“Ультиматум”: С. Ёқубова даллолликка ўтди

“Ультиматум”: С. Ёқубова даллолликка ўтди
31 views
03 March 2017 - 8:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўттизинчи мақола) 

“УЛЬТИМАТУМ”: С.ЁҚУБОВА ДАЛЛОЛЛИККА ЎТДИ

Зап қизиқ ва ажиб замонда яшаяпмиз-да. Қаранг, ҳаммасини ўзлари “тахлашади”. Олдиндан махсус режага асосан сценарий ишлаб чиқилади. Шу асосда ўзлари йўналтиришиб, ўзлари уюштиришади. Алалоқибат, яна ўзлари “биз уни “тупикка” олиб бориб қўйдик, энди у тавбасига таянганми-йўқми ёки ўз фикри-мақсади, позициясидан чекинганми, қайтганми-йўқми?” дея ўртага воситачи-ю йўриқчи-йўлгирларни ҳам тиқиштира бошлашади. Менинг юқорига ёзган шикоят-билдиришномам катта шов-шувга айланиб, бутун миллий телерадиокомпанияда гап-сўзлар авжига чиқа бошлади. А.Ходжаевнинг номига менинг устимдан ёзилган ариза асосида  факт бўйича қўзғатилган жиноят иши фонида ўртада даллол пайдо бўлиб қолди. У ҳам узоқдан эмас, балки жуда ҳам яқингинадан чиқди. У ўзимизнинг компанияда маълуму-машҳур бўлган кимсан “Ўзбекистон” телерадиоканали директорининг радио бўйича ўша вақтдаги ўринбосари  Султонпошша Ёқубова эди.

Бу хоним мени ўзининг хонасига чақириб, “Шу раиснинг устидан ёзиб бекор қилибсиз-да, келинг, яхшиси, “шу ёзганларимнинг барчаси ёлғон , уни билиб-билмай шошиб-пишиб ёзиб қўйдим” мазмунидаги бир энликкина тушунтириш хатини қисқача қилиб ёзиб беринг. Буёғи ҳаммаси яхши бўлади”, – деб қолди. Унинг айтишича, мен “ёзганларимнинг ҳаммаси сароб” дея ёзма равишда гўёки тилимдан тилхат каби битиб, билдиришномадаги нафақат ўзим, балки бутун жамоа, ҳатто миллат маънавияти, эртасига хавф-соя соладиган фактлардан кўз юмиб, ўз эътиқодим, позициямдан воз кечишим керак эмиш. Боз устига охирида раис жанобларидан кечирим сўрашни ҳам унутиб қўймаслигим керак экан. Ана холос?! Ҳам муттаҳамлик, ҳам пешгирликни кўринг!

Агар қаршимда турган шу аёл ҳақиқатдан ҳам С. Ёқубова бўлса, мени ўз ёзганларимдан воз кечтиришга уринишнинг ҳеч қанақа фойдаси йўқлигини жуда яхши тушуниши керак эди. Сабаби, ўз сўзидан қайтмас, қолаверса, Ходжаевга ўхшаган муттаҳамларга бош эгишдан кўра ўлимни афзал биладиган даражада қайсар ва ғурурли инсон эканимни бошқалар билмаса ҳам, С. Ёқубова яхши биларди.

Чунки, у менга радиодаги бевосита раҳбар сифатида раиснинг топшириғи билан авваллари ҳам кўп маротаба мени ўз позициямдан қайтаришга, яъни кўп қатори индамай тилимни тишлаб юришга, мавжуд муаммолар ҳақида гапирмасликка, ҳақ-ҳуқуқимни талаб қилмасликка кўп бор ундаган ва ўз йўриғига сола олмаган эди.  Ёки курсисидан айрилмаслик учун раис жанобларига қуллуқ қилаверганидан унинг шунчалик боши айланиб, гангиб қолдимикин, деган хаёлга ҳам бордим рости.

-“Опа сиз шу гапларни менга айтаяпсизми? Нималар деб сўйлаётганингиз ва мендан нималарни талаб қилаётганингизнинг фарқига бораяпсизми ишқилиб?” – дедим ажабсиниб.

