Наҳотки?!: Марҳума мобил телефондан хабар юборган… ми?!

Наҳотки?!: Марҳума мобил телефондан хабар юборган… ми?!
22 views
16 March 2017 - 10:00

Суратдаги ҳаётга умидвор термулиб турган бу қиз Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тумнадоши.

Зоминлик.  Туманнинг Шароф Рашидов маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Наврўз маҳалласида ўсиб-улғайган эди. Исми Гулнор.

У 2017 йилнинг 24 январь куни укасининг мобиль телефонига  ўз телефон рақами орқали  “Хусан мени излама Россияда 4-5 йил юриб кемасам бўлмайди узр” деган мазмунда СМС йўллаган эди. 26 январ куни кеч соат 17 27 да  акасига  СМС орқали “мен яхшиман, ҳавотир ома” дея такрорий хабар жўнатади.

Кўп ўтмай Гулнорнинг дугонаси ва ҳамкасабаси Мусурмонова Ойгул Турсунбоевнанинг +99891-941-36-34 рақамли уяли телефон рақамига Россиядан, Москва шаҳридан +79686508148 рақамли телефон орқали “Ой опа мен яхшиман ишга жойлашдим  ака.укам мени тинч куйсин к…..ни ковламай. Ойлик олсам тел киламан салом б.н Гули.” мазмундаги СМС  келади.

Кейинчалик юқоридаги СМСлар қабр  ичидан, янаям аниқроғи, устига тупроқ тортилган аёл томонидан юборганлиги маълум бўлди.

Ё тавбангдан-ей! Замон техникасининг ривожланишини кўринг, киши у дунёдан туриб бу дунё билан мобиль алоқа воситаси орқали боғланиши, хабарлар ёзиши мумкни экан-да, дея ёқа тутасан киши.

Шунақаси ҳам бўларканми?

Бўларкан!

Бунингдек ғайритабиий ҳодиса ер юзининг қай бир қитъасида рўй бериши мумкинлигини билмадиму, бунингдек кўз кўриб қулоқ эшитмаган воқеа шундоққина тумшуғимизнинг тагида, Ўзбекистонда, яна кимсан президент Шавкат Миромоновичнинг туғилиб ўсган туманида содир бўлса-я!?

Қандай қилиб?

Суратдаги қароқлари ҳаётга чанқоқлик билан боқиб турган Гулнор Қорабоева ҳали жуда ёш эди, эндигина 35 баҳорни қаршилаётганди.

Қорабоева Гулнор Саттаровна 2017 йил 21 январ куни  уйидан “Мен гаштакка кетдим” деб чиқиб кетганича қайтмади.

Минг аламки,  икки боланиниг онаси бўлган 35 ёшли Қорабоева Гулнор Саттор қизининг жасади шу йилнинг 10 февраль куни  Янгиобод тумани, Ховос  қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Мелобод қишлоғидаги Баркамол авлод кўчасининг 20-уйида истиқомат қилувчи шаърий турмуш ўртоғи Баҳром Холиқовнинг ҳовлисида кўмилган  ҳолатда топилди.

Кейинчалик тергов-суриштирув жараёнидан маълум бўлишича, янаям аниқроғи, марҳуманинг шаърий турмуш ўртоғи, Янгиобод туман Даштобод шахар 2-сон нотариал идораси нотариуси Баҳром Холиқовнинг кўрсатмасига кўра,  21 январь куни “Гаштакка кетдим” дея уйидан чиқиб кетган марҳума гаёки Баҳромнинг ҳовлисига бориб ўзини ўзи осиб қўйган, яъни ўз жонига қасд қилган.

Бу Гулнорни, яъни ўз завжасини жоназасиз икки бор яширинча кўмиб, жасадини қайта ковлаб олиб, кейин ўз ҳовлисига келтириб, шаърий хотини юзига тупроқ тортган ва унинг устига саримсоқ пиёз экиб юборган шаърий эри Баҳром Холиқовнинг, яъниким, марҳумнинг ўлганлигини, жасадини жамоадан, қариндошларидан 20 кун давомида яширишга, сир тутишга уриниб келган шахснинг кўрсатмаси, албатта.

Нотариус Баҳром Холиқовнинг юрист маълумотига эга эканлигига ҳам кўз юмиб (юристлар қандай қилиб жиноят изини яшириш, жазодан қай тариқа қутилиб қолиш омилларидан жуда яхши хабардорлиги ҳеч кимга сир эмас), унинг “Марҳума 21 январь куни ҳовлимга келиб ўзини ўзи осиб қўйди” деган кўрстамасига ишондик ҳам дейлик.

Бироқ, Гулнор вафот этган кундан  кейин, яъни, 21-, 24-, 26- январь кунлари марҳуманинг телефон рақамидан унинг ака-укаларига, қариндошларига, дугонасига “тинчлантириш” мақсадида телефон СМСларини юборганлар кимлар? Нима учун?

