МХХ раиси қочмоқчими: қаёққа, ким билан, қачон?

МХХ раиси қочмоқчими: қаёққа, ким билан, қачон?
112 views
21 March 2017 - 13:18

Бирдан ушбу сарлавҳага кўзи тушган оддий кишиларнинг ҳайратдан қандай ҳолга тушишини тушуниш мумкин. Лекин миллий хавфсизлик хизмати тизимидагиларнинг эса капалагини учириб ташвиш ва хавотирини ошириши шубҳасиздир. Нега дейдиган бўлсангиз унда давомини ўқинг.

Бугун Ўзбекистон МХХ раҳбари генерал-полковник Рустам Иноятов ушбу мансабда узоқ йиллар қолиб кетганлигига минг пушаймонлар бўлиб ўтирибди. Шунча бесамар ўтган умрига ачиниб, ҳайф санга, деётган бўлса ажабмас. Бу ҳол унга тинчлик бермаяпти.

Ҳақиқатдан ҳам унинг босиб ўтилган йўлига очиқ кўз билан қараладиган бўлса, ундан халққа, миллатга, бутун бир юртга нималар қолаяпти, ўзи? Ўзи униб-ўсган мамлакати учун, унинг тараққиёти учун қандай бир савобли амалиётни қотириб бажардики, кимларгаки нафи тегдики, у бундан бир мамнунлик ҳиссини туйсин. У ўзича нималарнидар амалга оширдим, бир ерларгадир фойдам теккан, шунча ҳадсиз-ҳисобсиз бойликлар орттирдим, деб ўйлаши, ўзига ўлганининг кунидан таскин бериши ҳам мумкин. Лекин ниманинг эвазига?

Асрлар бўйи ўз эрки, мустақиллигини кутиб қон ютган миллатни эндигина ўз эркимга эришдим деб енгил нафас олмоқчи бўлаётганида яна қайтадан қон қустириш эвазигами? Миллатни пароканда қилиш, кимларнидир қўрқитиб ватандан қувиш, кимларнидир уйини тортиб олиш, кимларнидир бизнесини қароқчиларча талаш, кимларгадир пора эвазига катта лавозимларни сотиш, юрт иқтисодини маҳв этиш, кимларнидир бола-чақаси, яқинларини қон қақшатиб туҳмат билан қамоққа тиқиш, қийноқларга солиб ўлдириб юбориш, миллатни ўз юртида хўрлаш, ўзга юртларга қул қилиш, ёшларни тўғри йўлдан оздириш, фисқу фасод, фитна, касодни авж олдириш…  Охири кўринмаётган шунча қабиҳликлар эвазига орттирмадими бу бойликларни? Ўз халқига вафо қилмай тўплаган бойликлари унга вафо қилармикин?…

Айни чоғда ёши етмишдан ошган чекист вужудга келаётган хавотирли вазиятни диққат билан кузатмоқда. Бунинг оқибатлари нималарга олиб келиши мумкинлигини чуқур ҳис эта бошлагандир. Босиб ўтган йўлига қараб, тарозига соларкан, унинг зулмига учраб ватанни тарк этишга мажбур бўлган ёки ватанда қолганлари ҳам умрининг гул даврлари қамоқларда ўтказилган, эзилган, хўрланган ва ўлдирилган фидойи ва асл миллатпарвар инсонлар эмас, аслида бу қонхўр чекистнинг ўзи ватан хоини, халқнинг ҳақиқий хиёнаткори эканлигини, халқ учун ҳеч бир ижобий қийматга эга эмаслигини энди-энди англаб етаётгандир. Сиртдан бўлмаса ҳам ич-ичидан бу ҳақиқатни тан олишга мажбур бўлаётган бўлса ҳам ҳайрон қолмаймиз. Чунки у нафс балоси, мансаб-курсиси деб йиллар мобайнида шундай “таниқли шахс” бўлиб шаклланиши учун фақат ва фақат унинг ўзи замин яратди, бошқа ҳеч ким эмас. У қандай, нима деб ўйламасин, бугун Ўзбекистон халқи, миллати ва бутун аҳоли, халқаро жамоатчилик ҳам Рустам Иноятовнинг ким ва у қандай қиёфага эга эканлигини жуда яхши билади ва керак бўлса, нафратланади.

