Журналистнинг “юрт она”сига мактуби

Журналистнинг “юрт она”сига мактуби
96 views
11 March 2017 - 8:00

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўттиз саккизинчи мақола) 

ЖУРНАЛИСТНИНГ “ЮРТ ОНА”СИГА МАКТУБИ

Азиз ўқувчи! Мақоланинг ушбу қисмида гапни мухтасар қилиб, калтакланган журналист-аёл, ЎзМТРКдаги ҳамкасбим Мастура Фармонованинг хатларидан бирини ўзгаришсиз эълон қилишни лозим топдим. Хатни олганимга анча вақтлар бўлди. Уни эълон қилсамми, йўқми дея узоқ иккиландим. Аниқроғи, шундоқ ҳам хўрлиги бошидан ошган ҳамкасбимга жабр бўлмасин дедим. Сўнгра охирги суҳбатимизда мен билан ўта тушкун, умидсиз бир оҳангда гаплашган ва ЎзМТРК раҳбарининг Мадамин Сафаров деган югурдаги опанинг уйигача келиб, “Охунжонов билан мутлақо гаплашма, йўқса ўзингдан кўр!” дея таҳдид этганини айтиб гўшакни қўйган ҳамкасбимга мазкур мактубни оммага эълон қилишим хусусида ёздим. “Қарорингизни билдиринг, агар индамасангиз, сукут – аломати ризо, деб қабул қиламан ва мактубни эълон қиламан”, – дедим. Шундан буён ҳам бир-икки ойлар ўтиб кетди…

Демак, мендан  гуноҳ кетди, опанинг олдидан ўтдим. Демак, ҳеч бир идорадан ҳеч қандай ижобий натижа ололмаётганлигини айтган ҳамкасбим Мастура Фармонова ўз мактубини оммага эълон қилишимга сукут орқали ризолик билдирди, деган хулосага келдим. Зотан, мактубнинг ўзи ҳам “…ҳурматимни лойга қориштириб бўлган кимсалар устидан  30 миллион ўзига бек бўлган ўзбек халқига мурожаат этишдан аввал, юрт Онаси, муҳтарам юртбошимизнинг турмуш ўртоғи сифатида Сизга мурожаат этишдан ўзга чорам қолмади”, деган жумла ила бошланганки,  бу ҳам М.Фармонованинг ортиқ бу дард-ҳасратларини халқдан яшириш имкони қолмаганлигига очиқ далолат бериб турибди…

Хуллас, марҳамат, ўша мактуб билан танишинг:

* * * 

“Муҳтарам  Татьяна Акбаровна!

Ушбу мактубни мен 4 фарзанднинг онаси, олий маълумотли журналист, қабоҳатва туҳматлар гирдобидаги, конституцион ҳақ-ҳуқуқи поймол этилган, 20 йилдан зиёд бир жойда ишлаб, игна билан қудуқ қазигандек мисқоллаб топган обрў эътиборимни,ҳурматимни лойга қориштириб бўлган кимсалар устидан  30 миллион ўзига бек бўлганўзбек халқига мурожаат этишдан аввал, юрт Онаси, муҳтарам юртбошимизнинг турмуш ўртоғи сифатида Сизга мурожаат этишдан ўзга чорам қолмади. Чунки Сиз нафақат аёл, балки юрт онаси ҳамсиз.  Аёл қалбини фақатгина, айниқса, 4 фарзанди билан боқувчисиз қолган аёлнинг  дардини  фақатгина Сиз тушуна оласиз деб ушбу мактубимни ёзмоқдаман.

Мен 20 йилдан зиёд журналистлик қилган даврим мобайнида таърифга тил ожиз ватаним  она Ўзбекистонимизни қаричма-қарич кезиб чиқдим. Юртимнинг қанчадан-қанча инсонлари меҳнати, орзу ўйларини, уларнинг тинч меҳнат йўлидаги ишларини ёритдим. Қаерга бормай, аввало болалар уйлари, уларда  яшаётган  болажонлар  ҳаёти  билан  яқиндан  танишдим.  Қанча хориж мамлакатларида  бўлдим . Бироқ ҳеч қаерда, ҳеч қайси бир мамлакатда юртбошимиз, ғамхўримиз,  турмуш ўртоғингиз -Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов каби  аёлини эъзозлаган  президентни  кўрмадим.

