Ўзбекистонда диний ва сиёсий мухолифат

Ўзбекистонда диний ва сиёсий мухолифат
54 views
10 March 2017 - 5:00

Бизга факс воситасида Ўзбекистондаги диний гуруҳлардан бирининг тарқатаётган бир варақасини юборишди, ўқиб қаттиқ ранжидик. Варақа 90-йиллар бошида илдиз отган демагогиянинг чириган меваси эди. Демократлар ҳам Каримовдан фарқ қилмайди, деб бонг урарди варақа.

Бугун Ўзбекистон ҳукумати «ислом фундаментализми» баҳонасида фикри учун бегуноҳ одамларни шафқатсиз таъқиб қилаётган бир пайтда бу каби нарсаларни ўқиш жуда оғир келади одамга…

Сўнгги 2 йил ичида бир диний гуруҳнинг мингларча аъзоси фақат гуруҳга аъзо бўлганлари учунгина ҳибсга олиниб, оғир жазоларга маҳкум этилмоқдалар.

Сиёсий мухолифатдан бошқа ҳеч ким бу ҳақсизликка қарши овоз чиқармади. Мухолифат бу қатағонни имкони бор ҳар ерда тилга келтирди, бундай қатағонни мухолифатнинг ўзи бошдан кечиргани, кечираётгани учунгина эмас, балки ҳақсизлик ва зулмга қарши овоз чиқариш унинг асос ақидаларидан бири, унинг жиҳоди бўлгани учун ҳам шундай қилди.

Сиёсий мухолифат ва диний гуруҳлар пайдо бўлганларидан бери (Совет даври Қайта қуриш йиллари) бир-бирига ҳеч яқинлаша олмадилар. Бунга мухолифат каби диний гуруҳларнинг ҳам ўз сабаблари бор эди.

Муллалар, демократларнинг эски коммунистлардан фарқи йўқ, дерди ва бу итхомда гўё жон бор эди. Чиндан ҳам, бир думалаб демократ бўлган буқаламунлар кўп эди, аммо бу Демократия ва унинг ақидаларини ерга уриш учун етарли далил бўлолмасди.

Демократиянинг нима эканлигини билмай туриб, эски коммунист буқаламунларни демократ санаб, демократияни лаънатлаш ғофилликдан бошқа нарса эмас, албатта. Ўзбекистонда Қайта қуриш даврида демократик ҳаракатни ташкил қилган, уни бошлаб берганлар ғайрикоммунист, иймонли ва миллий руҳда вояга етган кишилар эди. Диний қадриятларни ҳам Совет даврида кўтариб чиқишга журъат этган айнан ўшалар эди. Қайта қуриш келиб, гапиришга изн берилганда, майдонга чиққан дин муаллимлари эса Совет даврида оғиз очолмагандилар.

90-йиллар бошида халқимизнинг динга бўлган таважжуҳи энг юксак нуқтага етган ва бу тўлқинда диний гуруҳлар сиёсийлаша бошлади. Улардаги мухолиф руҳ узоқ йиллар давомида диндан айри яшашга маҳкум этилган инсонларнинг кайфиятини ифода этарди. Улар ўзлари танлаган йўлдан бошқа ҳар қандай йўлни хато, деб билар, баъзида ҳатто «куфр» деб ҳисоблардилар. Билимсизлик ва аламзадаликка қурилган бундай дунёқараш эгаси нафақат кўрган нарсасидан, кўрмаган, билмаган нарсалардан ҳам нафратланишга мойил эди. Бу хусусият, балки сиёсий мухолифатни диний оқимлардан узоқ туришга мажбур этган асосий сабаблардан бири эди.

Шунга қарамай, мухолифат диний гуруҳларни мавжуд ижтимоий-сиёсий тузумга интеграция қилишдан бошқа йўл йўқ эканлигини доим таъкидлади. Уларни йўқ қилишга интилиш, айниқса, куч ишлатиб йўқотишга уринишнинг тескари натижа беражагини тахмин қилганди.