Айни кунларда МХХ раҳбарини ўта жиддий бир муаммо қаттиқ ташвишлантирмоқда. Маълумки, ўтган 2016 йили тадқиқотчи журналистларнинг халқаро  консорциуми (ICIJ) “Панама ҳужжатлари” номи билан танилган оффшор ширкатларига тегишли барча маълумотларни ўзининг Интернет саҳифасида эълон қилганди.

Унда 200 000 дан ортиқ оффшор банк ҳисобларига оид маълумотлар 9 май кунги Гринвич вақти билан 18.00да offshoreIeaks.icij.org веб сайтида эълон этилган.

“Панама ҳужжатлари” дунёдаги айрим бой одамлар қандай қилиб солиқ тўлашдан бош тортганлари ҳамда жазодан қутулиб қолганлариини намойиш этади.

Қизиғи ва киши диққатини тортадиган муҳим жиҳати шундаки, унда 104 нафар ўзбекистонликларнинг ҳам исми-шарифи рўйхати келтирилган.

Шунингдек, Панама ширкати ёрдамида “пул ювганлар” орасида бошқа куч ишлатар тизимлар масалан, мудофаа вазирлиги ёки ички ишлар вазирлигидан эмас, балки айнан МХХга алоқадор ўзбекистонликларнинг ҳам рўйхати мавжуд эканлигига оид маълумот борлигининг ўзиёқ кўпгина нарсаларга ишорат ва  далолатдир.

Худди шу хусусдаги ахборотларнинг бир қатор матбуот, оммавий ахборот воситалари, хусусан, интернетда пайдо бўлиши эса МХХ раҳбари Рустам Иноятовнинг юрагини янада така-пука қилганлигини гапирмаса ҳам бўлади. Чунки, ушбу маълумотлар дунё бўйлаб тарқала бошлаган айнан ўша кунлари ушбу ваҳимали хабарлардан ўтакаси ёрилган Иноятовнинг мазаси қочиб бир неча маротаба ўзини йўқотиб қўйиш даражасигача борган.

Шундан сўнг пайтавасига қурт тушиб ўзини нима билан овутишни ҳам билмай гарангсиб қолган. Бироз ўзига келганидан сўнг хавфсизлик чораларини кўриш мақсадида биринчи навбатда кўпгина оила аъзолари ва ўзига яқин бўлган қариндошларини ҳам юрт ташқарисига чиқариш тадоригини кўра бошлаган. Ўзи эса бир қанча шотирлари билан биргаликда Чорвоқ тарафларга Бирчмулла тоғ этакларидаги илгарилари камдан-кам борадиган жойига, яъни ҳеч ким билмас ва ҳеч ким кўрмас деб билган овлоқ дам олиш масканларига қадам ранжида этишга мажбур бўлган.

Худди ўша тоғлар орасида унинг бир неча жойларда яширин ҳолатдаги махсус қоладиган дачалари бор. Унга оид ҳудудда алоҳида йилқилар ва бир қатор ҳайвон турлари боқилади. У шу қадар ваҳимага тушганлигидан ўзи қоладиган жойини тез-тез ўзгартириб турган. Имкон борича, бирисида бир кундан ортиқ тунамай биридан-бирига кўчиб юрган. Бу ҳаракатларнинг барчаси чегараларни гўёки шахсан ўзи бориб назоратдан ўтказиб келиш ниқоби остида олиб борилган.

Яна бир муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Бундан бироз олдин британиялик ҳакам Сэр Роберт Оуэннинг 2006 йилда собиқ жосус Александр Литвиненконинг ўлдирилиши юзасидан 2016 йилнинг январ ойида эълон қилган расмий тергови Иноятовни бир қадар ғулғулага солиб қўйганлигини унинг ранги-рўйидан атрофидагилари яхшигина пайқаган. Бундан ташвишланиб қолинган ҳолатлар ҳали-ҳануз кўз олдиларида…

