АҚШнинг террорга қарши шубҳали иттифоқи

АҚШнинг террорга қарши шубҳали иттифоқи
62 views
24 March 2017 - 6:00

Совет Иттифоқи қулаганда, маҳаллий диктаторлар у билан бирга қуламадилар. Аксинча, улар бу давлатдан зудлик билан ажралиб, яқиндагина ўзларининг душманлари деб санаганлари – миллиятчилар тарафига ўтиб, уларнинг шиорларини баланд кўтариб олдилар. Ўз жумҳуриятларида Коммунистик Партиянинг Биринчи котиби бўлган бу зотлар бир лаҳзада автоматик равишда «мустақил давлатларнинг президентлари»га айланиб, ўзларининг қадрдон Компартияларини ҳақорат қила бошладилар. Мен бундай метаморфозани, яқинда Вашингтонга келаётган президент Ислом Каримов мисолида кузатганман.

Ғарб, бундай «турланиш»га бир оз ҳайрон бўлиб қараган бўлса ҳам, ўз самимиятидан шубҳаланишларидан чўчиб, «янги мустақил давлатларни» қўллаб-қувватлай бошлади. Ўшандан бери 12 йил ўтди ва Ғарб шу давр ичида бирон марта ҳам ростакамига бу давлатлардан инсон ҳақларига риоя қилиш ва демократлаштиришни талаб қилгани йўқ.

Минтақада доимо нимадир юз бериб турди – ядровий материалларнинг тарқалишидан қўрқув, Россия ёки Хитой билан зиддиятдан андиша ва ҳаказолар доим «вазиятни оқлаб» турди ва Ғарбнинг ушбу давлатларга нисбатан кескин тадбир кўришни орқага сурди. Яъни «мустақил давлатлар» диктаторларининг доим омади келиб турди. Уларнинг энг катта омади 2001 йилнинг 11 сентябрида, Нью-Йоркда террористик акциялар ўтказилган куни келди. Чунки ўша куни йиллар давомида АҚШ билан дипломатик алоқаларда Ўзбекистон ТИВ эришолмаган ютуқ бир лаҳзада қўлга киритилди… Ушбу портлашлардан бор-йўғи 15 кун олдин Каримов, Супер Давлатнинг хайрихоҳлигини қозониш учун бир неча минг маҳбусга авф эълон қилишни мўлжаллаганди, бу рўйхатда бир неча сиёсий маҳбуслар ҳам бор эди.

Аммо 11 сентябр портлашларидан сўнг Ўзбекистон Президенти аввал авф ҳақдаги, рўйхатга номи киритилган сиёсий маҳбусларни авф қилиш ҳақдаги қарорини бекор қилди. Чунки бунга эҳтиёж қолмади, Супер Давлатнинг ўзи Тошкентга келди. Бу сўнгги «омад парвози» шу қадар юксак эдики, Ўзбекистон Президенти энди ўзини фақат Ўзбекистоннинггина эмас, балки бутун Марказий Осиёнинг лидери ҳис қила бошлади. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон лидерлари унга том маънода ҳасад кўзи билан қарай бошладилар.

Русиянинг сиёсий элитаси ҳам Ўзбекистон раҳбарини хавотир билан кузатиб, Путинни унинг «ўзбек дўсти» борган сари «проамериканизм» тарафга оғиб бораётгани ҳақда огоҳлантирмоқда. Америкаликларнинг ўзи ҳам шундан уялаётган бўлса, ажаб эмас. Аслида эса, том тескариси, Ўзбекистон тўппа-тўғри антиамериканизм сари кетмоқда эди.

Албатта, агар «американизм» деганда демократия назарда тутилса. Агар бу сўз зўравонликка, инсон эркинлигини топташларга, давлат террорига қарши курашни англатса…

11 сентябрдан сўнг Ўзбекистон Президенти аввал авф этилганлар рўйхатига киритилган сиёсий маҳбусларни авф қилиш ҳақидаги қарорини бекор қилди. (800 га яқин Ҳизбут-Таҳрир аъзолари, ҳуқуқ-тартибот органларининг доимий назорати остида яшаш шарти билан қамоқдан озод этилдилар, аммо сиёсий маҳбуслар озод этилмади). Каримов энди бундай сиёсий «допинг»ларга ҳожат қолмади, Америка шундоқ ҳам дўст ва инсон ҳақлари бўйича қанақадир стандартларга ҳеч эҳтиёж йўқ, деб ҳисоблай бошлади.

Ҳукумат милициянинг жиловини мутлақо қўйиб юборди, энди милиционер истаган уйига кириб, одамларни қамоққа олиши, зўрлаши ва ҳатто ўзига ёқмаган одамни ўлдириши мумкин эди. Унга прокурорлик, терговчилик ва ҳакамлик ҳуқуқлари берилди.

Одамни ўлдириб, уни террорист, Усома бин Лодиннинг сафдоши сифатида расмийлаштиришлари мумкин. Ва ҳеч ким бунинг рост ёки ёлғонлиги билан қизиқиб ўтирмайди. Даврлар бўлдики, Америка ўзи яратган нарсасини ўзи йўқ этишига тўғри келди. Афғонистон бунга мисол. Масалан, Америка бир исломий гуруҳнинг исёнини қўллаб-қувватлади, кейин эса уни (Толибон деган бир давлатга айланганидан сўнг) йўқ қилишга мажбур бўлди. Худди шундай ҳодиса, ҳозир антитеррор кампаниясида асосий давлат ҳисобланаётган Ўзбекистон тақдирида ҳам такрорланиши мумкин. Каримовнинг «демократик тадбирлари»га келсак, 1995 йилда у, сайловларни четлаб ўтиш учун Референдум ўтказди.

Бу референдумда, расмий маьлумотларга кўра, 99, 8% фоиз сайловчи қатнашган. 2000 йилги Президентлик сайловларида эса, у 92% овоз олди, ҳатто унинг сайловдаги рақиби ҳам унга, Каримовга овоз берганини эълон қилди. Каримов 2002 йилда яна Референдум ёрдамида ўз Президентлик муддатини узайтирди, бу референдумда у 91,7% фоиз овоз олди. Америка бу тадбирга, уни «ғайримашруъ» (нолегитим) деб атади ва ўз кузатувчиларини юбормади. Ўзбекистон 60 миллионлик аҳолига эга бир минтақанинг қоқ марказида жойлашган. Бу аҳолининг учдан бири Ўзбекистонда яшайди. Минтақа ижтимоий портлашга ҳомиладор бир бўлгадир. Ўзбекистон репрессив ва мутажовуз давлат сифатида ўз атрофидаги қўшниларига ёмон ўрнак бўлаяпти.

Ўрта Осиё давлатлари лидерлари ўзбек Президентига қараб ўз мамлакатларида бўлаётган озгина демократик силжишларни ҳам тўхтатиб қўйиши ҳеч гап эмас. Чунки ўзбек Президенти уларга қандай қилиб ҳокимият муддатини узайтириш, қандай қилиб миллионлаб пул қозониш ва айни пайтда, бу пост-террор дунёсида Америкадай бир давлатнинг ёрдамини олиш мумкинлигини жуда яхши намойиш қилди.

(«Нью-Йорк Таймс» 11.03.2002)

(90)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (260-262-саҳифалар.)

(давоми бор)