Қўрқоқлик қинғирликдандир

Қўрқоқлик қинғирликдандир
73 views
07 March 2017 - 9:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўттиз тўртинчи мақола) 

ҚЎРҚОҚЛИК ҚИНҒИРЛИКДАНДИР

Ажиб ва қизиқ ҳолат: “Айби борнинг тиззаси қалтирайди” деганлари ҳақиқат экан. Яна кимсан, телерадиокомпания деган катта бир маданият даргоҳининг раҳбари бўлатуриб, ўз ходими билан яккама-якка, ўзаро гаплашишдан шу даражада қўрқишликни нима деб аташ мумкин?! Нима, мен раисни еб қўярмидим?! Мабодо, бу ЎзМТРК раиси Ходжаев эмас, Алишерой Ходжаева бўлганида ҳам уни тушунса бўларди. Ҳа, энди раҳбар аёл киши-да, эркак киши билан хонада ёлғиз қолса,  бошқалар турфа гумонларга боришларидан андиша қилаётгандир, деб. Шунинг учун ҳам ожизалигига бораяпти, дея ундан хафа бўлмасдан бу ҳолатни тушуниш мумкин эди. Лекин бу раҳбар эркак киши-ку, ахир?.. Нима учун бунчалик чўчийди? Ўз ходимидан ҳам шунчалик даражада ҳайиқадими, киши? Нега унинг гаплари айқаш-уйқаш, чала-чулпа, бир уёққа бир буёққа қараб тортиб кетаверади? Мантиқдан асар йўқ. Ё нариги идора-махсус хизматнинг кадрларидан бўлганлиги учун унинг иш услуби шунақамикин? Барча амаллари шундай асосга қурилганмикин? Ҳеч бўлмаганда, берилган саволларга тузукроқ жавоб берганида ҳам  уни тушунса бўларди. Ёхуд бу одам ўтган саккиз йил мобайнида ўз ходимларини бирон маротаба қабул қилмаганлиги сабаб улар билан гаплашиш, муомала қилиш маданиятини ҳам унутиб юбордимикин-а?

Ёки компаниядан ундирган миллиардлар, айниқса, сўм эмас, доллар-у  евролар ва шунча маблағларга қад кўтарган қасрлар, супер маркетлар, хориждаги виллалар бу қурғур одамни шу қадар маст қилиб, эсидан оғдириб қўйдимикин, ОДАМ сиёғидан чиқариб юбордимикин?.. Йўқса, нега у ўз ходими билан гаплашганда илонга ўхшаб вишиллаб-пишилларкан-а? Бунчалар хавфсирашликларнинг боиси не бўлиши мумкин?..

Шунча орттирган бойликларидан ажралиб, улардан мосуво бўлиб қолишидан ва алалоқибат қинғир йўл билан топилган бойликлари ўз бошига бало бўлиши мумкинлигидан тинчи бузилаётгандир? Чунки ҳаром йўл билан топилган нарса барибир бир кун келиб нафақат ўзига, балки бола-чақасига ҳам буюрмай қолиши уни безовта қилаётгандир. Мансабидан кетиб қолса-чи, унда нима бўлади? Сабаби, тўплаган-йиққанларининг каттагина қисми шу компанияда ишлаётган минглаб ходимлар ва уларнинг фарзандлари ризқ-рўзини қийиш, туя қилиш ортидан келганлигини битта мен эмас, бутун жамоа жуда яхши билади. Айниқса, ходимларнинг ойлик маошларини ўн-ўн беш, ҳаттоки, йигирма кунлаб бермасдан компаниянинг миллиардлаган маблағларини банкда ушлаб туриш орқали процент ишлаш Ходжаевнинг энг хўш кўрган ҳунари эканлигидан барча бохабар. Бу ҳам етмагандай…