Бунинг асл сабаби эса, Сэр Роберт Оуэннинг тергов ҳужжатлари ва натижалари расмий тарзда тўлиқ босилган ва улар орасида илова сифатида Александр Литвиненконинг “Ўзбек файли” номли ҳужжати ҳам эълон қилинганлигидир. Бу ҳужжатлар оммавий ахборот воситаларида бир кўриниб, ҳозирча баъзи сабабларга кўра қайта акс-садо бермаётгандек туюлса-да, унда келтирилган баъзи далиллар Иноятовнинг миясида қайта-қайта акс-садо бериб турибди. Аслида унинг асосий хавотири ҳам шундан десак, муболаға бўлмаса керак. Чунки… Ушбу ҳужжат-маълумотларни диққат билан ўқиб чиққан киши гап нима ҳақида ва ким ҳақида эканлигини дарров англаб олади. Ҳужжатда келтирилган баъзи бир воқеаларга доир эпизодлар ҳамда айнан ўша жиноий ҳатти-ҳаракатларнинг амалга ошишида қайси тизим катта ва муҳим рол ўйнаганлигини пайқаб олиши қийин эмас.

Аслида ушбу маълумотларни бутун жамоатчилик ва хусусан, Ўзбекистон аҳолисининг билиб қўйиши жудаям шарт ва зарур. Чунки ушбу маълумотларни синчиклаб ўқиб-уқиб олишса, унга янада чуқурроқ қараб таҳлил қилиб кўришса, ўзлари учун анча-мунча муҳим хулосаларни чиқариб олишларига шубҳа йўқ.

Чегара қўшинлари қўмитаси ҳам бевосита Иноятов раҳбарлик қилаётган МХХ тизимига бўйсундирилгани бежиз эмас. Мамлакатнинг қайси ҳудуд-қисми бўлсин, чегара хизмати билан боғлиқ масала унга тегишли эканлиги кўпгина маънони англатади. Айниқса, катта миқдордаги гиёҳванд моддаларининг дунёдаги энг йирик фоизи қўшни Афғонистон ҳудудида етиштирилаётганлиги ҳисобга олинадиган бўлса… Бунинг яна бир хавотирли томони шундаки, айрим маълумотларга кўра йилдан-йилга тайёрланаётган бу оғунинг фоизи-ю миқдори кескин ортиб бормоқда. Бу дегани мазкур турдаги наркотик моддаларнинг Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон орқали олиб ўтилиши билан боғлиқ кўламнинг ҳам кенгайиб бораётганлиги инкор қилиб бўлмайдиган ҳолатлигини инобатга оладиган бўлсак, ундан-да ташвишли жиҳатларни кўз олдимизга келитиришимиз мумкин  бўлади. Муҳими, бу масаланинг асоси қайси нуқтага, кимга бориб тақалиши кундай равшан: барча масъулият кимнинг зиммасида эканлиги ҳам янада ёрқинроқ равишда намоён бўлади.

Сарҳадлардан ўтаётган товар у ҳоҳ ҳаво йўли орқали бўлсин, ҳоҳ сув ва қуруқликдан бўлсин, ҳар бир нуқтада айнан шу миллий хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари томонидан биттама-битта кўздан кечирилиб-текшириб ўтказилади. Худди шу хизмат нимани ўтказиш лозимлиги ёки лозим эмаслигини ҳал этади. Йиллар мобайнида МХХ раҳбари Иноятов томонидан олиб борилган махфий ишлар ва у ташлаган қадамлар боис юзага қалқиб чиқаётган муаммолар, қинғирликлар, жиноятлар мамлакат доирасидан чиқиб халқаро миқёс касб этаётганлиги ундан нималарнингдир ҳиди анқиётганлигининг ўта ташвишли сигналидир. Бу қадар улкан ва хавфлилиги билан янада долзарб бўлган мазкур масала қаршисида МХХчилар саркардаси ўзини нечоғлик ожиз-бечораҳол бўлиб қолган кишидек сезаётганлигини билиш қийин эмас, албатта. Шунинг учун ҳам у ўз вазифасидан кетишга унчалик ошиқмаяпти, бир дақиқага бўлса-да, лавозимдаги ҳаётини узайтириш билан жавобгарликни орқароққа сурмоқчи ўзича.