Каминанинг 1995 йилда ёзилган бир мақоламдан парча келтираман: ”…ҳар қандай тузумда одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини аввал қонун асосида талаб қиладилар. Агар тузумда қонун бўлмаса, бу қонунни одамларнинг ўзи барпо қилишга уриниб кўрадилар, агар тузум бунга ҳам қаршилик қилса, одамлар янги тузум қуриш учун кураш бошлайдилар” (Иқрор, 1995 йил, 379-бет).

Айни китоб, айни саҳифада «Инсон ҳуқуқлари Декларацияси»дан шу иқтибос ҳам бор: «…инсон ҳақ-ҳуқуқи қонун ҳукми билан шунинг учун ҳам ҳимоя қилиниши керакки, токи инсон зулм ва зўравонликка қарши энг охирги чора сифатида исёнга бош урмасин». Бугун Ўзбекистон ҳукуматига қарши жиҳод эълон қилган Афғонистондаги қуролли гуруҳ 1991 йилда бир муслимон учун зарур бўлган минимал ҳақ-ҳуқуқларни талаб қилиб, ҳукуматга ариза ёзган бўлса, бугун Ислом Давлати қураман, деган иддао билан ўртага чиқаяпти.

Уни бу савияга олиб келган, ҳеч шубҳасиз, ўзининг бегуноҳ фуқароларига террор ўтказаётган давлатдир. Демократик мухолифат бугун ҳам диний ҳаракатларни ерости фаолиятдан чиқариб, мавжуд сиёсий системага интеграция қилиш тарафдоридир.

Лекин «мавжуд сиёсий система» буни истамайди, у диний гуруҳ у ёқда турсин, ҳатто демократик мухолифатнинг ўзи, наинки мухолифат, умуман, ҳар қандай ўзга фикрловчи кишини, «ижтимоий фаол инсон»ни ер остига йўллаяпти. Яъни Ўзбекистондаги тоталитар режим «ерости бойликларимиз» деганда, фақат олтинларни назарда тутмайди, ўлканинг энг порлоқ заколи инсонлари ёки «ер остида», ёки чет элларда саргардон кезмоқдалар.

Албатта, демократик мухолифат ўзи қонун ташқарисига чиқариб қўйилган бир ҳолатда, ўзи бу «мавжуд система»га интеграция бўлмай туриб, буни диний гуруҳлар учун исташи бир оз кулгили бўлиши мумкин.

Фақат кулгили бўлмаган нуқта шундаки, «ўзингга раво кўрмаган нарсани бошқага ҳам раво кўрма ёки ўзинг учун истаган нарсани яқининг учун ҳам иста» ақидаси динимизнинг тамалларидан бири бўлгани каби, инсон ҳақлари ва демократиянинг ҳам байналминал платформада қабул қилинган тамойилларидан биридир.

Бу тамойиллар нақадар ижро қилинаяпти, бу бошқа масала, лекин «биздан бўлмаган кофир» мантиғи билан жумлаи жаҳонга уруш эълон қилаётган баъзи диний гуруҳлар борки, уларнинг ёзиб, чизаётгани (агар КГБ тарқатмаётган бўлса) қип-қизил жоҳилликдир.

Демократларни бугунги тоталитар режим пешволари қаторида санаётган мулла акалар бир фарқни билиши лозим: сизни режим қувғин қилди, демократлар эса сизга кўксини қaлқoн қилиб, ҳимоя этди. Буни сизга яхши кўриниш учун қилмадилар, эътиқоди ва ақидалари ҳаққи қилишди. Бу сизларни ҳам демократларга дўст бўлинг ёки демократ бўлинг, деб айтаётганим йўқ, «сиздан бўлмаганлар билан» бир жамиятда яшашни ўрганишингизни тилаб айтилмоқда.

Акс ҳолда, бу варақани тарқатишга фатво берганларнинг «ўзидан бўлмаганлар»ни йўқ қилаётган Каримовдан ҳеч бир фарқи қолмаяжакдир.

(18.06.2000)

(75)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (215-218-саҳифалар.)

(давоми бор)