Йиллар давомида мен ишлаган ЎзМТРК раҳбариятидан бирор маротаба ҳатто хайфсан олганим йўқ. Бироқ, айни пайтдаги сўнгги раҳбар ва раҳбарият келганидан сўнг ўз мансабидан шахсий манфаатини устун билган инсонлар билан ишлай бошладим. 4 фарзандим учун ҳаммасидан кўз юмишга мажбур эдим. Аммо«ЎЗБЕКИСТОН» телеканалига Олим Тошбоев раҳбар бўлгач, компания раисиўринбосари Баҳром Ўтановнинг бошчилигидаги авж олган қиморбозлик, фоҳишабозлик, порахўрлик, ҳар бир кўрсатув учун белгилаган накд пул “ставка”лари оддий ҳолат бўлиб колди.

Минг афсуски, юртимиз кўзгуси бўлган телевидениенинг ички дунёси шунчаликқабоҳат ботқоғидалигини бир ҳодисанинг устига кириб қолгач билдим.  Аммо  мен  бу жирканч ишларни айта оладиган эмасдим…

Ҳаммаси 2010 йил 27 июлида бошланди. Мен, Фармонова Мастура Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари буйича комиссияси ва Республика Бош Прокуратураси билан ҳамкорликда юртимиз ёшларининг ҳуқуқий онгини ўстириш мақсадида бугун долзарб бўлган болалар тарбиясига оид фильмлар яратишни режалаштирган эдик. Бироқ, ана шу режа учун канал директори Олим Тошбоевнинг оч қорни учун сўраган 1000 (минг ) АҚШдолларини бермадим. Чунки  Тошбоев  лавозим  учун  кетган  харажатини қоплаши ва раис А. Ходжаевга ушбу минг долларни бериши  керак  экан. Мен  эса бундан қатъиян бош тортдим.

Бу орада эса раис ўринбосари Баҳром Ўтанов ишлар бошқармаси бошлиғи Садриддин Қурбоновнинг  телевидение ходимининг қизи номига расмийлаштирган машиналари можароси учун Чилонзор тумани прокурори Холмирза Қўлдошевга айтиб,керак бўлса  Бош прокурорга чиқиб бўлсаям ишини ҳал қилишни сўраганида,  мен: “Ғуруримни, журналистлик қаламини сендақаларга сарфламайман!” – деганимда мени масхаралаб чиқариб юборди.

Орадан бир неча кун ўтгач, раис Алишер Ходжаевнинг режим ва хавфсизлик бўйича ўринбосари Баҳром Ўтановнинг  ассистентимиз Юлдуз билан ишқий муносабатининг  устига  кириб  қолдим.  Яъни унинг иш кабинетига кирганимда шу (хунук ва ҳаёсиз) манзаранинг гувоҳи бўлгандим. Шундан кейин мен энди унинг ҳақиқий душманига айланган эдим. Бу даврда маҳаллийчиликлар авж олган эди. Эфир фақат Қашқадарё ва Сурхондарё учун эди деярли. Оддий попопчи билан каштачининг фарқига бормаган Мадамин Сафаров ва уйда ўраниб ўтирган аёлларни мақтаб, биз -ишлаган аёлларни камситиб ўтирган Икром Чориевлар билан  ишлашга мажбур эдим.

Вазият ўта кескин  бўлса-да, мен ишлайвердим. Жамоа эса иккига бўлинибқолган эди. Энди улар мени ҳар томонлама сиқиб,  камчиликлар топиш йўлигаўтишди.  Бироқ,  ҳеч нарса қилиша олмади. 2011 йил февралида мен Наманган вилоятига хизмат сафарига бордим ва у  ерда «ДАМБОҒ» кичик корхонасининг фаолиятини ёритдим. Текширув  кўрсатувидан сўнг Олим Тошбоев  ўз  ҳузурига  чақириб,  менга айнан ана шу корхона ишлаб чиқараётган  тоза  чарм маҳсулотидан  ишланган  туфлининг 39 размерини  олиб  беришни буюрди.  Эфир эса шундан  сўнг кетиши  айтилди.  4 нафар  фарзандимнинг  ризқини  қийиб, жаноб  Тошбоев  кийишлари  учун Кадишева бозори  ёнидаги  корхона  дўконидан   2 дона эркаклар пойафзалини  олиб  беришга  мажбур  бўлдим…

Чунки  раҳбарият  барибир мени қоралаб, уни  оқлар  эди. Шунда  мен корхона  раҳбарига қўнғироқ қилиб, олган маошим ҳисобидан иккита туфлини олиб беришга мажбур бўлдим.

