“Ўзбекистон” радиосидаги “гестапо”чилар

“Ўзбекистон” радиосидаги “гестапо”чилар
98 views
08 March 2017 - 11:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўттиз бешинчи мақола) 

“ЎЗБЕКИСТОН” РАДИОСИДАГИ “ГЕСТАПО”ЧИЛАР

Қабулхонадаги маш-машалардан кейин нима бўлиши ва умуман, вазият қай томонга ўзгариши маълум: аниқки,  мен билан боғлиқ аҳвол борган сари кескинлашади. Чунки,  телерадиокомпаниядаги бўғиқ муҳит, раиснинг кирдикорлари хусусида кўпгина инкор этиб бўлмас фактлар асосида ёзган аризамни инкор этган ҳолда тонишимни ва “билмасдан хато қилиб қўйибман, мени кечиринглар” дея тушунтириш хати ёзиб беришимни талаб этдилар, мен бунга кўнмадим. Раҳбариятга қарши чиқиш, муттаҳам жанобларнинг мушугини “пишт” дейиш, виждонингга қулоқ тутиб, уларнинг ноғорасига ўйнамаслик  – сенинг довуллар ичида қолишингдан дарак беради. Сабаби, бу синалган усул, таниш “сюжет”: бунга ўхшаш ҳолатлар олдинлари ҳам амалиётда содир бўлган ва унинг гувоҳи бўлганмиз. Раҳбариятнинг айтган гапига кўнмадингми, йўриғига юрмадингми, тамом вассалом. Сўзсиз биринчи рақамли душманга айланасан. Мустақил кўз қарашга, фикрга эга эканлигингни билдириб, ўз позициянгдан қайтмаслигингни қатъий  таъкидлаган онингдан бошлаб, сен билан махсус шуғуллана бошлашади.

Бу борадаги ҳаракатларни амалга оширувчи ижрочилар ҳаммага маълум ва бутун жамоа биладиган саноқли кишилар бор. Уларни “қулоқ”лар ёки “гестапо”чилар дейишади. Худди шундай гуруҳ “Ўзбекистон” радиосида ҳам мавжуд. Уларнинг ўринбосарлари ҳам бор. Мабодо шу гуруҳ аъзоларидан бири нафақага ёки бошқа бирон бир ишга ўтиб кетадиган бўлса, албатта ўз-ўзидан ана ўша муовинчалар ишга киришиб кетишади. Биласизки, журналист-ижодкорлар синчков бўлишади. Шу сабаб янги келган “қулоқча”ларни-да уларнинг ўзини қандай тутиши-ю, савия даражасидан дарҳол пайқаб-аниқлаб олишади. Бу тоифадагиларнинг энг муҳим критерийси, белгиси шундаки, ЎзМТРК раиси Ходжаевга ўхшаб на сиз билан тузукроқ гаплашишни билади ва на соҳани, ёзиш-чизишни эплайди. Олдинги мақолаларимизда ёзилганидек, ҳаттоки, “одамзот” нима эканлигини билишмаса-да, қийналмасдан мансаб пиллапояларига тез ва дадил кўтарилишади. “Қалами ва қадами қийшиқ бўлса ҳам раиснинг одами сўйласин”, деган янги нақлга кўра бундайларнинг олдида ҳамма тилини тишлаб ўтиришга мажбур.

Айтганимиздек, “Ўзбекистон” телерадиоканалининг радиосида ҳам “гестапо”чилар бор. Уларни деярли ҳамма билади. Чунки бу қатламдагилар ўз ҳатти-ҳаракатлари, амалий фаолиятлари билан анча йиллар олдин танилиб бўлган. Улар ҳам ташқаридан қараганда журналистлар. Фақат “махсус”. Бу тоифадагиларга чексиз-чегарасиз ҳуқуқлар берилган. Хоҳлаган пайтида хоҳлаган жойига боради. Мажлисларда албатта уларга биринчилар қаторида сўз берилади. Чунки ундайлар олдиндан  тайёргарлик кўрган бўлади ва белгилаб берилган йўналиш бўйича гапиришади.  Уларда ҳар қандай, жумладан, ҳукумат тадбирларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳам бор. Яна бошқаларда бўлмаган ва ҳаттоки, компаниядаги мавжуд тартиб-қоидага зид бўлган “ҳуқуқ”лар ҳам бисёр ундайин “сараланган” тоифааларда. Мисол учун спиртли ичимликни ичкарига киритиш таъқиқланган бўлса-да, улар бемалол олиб киришади ва бемалол ўз муҳарририятида очиқчасига қиттак-қиттак қилиб ўтиришлари мумкин. Қани, бошқалар уларга баҳс қилиб кўрсин-чи…

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисининг 193- сонли буйруғига кўра, журналист-ходимлар чет эл дипломатик корпуслар вакиллари, халқаро ташкилотлар ва ҳаттоки, оддий хориж давлати фуқароси билан ҳам учрашиб суҳбатлашиши мумкин эмас. Улар томонидан ташкил қилинадиган бирон бир тадбирга бориш ҳам мутлақо таъқиқланган, аммо “гестапо”чиларга кенг йўл берилган: улар бемалол боришади ва иштирок этишади. Мабодо рухсатсиз, адашиб бориб қолган бошқа бир ходимни кўриб қолишса тамом, дарҳол ўша вақтнинг ўзида тезкор хабар  компания раҳбариятига етказилади.

