Тергов аталмиш “театр” саҳнаси

Тергов аталмиш “театр” саҳнаси
150 views
09 March 2017 - 8:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўттиз олтинчи мақола) 

ТЕРГОВ АТАЛМИШ “ТЕАТР” САҲНАСИ

Кунларнинг бирида Мирзо Улуғбек тумани ИИБ тергов бўлимидан ўзини Санжар Мирсоатов деб таништирган милиция ходими қўнғироқ қилиб бир келиб-кетишимни сўради. Адвокатим билан биргаликда бордик. Учрашдик ва анча вақт гаплашдик. Терговчининг айтишича, ҳозирча бирор бир томонга эмас, фақат факт бўйича фирибгарликка доир 168-модда асосида жиноий иш қўзғатилган.

Биз билан бўлган суҳбатдан сўнг Санжарнинг ўзи ҳам бу ҳолатдан ҳайратланаётганлигини ва бунинг замирида бошқа бир нарсанинг “ҳиди” келаётганлигини  яшириб ўтирмади. Чунки, у “Ушбу пул олди-бердиси билан боғлиқ воқеа беш йил олдин бўлган”, деб  ёзилган шикоятнинг замирида бирон бир асос кўрмаётганлигини очиқ-ойдин бизга сўзлади. Агар шу ҳодиса ҳақиқатдан ҳам содир бўлган бўлса, нега шунча йилдан кейин ҳам шикоят айнан яна телерадиокомпания раҳбарига ёзилаётганлиги уни ҳам бефарқ қолдирмабди. “Янада ажабланарлиси, аризани ёзган шахслардан бирининг юрист-адвокат бўлатуриб нимага шикоят-даъвоси билан тўғридан-тўғри ҳуқуқ-тартибот органларига эмас, балки ЎзМТРК раиси А.Ходжаевнинг номига мурожаат қилинганлигидир”, – деди у ва  бу ерда “нимадир”  борлигига яна бир бор шаъма қилди.

Агар бу иш кўриладиган бўлган тақдирда ҳам бу йиллар ичида бир неча маротаба амнистия қарори чиқиб кетди. Шу акт асосида материал барибир бекор бўлиб кетиши аниқ. Умуман, бу кўришга, вақт ажратишга арзимайдиган бир иш эканлигидан нолигандай, ҳафсаласи пир бўлиб гапирди ва бундан ҳеч қандай натижа чиқмаслигига алоҳида урғу берди. Шу аснода давом этган суҳбатимиз давомида биз ҳам бу каби ҳолатдан ҳангу-манг эканлигимиз ва фикрларимиз маълум маънода уйғун келаётганлигини айтдик.

Хуллас, тергов-суриштирув ишларини бошлаган ходим бундан ҳеч қандай хавотир йўқ эканлиги ва фақатгина бунинг учун ўзининг вақтини бекорга сарфлаши мумкинлигидан афсуслангандай бўлди. Шунда у бирдан бу Т. Қодиров деганлари қўлидан жуда кўп ишлар келиши ҳақида кўп сайраганлигини алоҳида таъкидлади. Яъни, бу шоввоз “Сурхондарё вилоятининг МХХ бошқармаси бошлиғининг наркотик билан боғлиқ фаолиятини фош қилиш асносида уни қандай қилиб ишдан ҳайдатгани-ю ва қаматгани” борасида оғзидан бол томиб гапириб берган. “Бу билан менга нима демоқчи ва нимага ишора қилмоқчи бўлаётлигини англадим. Аммо, бу каби гаплардан кўра, мени кўпроқ унинг ўзи долларни қаердан олганлиги-ю, қачон ва қай манзилда берганлиги билан боғлиқ конкрет тафсилотлар қизиқтираётганлигини тушунтирдим”, – дейди терговчи.

Лекин минг бора чиранса-да Қодиров Т. бу ҳолатни далилловчи ёки тасдиқловчи фактни тақдим эта олмаган. Аксинча, довдирай бошлаган. Имкон қадар терговчини кўпроқ юқорида таъкидланганидек, бўлар-бўлмас бошқа бир гап-сўзлар билан  чалғитишга уринган, холос.