-“Нима қилай, мендан шуни сўрадилар, талаб қилдилар”, – деган гап унинг оғзидан “лоп” этиб чиқиб кетди.

Шундан сўнг мен ҳам “Ана энди унда ўша раис мени қабул қилсин, зимдан ўйин қилмасдан мен билан юзма-юз гаплашсин, яъни мажлисда қилган ваъдасига вафосини намойиш этсин” деган гапни маҳкам ушлаб туриб олдим. Агар у мени қабул қилмайдиган бўлса, мен юқорироқ жойга боришимни қатъий қилиб айтдим. Лекин у барибир “Нарзулло, менинг бояги айтган гапимни қилганингизда яхши бўларди”, – деди. Мен эса: “мутлақо бундай бўлиши мумкин эмас!” – дея қатъий таъкидладим.

Шунга қарамай у барибир ўзига тегишли йўналиш-йўриқ бўйича берилган топшириқни қойилмақом этиб бажаришга жон-жаҳди билан тиришарди.  Аммо, бунинг уддасидан чиқа олмаслигига  кўзи етдими, ишқилиб, раиснинг қабулига нимага, қандай масала бўйича кирмоқчи эканлигимни ўсмоқчилаб сўрай бошлади. Мен унга ўша  Президентга ёзилган билдиришномада ўз аксини топмаган бошқа бир айтадиган ва талаб қиладиган гапларим борлигини тушунтирдим. Буни тушунгандай бўлди-ю, аммо раиснинг қабул масаласи бўйича тўғри бориб ЎзМТРКнинг юристи Муҳайё Қалқоновага учрашишимни маслаҳат берди.

Мен тўппа-тўғри юристнинг хонасига кириб бордим. Ҳақиқатдан ҳам раиснинг қабулига кириш учун шу хонимчанинг қабулхонасига кириб чиқиш керак экан. Эшикни очиб киришим билан ҳуқуқшунос типирчилаб қолди. Негаки, у мен ёзган билдиришнома ва унга бириктирилган иловани президент аппаратидан олиб келтириб, ундаги ҳар бир факт бўйича “саволнома”ларни тайёрлаб, уни катта бир папка қилиб тўплаб ўтирган экан. Қалқонова гап нимада эканлигини англагач, энсалари қотиб кетган ҳолида кибру ҳаво билан оддий бир қоғозга исми-шарифимни ёзиб қўйди ва қайси куни соат нечада келишимни ҳам айтди.

Воқеанинг қизиқ нуқтаси энди бошланаяпти. Азиз ўқувчи! Шу жойда бир нарсага эътибор қилишингизни илтимос қиламан: Жиноий иш 168 – модда фирибгарлик бўйича ҳеч бир тарафга эмас, фақат факт бўйича қўзғатилгани ҳолда менга очиқдан-очиқ ультиматум қўйилаяпти. Яъниким, А.Ходжаевнинг бутун бир саккиз йил мобайнидаги кирдикор-у қаллобликларини фош этувчи президентга ёзган хатимдан тонишим кераклиги мендан талаб қилинаяпти. Яна нима эмиш. Бу ҳақда тушунтириш хати шаклида ёзиб беришим керакмиш. Шунда ҳаммаси яхши томонга ўзгарармиш. Бу билан шундай демоқчики, агар худди шу каби мазмундаги хатни ёзиб берадиган бўлсам, жиноий ишни тўхтатиш чоралари кўрилиши ёки унинг умуман тинчитилиши мумкин экан.  Менга шуни уқтириб қўйишмоқчи. Бу ЎзМТРК раҳабарининг навбатдаги ўзига хос ва ўзига мос найранги эканлигига шубҳа йўқ.

-“Тушингни сувга айтибсан”…

Тўғри, мен ёзган хат бўйича президент аппаратига А.Ходжаев ҳамда унинг режим ва хавфсизлик бўйича ўринбосари Б. Ўтановни ҳам чақиришганлиги ва бу нарса у ерда жиддий муҳокама қилинганлиги ҳақидаги узуқ-юлуқ гаплар тарқалгандай бўлди, гўё.

