Устозлар ва дарёлар

Устозлар ва дарёлар
37 views
05 March 2017 - 13:11

Рауф Парфи:

Устозлар ҳақида сўз кетганда талмовсираб, нима дейишимни билмай қоламан. Кўз олдимда уларнинг пурвиқор сиймолари гавдаланади, мен шўрлик уларга шогирдликка арзимаслигимни аниқ, аччиқ ҳис қиламан. Лекин устозлар ҳақида гапирмаслик мумкин эмаслигини ҳам тушунаман.

-Мен сайёҳман, йўловчиман, ғаввосман, Сиз англаган, Сиз забт этган Адабиётга даҳлим йўқ, жуда борса адабий сайёҳман,- дейман қалтираб, қақшаб.

Хаёлан тиз чўкиб узр сўрайман.

Бас, менинг учта пирим бор, улардан кўмак, мадад тиланаман. Яссавий пирим, Навоий пирим, Тҳакур пирим – Гурузев.

Менга қўл узатган устозларим бор- Абдураҳмон Водилий, Асқад Мухтор, Шукрулло.

Улуғ Туркистоннинг тўққизта улуғ дарёси бор: Амударё, Сирдарё, Абдулла Қодирий дарёси, Абдурауф Фитрат дарёси, Абдулҳамид Чўлпон дарёси, Мухтор Авезов дарёси, Чингиз Айтматов дарёси, Ўлжас Сулаймон дарёси, Муҳаммад Солиҳ дарёси. Менинг томирларимда ҳам шу тўққизнинг қонлари оқади. Мен бу улуғ дарёларнинг соҳилларида саргардонман, доим ташнаман, очман, муҳтожман..

Ёзувчи Мурод Каримнинг “Адабиёт манзаралари” саҳифасидан олинди