Илгари яхши ишлаган ҳар бир ходимга 70 фоиздан 100 фоизгача мукофот пуллари бўларди. Шу пул бутунлай йўқотилди. “Лечебний” – даволаниш учун ҳам эллик фоиз миқдорида маош бериларди. Бунга ҳам барҳам берилди. Ўн учинчи маош бор эди. Бу ҳам йўқ бўлди. Картошка пули бор эди. Буни ҳам бирёқли қилди. Транспорт (проездной) пулини-ку, асло сўраманг, энди тушга айланиб қолди. Бундан ташқари, икки ёшгача бериладиган сут пулини ҳам шахсан шу одамнинг ташаббуси билан йўқ қилинганлиги ҳақида жамоадагилар куйиниб гапиради. Шунингдек, яна болаларимиз учун ҳар янги йил олдидан бериладиган совғалар кейинги 2-3 йил ичида мутлақо берилмай қўйди. Бунинг асосий сабабини ҳеч ким тушунтирмади ҳам. Шундай қилиб, болалар ҳар йили совғасиз қола бошлашди. Олдинлари вақти-вақти билан овқат, сут пули ҳам бериб туриларди. Булар ҳам сувга чўккандай йўқ бўлди-қўйди. Ҳаттоки, компаниянинг Юнусобод туманидаги мавжуд меҳмонхона-ётоқхонасини-да сотиб юборди. “Оқтош”даги пансионатнинг ҳам бир қисмини кимларгадир бериб юборилганлиги  ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди.

Ҳа, айтгандай, Юнусобод туман ҳокимияти биносининг  орқа томонидан ҳам бу одамга тегишли бўлган улкан қаср қад кўтарганиям бежизмас… Балким шунинг учун ҳам компаниянинг мазкур тумандаги меҳмонхонасини сотиш эҳтиёжи туғилгандир?..

Шу жойда бир нарсани сал бўлмаса эсдан чиқарай дебмиз: Ҳар ойда тижорат-реклама асосида келиб тушадиган миллиардлаб маблағлар тўғридан-тўғри ЎзМТРКнинг ҳисоб рақамига эмас, балки энг аввало Ходжаев аталмиш “ўпқон”нинг фирмалари ҳисоб рақамига бориб тушади. (Буни кўпчилик билади. Лекин нима қилсин, ҳеч ким унга тўсиқ бўлолмайди…) Шундан сўнг қолган қутган маблағларгина компаниядаги каналларнинг эмас, МТРКнинг махсус ҳисоб рақамига келиб тушади. Ана шундан кейин ушбу маблағларни қаерга, кимга, қандай қилиб бўлиштириш, тақсимлашни ушбу ташкилотнинг энг катта Алишер-Бойи ҳал қилади. Минг афсуски, бу даромаддан ишлагандан кўра, ишламасдан номига юрганлар кўпроқ баҳраманд бўлади. Бечора ўлиб-тирилиб юрган журналист, муҳаррир арзимаган эллик – юз минг олса, бояги такасалтанглар миллионлаб пулни жарақлатиб санаб олади. Нега десангиз, уларнинг барчаси раиснинг “қулоқ-одам”ларидир. Майли, буни ҳам қўя турайлик. Ҳисоб рақамига келиб тушадиган маблағларнинг қандай қилиб ва кимларга бўлинишига бироз тўхталдик. Ҳали биз ишламасдан, компанияга бир соат ёки бир кун ҳам келмасдан фақат маош учун келадиганлар борасида лом-лим демадик…

Ҳисоб рақамларига келиб тушадиган маблағлар ҳақида гапириб ўтибмиз-у, бироқ қоғозда ўз аксини топмасдан, ҳужжатларни “айланиб ўтиб”, тўппа-тўғри чўнтакка келиб тушадиган қисми борасида ҳеч вақо демабмиз. Бу янада муҳимроқ, ахир. Чунки, тижорат-рекламанинг нархлари осмон қадар. Келган ҳар қандай мижозни ушбу нархлар чўчитиб юборади. Шунда уларга бу нархларни камайтириш йўллари бор эканлиги тушунтирилади. Шундай усулларидан бири бу ўтказилаётган маблағнинг деярли тенг ярмини нақдда бериш бу масаланинг ечими эканлиги обдон уқтирилади. Ана шундай қилиб ҳақиқий савдо бошланади. Қизиғи, сўмда эмас, барчаси “кўки”да гаплашилади. Бу операциялар шунчалар усталик ила амалга ошириладики, шу пайтга қадар бундайин “ўйин”ларни бирор бир кимсанинг яқин ўрталарда кўзи кўриб қулоғи эшитмаганлиги аниқ. Худди шу тахлитда пул қилишнинг энг “ноёб” йўллари ва йўриқлари ишга солинади.