 Терговчи дафъатан: “Негадир иккинчи аризачи-Неъматов Улуғбекни чақиртириш муаммо бўлаяпти”, – деб қолди. Мен ҳам шу онда унинг қайноғаси Мустафо Бўлдиев ёнимга келиб, “Бу куёвимиз қизишиб, ёзув-чизувчилик билан бир аҳмоқлик қилиб қўйибди. Шунинг учун сиз уни, у сизни,  бир-бирларингизни кечирингизлар”, – деб айтганди. Лекин менинг ундан кечирим сўрашимга сабаб бўладиган бирор бир асос кўрмаётганлигимни тушунтиргандим, дедим.

Ҳаттоки, бу Улуғбек деганлари аризани ўз хоҳиши билан ёзганлигига ҳам шубҳам борлигини Санжарга айтдим. Агар у ҳақиқатдан ҳам менга бундан 4-5 йил бурун пул берган бўлса, нега бирор маротаба менга келиб учрашиб ушбу берган маблағини ҳеч бўлмаганда бирон маротаба сўрамади? Асл муаммо ҳам шу ерда. Яна У.Неъматов дегани шикоятини ёзишдан олдин ҳам ёзганидан сўнг ҳам нимагадир мендан нуқул ўзини олиб қочиб юргани тушунарсиз ҳол. Ҳақиқатдан ҳам шунча йил илгари у шунча пул берган бўлса, ёнимга келиб ҳечқурса бир сўраб кетиши керак эди-ку. Худди шу нарсаларга аниқлик киритиш учун Улуғбекнинг асли ким эканлиги билан қизиқиб қолганлигим ва уни ўрганишга мажбур бўлганимни айтмасам бўлмас. Шу боис бу шахс ҳақида анча-мунча маълумотларга эга бўлгандим. Айни пайтда унинг нима учун терговга кела олмаётганлигининг сабабларини ҳам жуда яхши билардим. (Биз Неъматов Улуғбекнинг муқаддам икки маротаба: биринчисида  Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ва иккинчисида эса Бухоро шаҳар жиноят ишлари бўйича суди томонидан судланганлигини олдинги мақолаларимизда ёзгандик.)

Улуғбекни айни шу кунларда Бухоро вилояти прокуратурасидагилар ҳамда вилоят ички ишлар бошқармасидагилар безовта қилган. Шу сабабдан у терговга келолмаган.

Бундан ташқари, унинг ўғли Шерзод вояга етмаган 15 яшар қизнинг номусига тегиб, Украинада қочиб  юрган бўлган. У ўғлини  Бухоро вилояти ички ишлар жиноят қидирув бўлими ходимлари талаби билан чақиртириб олишга мажбур бўлган. Айни пайтда у худди шу борадаги масала билан овора эди.

Яна бир нарсага аниқлик киритиб кетиш лозим деб ўйлайман. Неъматов Улуғбек ҳеч қачон ўзича мустақил равишда бу каби амалиётга қўл урмайди. Менинг ёнимга ўзи келолмаслигининг боиси ҳам шунда. Чунки, у бунақа қабиҳликларни амалга оширувчи гуруҳнинг оддий, таъбир жоиз бўлса оми  бир аъзоси, холос. Улуғбек фақат топшириқни бажаради. Яъни ниманики ёз ёки чиз деса, ўшани “поддиктовка” асосида амалга оширади. Нима қилаётгани-ю ва қандай ишга қўл ураётганлиги уни унчалик ҳам қизиқтирмайди, аниқроғи, у ўзига берилган топшириқнинг мазмун-моҳиятига кўпам аҳамият беравермайди. Аҳамият берган тақдирда ҳам кўп нарсаларга “тиши” ўтмайди, фаҳми-саводи етмайди. Ундан боплаб фойдаланадилар, холос. Уни қаёққа буриш-у қаёққа йўналтириш, қандай бошқаришни устаси фаранг бўлиб кетган Т.Қодиров “қотириб” қўяди. Бу борадаги уюштириш ишларини улар доимий ҳамкорликда бажариб келишади. Улар бу йўсиндаги амалиётда катта тажрибага эга бўлган “учар”лардан ҳисобланишади.