Иноятов айни чоғларда боши берк кўчага кириб қолганлиги ва ундан қай йўл билан қутулиб қолиши мумкинлигини қаттиқ ўйлаётган бўлса не ажаб. У узоқ вақт қаёққадир, қайсидир хориж мамлакатига қочишни ҳам режалаштираётганлиги сир бўлмай қолган. Лекин кейинги вақтларда қандай қилиб: қаёққа, ким билан, қачон қочиш унинг учун афзал ва мақбул бўлиши мумкинлиги билан боғлиқ масалада ҳам ўз ориентир-мўлжалини йўқота бошлаган. Чунки, “Панама ҳужжатлари” ва “Ўзбек файли” унинг бирдан бир имконларидан бўлган хорижга қочиб чиқиш режасини ҳам чиппакка чиқарди. Яъни бу материаллар “қочиш операцияси”ни амалга оширишда халақит қилувчи энг биринчи омилга айланди. Сабаби, чет эл давлати ва ҳукуматидагилар ҳам анойи эмас, улар ҳам ушбу ҳужжатлардаги тафсилотларни ипидан игнасигача ўрганиб чиқиб, тегишли хулосалар қилиб қўйганлиги аниқ. Шундай экан, хорижга йўл бўлсин  энди унга?…

Бироқ, барибир у бу ҳақда қайғуришга ва чуқур ўйлашга мажбур. Буёғи, Тошкент шаҳар прокурорининг 20 йиллик ўринбосарлигидан бугунги кунда собиққа айланган Мирағлам Мирзаевнинг хоними Муҳаббат кун ора Иноятовларнинг уйига келиб турмуш ўртоғи Флорани ҳоли-жонига қўймаётир. Гап шундаки, маҳаллаларда, ишхоналарда, турли хизмат, жамоат жойларида одамлар  орасида турли-туман гап-сўзлар болалаган. Яъни Иноятов, Мирзаев, Ғуломов ва Ахмадбоевлар оиласи биргаликда қочишга тайёргарликни аллақачон бошлаб юборганлиги, лекин борадиган жойи номаълумлигича қолаётганлигига доир маълумотлар бутун пойтахтга ва ҳатто вилоятларга-да тарқалиб бўлган ҳамда у аҳолининг баъзи тоифалари ўртасидаги муҳим муҳокама мавзусига айланган.

Ҳуқуқ-тартибот органларидаги энг яқин одамлари хусусан, МХХдаги ўзининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов ва Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари Мирағлам Мирзаев, ИИВ вазири, кейинчалик эса давлат маслаҳатчиси бўлиб фаолият бошлаган Адҳам Ахмадбоевлар ўз вазифаларидан озод этилганларидан сўнг Иноятовдаги шаштнинг анча пасайганлигини кузатиш ва ҳаттоки яққол сезиш мумкин.

Баъзи хабарларга қараганда, хорижда агарда имкони бўлса бехавотирроқ жойни топиб ҳозирлаш масаласига яқин кунларда яна бир бор уриниш бўлган ва бу борадаги ҳаракат ҳамон давом этмоқда. Яъни ўзини касалга солиб даволаниш ниқоби остида хорижга чиқиб кетган Адҳам Ахмадбоев бу масалага масъул бўлган ва уни айнан шу мақсадда жўнатишган, деган шов-шувли гаплар ҳам бекорга ёйилмаган.

Худди шу Ахмадбаевга келадиган бўлсак, бу шахс йилларча ички ишлар вазирлиги тизимидаги ҳар бир нарсани жиддий кузатув остига олиб, у ҳақдаги муҳим маълумотларни оқизмай-томизмай Иноятовга етказиб турадиган агент –“Рақам:1” –  бўлган. У шундай пишиқ ишлаганки, вазир бўлгунига қадар ва ҳаттоки, Мирзиёевга давлат маслаҳатчиси бўлиб келгунига қадар унинг МХХга хизмат қилаётганлигини деярли ҳеч ким билмаган. У давлат маслаҳатчиси лавозимида турган вақтида ҳам берилган топшириқни бажармасдан, бажариши лозим бўлган ишни айтайлаб бир неча маротаба орқага суриб, ўзининг асл раҳбари Иноятовнинг топшириғини адо этиб турган.  Хуллас, бу билан гўёки у менсимаслик, обрўсизлантириш ролини ўйнаб берган. Айтишларига қараганда, ички ишлар вазирлиги тизимида Ахмадбоев бошлиқ гуруҳ айни пайтда ҳам ўз фаолиятини қизғин давом эттирмоқда. Чунки баъзи ҳолларда вазирлик тизимида ўта махфий деб қараладиган маълумотларнинг ташқарига чиқиб кетиш ҳолатлари кўпайган. Бундай ҳолдан ҳатто вазир Абдусалом Азизов жаноблари ҳам шокка тушиб қолмоқда.

