнг қаллобликлари ортидан лицензиясидан мосуво бўлгач, буюртма асосида одамларга шантаж уюштириб, “жабрдийда” бўлиб қолган Т.Қодиров бир-икки маротаба келиб, болаларимни қўрқитиб, оиламга дўқ-пўписа қилиб кетган. Ишхонамга келиб менга ҳам бир-икки марта шантаж-у бақирлар-чақирлар қилишга уриниб кўрди. Лекин мен унга бунақанги шарлотанликдан фойда йўқлигини, ёши етмишдан ошганда ҳам бировларга туҳмат қилиб, обрў орттиролмаслигини яхшиликча тушунтиришга ҳаракат қилдим. Ҳатто, шикоятни МТРК раисига эмас, балки марҳамат қилиб ҳуқуқ-тартибот органлари бўлмиш ИИВгами, МХХгами, прокуратурагами, судгами ёзиши мумкинлигини ҳам маслаҳат бердим.

Бу ёқда эса компаниянинг режим ва хавфсизлик бўйича ходимлари раҳбарга ёзилган ариза асосида мендан тушунтириш хати ёздириб олишган. Лекин шунга қарамасдан улар ҳам менга тинчлик беришмай қўйишди. Ишқилиб булар ҳам “бекор ўтиришмади”. Гоҳ мени бировлар билан уриштириб қўйишга, гоҳида менинг устимдан бошқа яна қўшимча шикоятларни уюштиришга жон-жаҳдлари билан кириша бошладилар. Бу ҳам камлик қилган эканми, диққат нозик жиҳатларга қаратилди.  Энди республиканинг қайсидир бурчагидан уйимга-оиламга, шахсан фарзандларимнинг онасига қанақадир нотаниш аёлларга қўнғироқ қилдириш акциясига зўр берилди. Шу асосда бола-чақаси билан тинчгина, аҳил бўлиб яшаётган бир оилани тўзитишдек қора ниятни амалга ошириш ҳаракатига тушдилар. Воқеалар ривожи, яъни туҳмат аризасининг уюштирилиши ва оилага нисбатан параллел тарзда бошланган  ҳужум руҳий зарба бериш, ҳар томондан “атака” қилишга қаратилганлигидан далолат эди.   Бу коррупцион тўда ҳар бир миллат, ҳар бир халқ учун муқаддас бўлган оилани бузишдек қабиҳликдан ҳам қайтмаслиги маълум бўлиб қолди.

Дарвоқе, бундан олдин ҳам бизнинг оиламизга бир эмас, бир неча маротаба  ана шу тахлитдаги фитналар айнан ишхонамизда, радиода уюштирилган эди. Лекин улар ҳарчанд уринмасинлар,  ўз қора ниятларига эриша олмадилар. Аввало адолатли ва меҳрибон Оллоҳим, қолаверса, жуфти ҳалолим билан иккимизнинг бир-биримизга бўлган ишончу садоқатимиз  бизни бу балолардан сақлаб қолди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон МТРК раиси Алишер Ходжаев бошчилигидаги гуруҳ томонидан компанияда ушбу йўналишда анча “салмоқли” ишларга қўл урилган. Айниқса,  унинг режим ва хавфсизлик хизмати бўйича ўринбосари Баҳром Ўтанов раҳбарнинг бу борадаги топшириқларини бекаму-кўст бажариб, устаси фаранг эканлигини барчага намоён қилди. Бировларнинг тинчгина оиласини бузишдек пасткашлик, уятсизлик борасида “рекорд” ўрнатиб, “элнинг оғзига” тушди. Унинг олдига тушадигани бўлмади. Энг ачинарлиси шундаки, ана шундай фитналар оқибатида миллий телерадиокомпаниядаги баъзи ёш оилаларга дарз кетди. Бунинг натижасида бегуноҳ фарзандлар тирик етим бўлиб, ё ота ё она меҳрига зор бўлиб қолаверди…