Лекин, ахир, пихини ёрган раиснинг ўзи ўша президент девонидаги миллий хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари бўлиб ишлаган. Хат кимнинг қўлига бориб тушиши ва уни қандай қилиб тинчитишнинг ҳиди-ю ҳадисини обдон олволганлардан бири ҳам ўзи бўлади-ку.

Агар шундай бўлмаганда эди, унда менинг президент номига ёзган билдиришномамнинг асл нусхаси қандай қилиб ЎзМТРК юристи М.Қалқонованинг қўлига тушиб қолади?… Янада ажабланарлиси, ушбу билдиришнома – хатнинг президент аппаратига етиб борганлигини тасдиқлайдиган бирон бир ҳужжат ҳали менгача етиб келмаган эди. Ваҳоланки, мен ушбу номани “уведомление”, яъни унинг етиб борганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатни талаб қилувчи буюртма билан юборгандим. Шундай бўлишига қарамасдан ҳали ушбу хат тегишли манзилига етиб борганлигини тасдиқловчи ҳужжат менга етиб келмасдан уларнинг қўлида менинг ёзганларимнинг асл нусхаси турибди. Бу жудаям ажабтовур ҳангомаларнинг бошланиши эди. Бошқа бир жиҳатдан ЎзМТРК раиси ва юристи бошлиқ гуруҳ айнан шу хат бўйича мени тергашга ўтганлиги ва бу билан менга очиқдан-очиқ босим ўтказишга уринишаётганлиги ҳаммасидан ҳам ошиб тушди. Мен уларга ушбу номадаги масала бўйича уни ўрганиш ва текшириш учун ваколатли органдан келган ходимлар иштирокидагина мен билан гаплашишликлари мумкинлигини тушунтирдим. Улар бундан ҳеч ҳам ҳижолат бўлмасдан “биз сиз билан бу юзасидан ўзаро шунчаки суҳбатлашиб олаяпмиз” деган важни келтиришди. Эсингизда бўлса, бу борада олдинги дастлабки мақолаларимизнинг бирида ҳам бироз кенгроқ тўхталгандик.

Ёзилган ва девонга жўнатилган билдиришнома 22 саҳифадан иборат бўлсада, унинг овозаси бутун компанияни тутди. Унинг ҳажми тўрт баробарга оширилиб айтилаётганлиги, гап-сўзлар чувалашиб, оғиздан-оғизга, тилдан-тилга ўтиб менгача етиб келди. Худди шу аснодаги ғала-ғовурлар кундан-кунга кучайиб, борган сари бошланиб кетган жараёнга қизиқиб бораётганларнинг сафи янада кенгайиб бораётганди. Айниқса, мен билан бу масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашадиганлар сони кўпайиб қолди. Айни дамда бир томондан ҳийлакор Ходжаев ҳам жим қараб турмади. Ўзининг энг содиқ кадрларини менинг кабинетимга йўллайдиган бўлиб қолди.  ЎзМТРК компьтер маркази-устахонасига бир ой олдин ҳам буюртма бериб чақириб олиш мушкул бўлган усталар кунда -кунора келиб менинг компьютерим билан жиддий шуғуллана бошлашди. Энди улар чақирилмаса ҳам серқатнов бўлиб қолишди. Кабинетдаги компьютерга кучли антивирус ва яна алламбалолар қўйиш мақсадида соатлаб банд бўлиб туришаверадиган бўлишди. Бир эмас, бир неча киши қаторма-қатор бўлиб, тизилишиб қуюқ салом-алик билан кириб келишади. Негадир уларнинг сермулозаматлиги кундан-кунга ошиб борарди.

Компютер деб аталмиш бу матоҳдан фақат эшиттириш матнини теришда фойдаланамиз, холос. Интернет деган нарсанинг-ку ўзи йўқ эди. У фақат “махсус-омадли” киши-ходимларгагина муҳайё қилинган. Шундай бўлса-да, нимага бу “меҳмон”лар айнан алғов-далғов, хавотирли вазият  ҳукм сурган бир пайтда бу қадар серсалом-у серқатнов бўлиб қолганлиги билан бир қизиқиб кўрдим.