Даҳшатли томони шундаки, нотариус (юрист маълумоти бор шахс! Ёки унинг дипломи сохта эдими?), адлия ходими шаърий хотини ҳовлисига келиб ўзини-ўзи осиб қўйганидан “шок” ҳолатига тушган ҳам дейлик. Бироқ, Баҳром Ҳолиқовнинг тез ёрдам машинасини чақириш, шифокорга мурожаат қилиш, қонун идораларига хабар бериш, марҳуманинг қариндошларини бу кўргулик ҳақида воқиф этиш ўрнига  шаърий хотинини, ўғилчасининг онаси Гулнорни уйидан бир неча километр узоқликда бўлган адирга кўмиб келганига нима дейсиз?

Юрист кишининг “шок” ҳолати неча кунда ўтиб кетиши мумкин?

Янаям жумбоқли томони шундаки, Баҳром Холиков орадан икки кун ўтгач, “Гулнорнинг жасадини дайди итлар ковлаб олиб чиқариб ташлайди, бундан одамлар тез кунда хабар топиб қолишади” деган қўрқувда яна адирга қайтиб боради ва Гулнорнинг жасадини ковлаб олиб келиб ўз ҳовлисига “дафн” этади.

Энг эътиборга молик жиҳатларидан яна бир шундаки,   Баҳромжон мурданинг ҳиди анқиб кетмаслиги чораларини ҳам пухта ўйлаб қўяди ва бунинг олдини олишга ҳам муваффақ бўлади. Яъниким, ҳовлисининг бир четига кўмилган Гулнорнинг устига саримсоқ пиёз (чиснок) экиб юборади. Жасад тезроқ чириб кетишини истаган киши каби, қишнинг қор-ёмғир тинимсиз оқиб турган том тарновининг сувини жўяк олиб айнан шаърий хотинининг, норасида ўғилчаси Иброҳимнинг онаси кўмилган ва чиснок экиб қўйилган ерга, марҳуманинг бош қисмига бошқариб қўяди.

Шунчалар режа билан пухта ўйлаб қилинган ишларни киши қўрқиб кетганидан, шок ҳолатида амалга оширган дейиш мумкнимикин?

Бунингдек қабихликни эшитгач, эй, инсон, эшшак ўлган эмас-ку?! Дайди ит эмас эди-ку томорқангда устига тупроқ тортилган! Қора мол ҳам эмас, ахир ўз ўғлингнинг онаси эди-ку, дея хитоб қилгинг келади.

Устига-устак, эътибор беринг, марҳуманинг уйидагиларини тинчлантириш мақсадида ўнлаб телефон хабарлари юбориб турилади.

Яъна ҳам қизиғи,  шаърий эрининг ҳовлисига кўмилиб, тупроғидан саримсоқ пиёз бир қарич бўлиб ўсиб турган бир пайтда Гулнорнинг номидан Россиядан туриб унинг ҳамкасби бўлган дугонасига “Мен тузукман, мен тирикман” қабилидаги телефон хабарини ким жўнатиши мумкин? Нима мақсадда?

Марҳума қизларини қидирмасин дея, қидирувга беришларининг олдини олиш илинжида кўмилиб кетган Гулнорнинг номидан тўхтовсиз равишда телефон хабарлари жўнатган киши ким?  Ва нима сабабдан бундай йўл тутган бўлиши мумкин? Жиноятни яшириш, қонун идораси вакилларини чалғитиш мақсадида  эмасмикин?

Нима учун Баҳром Холиқов ҳақиқатни 20 кун давомида яшириб юрди. Нима учун нотариус шаърий хотинининг оила аъзоларини  бир “Гулнор Тошкентга даволанишга кетган” деса, бирида “Россияга ишлагани кетмоқчи бўлиб юрган эди” дея алдашга уринган?

Дейлик, Гулнор ростанам ўзини ўзи шаърий эрининг ҳовлисида осиб қўйган бўлса, ипни ким кесган? Баҳромнинг ёлғиз ўзими? Аёлнинг жасадини ким ушлаб турган?

Гарчи аёл киши бўлса-да, мурдани кимсасиз адирга элтиб кўмиш учун кишининг билагида арслоннинг кучи, кўксида шернинг юраги бўлиши керак?

Баҳром жасадни нимада ва кимнинг кўмагида адирга элитиб дафн этган эди?

Орадан икки кун ўтгач жасадни қайта ковлаб олиб ҳовлисига келтириб кўмишига Баҳром Холиқовга кимлар кўмакка келган?

Холиқовнинг ҳовлисида икки нафар фарзанди, биринчи рафиқаси, онаси истиқомат қилмасмиди?

Наҳотки, шунингдек даҳшатли воқеани ўша ҳовлида истиқомат қилаётганлар  кўрмаган, билмаган бўлса?

Шу каби жумбоқли саволлларга ҳаққоний жавоб топиш учун одам албатта академик бўлиши шартми? Ҳуқуқшунослик олийгоҳини тамомлаши керакми? Оддий саволларга жавоб излаш учун киши албатта Зомин туман прокуратурасининг курсисида ўтириши  лозимми?

Кўриб турганингиздек, масала жуда жиддий ва ўта чалкаш.

