Террордан қутулишнинг йўли

Террордан қутулишнинг йўли
42 views
28 March 2017 - 6:00

Савол: Қирғизистон давлат арбоби Ашурқуловнинг Жума Намонгоний ҳақидаги чалкаш баёнотларига қандай баҳо берасиз? Умуман, бу хил баёнотлардан мақсад нима?

– Қирғизистон давлат арбобининг Ўзбекистон Исломий ҳаракати лидери Жума Намонгоний ҳақидаги баёнотини эшитдик. Бу арбоб бир-икки кун сўнгра бу хабарнинг “унчалик тўғри бўлмаганини” эътироф этди.

Бундай баёнотлар 11 сентябрдан кейин энг кўп Ўзбекистонда удумга айланди. Антитеррор компаниясининг ажралмас қисми бўлди. Бундай беқарор баённомалар нима мақсадда қилинади, буларнинг сири нимада?

Бу баёнотлар Америкадан иложи борича кўпроқ маблағ ундириш учун қилинади. Бу хил баёнотлар одатда “бизнинг истихборотимиз (разведка) олган хабарларга кўра, Жума Намонгонийнинг қўшинлари фалон минтақага яқинлашмоқда”, деб бошланади. Ҳолбуки, бу “қўшин” деб айтилаётган гуруҳда 100 киши ё бор, ё йўқ. Ва “бизнинг минтақамиз” деб кўпиртирилаётган жой бир кичик қишлоқ, санаб чиқсангиз 6 та капада 6 та оила яшайди. Бу “бизнинг истихборотимиз” деб улуғланган ташкилотда эса бўғзигача коррупцияга ботган эски КГБ зобитлари ишлайди. Уларнинг душманни катта ва ваҳимали кўрсатиб, президентдан кўпроқ пул ундиришдан бошқа дарди йўқ. Ўз навбатида, президент ҳам душман образини кўрсатилганидан яна бироз таҳликалироқ тасвирлаб, иттифоқдош Америкага етказади. Қарабсизки, 100 кишилик мужоҳидлар гуруҳи минтақалараро хавф статусига чиқарилиб, уни йўқ қилиш учун ажратилган миллионлаб доллар режимларнинг дастурхонига оқа бошлайди.

Бундай системада режимлар янада кучлироқ, халқ эса янада эзилганроқ аҳволга тушиб бораверади, чунки режимлар фақат сиёсий эмас, моддий тарафдан ҳам мустахкамланиб боради. Ўрта Осиёда тоталитаризм 11 сентябрдан кейин икки мисли кучланди, десак муболаға қилган бўлмаймиз.

Ҳолбуки, асл таҳлика эса Афғонистон ҳудудида эмас, мамлакат ичкарисидалар. Оиласига бир парча нон тополмай ўзларини осаётган оталарнинг фарзандлари режим учун таҳликалидир. Адолатсизликдан, ишсизликдан, йўқсилликдан қаерга қочишни билмаётган юзмингларча ёшлар режим учун энг яқин таҳликадир.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Ҳизбут-таҳрир шу ночорлик ва зулмдан қочган ёшлар эвазига ташкилланди. Аммо бу гуруҳ сафларига қўшилган ёшлар миқдори режимдан норозилар сони билан қиёсланганда, денгиздан томчидир.

Савол: Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Ҳизбут-таҳрир партиясининг халқ орасида тарафдор потенцияли қанча сизнингча?

– Исломий ҳаракатни катта таҳлика қилиб кўрсатиш дунё жамоатчилигини алдашдир. Бу ҳаракатнинг мамлакат ичкарисида социал базаси йўқ. Ҳизбут-таҳрир ҳақида ҳам шундай деса бўлади. Бу гуруҳлар атрофидаги ажиотаж ва шов-шувлар, юқорида кўрсатилганидек, режим тарафидан қилинган пропаганда ва бу гуруҳларнинг радикал чақириқлари оқибатидир. Бу гуруҳлар нормал шароитда Ўзбекистонда сайлов бўлса, халқнинг юзда 5 фоиз овозини ҳам ололмайди. Бу гуруҳларнинг халққа тақдим қилишга “ҳалифат давлати” каби хаёлпарастлик маҳсули бўлмиш ғоядан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. Бу гуруҳларга эргашиб, жуда кўп ёшларимиз қурбон бўлди. Қурбон бўлаяпти. Шу нуқтаи назардан қараганда бу ғояларни халқимиз орасида тарқатиб, ислом динини суиистеъмол қилаётганлар ҳам айнан тоталитар режимнинг қилаётган гуноҳини ишлаяпти.

Бизнинг халқимиз диндор халқ, аммо у мутаассиб эмас. Бизнинг халқимиз ўз урф-одатларига боғлиқ халқ, аммо у жоҳил эмас. Туркистоннинг исломлашганига 1200 йилдан ошди, лекин шу замон ичида бу минтақада диний мутаассиблик, диний радикализм ҳеч қачон рағбат топмаган ва бундан кейин ҳам топмаяжакдир.

Савол: Хўш, терроризмдан қутилиш йўлини сиз нимада кўрасиз?

– Минтақамиз диний радикализмнинг манбаи бўлган атеистик тоталитаризмдан қанча тез қутилса, шунча яхши. Тоталитаризмдан қутулмай туриб, терроризмдан қутилиб бўлмайди. Қутилиш йўли – ҳур жамият ва демократик режимдир. Ҳур жамият иқлимида радикал оқимлар яшай олмайди, бу иқлимда улар нафас ололмайди.

“Озодлик”, 07.08.2002

(94)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (271-273-саҳифалар.)

(давоми бор)