Шунга ўхшаш фитналар тузоғига тушиб қолганлар ёки бўлмаса, билиб-билмасдан катта лавозимга каттароқ соққа билан ўрнашиб олганлигини қаердадир гуллаб қўйганлар бўлса, телевидениядан радиога “сургун” қилинади. Бунга жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, 2013 йилнинг куз ойларида бир ходим (хавфсизлик юзасидан унинг исмини келтирмаяпман)  юқорироқ мансабга эришиш учун берган суммасининг миқдори оғзидан “лоп” этиб чиқиб кетганлиги боис радиога “ҳижрат” қилишга мажбур бўлганди…

Яна бир муҳим жиҳат: Қодиров Тўра ҳақиқатдан айни пайтда адвокат бўлиб ишлашига асос бўладиган лицензиясидан айрилган, шу боис шантаж йўли билан пул ишлашга ўтган. Бу одам ҳамтовоғи Собира Бўлдиева билан биргаликда мендан бошқа фуқароларга ҳам пул ундириш мақсадида шантажлар қилган ва алдов-найранг йўллари билан уларнинг баъзиларидан катта миқдордаги пулларни  ундирган. Менга шантаж қилиш билан параллел равишда бу иккиси Юнусобод туманида яшовчи Ҳасанова Шоира деган аёлдан алдов, фирибгарлик йўли билан катта миқдорда пул олган. Яъни “эринг Усмон узоқ муддатга қамалиб кетади, агар айтган нархимизни берсанг, биз уни ўн беш кун ичида қутқариб олиб чиқамиз, йўқса, уни қамоқда  қийноққа солиб ўлдириб юбришади”, дея Шоиранинг юрагига ғулғула солиб пул ундиришган, аммо ваъдаларини бажаришмаган. Бу қаллобликлар ҳақида Шоира Ҳасанова барча юқори ташкилотларга шикоят хати ҳам йўллаган. Зеро, қонуний тарзда фаолият кўрсатаётган адвокат ҳеч бир вақт Т.Қодировга ўхшаб бировларни қўрқитиш ва тазйиқ ўтказиш орқали пул ундиришга ҳаракат қилмаслигини тушуниш учун жуда катта ақл эгаси бўлиш ҳам шарт эмас…

Қодиров Тўра ва  унинг ҳамтовоғи Неъматов Улуғбек томонидан менга нисбатан кўрсатилган таъқиб ва тазйиқларнинг кучайиши бежизга эмаслигини кейинги кунлардаги воқеалар ривожи янада яққол исботлади. Негаки, Тўра менинг уйимгача бир неча марта келиб, турмуш ўртоғим ва вояга етмаган болаларимга дўқ-пўписа қилишга журъат этганлиги  ҳам унинг қайсидир жиддийроқ идораларда юқори лавозимни эгаллаб турган қўллаб-қувватлаб тургувчилари борлигидан далолатдир.  Ана шундай суянч тоғларининг бири – хавфсизлик кенгаши котибининг собиқ ўринбосари, айни пайтда ЎзМТРК раиси Алишер  Жўрақулович Ходжаевдир. Юқорида айтганимиздай, бу одамнинг дастидан ўз сўзига эга бўлган, мустақил фикрловчи журналистларга қирон келтирилмоқда.

Жамоада эркин фикр юритувчи журналистларни бўғиш, “овозини ўчириш”, обрўсизлантириб, ёмонотлиқ қилиш авжга чиққанлигига мисоллар талай. Раҳбариятнинг бу борадаги топшириқларини бажариш учун ҳар бир каналда махсус  одамлар бор. Иймон-инсофдан, уятдан воз кечиб, ўз ҳамкасбларини қоралаш, қора кўрсатишда раҳбариятнинг топшириғини сўзсиз бажарганликлари, “хизмат кўрсатган”ликлари учун бу тоифадагилар доимо рағбатлантирилиб турилади.  “Ўзбекистон” телерадиоканалида  Бўлдиева Собира “буюртма” асосида шантаж қилишда  асосий етакчи вазифасини ўтайди.

Бундай изчил ва параллел можароларни  юзага келтириш борасида Собира Бўлдиева жуда катта тажриба орттирган. Унинг катта тажриба орттиришида эса, шубҳасиз, А.Ходжаевнинг “буюртма”лари ва кўрсатмалари  жуда қўл келган…

17.07.2014 й.

(давоми бор)