Би-Би-Си журналисти Абдулҳамид Исмоил Ўзбекистонга киритилмади

Би-Би-Си журналисти Абдулҳамид Исмоил Ўзбекистонга киритилмади
47 views
03 March 2017 - 16:13

1 март куни Лондондан Ўзбекистонга келган Би-Би-Си ахборот агентлигининг ўзбек бўлими раҳбари Абдулҳамид Исмоил Тошкент аэропортида тўхтатилган ва шу куннинг ўзидаёқ Ўзбекистондан чиқариб юборилган. Бу ҳақда журналистнинг ўзи твиттер ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар берган.

Абдулҳамид Исмоил Россия Федерацияси паспорти эгаси сифатида Ўзбекистонга визасиз кириш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон ҳукумати у билан биргаликда келган қолган уч нафар журналистнинг мамлакатга киришига тўсқинлик килмаган.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги бир ой аввал ташриф буюриши режалаштирилган делегациянинг рўйхатини олган ва рўйхатда Абдулҳамид Исмоил ҳам санаб ўтилган. Аммо, ўшанда Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги журналистнинг ташрифига ҳеч қандай эътироз билдирмаган.

Абдулҳамид Исмоилнинг депортация қилиниш сабаблари ҳозирча номаълум.

2005 йилги Андижон қўзғолони бостирилгандан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати Тошкентдаги Би-Би-Си ахборот агентлигининг ўзбек хизмати офисини ёпган, бироқ Абдулҳамид Исмоилнинг сўзларига кўра унинг Ўзбекистонга келиб-кетишига тўсқинлик қилинмаган.

Абдулҳамид Исмоил – китоблари чет тилларига таржима қилинаётган ва Ғарбда нуфузли мукофотларга лойиқ топилаётган саноқли ўзбек ёзувчиларидан биридир. Аммо, Ўзбекистонда унинг асарлари тақиқ остида.

1992 йилдан буён Абдулҳамид Исмоил Лондонда муҳожирликда истиқомат қилиб келмоқда.

ЎХҲ хабарлар бўлими