М. Солиҳнинг «Озодлик» радиосига интервьюси

М. Солиҳнинг «Озодлик» радиосига интервьюси
29 views
23 March 2017 - 6:00

Радио ходими Азизулло Орол: Президентлик муддатини 7 йилга чўзиш ва икки Палаталик Парламент ҳақида 27 январ куни ўтказиладиган Референдумга муносабатингиз қандай? Баъзилар Референдумда қўйилган масалалар эски совет даврларидаги каби ҳали ўтказилмасдан туриб, 95 фоиз овоз билан маъқулланажаги ҳақда гапирмоқдалар. Шундай қарашлар ҳақда нима дейсиз?

Муҳаммад Солиҳ: Башорат қилмасдан олдин шуни айтиш керак, америкалик таниқли сиёсатшунослардан бири, профессор Марта Олкотт шундай бир гап айтган эди: «Каримов ва Ниёзов ҳеч қачон ўз ихтиёри билан ёки сайлов билан ҳокимиятдан кетмайди. Каримов ва Ниёзов сарой тўнтариши билан ёки шунга ўхшаган бир зўравонлик йўли билангина ҳокимиятдан кетиши мумкин», деган эди. Албатта, бу фикрни биз айтсак, дарров булар давлат тўнтаришига даъват қилаяпти, дейишлари мумкин эди, яхшиямки, бу гапни америкалик сиёсатшунос Марта Олкотт айтаяпти. Ўзбекистон президенти ўз мақомидан сайловлар воситасида ёки ўз истаги билан кетиши мумкин эмаслигини яқинда бўладиган референдум яна бир бор дунёга кўрсатади. Жаноб Каримов ҳар гал президентлик муддати тугаши олдидан муҳаққақ равишда шундай бир нарса ўйлаб топадики, бу ўша демократиянинг ибтидоий усули бўлган сайловни бекор қилади. Камина, бир мухолиф сифатида Ўзбекистон президентининг президентлик муддати тугашидан олдин тайёрлаётган ёки тайёрлаши мумкин бўлган ўйинлардан олдиндан огоҳ қилганман жамоатчиликни. Бу асло менинг башоратчи бўлганимдан эмас, фақат ҳар бир танқидий фикр юритадиган кузатувчи собиқ коммунистларнинг табиатини яхши билади. Шу маънода эртага бўладиган референдумнинг натижаларини башорат қилишнинг кераги йўқ, ҳақиқатдан ҳам, сиз айтгандай, 95 ёки 98 фоиз овоз олишига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ.

Азизулло Орол: Бу референдум қандай сабаб ва тақазоларга кўра ўтказиляпти? Унга қандай ички ва ташқи омиллар сабаб бўлаяпти, деб ўйлайсиз?

Муҳаммад Солиҳ: Омиллар ҳақда гапирадиган бўлсак, икки хил омил бор: биринчиси, Ўзбекистонда вужудга келган сиёсий ва ижтимоий шароит омиллари. Бу омиллар, биринчи навбатда, Ўзбекистондаги мавжуд тузумни таг-томири билан ўзгартиришга ундаяпти, бу омиллар референдум каби майнавозчиликларни ниҳоят бас қилиб, ҳақиқатнинг кўзига тик боқишни талаб қилаяпти, бу омиллар халқнинг сабр-тоқатини бу қадар узоқ имтиҳон қилмасликни тақазо қилаяпти. Бу омиллар тезроқ инсофга келиб, халқнинг иродасига бўйсунишни, давлатнинг тепасидан кетишни тақазо қилаяпти. Аммо Президент Каримовнинг ўзининг омиллари, уни ҳаракатга келтираётган омиллар ҳам бор, бу омиллар ҳам Ўзбекистон тақдирини ҳал қилишда катта роль ўйнайди, ҳатто асосий омил ўлароқ олдимизга келаяпти. Бу омиллар Ўзбекистоннинг давлат ўлароқ ўртага чиққан омилларига ва халқнинг зарурат туйган ўша омилларига қарама-қарши тарафдан ҳаракатга кечаяпти, афсус. Бошқача айтганда, унинг президентлик муддатини чўзишга қайси омил мажбур қилаяпти, деган саволга қисқа қилиб, «ҳокимиятни йўқотиш қўрқуви», деб жавоб бериш мумкин.

Азизулло Орол: Референдумнинг қандай ижобий жиҳатлари бўлиши мумкин? Референдумнинг ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан ижобий хусусиятлари мавжуд дейишмоқда, шундай фикрларга қандай қарайсиз?

Муҳаммад Солиҳ: Албатта, бу бир кулгили баҳона, бунинг ҳеч бир ижобий шаклда вазиятга таъсир қиладиган томони йўқ. Баҳонада айтиладики, агар сайловлар беш йилда эмас, 7 йилда қилинадиган бўлса, сайлов ҳаражатлари тежалиши мумкин – шундай ҳам кулгили баҳона бўладими, шундай кулгили рўкач бўладими? Яна бир баҳона шундан иборатки, агар жаноб Каримов фақат беш йилгина президентлик қиладиган бўлса, ўз программасини ҳаётга татбиқ қилишга улгуролмас экан, ҳолбуки, у 5 йил эмас, мана, 12 йилдан бери Ўзбекистонни идора қилаяпти, аммо ҳали-ҳанузгача бирор бир программа татбиқ қилолгани йўқ ва қилишига ҳам бизнинг гумонимиз бор. Ва энди у яна ўз иқтидорини уч йилга узайтириб, бу программани татбиқ қилади, десак, одамлар бунга кулади, холос.

(Радионинг 24.01.2002 кунги дастуридан ёзиб олинди)

(89)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (258-260-саҳифалар.)

(давоми бор)