Журналист аёлни калтаклашган…

Журналист аёлни калтаклашган…
74 views
10 March 2017 - 10:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўттиз еттинчи мақола) 

ЖУРНАЛИСТ АЁЛНИ  КАЛТАКЛАШГАН…

Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг яна бир журналисти анча вақтлардан буён ҳимояга муҳтож…

ЎзТВнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий муҳарририяти ходими Мастура Фармоновани Тошкент шаҳрининг Миробод тумани ҳудудида номаълум кишилар  калтаклаб кетишган.

Мазкур воқеа 2013 йил  август ойининг 19 санасида рўй берган. М.Фармонова йўл четидан секин-аста юриб келаётган маҳал бир неча кишидан иборат бўлган кичик бир тўда  орқа  томондан келиб туйқусдан унга ҳужум уюштирган. Бошига туширилган қаттиқ зарб туфайли жабрланувчи ҳушидан кетган. Сўнг нима бўлганини ҳам, ҳатто ҳужум уюштирганларнинг қиёфаларини ҳам эслай олмайди. Фақат улардан бирининг қизил кўйлакда эканлигини эслаб қолган. Чунки бу кийимдаги йигит уни зимдан кузатаётганлигини сезган ва шунинг учун ҳам унга алоҳида эътибор қилган. Ҳушига келиб, кўзини очганида эса шифохонада бўлган…

Номаълум  шахслар томонидан етказилган жиддий жароҳат туфайли у  анча маҳалгача ҳушсиз ва тилсиз ётган. Кўрсатилган тиббий кўмак туфайли уч кун деганда ҳушига келиб, кўзларини очган.

Маълум бўлишича, уни бу ерга “тез ёрдам” машинасида республика ихтисослаштирилган кардиология марказига олиб келинган. “Тез ёрдам”га эса жабрланувчининг кўчада  юзтубан йиқилиб ётганлигини кўриб,  бефарқ ўтиб кетолмаган йўловчилардан бири хабар берган.

Калтакланган тележурналист Мастура Фармонованинг соғлигига нечоғли путур етказилган? Унинг келажаги қандай бўлади?  Яъни етказилган жароҳатнинг асоратлари қай даражада?

Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида у даволаниб чиққан Тошкент шаҳридаги республика ихтисослаштирилган кардиология марказига сим қоқдик. Аммо бу ҳақда маълумот олиш борасидаги барча уринишларимиз бесамар кетди…

Қизиғи шундаки, кардиология маркази шифокорлари  калтакланган, ҳушсиз ва тилсиз ҳолда “тез ёрдам” машинасида келтирилган мижознинг аҳволи ҳақида негадир ички ишлар бўлимига хабар беришни исташмаган. Ваҳоланки, жиноий ҳатти-ҳаракатлар оқибатида шикастланиб, шифохонага келтирилган ҳар қандай бемор ҳақида зудлик билан ички ишлар бўлимига хабар берилиши шарт. Журналист аёл калтакланганда  мазкур қоиданинг четлаб ўтилиши ўта шубҳалидир. Шундай эмасми?…

Жабрланувчи Мастура Фармонова билан телефон орқали суҳбатлашганимда, жумладан, шундай деди:

-Республика ихтисослаштирилган кардиология марказида даволаниб чиққанимдан сўнг тез тиббий ёрдам муассасасига мени тез тиббий кўмакка муҳтож бемор сифатида рўйхатдан ўтказганликлари билан боғлиқ-тегишли маълумотномани олиш учун бордим. Афсуски, бунинг имкони бўлмади. Бундай ҳолат ушбу шифохонада қайд этилмаганлигини таъкидлашди…

Лекин менга жиддий жароҳат етказилгани рост. Аммо улар нега буни қайд этишмаганлигини асослаб бера олишмади.

Менга ҳужум қилган номаълум шахслар Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ходими эканлигимни тасдиқловчи  гувоҳномамни ва Президентга ҳамда барча юқори ташкилотларга ЎзМТРК раҳбариятининг адолатсиз ҳатти-ҳаракатлари, кирдикорлари, зуғум ва зулмлари, ўз ҳуқуқини талаб қилган журналистларни хўрлаётганлиги хусусида ёзган аризаларимни олиб кетишган. Сумкамда уйдан олиб чиққан эллик минг сўм пулим билан кўзойнагимгина қолган холос. Улар оддий талончилар ёки кўча безорилари эмаслиги аниқ.

