У ўзини овсардек тутди, ё…

У ўзини овсардек тутди, ё…
64 views
05 March 2017 - 10:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўттиз иккинчи мақола) 

У  ЎЗИНИ ОВСАРДЕК ТУТДИ,  Ё…

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси Алишер Ходжаев ўзини бу даражада ғалати тутиши ва ўзини лақмаликка солиши иккала хонимчани ҳам безовта қилиб қўйди. Негаки, у гапидан чалғиб-адашиб, ўтлаб кетди. Пойинтар-сойинтар, бири боғдан бири тоғдан бўлган жумлаларни қалаштириб ташлади. Шунда “юристка” қандайдир имо-ишора билан дирижёрлик вазифасини бажаргандек бўлди. Хайриятки, шундан сўнгра бу ўртада менга ҳам сўз берилди.

Мен раисдан очиқчасига ўзи раҳбарлик қилаётган телерадиокомпаниянинг раҳбарияти, хусусан, ўзининг режим ва хавфсизлик бўйича ўринбосари Баҳром Ўтанов томонидан менга ва оиламга мунтазам равишда бўлаётган таъқиб-тазйиқларга барҳам берилишини, энг сўнгида менинг устимдан ёзилган шикоят ҳам ўзи бошчилик қилаётган бир тўда раҳбарчалар томонидан уюштирилганлигини аниқлаганлигимни билдириб, бундай найранг-фитналарга чек қўйилишини талаб қилдим. Нега аризабонлар ИИВ, МХХ, прокуратура ёки судга мурожаат қилмасдан айнан раисга мурожаат қилган? Бу нарса нега очиқчасига шу ернинг ўзида муҳокама қилинмади? Раис сифатида нега у бу ҳолатга бунчалик бефарқ  қараётир?

Буларнинг бари мени ажаблантираётганлиги ва аризани шахсан ўзи қабул қилганлиги ҳам менда шубҳа уйғотганлигини рўй-рост унинг юзига айтдим. Шунда Ходжаев менга эмас, анави хонимларга қараб: “Ҳалиги, ким эди улар, ўша ариза ёзганлар ҳақиқатдан ҳам туҳмат-шантаж қилаётган бўлса, уларнинг худди шу ҳатти-ҳаракатларини тасдиқлайдиган ҳужжат-далилларни келтиринг, бизга тақдим этинг”, – деди. Диққат билан ўқиётган бўлсангиз, каминага айтилиши керак бўлган гапни анави икки нафар хонимга қараб гапираяпти. Яъни юзини тескари тутган ҳолда. У худди шу тарзда ўз сўзида давом этар экан, “Керак бўлса, уларнинг ҳар иккаласига ҳам худди шу далиллар асосида жиноий ишни қўзғатишга мен ўзим ташаббускор бўламан. (Чиндан ҳам раис жаноблари истаган кишисига жиноий иш қўзғатишга жуда уста. Буни ўз тили билан айтди. Бироқ, айни дамда ўзи айтаётган одамларга эмас, аксинча, уларнинг қўли билан каминага нисбатан жиноий иш қўзғатиб, унинг кирдикорларини фош этаётган яна бир журналистдан қутулиш иштиёқида ёнаётганлигини тилёғламалик билан яширишга қанчалик уринмасин, олазарак кўзларию, қитмирона, ғирромона ҳатти-ҳаракатлари ошкор этиб қўяётганди…) Ўша Қодиров Тўра ва Неъматов Улуғбекларни бундай ҳатти-ҳаракатлари учун нима қилишни ўзим биламан!” деган катта-катта ваъдаларни ҳам бериб юборди. Унинг оғзидан чиқаётган бу сўзлар шу даражада сунъийлик касб этардики, буни шунчаки, гўё ёш болани овутмоқчи бўлган одамдай алдаш, авраш, қутулиш учун қилинаётган найранг эканлигини ҳис этиш қийин эмасди.

Бироқ камина ҳам бунақа тулкиликларга алданадиган даражада лақма эмасман. Шу боис ичимдагининг борини унинг юзига айтдим-қўйдим:

Бу шикоятчилар билан МТРК режим ва хавфсизлик ходимлари ўртасида жиддий ҳамкорлик кетаётганлиги кундай равшан бўлиб турганлигини ҳар қандай одам пайқаши мумкин эди. Улар компания ҳудудида кейинги пайтларда бемалол юрадиган бўлиб қолганлиги ҳам ғалати бир ҳолатнинг юзага келаётганлигининг далолати эди. Агар улар ҳақиқатдан ҳам ўзларининг ташаббуси билан арз қилиб келган бўлсалар, нега унда мен билан улар юзма-юз қилинмади? Учраштирилмади? Мен буни режим хизмати ходимлари Фазлиддин Худойқулов ва Хуршид Расуловлардан бир неча карра сўрадим ва улар билан учраштиришни талаб қилдим.