Орадан икки кун ўтгач эса, Олим Тошбоевнинг бечора хотинига аёллар кардигани керак экан, у тап тортмай уни  ҳам ўзимнинг устимдан ечиб олди. Мен  нима қилишимни билмадим. Чунки ҳамма нарса ҳаддан ошиб кетаётган эди. Бу орада эса мендан Бухоро вилоятига бориб, вилоят прокуратураси орқали жияни Азамат Тўраевнинг жиноятини яширишни талаб қилди.  Менинг сабр косам тўлган эди. Мен унга ўз ишларини иккиюзламачилик билан ниқоблаётганини башарасига айтиб ташладим ва Бухоро вилоятига боришдан бош тортиб, ишни у таклиф қилган  пора билан ёпди-ёпди қилишни истамадим.

Бироқ ўша куни якшанба эмасми, Азаматнинг хотини ҳамкасбимиз Нодира Пўлатовадан ёрдам сўраган ва у Бухорога бориб келган…

Қисқаси, мен уларнинг прокуратура билан боғлиқ бўлган бирорта ҳам топшириқларини бажармаганлигим ва ўринбосар Баҳром Ўтановнинг юзига:“Қиморбозгина эмас, балки  енгилоёқ ҳам экансан”, –  дея айтганим ва Тошбоевнинг порахўрлигини юзига солганим, умуман, ички вазиятдан етарлича хабардорлигим уларга ёқмасди.

Улар мағлубиятининг энг аламлиси шунда эдики, мен  ОЛТИН ҚАЛАМхалқаро мукофотига тавсия этилган эдим. 1 май куни Олим тошбоев мени ҳузурига чақириб: “Мукофоти сизники, маблағи бизники”, – деди. Мен эса тортишмасдан чиқиб кетдим.  Бироқ чучварани хом санаган эканман. Орадан бироз вақт ўтгач, Тошбоев мени кабинетига чақириб: “Эртага Зангиота тумани “Туронбанк” филиалидан бор маблағни ечишни ва шу ердан тегишли одам орқали Тошбоевга бериб юборишини айтди.

Шунда мен баъзи бир тегишли идора ходимларига айтиб, бу ҳақсизлик масаласида улардан ёрдам сўрадим. Бироқ улар ҳам: “Уни лавозимга президентнингўзи қўйган, биз иложсизмиз”, – деди. Энди сўнгги чора: пул мукофотини олиб,Тошбоевга беришим керак эди. Ва худди шундай бўлди ҳам…

Менга “Ўзбекистон миллий банки” томонидан берилган 1004 рақамли 98600102016256729 НОМЕРЛИ (02.05 2011 ЙИЛДА  берилган) пластик карточкадан барча маблағ ноқонуний ечиб олинди…

Жумладан, шу йил (яъни 2011йил)  сентябрь ойининг 20 санасида мен ишлаётган  «Ўзбекистон» телерадиоканали ДУК “ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий дастурлари” бош муҳарририяти  бош муҳарири Мадамин Сафаровнинг ҳузурига кундузи соат 11-12лар оралиғида кирсам,  ким биландир гаплашаётган экан. Тўсатдан телефонни қўйиб, мени сўкиб, ҳақоратлаб,  қўли билан юзимга уриб юборди. Мен Мадамин Сафаровнинг бу ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини раҳбариятга билдириш мақсадида раис ўринбосари Б. Ўтановнинг қабулига кирганимда, уям менинг устимдан кулиб: ”эртагача киритарсиз”, – деб котибасига айтди, кесатди. Бироқ ҳеч қандай чора кўрмади.  Шу пайтга қадар Мадамин Сафаров  ҳар бир йиғилишда: “МХХ билан  Президент  хузуридаги кенгашни фарқлай олмайдиган, бошқа бировнинг боласини болалар уйига топшириш ўрнига ўзини ҳимоя қилиш ниятида ҳар доим бола  етаклаб юрган чала савод аёл” деб ҳақоратлаб келди.