Аслида ундайлар адашиб боришмайди. Сабаби, уларнинг ўзига тўғридан-тўғри ўша хориж компаниясими ёки дипломатик корпусиданми хат-хабар, таклифнома борган бўлади. Шунга кўра ташриф буюрганларнинг ҳам ҳолига вой. Негаки, улар дарҳол “қора рўйхат”га тушади. Ким томонидан чақирилгани ва нима мақсадда боргани, нимага бундан ЎзМТРК раҳбарияти хабардор эмаслиги суриштирилиб, борганлигини бурнидан булоқ қилиб чиқаришади.

Радиодаги “гестапо” раҳбариятнинг кўзига ёмон кўриниб қолганлардан кимники бадном, шарманда қилиш, ишдан ҳайдаш зарурати пайдо бўлди дегунча, ҳозир-у нозир, шай туришади.  Улардан  максимал даражада ходимларнинг танобини тортиб, қанотини қайириб қўйишда жуда унумли фойдаланилади.

Бундан ташқари, бу “гест-тўда” ким-кимга уйланиб оила қурди, ким-ким билан кўпроқ гаплашиб-суҳбатлашиб қалин дўстлашиб кетаяпти, ким қаёқдан ва кимдан қанақанги интервью олаяпти, ким қайси хориж радиоси, хориж матбуоти мухбири саволларига жавоб бериб, кечаётган воқеаларга ўзининг муносабатини билдираяпти: бу ҳолат-жараёнларнинг барини кузатиш ва раҳариятга етказиб туриш учун ўта муҳим“вазифадор”лардир. Айниқса, икки ёш аҳдлашиб, турмуш қуриб, бола-чақали бўлиб, тинч-фаровон, бахтли ҳаёт кечира бошлашса, бу гуруҳнинг патагига қурт тушади. Яъни нима учун бу оила бунчалар аҳиллашиб кетиши уларни жуда қаттиқ безовта қилиб қўяди. Ҳар қанақанги йўл билан шу бир-бирига меҳр-садоқат билан, аҳил яшаётган оилани бадном қилиш пайига тушиб қолишади.

“Ўзбекистон” радиоканалида  мазкур тоифадаги гуруҳ аъзолари “Ахборот” бош муҳарририятида ин қуриб олишган. Булар асосан тўрт киши: Анвар Абдувалиев, Азим Пўлатов, Аҳмад Бузруков, Шарофиддин Тўлаганов. Уларнинг бошлиғи Абдувалиев ўзини жуда сипо тутиб юради. Аммо радиодаги  кўпгина ходимларнинг бошига балоларни ёғдиришнинг бош ташаббускорларидан бири ҳам мана шу одам бўлади. Бундан кўпчилик хабардор. Айниқса, у президент аппаратидаги курсдоши орқали унвон-у, орден-медалларни “савдолашиб” олиб беришдаги маҳорати билан радиода БОШ ВОСИТАЧИ сифатида барчага танилиб улгурган.