Компаниядаги қурилиш ишлари учун баъзи инвентарларни сотиб  олиш баҳонасида бошқа ташкилотларга ўтказиб бериладиган маблағлардан қанақанги “откат”лар қилиш “операция”ларига унчалик ҳам эътибор қаратмаяпмиз ҳалиям… Боиси, бу ҳам кенг мавзу. Бунинг сираси ҳам келиб қолар. Айниқса, хориждан олиб келинаётган телекоммуникацион технологиялардан қандай қилиб “унумли” фойдаланишнинг қанчалик ҳадиси олинганининг ўзи бир катта мавзу. Агар бу борада гапирамиз десак, унда Ходжаевнинг қудаси А.Арипов ҳам айни шу олди-бердиларда муҳим рол ўйнаганлиги ва бу билан ушбу шахс асосий иштирокчилардан бўлганлигига ҳам алоҳида тўхталишимизга тўғри келади. Шунинг учун мақола чўзилиб кетиши мумкин. Келинг, яхшиси шуни алоҳида масала сифатида кейинроқ кўтарармиз. Ҳозир эса…

Гапирсанг, нима кўп, қаллобликлар кўп. Телерадио ускуна-жиҳозларини олиб келиш учун хориж давлатларидаги ишбилармонлар билан борди-келдини йўлга қўйиш керак. Ўзаро алоқаларни ривожлантириш, тажрибалар алмашиш-ўртоқлашиш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳам конвертация қилинадиган маблағларга бевосита боғлиқ. Бу борди-келдиларнинг бари учун албатта банкдан нақд валюта олиниши шарт ва зарур. Шу борувчи-келувчиларнинг рўйхатига ҳам (бормаган-келмаган бўлса-да) камида беш-олтитаси қистирилиб, доллар олиб, долясини “амалиёт” “ташаббускори”га узатиб турадиганлари бор. Муҳими, уларнинг номига валюта олиниши. Бундан ҳам қизиғи: ҳали бир неча марта Ғарб, Европа мамлакатларига бориб келганлар қаторида рўйхат қилиниб, ҳатто исми-шарифига валюта олинганини ҳам билмай юрганлар бор экан?! Қойилмисиз?… Бундайларнинг сони анча-мунча. Улар бироз  вақт ўтгандан кейингина чет элга “бориб-келган”ларини билиб қолишади.  Мана, пул қилиш, пул ишлашнинг қандай аломат йўлларини билади бу Ходжаев деганлари?!

… Энди, шунчалик кенг миқёсдаги қинғирликларни амалга оширади-ю, ЎзМТРК раҳбари қандай қилиб ўз ходими билан хотиржамликда гаплашиши ёки тўғри муомала қилиши мумкин? Бу қадар суистеъмолликлар унга тинчлик, ҳузурбахшлик ато этармиди?..

Муҳтарам ўқувчи, ана энди яхшироқ англаб етган бўлсангиз керак, нима учун Алишер Ходжаев ўз ходимлари билан шунча йиллар давомида учрашишни, улар билан гаплашишни истамаслигининг асосий сабаблари нимада эканлигини. Шахсан мана шу раис жаноблари катта миқдор (бу ерда миллион-миллиардлар ҳақида гап кетаяпти)даги маблағни нақдлаштириб берасан, деган шарт билан қаттиқ босим кўрсатганлиги натижасида баъзи бир ходимлар соғлиғини йўқотиб қўйган ва ҳаттоки бир-икки нафари ҳаётдан кўз юмган. Бу воқеа-жараёнга гувоҳ бўлганлар бор…

Мана шунча эгриликлардан кейин ўз ходими билан юзма-юз учрашиб гаплашишнинг ўзи бўлмайди, ахир. Буни ҳам тўғри тушунимиз керакдир балки…

Хуллас, Ходжаев менга бундан кейин тазйиқлар бутунлай тўхтатилишига кафолат берди. (Бироқ, бу фақат сўзда бўлди, амалда эса…) Юқорида таъкидлаганимдек, мен агар фактни олиб келсам, менга туҳмат қилган (Ходжаевнинг буюртмаси билан аслида) Қодиров Тўра ва Неъматов Улуғбекларга жиноят қўзғаттириш ваъдасини ҳам берди. Лекин мен ўз позициямдан қайтиш ваъдасини бермадим. Мендан бундай қатъий қарорни ололганлари йўқ. Давоми кейингиларида…

29.08.2014 й.

(давоми бор)