Бироқ, мазкур мудҳиш воқеа гарчи Янгиобод туманида содир бўлган бўлса-да, тергов ва суриштирув ишлари Зомин туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Гарчи топилган Гулнорнинг жасадидан суд тиббиёт экспертизаси учун зарурий наъмуналар олинганлигига бир ойдан ошган бўлса-да, Зомин туман суд тиббиёт экспертизаси бошлиғи Бойсун Шералиев экспертиза хулосаларини тезлаштиришга шошилаётгани йўқ.

Марҳуманинг жасади икки жойга кўмилган ва устидан саримсоқ пиёз экиб юборилган бўлса-да, негадир Зомин туман прокуратураси Баҳром Холиқовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 103-моддаси билан жиноят иши қўзғатишни лозим топган: ЎзРесЖКнинг 103-соддаси, бу – ўз жонига қасд қилиш даражасига етказиш.

Бу дегани “Марҳума ростанам ўзини-ўзи осиб ўлдирган, Баҳром Холиқов Гулнорни ўз жонига қасд қилиш даражасига етказган” дегани эмасми? Шундай-ку! Ва яна бу дегани – суд тиббиёт экспертиза хулосаси ҳали қўлларига тегмасдан туриб, Зомин туман прокуратураси “Гулнор ҳовлимга келиб ўзини-ўзи осиб қўйди” деган мазмундаги Баҳром Холиқовнинг – марҳума жасадини икки бор кўмиб, ковлаб олиб, яна устига тупроқ тортиб, устидан экин экиб юборишга журъат этган шахснинг исбот-далилсиз биргина кўрсатмасига таянган ҳолда  тегишли модда қўллаган дегани эмасмикин?

Ҳали суд тиббиёт экспертиза хулосаси қўлимизда бўлмаса-да, майли, марҳуманинг “осилиб ўлганлиги маълум бўлди” ҳам дейлик, бироқ киши фақатгина  ўзини ўзи осиши мумкинми? Бир заифани куч ишлатиш йўли билан ўзга жисмонан бақувват бир шахс ва ёки бир неча шахс осиб ўлдириб қўйиши мумкин эмасми?

Қонунчилар масаланинг ана шу жиҳаьларига ҳам қонуний баҳо беришлари керак эмасмикин?

Назаримизда, Жиззах влиояти, Зомин туман прокуратураси терговчиси Алишер Боймуродов марҳуманинг ўлими сабабларига аниқлик киритишдан кўра, мазкур ишни юмалоқ-ёстиқ тарзида тезроқ ёпишга шошилаётган кўринади.

Эҳтимол, шу боисдир, “Баҳром Холиқовга ЎзРесЖКнинг 105- (Ўз жонига қасд қилиш даражасига етказиш) моддаси эмас, балки ЖКнинг 97-моддаси “П”бандини қўллаш ҳақиқатга яқинроқ бўлади” деган мазмундаги даъвони илгари сураётган марҳума Гулнорнинг қариндошлари бўлган Қорабоевлар оиласига қарата Зомин туман прокуратурасининг терговчиси  Алишер Боймуродов “Ҳовлисига жасадни дафн қилганлик учун жиноят кодекисида ҳеч қандай жазо йўқ!” дея очиқчасига масхаратомуз захарханда қилишгача бориб етмоқда. Бу ҳақда қўлимизда аудио суҳбатлдар мавжуд.

Йўқ, биз ҳеч кимни айбсиз айбдор қилмоқчи эмасмиз, шунчаки, адолат қарор топишини истаймиз, холос. Бир инсон, она ўлиб ктеди, гўдаклари етим қолиб кетди ахир!

Эндигина 35 баҳорни қаршилаётган қизидан, дилбандидан жудо бўлиб қуйиб кетаётган она – Мавлуда ая Қорабоева чор-атрофида содир бўлаётган бефарқликни, қонун идораси ходимларидаги лоқайдликни кўриб, суяк-суягигача қақшаб кетмоқда.

Айни дамда Мавлуда ая “Қизимнинг ўлим сабабларига аниқлик киритиш, қизимнинг жонига қасд қилган жиноятчиларни топиш ва жазолаш,  Гулнорнинг ўлими билан боғлиқ муаммони ечимини топишнинг ёлғизгина чораси Ўзбекистон президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевда” деб билмоқда.

Шу сабаб бедарак кетган кунидан, яъни, ўлимидан 20 кун ўтиб жасади шаърий турмуш ўртоғи Баҳром Холиқовнинг ҳовлисида кўмилган ҳолда топилган Гулноранинг юрак-бағри жудолик аламларидан, бир умрлик айрилик азобларидан минг бир қоврилаётган онаизори Мавлуда ая Қорабоева “Адолатни юзага чиқаришда кўмак беринг, қизимнинг қотилларини жазоланг” дея Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилмоқда.

Шавкат Миромнович!

Тумнадошингизнинг, Зомин онасининг оҳларига қулоқ тутинг!

Малоҳат Эшонқулова
Мустақил журналист