Фитна-бўҳтонларни амалга ошириш режасини тузиш ва навбатдаги ўлжа ким бўлиши ҳақидаги жиддий масалалар ушбу гуруҳнинг махсус йиғилишларида муҳокама этилиб, кўриб чиқилади. Шундан сўнггина бир қарорга келинади. Айни шу хусусдаги жараёнлар ва уни ўзида акс эттирувчи ҳамда унинг иштирокчилари овозлари диктафонга туширилган аудиоёзувлар бу каби амалиётларнинг ташкилий қисми қандай ўтишини яққол тасдиқлайди. Айниқса, уни қандай, кимлар орқали уюштириш, шунингдек, кимларнинг хизмат вазифасидан фойдаланилишигача бўлган йўл-йўриқлар ҳақида аниқ-тиниқ қилиб гапирилганлиги кишини ҳайратга солмасдан қўймайди. Бу ҳақдаги овозларни эшитган инсон Ўзбекистон отлиғ катта бир мамлакатда, жамиятда бу қадар қабиҳликларнинг бемалол амалга оширилишидан ёқа ушламаслиги мумкин эмас. Чунки, қўлимиздаги аудиоёзувда мазкур жиноий тўданинг бош ҳомийларидан бири бўлмиш Мустафо Бўлдиев бир-икки эмас, бир неча маротаба юқори лавозимдорларни ана шундай қабиҳ ишларга жалб қилганлиги ва улар ёрдамида қабиҳона “операция”ларини ўзи истаганидай якунлай олганлигини ғурур билан, ўзгача мароқ билан мақтаниб ҳикоя қилиб берган. Бундай ёвуз ниятли разил кимсаларнинг ўз ғараз ва мараз мақсадлари йўлида юқори амалдорларнинг қанотлари остида шу қадар эмин эркинлик билан иш юритилаётганлиги тузумнинг тубдан чириб бўлганлигига яққол далилдир.

Негаки, коррупцион занжирнинг шунчалик даражада илдиз отганлиги ва унинг қанчалик тубанлашиб бораётганлигига ишора берувчи бу далиллар ҳеч биримизни бефарқ қолдирмаслиги зарур деб ўйлайман. Айниқса, ЎзМТРК раҳбари А. Ходжаевга ўхшаган мансабдор шахснинг юқорида айтилган қабиҳ ниятли жиноий тўда билан ош-қатиқ бўлиб, ҳур фикрли журналистларни бадном қилишдек ғаразли мақсади йўлида улардан усталик билан фойдаланиши, керак бўлса, уларга йўл-йўриқ кўрсатиб, бош-қош бўлаётганлиги жамиятнинг энг катта ва энг оғриқли ярасидир.  Сабаби, бундай тоифалардан таркиб топган гуруҳлар сиз-у бизга ўхшаган яна қанчалаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси тергов бўлимининг ходими милиция катта лейтенанти Санжар Мирсоатовнинг суриштирув жараёнидаги биз билан мулоқотидан, аниқроғи синчковлиги, ўз ишини мантиққа кўра олиб бораётганлигидан мамнун бўлдик. Чунки у бизда дастлабки учрашувданоқ ўз вазифасини сидқидилдан бажараётгандек ва масалага холис ёндашаётгандек таассурот қолдирди. Шунинг учун бизда унинг бу ишни ҳар тарафлама адолат мезони асосида кўраётганлигига заррача гумон қолмаганди. Сабаби, терговчи Қодиров Тўранинг ўзи кўп йиллар ички ишлар тизимида ишлаган ва нафақага чиққанидан сўнг ҳам адвокат ўлароқ фаолият юритиб келаётган одам қандай қилиб  бундан 4-5 беш йил олдин(?!) аллақандай ҳуқуқий масалани(?!) ҳал қилиб беришимни сўраб каминага пул бериши мумкин? Ахир, журналист ҳуқуқий масалани ҳал қилиш ваколатига эга эмас-ку?! Нима, буни менга 2.000 доллар бердим деб даъво қилаётган “ҳуқуқ посбони”нинг ўзи билмайдими? Ақли-саводи етмайдими? Унда бу соҳада шунча йиллар давомида қандай қилиб ишлади? Нега ишлади?… Камига казо-казолардан таниши борлигини айтиб, одамларга таҳдид қилиб юрадиган бундай “учар” ва устаси фаранг “ҳуқуқбон”  ўз соҳасига тегишли масалани ҳал қилишни ҳали ўзи яхши танимаган журналистдан сўраб, унга ўз қўли билан пул бердим дея даъво қилишининг ўзи ўта шубҳали эканлигини Санжар жуда ҳис этиб турганди. Қолаверса, Қодиров Тўра ушбу маблағни қаердан, кимдан олганлиги, икки минг доллар пуллар қанақанги банкнотлар эканлиги ва уни қачон ҳамда кимнинг гувоҳлиги остида берганлигига доир саволлар қаршисида довдираб қолаётган эди.

