Бу шеър 2014-йилда ёзилган. Маълум сабабларга кўра уни нашр этишнинг имкони бўлмади. Ҳатто шоирнинг 2016-йилда нашр этилган китобидан ҳам чиқариб ташлашди. Худога шукурки, юртимизда вазият яхшилик томонга ўзгарди. Аммо мазкур шеър ўз долзарблигини ҳамон йўқотгани йўқ. Зўравонлик қилиб, халққа мушт ўқталаётган амалдорлар ҳозир ҳам учраб турибди…
Жамол Камол Ўзбекистон халқ шоири
ХАЛҚНИ УРГАННИ ХУДО УРГАЙ!..
(Амалдорларга хитоб)
(“Анвармирзо ҳикоятлари” китобидан)
Муваққат мансабингиз гаштини сурманг, амалдорлар,
Қаерда пора бўлса, ёнида турманг амалдорлар,
Ҳаромдин пул йиғиб, кошоналар қурманг, амалдорлар,
Етаклар сизни шайтон, йўлига юрманг, амалдорлар,
Тепиб қорнига халқни, бошига урманг, амалдорлар!
Аёвсиз, қаҳри қаттиқ, мушти зўр мансабпараст бўлманг,
Адабсиз, бемурувват, кўнгли кўр мансабпараст бўлманг,
Жаҳонда толеи паст, бахти шўр мансабпараст бўлманг,
Етаклар сизни шайтон, йўлига юрманг, амалдорлар,
Тепиб қорнига халқни, бошига урманг, амалдорлар!
Ўшал шайтонки, асли исмини нафси бало дерлар,
Ким унга мубтало бўлса, балога мубтало дерлар,
Ки охир-оқибат шарманда этгай ул, адо дерлар,
Етаклар сизни шайтон, йўлига юрманг, амалдорлар,
Тепиб қорнига халқни, бошига урманг, амалдорлар!
Шу халқнинг ўғлисиз, халқни ҳимоят айламайсизми?
Шу халқнинг нонини ерсиз, риоят айламайсизми?
Этиб Аллоҳни ёд, сидқи диёнат айламайсизми?
Етаклар сизни шайтон, йўлига юрманг, амалдорлар,
Тепиб қорнига халқни, бошига урманг, амалдорлар!
Унутманг, халқини ёлғиз Худога юзқаро ургай,
Ўзи, фарзандларини сўнгра кўп ранжу бало ургай,
Демишлар авлиёлар: халқни урганни Худо ургай,
Етаклар сизни шайтон, йўлига юрманг, амалдорлар,
Тепиб қорнига халқни, бошига урманг, амалдорлар!
03.04.2014 йил
Манба: www.facebook.com