МХХ раисининг кейинги вақтларда қочиб чиқиш режаси ҳақида кўп бош қотираётганлигига яна бошқа бир жиддий сабаблар ҳам бор. Чунки, бу шахснинг Ўзбекистонда бурнини тиқмаган соҳа ёки жабҳа қолмади. Ҳозирда мамлакатда миллий хавфсизлик тизими вакилларидан жабр кўрмаган, ҳеч бўлмаганда икки-уч бор тинчи бузилмаган хонадон-оила қолдимикин? Бўлса-да, саноқли, битта-иккита: у ҳам ўзларининг “қулоқ”лари ёки қариндош-уруғлари бўлиши мумкин.

Оддий одамлардан тортиб зиёли қатлам оилаларидаги фарзандларигача сиёсий, диний-экстремистик, ваҳобийлик, ҳизбут-таҳрир ва хусусан, мххнинг ўзи ўйлаб топган ва ўзи тузган алламбало гуруҳга алоқадор дея айбланди, ҳибсга олинди. Аксарияти бегуноҳ бўлган ўн минглаб маҳкумлар, узоқ муддатга қамалганлар ва уларнинг хорижга кетишга мажбур бўлган қариндош-уруғлари, дўсту-биродарлари, яқинлари қалбларидаги жароҳати битармикан? Қийноққа солиниш оқибатида майиб-мажруҳ бўлганларнинг, ҳатто уйига ўлиги қайтганларининг азоб-изтироби-алами улар томонидан унутилармикин?…

Сўнгги вақтларда МХХчиларнинг ҳар қайси соҳа ёки жабҳа кишисининг оладиган фойдасига шерикчилик қилиш иштаҳаси карнай бўлиб, нафси янада ҳакалак отаётганлигидан безиллаб қолаётган одамлар сафи кундан-кун кенгайиб бораётганлиги нимани англатади? Бу суллоҳ-муттаҳамлар халқнинг сабри билан ортиқча ўйнашмаяптимикин?…

Айнан шу миллий хавфсизлик тизими ходимлари томонидан шахсан Иноятовнинг махфий топшириғи асосида “Ўзбекистон қаҳрамон”ларидан ҳам тегишли “доля”ларни ундириш борасида қўрқитиш амалиётлари бошлаб юборилганлигига анча замонлар бўлган. МХХ бу борадаги кампанияни амалга оширишда ўта қаттиққўлликка ўтганлиги учун  ва “қаҳрамон”ларга қўйилган конкрет “ставка”ларнинг жуда ҳам осмонлаб кетганлиги боис бир-икки қаҳрамон-ку қочиб қутилди. Даҳшатлиси, яна бириси ўлиб қутилди. Яна бирисининг эса янги қуриб битказилган уйига ҳали соҳиби кўчиб кирмай туриб ўт қўйиб юборилди, култепага айлантирилди. Бунинг ўзи алоҳида бир  мавзу…

Оқибати фожиали манзара касб этадиган муаммолар гирдобида қолиб кетганидан икки тиззаси титраб, юраги ўйнаётган ва бундан боши гир айланаётган Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов қаёққа, ким билан ва қачон қочиш режасини туза-туза ахийри ҳеч қаёққа қоча олмаслигини англаган кўринади. Ҳар ҳолда имкон қадар айни лавозимда қолиши уни маълум бир муддатгагина қутқара олиши мумкинлигига кўзи етиб турган бўлиши керак. Аммо нима бўлганда ҳам МХХ раиси ўзи пиширган ошнинг атрофида айланаркан, пиширган ошининг нақадар бадбўйлиги  уни қаттиқ безовта қилаётир. Юртнинг, халқнинг эртасини ҳеч қачон ўйламаган бу одам айни дамда ҳам ўзининг эртасидан хавотирда. Арзанда жонини қутқариш ҳақидаги чуқур ўй-хаёл ичини итдек кемириб, борган сари уни ҳолдан тойдирмоқда. Ўзидаги бу ҳолатни енгиш ҳамда унга қарши кураш олдида у ожиз бир кимсага айланиб бормоқда.

Абдуворис Салом
20.03.2017 й