Бир куни телевиденияда ишлайдиган бир укахонимиз ҳам шу шов-шувлардан хабардор бўлиб радиога келган экан. Мени ажаблантираётган ҳодисалар – кутилмаган меҳмонлар хусусида унга сўз очдим. “Э, ака, улардан эҳтиёт бўлинг, бу усталар компьютерингизда ҳар куни нималарни  ёзаётганингиз ва ундан нима-қандай мақсадда фойдаланаяпсиз, худди шу нарсаларни ўрганиш ҳамда бу ҳақдаги маълумотларни флешкага олиш учун келиб кетишади” деб қолди. “Мен содда эса уларнинг бундай ташрифларидан сермулозаматидан хурсанд бўлиб юрибман”, -дедим. У сўзида давом этаркан: “Бу компьютер усталари ҳар кунги эрталабки “пятиминутка”да керакли топшириқни олишиб, “ов”га чиқишади. Айни вақтда сиз уларнинг шундай нишонларидан бирига айлангансиз. Шунинг учун иложи борича уларнинг ёнидан жилмасликка ҳаракат қилинг. Хонангизга ҳаттоки, бошқа бир ускунларларни ўрнатиб кетаётган бўлса ҳам ажаб эмас. Сабаби, бундан аввал ҳам улар телевиденияда кўпгина ходимларнинг хонасига киришиб, роса “ҳунар”ларини кўрсатишган”, – дея  мени қаттиқ огоҳлантирди.

Бундан ташқари, компаниядаги адолатсизликлардан бўғилиб юрган бошқа кўплаб ҳамкасблар ҳам ўз муносабатлари, мулоҳазалари – дардлари билан ўртоқлашадиган бўлдилар. Лекин ҳаммаси ҳам бу раҳбар ўта маккор эканлигидан мени воқиф этишарди. Шу боис жуда ҳушёр бўлишга чақиришарди.

Ана шундай кунларнинг бирида таниқли ижодкор-ёзувчи акаларимиздан бири келиб қолди. (Хавфсизлик нуқтаи-назаридан у кишининг исми-шарифини келтирмадим). Гап сўзидан у кишига ҳам менинг билдиришномам ҳақидаги хабарлар тафсилотлари билан бирга етиб борганлиги маълум бўлди. Бу инсон юқорироқ доираларга яқин бўлганлиги, қолаверса, раиснинг атрофидаги баъзи кишилар билан қалин дўст бўлганлиги учун ҳам кўп нарсалардан хабардор. Ўйлаганимдай бўлиб чиқди: У гапни айнан Ходжаевдан бошлаб, унинг ҳар қанақанги наҳангни ҳам ортда қолдириб кетадиганлар хилидан эканлигини таъкидлади. Далил сифатида унинг  кўрсатган “каромат”ларини бирма-бир санаб берди.

Бу акамиз МТРК раҳбарининг ҳаром пулларни ҳаром ишларга йўналтиришдаги ҳунарларидан тортиб, бу маблағларга нафақат мамлакатнинг ўзидан ўнлаб қасрлар қад кўтараётгани, балки хориждан бир неча виллалар ҳам сотиб олинганлиги билан боғлиқ жиҳатларга алоҳида тўхталди. Бунча бойликларнинг қандай йўллар билан топилаётганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳар қандай кишини ҳайрон-у лол қолдиради. Ҳозир агар бу ҳақда тўхталамиз дейдиган бўлсак, бу ҳақдаги маълумотлар бир-икки йирикроқ мақолага ҳам жой бўлиши амри маҳол. Яхшиси, бу ҳақда кейинроқ, бемалолроқ ҳамда кенгроқ гапирилгани маъқул. Аммо бу ижодкор акамиз ҳам  менга: “Унча-мунча одамнинг ҳадди сиғмайдиган ишга қўл урибсиз. Агар истасангиз ушбу маълумотлар асосида иккимиз биргаликда яна битта хат ёзайлик. Бу фактларни тасдиқлаб имзо чекадиган бошқа одамлар, ҳатто раиснинг энг яқин одамларидан бири ҳам бор, у ҳам имзо чекишга тайёр”, – деб қолди. Мен бунга рози бўлмадим.