Айни шу ҳодиса юзасидан Миробод тумани ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилдим. Лекин у ерда ҳам “эртага келинг, индинга келинг” дейишиб, ёзган шикоятимни рўйхатга олмасдан пайсалга солишди. Анча оворагарчиликлардан кейин эса: ”Биз телерадиокомпания ходимларини қайддан ўтказмаймиз. Қандай муаммонгиз бўлса, телерадиокомпания раҳбариятига, хусусан, режим ва хавфсизлик хизматига мурожаат қилинг”, – дея  ортга қайтариб юборишди…

Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида  Тошкент шаҳар Миробод тумани ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилдим. Туман ички ишлар бўлимининг навбатчи қисмидан  ўзини Азиз Абдуқодиров  дея таништирган ходим: “Мен бу ҳақда ҳеч қандай ахборот бера олмайман”,- дея жавоб қилди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Нима учун бир журналист-аёлга нисбатан шунчалик зўровонлик, таъқиб-тазйиқ, тўсиқ-ғов ила кучли босим ўтказилаяпти? Унинг заифа жонига шафқатсизларча шикаст етказиш орқали қўрқув исканжасида тутиб туриш кимга, кимларга  ва  нима учун керак бўлиб қолди?

Ушбу саволларга яна  Мастура Фармонованинг ўзи жавоб бераркан, қуйидагиларни гапириб берди:

-Мен  ЎзТВдаги анча йиллик фаолиятим давомида раҳбариятнинг, хусусан, раис Алишер Ходжаев ҳамда унинг режим ва хавфсизлик хизмати бўйича ўринбосари – (айни пайтда собиқ) –Баҳром Ўтановнинг жуда кўп кирдикорларидан бохабар бўлиб қолдим. Улар менинг оғзимни ёпиш мақсадида ҳар йили ўтказиладиган “Олтин қалам” халқаро мукофоти совриндорлигига тавсия этишди. Аммо бунинг эвазига мукофот топширилишидан бир кун аввал тунги соат иккида “шапка” сифатида 2 миллион сўм олиб келиб беришимни талаб қилишди.   Раҳбарият топшириғига кўра, ўша пайтда “Ўзбекистон” телерадиоканали директори  Олим Тошбоев (айни вақтда ЎзМТРК раиси ўринбосари) шу талабни бажаришимни сўраб тинмай сим қоқди.

“Аввало менда бунча пул йўқ, бўлса ҳам бермасдим. Мукофотни ўз пулимга сотиб оламанми? Унда нега менга бу мукофотни олиб беряпсизлар?”–дедим. Эртаси куни мукофот топширилди. Пластик карточкамга туширилган 6 миллион сўм миқдоридаги мукофот пулини эса…

Айнан шу Олим Тошбоев: ”Опа, бир танишимга тайинлаб қўйганман, юринг, шу пулингизни нақдлаштирамиз. Тўрт миллиони ўзингизга қолади. Сўралган икки миллионни бермасак, кейин сизга ҳам, менга ҳам кун йўқ”, – дея мени ўз хизмат машинасига ўтқизиб, “Туронбанк”нинг Зангиота тумани бўлимига олиб борди. Пулларни нақдлаштирганимиздан кейин эса мени аро йўлда тушириб қолдириб, 6 миллионнинг ҳаммасини машинасининг юкхонасига босганча ура олиб қочди…

Шундан сўнг раҳбарият менинг ишхонага киришимни  бутунлай таъқиқлаб қўйди. Кейин эса, А.Ходжаев ва Б.Ўтанов “агар биз ҳақимизда бирор жойда “ғинг” деб оғиз очсанг, айниқса, “Озодлик” ва “Би-би-си” радиоларига ёки бошқа бир хорижий матбуотга интервью берадиган бўлсанг, ўзингдан кўр,  ўлдиртириб юборамиз”, – дея очиқдан-очиқ таҳдид қилишди. Ҳатто одам ёллаб, кўчада мени калтаклатишди ҳам. Калтак зарбидан ўзимга келолмай бир ой ётиб қолганман. Даволаниб, зўрға оёққа турдим. Бу биринчи воқеа 2012 йилда бўлган эди. Ўшанда бўйнимнинг орқа қисмига қаттиқ жисм билан туширилган зарбнинг чуқур изи-чандиғи ҳали ҳам бор. Бу ҳақда ҳам барча юқори инстанцияларга ёзганман. Аммо ҳеч бир натижа бўлмади. Аксинча, менга нисбатан босим янада кучайди. Ҳатто республика миллий хавфсизлик хизматига шикоят қилиб борганимда, у ердаги ўзини таништирмаган бир ходим: ”Овора бўлиб юрма, барибир, сенинг шикоятинг ҳеч қаерда инобатга олинмайди, дод деб қолаверасан”,- деган гапни очиқчасига айтган. Лекин мен ўз ҳақ-ҳуқуқимни ҳимоя қилиш учун  тегишли жойларга мурожаат қилишда давом этавердим. Оқибатда, янада баттар калтакландим, хўрландим, зулм остида қолиб кетдим…

Раҳбарият менинг ишхонага киришимни таъқиқлаб қўйиб,  орқаворотдан эса “ишга келмади” деган важни асос қилиб, “статья” билан ишдан бўшатган.  Бу ҳақда яқинда,  иккинчи маротаба калтакланиб, касалхонада даволаниб чиққанимдан кейингина хабар топдим. Ҳам жисмоний ва ҳам руҳий зарба – жароҳат туфайли қаттиқ азият чекаяпман.