Мастура Фармонова

2014 йил 14 март.”

* * * 

Муҳтарам ўқувчи! Мактуб ҳеч бир ўзгаришсиз эълон қилинди. Мактубни эълон қилишдан мақсад, аввало мамалакатда чуқур илдиз отган коррупциянинг улкан “чинор”ларидан бири, ЎзМТРК раиси А. Ходжаевнинг кирдикорлари, тубанликлари шу даражада авж нуқтага етиб, ҳатто заифа аёллар, маъсум гўдакларни ҳам аямасдан, уларнинг ҳақ-ҳуқуқини паймол этиб, ҳатто зўравонлик билан ўз “шайка”сини ишга солиб, кўчаларда калтаклатаётгани, ишдан ноҳақ бўшатгач ҳам кун бермаётгани, тинчгина ҳаёт кечиришга монеълик қилиб, журналистлар ҳаётини заққумга айлантираётганлигини яна бир бор аниқ-тиниқ факт – далил ила таъкидлашдир.

Яна бир гап: ЎзМТРК даги ҳамкасбларимиз Малоҳат Эшонқулова ҳамда Саодат Омоновалар телерадиокомпанияда авж олган коррупция, маҳаллийчилик ва бошқа иллатлар хусусида барча юқори ташкилотлар қатори Президентга ҳамда Гулнора Каримовага қилган мурожаатлари самарасиз кетганидан бутун дунё бохабар бўлди.

Бундан ташқари, оилавий икки журналист –  мен ва рафиқамнинг ҳали вояга етмаган фарзандларимиз билан бирга қаттиқ босим остида қолганимиз, адолатсизлик, ҳақсизликлар, таъқибу тазйиқлардан азият чекаётганимиз хусусида нуфузли ташкилотларга, хусусан Президентга ёзган шикоят хатларимиз ҳам изсиз ва бесамар кетди. Ҳеч қандай ижобий натижа бўлмади. Оқибат, иложсизликдан Ватанни тарк этишга мажбур бўлдик…

Шундан сўнг, компаниянинг бир гуруҳ ходимлари номидан ЎзМТРКдаги адолатсизликлардан нолиб, компаниядагиларнинг овозини юқори идорадагилар “эшитмаётганлиги”дан ранжиб ёзилган мақола интернетдаги бир неча сайтларда ҳам чоп этилганига кўзим тушди…

Шунда ҳам аҳвол ўзгармабдими, давлат, халқ хизматида бўлган шунча журналистларнинг ҳақ-ҳуқуқи, ҳаётидан кўра А.Ходжаевнинг “эркатойлиги”, талончилиги, жами кирдикорлари қадрланиб, устун қўйилибдими, “ёмоннинг кучи япроққа етибди” деганларидек, унинг ҳатто ожиза аёлларни-да калтаклатиб, қўрқитиши, очиқ-ошкор таҳдид, зўровонлик қилишигача шунчалар кенг имконият яратиб берилибдими, демак, мамлакатда сўз эркинлигининг бўғилиши, инсон ҳақ-ҳуқуқлари, аёллар ва болалар ҳақ-ҳуқуқлари, коррупция билан боғлиқ масалалар, бугун биз ўйлаганимиздан, таъриф этаётганимиздан ва ҳатто бот-бот гапираётганимиздан ҳам кўра анча аянчли ва оғриқли эканлигидан далолат эмасми бу?…

Шундай экан, М.Фармонованинг ушбу мактуб ила “юрт онаси”дан  нажот топишига умидланиш, ишониш ҳам  телбаликдек туюлди менга…

Ундан кўра бу нолаларни халққа ошкор қилиш маъқул кўринди…

Ҳеч бўлмаса эл билсин кимнинг ким эканлигини…

Қолаверса, тўрт нафар фарзанди ила аёл боши билан йирик коррупцион тўданинг қаршисида ёлғиз, нажотсиз қолган тележурналист аёл-Мастура Фармонованинг тақдирига савобталаб инсонлар ҳамда халқаро ташкилотлар бефарқ бўлмаслигига умид боғладим…

11.10.2014 й.

(давоми бор)