Ҳа, айтгандай, “махсус”чиларга бисёр ҳуқуқлар бериб қўйилганлигига бежизга тўхталмадик. Дарвоқе, улар учун алоҳида интернет хонаси ҳозир-у нозир. Ундан бемалол фойдаланишади: “зелёная дорога”. Қани бошқалар фойдаланишга уриниб кўрсин-чи… “Гестапо”чиларнинг иккитаси сиёсий шарҳловчи деган номи бўлса-да, отнинг калласидай маош олса-да, аслида ўз вазифасини бажарган эмас, яъни мамлакатнинг на ички ва на ташқи сиёсатига доир мустақил фикрлари, шарҳларини қойиллатиб ёзиб, шахсий мулоҳазалари, муносабатларини билдира олган эмас, аксинча, фақат русча матндаги материалларнинг “таржимон”лиги билан машғул бўлишади. Яна бириси – Тўлаганов эса, кўпроқ  ҳукумат тадбирлари ва айниқса, халқаро тадбирларда ҳозиру нозир бўлади. Ва табиийки, шундай муҳим тадбирларда ҳам биров сўз берса-бермаса, худди радиодагидек ўзини кўрсатгиси келиб қолади. Бир гал у Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов якунларига бағишлаб ўтказилган тадбирда ҳали анжуман бошқарувчиси сўз бермаган эса-да, ўз-ўзидан ўрнидан туриб бақириб-чақириб, шовқин-сурон кўтарган. Айтадиган гапи шовқин-суронига яраша салмоқли ва муҳим, бўлса ҳам майли эди…  У шу даражада асабийлашиб қичқирганки, нима деяётганлигини ўзи ҳам билмай қолган чоғи. Ҳа, ўшанда у “Тошкент ҳақиқати” газетасининг бош муҳарририни жуда қаттиқ ҳақоратлай бошлаган.  Нима эмиш, бу газета мана шундай муҳим сиёсий тадбир – сайловлар давом этаётган кунларда қайси бир миллатнинг миллий таоми пиширилаётганлигини акс эттирувчи ошхонанинг расмини газетанинг сўнгги саҳифасида бериб жуда нотўғри иш қилганмиш. Ўша тадбирда ушбу газетанинг бош муҳаррири қатнашганми ёки йўқми буни билмадим-у, аммо унга биронта одам “Эй инсон, намунча қичқирасан, сайлов жараёнини барча ОАВ баробар ёритаяпти. Хўш, шу орада бирор газета дам олиш саҳифасида бошқа мавзуга доир бирор суратни берган бўлса, осмон узилиб ерга тушармиди? Бу масалани нари борса, ўша бош муҳаррирнинг ўзи билан ўзаро ҳал қилинса бўлади-ку. Шунга шунча  тўполон кўтариш керакми?” дея тартибга чақирмаган. Ё унинг қизиққонлик билан айтган бақир-чақир сўзларини англашмаган ёки буни ўзларига эп кўришмаган: бу сиёсий шантажчининг қилиғидан ҳамма ҳайрон, ҳамма лол…

Мен бундай кимсаларнинг фаолияти ҳақида бежизга тўхталаётганим йўқ, албатта. Сабаби, уларнинг мен ва Шодиёр Ҳазратқуловга нисбатан уюштирилган шантаж-туҳматлар билан бевосита боғлиқ ҳамда шу масалани ҳал қилиш доирасидаги мажлисга қаттиқ тайёргарлик кўраётганликлари ҳақидаги информация аллақачон жамоадагиларнинг қулоғига етиб улгурганди. Шу сабабдан радиодаги бу “Гестапо”чилар кутилаётган йиғилишда шахсан раис жанобларининг топшириғига кўра маъруза қилиш учун махсус тайёргарлик кўраётганликлари маълум эди. Ҳаттоки, уларнинг нима деб чиқиш қилишларигача тахмин қилган эсам-да, бундан сира саросимага тушганим йўқ, аксинча, ич-ичимдан жуда  хотиржам эдим. Негаки, виждоним олдида пок эдим. Зеро, бу дунёда бошинга ҳар не туҳмат ва иғво дўлларини ёғдиришган тақдирда ҳам виждон хотиржамлигига эга бўлишинг энг олий саодатдир!

“Ўзбекистон” телерадиоканалининг навбатдаги бўлажак  умумий йиғилишида ана шу тарзда бизни обрўсизлантириш ва имкон қадар бадном қилиш режаси доирасида махсус ҳозирлик ишлари қизғинлик бошланиб кетганлиги кутилиши мумкин бўлган ҳол эди. Бунинг ҳеч бир ажабланадиган жойи йўқ. Нега деганда, ЎзМТРКга раҳбар бўлиб тайинланган А.Ходжаевнинг иш усули ва услуби худди шу нарса асосига қурилганлигини, биздан олдин ҳам бир неча ходимларнинг ана шундай йўл билан ишдан ҳайдалганлигини кўпчилик жуда яхши билади. Бу янгилик эмас. Айниқса, эгриоёқ аёлларни ёллаш орқали бу каби ишларни амалга ошириш  ва ўз ходимини муттаҳам қилиб олиш амалиёти бу раҳбарнинг даврида янада кенг қулоч ёзди. Ана шу йўсинда уюштирилган фитналар, туҳматлар натижасида баъзи ёш оилалар ажралиб, қудалар юз кўзмас бўлиб кетишгани ҳам сир эмас. Бундайин “машғулот”лар ҳар бир каналда олиб борилди: “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Машъал” ҳамда “Тошкент” телерадиоканалларининг ҳар бирида компаниянинг режим ва хавфсизлик хизмати ходимлари ва “гестапо”чилари томонидан ана шундайин амалиётлар “муваффақият”ли тарзда амалга оширилганлигини алоҳида таъкидламаслигимиз мумкин эмас. Ҳали бу воқеаларнинг ҳар бири Ходжаевга хос бўлган услубнинг меваси сифатида ўзгача “достон” бўлажак…

09.09.2014 й.

(давоми бор)