Ҳатто муолажа олиш учун маҳалламиздаги оилавий поликлиникага қатнаб турган бир пайтимда ҳам тиббий картамга илова қилинган  республика ихтисослаштирилган кардиология марказида даволаниб чиққанлигимни тасдиқловчи муҳим маълумотлар сирли равишда ғойиб бўлган. Бу қабиҳ ишларнинг тепасида шахсан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси, МХХ полковниги  Алишер Ходжаев турганлигига шубҳам йўқ, – дейди М. Фармонова.

Тележурналист Мастура Фармонова ўз ҳақ-ҳуқуқининг қайта-қайта поймол бўлаётганлиги хусусида қилган мурожаати фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида  кўрилаётганлигини айтганди. Бу қандай якун топганлигини эса била олмадик…

Сабаби, икки жабрдийда журналист, (яъни мен билан) икки ҳамкасбнинг бир-бирови билан ахборот алмашиши, аниқроғи, ҳасратлашиши ва маслаҳатлашиши кимларгадир ёқмадими ёки техник носозлик, тасодиф туфайлими, ҳарқалай, анча вақтларга довур Мастура опа билан скайп орқали гаплашишимнинг ҳеч имкони бўлмай қолди…

Тележурналист Мастура Фармонова ўз бошидан кечирган адолатсизликларга доир ҳужжат-тафсилотлар, жумладан, Президентга ва барча юқори инстанцияларга йўллаган шикоят-аризалар ҳамда келган жавоблар нусхасини интернет-скайп орқали каминага жўнатишини айтганди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан негадир скайп ишламаётганлигини, сўнгра  ўз компьютери интернет тармоғидан бутунлай узилиб қолганлигини, ундан кейин  эса хонадонига уланган  электр токи ҳам ўчириб қўйилганлигини телефон орқали хабар қилди. Бу орада кун кеч бўлди. Биз эртаси куни яна боғланишга келишиб хайрлашдик. Бироқ эртаси куни соат икки-учларгача  қайта-қайта сим қоқишимга қарамай, боғлана олмадик. Зўрға боғланганимда эса негадир журналистнинг овози  хаста, руҳи жуда тушкун эди. Тунов кунги дадиллик ва журъатдан асар ҳам йўқ эди. Бунинг сабабини журналист тўсатдан тоби қочиб қолганлиги билан изоҳлади. Сўнгра ваъда қилинган ҳужжатларни қизи Элнура Баратова кўчадаги интернет-кафелардан бири орқали жўнатиш учун чиқиб кетганлигини айтди. Аммо ҳужжатдан дарак бўлавермагач, бир-бир ярим соат вақт ўтиб,   яна сим қоқдим. Лекин на Мастура Фармонова билан ва на унинг қизи Элнура Баротова билан боғлана олмадик. Фақат анча маҳалдан сўнг телефон гўшагини кўтарган жажжигина қизча “Ойинг қани?” деган саволимизга: ”Ойим Элнура опамни излаб кўчага чиқиб кетдилар. Икковлариям келишмаяпти”, – дея жавоб қилди.

Ушбу мақола тайёр бўлгач ҳам янги маълумотлар олиш  мақсадида ҳафталаб ва ҳатто ойлаб кутишга тўғри келди. Лекин, минг афсуски, на телефон ва  на  интернет-скайп ва на электрон почта орқали боғланишнинг иложи бўлмади яна…

Бир эмас, икки марта калтакланиб, қаттиқ жароҳатланган ва ўзининг таъкидлашича, анчадан буён оиласи билан жиддий хавотир, кучли босим остида қолаётган тўрт нафар фарзанднинг онаси-журналист Мастура Фармонова билан, мана, ниҳоят, яна бир бор телефон ва скайп орқали боғланишга мушарраф бўлдик. Мастура опа бизга адолат ва ҳақиқатни қарор топтириш йўлида ҳануз сарсон-саргардон юрганини, курашдан тўхтамаслигини ва ҳануз таҳдидлар бўлиб турганлигини айтди. Шу билан бир қаторда ўз ҳақ-ҳуқуқини тиклаш йўлидаги интилишлари, уринишлари йўлида ёзганларидан намуна сифатида бир мактубни каминага жўнатди. Бу мактуб билан кейинги мақолада танишасиз.

29.09.2014 й.

(давоми бор)