Шунинг учун ҳам биз, яъни адвокатим ва шахсан мен учун бу уюштирилган туҳмат-фитнанинг орқасида кимлар турганлигини билиш жуда-жуда қизиқ эди. Муҳими, бирин-кетин ушбу фитнани фош қилувчи аудиоёзувлар ўртага чиқиб, фош бўлиб қолганлиги масалага ойдинлик киритишда янада катта имконият ва қулайлик туғдирди. Яна бир асосий жиҳати шундаки, ушбу аудиоёзувларда уюштирувчи-фитнакорлар воқеалар қандай ва қай томонга ривожланиши мумкинлигини кенг муҳокама қилишиб, ўз оғзи-тиллари билан гапирганлигидир. Бундан ортиқ яна қандай факт-далил керак бўлиши мумкин?!

Ҳаттоки, унинг бевосита-ижрочиларидан бири, миллиардер Мустафо Бўлдиев бу борадаги катта тажрибаси борлигини яширмасдан бемалол сўзлаб берган. У бундан олдин ҳам бу каби фитналарни амалга ошириш ҳамда шу аснода бегуноҳ инсонларни бадном қилиш ишида бош прокуратура ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органларининг юқори лавозимдор ходимлари билан қай даражада мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйганлигини мароқ билан гапирган. Адолатни юзага чиқараман деган терговчига шунинг ўзиёқ етарли эди… Яна ушбу гуруҳнинг бу борадаги фаолиятини фош этувчи бу аудиоёзувлар бир-икки эмас, ўнлаб соатлар давом этганлигини айтмайсизми?! Энг ажабланарлиси, катта форматдаги бу ёзувларнинг Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг студия ва (ЎзМТРК) монтажхона компьютерларидан чиқиб қолганлиги-чи?  Шунинг ўзи ҳам алоҳида ўрганилиши учун жиддий ФАКТ ва ДАЛИЛ эди.

Шу боисдан ҳам биз терговчи билан бўлган мулоқотимиздан тўла қониқиш ҳосил қилганлигимизни айтиб, шу жойда гапимизни сал қисқароқ қилсак.

Сабаби, бу тергов-суриштирув ишлари бошланиб кетгандан сўнг ЎзМТРКда яна бошқа бир ғалва, аниқроғи, яна бир журналистнинг ҳаётига жиддий тажовуз-таҳдид қилинганлиги билан боғлиқ бошқа бир муҳим воқеа-ҳодисотлар ҳам юзага қалқиб чиқиб қолди. Бу ҳақда навбатдаги мақолаларда…

17.09.2014 й.

(давоми бор)