Лекин бу иккала шикоятчилар билан негадир мени юзма-юз қилиб учраштиришни улар умуман исташмади. Ўша икки шантажёрларни айни шу ёзган аризаси бўйича гаплаштиришни аксинча, пайсалга солишиб, иложи борича уларни мендан узоқроқ тутишга ҳаракат қилишди. Лекин ўша милициядан чиққан Т.Қодиров ишхонамнинг ёнига келиб менга нисбатан турли куракда турмайдиган бўҳтон аралаш гап-сўзларни овози борича қичқириб-ҳайқириб бақириб-чақиришларига бу хизмат ходимлари томошабин бўлиб туришлари янада ҳайратланарли эди. Мана шундай йўл тутилаётганлигининг ўзи  ҳам масалага бир томонлама ёндошилаётганлигига жиддий ишора эмасми? Нима учун компания ходимига нисбатан ташқаридан келган бутунлай бошқа бир бегона кишиларнинг бундай номақбул ҳаракатларни амалга оширишига кенг йўл ва имконият, шарт-шароит қилиб берилаётир? Буни қандай тушунса бўлади? Шунча воқеалардан кейин бу каби “уюштириш” амалиётларининг ташаббускори телерадиокомпания раҳбарияти деган хулосага келмасдан бошқа нима деб ўйлаши мумкин киши?…

Шунингдек, бировларнинг овозларини бемалол ёзиб олиб, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг монтажхонасида ушбу аудиоёзувларни кўчириб, монтаж иши билан шуғулланаётган ижрочи – С.Бўлдиевага нисбатан нима учун қатъий чора кўрилмаётганлиги ҳам жуда кўпчиликни ажаблантираётганлигини алоҳида таъкидладим.

Айниқса, мана шу ҳолатга компания раҳбарияти, хусусан, раис ва хавфсизлик ходимлари панжа орасидан қараб келаётганликларининг ўзи ҳам “ўйин”нинг ким томонидан ташкил қилинаётганлигидан дарак бермайдими? Худди шу ҳолатнинг ўзи махсус гуруҳ томонидан иш олиб бораётганлигининг яққол тасдиғи эмасми?

Ўзи шундоқ ҳам монтажхоналарнинг етишмаётганлиги боис ҳар куни муҳаррир-у операторлар ўзаро бир-бири билан ғижиллашиб, сан-у манга боришаётган бир пайтда қандай қилиб бу С.Бўлдиева деган хонимга бу қадар кенг имконият ва шарт-шароитлар яратиб берилаётир? Бунинг замирида нима бўлиши мумкин? Ахир, монтажхоналар фақат ва фақат иш юзасидан фойдаланилиши мумкин бўлган ускуналар мажмуи эмасми? Асосий ижрочилик ролини бажараётган бу журналист аёлнинг оз эмас, кўп эмас, нақд 20-25 соатлик аудиоёзувининг ушбу ускуналардан фойдаланган ҳолда кўчирилиб, монтаж қилиниши ғаразли фитналарнинг бошланаётганлигини кўрсатмайдими?

Ушбу қинғирликларга раисдан тортиб “Ўзбекистон” телерадиоканали директори-ю унинг ўринбосарларига-ча шунчалар бефарқ, беэътибор бўлишининг ўзи сирли бир унсурлари мавжуд бўлган қабиҳликларга кенг йўл очиб берилаётганлигидан жиддий огоҳлантириш эмасми? Бундайин ўзибўларчиликка йўл очиб берилганлигининг  ибтидоси ва интиҳосини шу биргина мисолда ҳам кўришимиз мумкин аслида… Зеро, С.Бўлдиеванинг радиодаги мухбирлар тармоғи бош муҳаррири, яъни ўз раҳбарининг устидан ҳам мана шундай номаъқулчиликларни амалга ошириши қандай натижаларга олиб келганлиги барчага аён-ошкор бўлиб улгурганди….

Худди шу нарсаларга барҳам берилиши, қатъий жазо чоралари кўрилиши шарт ва зарур. Бунинг учун уларнинг ҳар бири мавжуд тартиб-қоида доирасида жавоб бериши лозим. Акс ҳолда жамоадаги муҳит борган сари янада кескинлашиши ва бунинг оқибати яхшилик билан тугамаслиги мумкин.  Мен бу борада бир неча марта режим ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосар бўлган Баҳром Ўтановга билдиргилар билан мурожаат қилдим. Нафақат мен, балки, ўша шантажларни уюштиришда фаолликни ва байроқдорликни ҳеч кимга бермай келаётган С.Бўлдиеванинг бевосита раҳбари бўлган Шодиёр Ҳазратқуловнинг ўзи ҳам бир эмас, икки эмас, унинг устидан беш олти маротаба билдиргиларни шахсан раис ва ўринбосарнинг номига ёзиб берганди. Афсуски, ушбу ёзилган билдиришномалар ҳам ҳеч бир натижасиз қолдирилди. Бу ҳол эса, “Демак, жамоада хоҳлаган ишини қилиши мумкин бўлган, махсус ҳуқуқларга эга  “қўшин”-гуруҳлар тоифаси ҳам таркиб топтирилган экан-да!..” деган тасаввур-хулосанинг вужудга келишига туртки бўлиб хизмат қилаётганди.

Бу  ёқда  эса раис жаноблари гўё осмондан тушгандай ўзини овсарга солиб туриши чиндан ҳам ғалати эди…

15.08.2014 й.

(давоми бор)