Чунки мен ҳаётимда бирон марта бировнинг маслаҳати ёки буюртмаси билан гуруҳбозлик қилиб кимнингдир устидан ҳеч вақт ариза ёзмаганман. Буни у кишига тушунтирдим. Пичоқ суякка бориб етганидан кейингина шахсан ўзимнинг ташаббусим билан ЎзМТРКдаги аҳвол ва менга нисбатан қилинган адолатсизликлар ҳақида президентга ёзишга мажбур бўлганлигимни айтдим. Шунда ҳам бу одам “аризабоз” экан, дея ўйламасинлар деган андиша билан битикларимга “Шикоят” хати эмас, балки “Билдиришнома” деб сарлаҳа қўйганлигимни ва қолверса адолат борлигига ишониб шу ишга қўл урганлигимни англатдим. Ёзувчи акахонимиз мени тўғри тушундилар ва нима бўлганда ҳам ўзимни эҳтиёт қилишимни маслаҳат бердилар.

Шунингдек, бир куни ана шу воқеалар силсиласида телевиденияда ишлайдиган бир опахон менга қўнғироқ қилиб қолди. Телефонимни радиода ишлайдиган ҳамкасбларимизнинг биридан олганлигини айтди. Ўзини таништирар экан, қачон бўш вақтим бўлишини сўради. Менга учрашиб, гаплашадиган гапи борлигига ишора берди. “Иложи бўлса эртага бораман” деди. (Хавфсизлиги боис бу опанинг ҳам исми-шарифини келтирмадим, ҳозирча…) Эртасига келиб мен билан сўрашиб-саломлашиб оларкан, бирданига опанинг кўзига ёш келди. “Нима гап, тинчликми? Нима бўлди опа?” – деб сўрадим.

У менга юзланаркан, “Сизни раиснинг устидан ёзганлигингизни ва шундан сўнг у, яъни Ходжаевнинг анча талвасага тушиб қолганлигини эшитиб, мен ҳам дардларимни айтай дея ёнингизга келгандим. Кунларнинг бирида йўлакдан кетаётганимда орқа бўйнимга қаттиқ жисм билан шунақанги зарб берилдики, сўнгра нима бўлганлигини ўзим ҳам билмайман. Ҳушимдан кетиб қолган эканман. Шундан сўнг беш–ўн кун даволанишимга тўғри келди. Мана ишонмасангиз деб орқа бўйнига келиб тушган зарбдан чуқурча пайдо бўлиб қолганлигини кўрсатди. Тўғриси, мен бундай ҳолатдан жуда ҳам ҳайратда ва ташвишда эдим. Чунки,  иккимизни айни пайтнинг ўзида (яъни опа билан ўзаро суҳбатлашиб турган чоғимизда) ҳам шундай ёнгинамизда яна икки киши яққол кузатиб турганлигини сезиш қийин эмасди. Опани ушбу ҳолатдан дарҳол огоҳлантирдим ва иккимиз сал нарироққа ўтиб, суҳбатни давом эттиришга мажбур бўлдик. Бу изтиробларга тўла суҳбат узундан-узоқ бўлганлиги учун унинг тафсилотларига кейинроқ батафсилроқ тўхталамиз. Қизиғи, айнан ўша куни мен билан суҳбатлашиб, ортга қайтаётган опага яна ҳужум қилишибди… Бу ҳақда анча кейин билдим. Сабаби, ўшандан кейин опа билан боғлиқ бошқа бир фожиа содир бўлганлиги боис анча вақт у киши билан кўришиш насиб этмаганди. Бу борада ҳам кейинроқ…

Энг қизиқ жараён:  “ультиматум”ни илгари сураётган, “талабнома”ни қўяётган опахон – “Ўзбекистон” телерадиоканали директорининг ўринбосари Султонпошша Ёқубованинг ўзига берилган топшириқни бажара олмаётгани, аниқроғи, менга сўзини ўтказа олмаётганлигидан хуноби ошиб, кунда-кун ора қон босими кўтарилиб борарди. Нима қилишини билмасдан ўзини ўтга ҳам чўққа ҳам ураётганлиги яққол сезилиб турарди…

30.07.2014 й.

(давоми бор)