Вертикал футбол – тўпни осмонга тепиш деганими?

Вертикал футбол – тўпни осмонга тепиш деганими?
40 views
29 March 2017 - 15:13

Самвел Бабаян Ўзбекистон терма жамоасига келгандан бери вертикал футбол тарафдори эканлигини таъкидлаб келяпти. Сурия ва Қатарга қарши шу йилнинг март ойида ўтказилган учрашувларда “вертикал футбол” деганда Бабаян нимани назарда тутганини фаҳмлагандай бўлдим. Менимча, у тўпни осмонга тепишни назарда тутган бўлса керак.

Чунки иккала учрашувда ҳам унинг шогирдлари, айниқса, ҳимоячилари ҳар бир ўйинда тўпни 6-7 марталаб осмонга тепиб, бу борада ўзаро мусобақалашаётгандай кўринишди. Егор Кримец, Анзур Исмоиловлар тўпни ўз жарима майдонидан узоқлатиш учун шундай қилишган бўлса, Одил Аҳмедов ва Сервер Жепаровлар шерикларига пас бериш ёки дарвозага зарба бериш ниятда шундай қилишди.

Арсен Венгернинг халқаро мураббийлик тажрибаси Япониядан бошланганини кўпчилик билади. Шу мутахассис кунчиқар юртга келганида япон футболчиларининг тўпни осмонга тепишларини ва бунга мухлисларнинг ўта қувонишларини кўриб ҳайрон қолган. Чунки замонавий футболда “майдонда шам ёқиш” (“зажечь свечу на поле”) деб айтиладиган бу иш болалар футболига тегишли иллат эканлигини франциялик мутахассис яхши билган.

Лекин Венгер узоқ вақтгача маҳаллий футболчиларни бу ишдан тўхтата олмай ҳалак бўлган. Чунки тўпни осмонга тепиш қадимий япон ўйинининг энг кульминацион нуқтасидан бири бўлиб, у мухлисларнинг олқишларига сазовор бўлган. Шу сабабдан 90-йилларнинг бошларида Японияда ишлаган европалик бошқа мураббийлар ҳам бу ҳолатга кўп дучор бўлишган ва бу иллатга барҳам беришда машаққат чекишган.

Ўзбекистон тарихида шунга ўхшаш бир ўйин бўлмаган бўлса ҳам, негадир миллий терма жамоа ўйинчилари “шам ёқиш” каби иллатга берилиб, футбол мутахассислари ва журналистларининг кулгиларига сабаб бўлишмоқда.

Албатта, аслида вертикал футбол дегани ён тарафларга ошириладиган пасларнинг сонини максимал тарзда камайтиришни ва фақат олдинга узатиладиган паслар сонини оширишни назарда тутади. Яъни олдинги чизиқ футболчилари “очилгунга” қадар тўп асосан орқага ошириб турилиб, ярим ҳимоячи ва ҳужумчилар бўш зоналарга киришлари билан тўп олдинги чизиққа оширилади. Голланд футбол мактаби кашфиёти ҳисобланмиш бу усул асосан рақиб ҳимоя чизиғини доим босимда ушлаб туриш, ҳужум кескинлигини ошириш ва, қолаверса, рақиб қарши ҳужумларига имкон қолдирмаслик учун қўлланилади.

Лекин бу усулнинг минус тарафлари ҳам бор. Масалан, кўпинча ҳимоячилар тўпни тўғри ҳужумчиларга ошириши натижасида ярим ҳимоячилар ишсиз қолиб кетадилар. Бундан ташқари, мана шу тактикада қўлланиладиган узун паслар кўпинча эгасига етиб бормайди ёки, етиб борса, ҳам рақибга бой берилади.

Қатарга қарши 28 март куни ўтказилган ўйинда ҳам ҳимоячиларимиз тўпни ярим ҳимоячиларнинг устидан ошириб, тўғри Игорь Сергеевга узатганларига, Сергеев эса тўпни эгаллай олмаганига ва, эгаллай олганда ҳам, тўпни кўп бора йўқотиб қўйганига гувоҳ бўлдик.

Бу усулнинг яна бир камчилиги шунда-ки, олдинги чизиқда ҳужумчи тўпни эгаллаб олган пайтда қанотлардаги шериклари одатда ҳали ҳужумчи кирган зонадан орқада қолишган бўлади. Шунинг учун ҳужум персонал жиҳатдан қўллаб-қувватланмай қолади. Яъни ҳужумчилар ёлғизланиб қолишларининг ва рақиб дарвозасига бериладиган зарбалар камайишининг эҳтимоли юқори.

Бунга яққол мисол сифатида Қатарга қарши ўтказилган кечаги учрашувни ҳам келтирса бўлади. Ушбу учрашувда термамиз 90 дақиқа давомида рақиб дарозасига атиги ИККИ (!!!) марта аниқ зарба берди. Иккала зарбани ҳам Одил Аҳмедов берди: унинг биринчи зарбаси жаримадан йўлланиб, голга айланди, иккинчиси эса қанотдан йўлланди ва қатарлик дарвозабон томонидан майдон ташқарисига чиқариб юборилди.

Миржалол Қосимов пайтида ҳужумлар асосан қанотлар орқали амалга оширилар ва ҳавфли вазиятлар асосан қанотдан узатиладиган кўндаланг паслар эвазига яратилар эди. Бу ҳужумларни ташкил қилишда ярим ҳимоячиларнинг роли катта эди. Бундай ҳужумларни ривожлантириш ва қўллашда қанотлардаги ҳимоячилар ҳам фаол иштирок этишар эди.

Ҳа, ўша пайтдаги ҳужумларимиз бир хил ва сийқаси чиққан эди. Лекин, энди ўйлаб қарасам, ўша сийқаси чиққан усул ҳам рақибларни доим югуришга ва чарчашга мажбур қилиб, уларни хато қилишга мажбур қилар эди. Энг муҳими, шу пайтда ҳимоя чизиғи ҳам пала-партишсиз ўйнаган экан.

Ҳозир-чи?! Ҳозир ҳимоя чизиғида “шам ёқиш”лар, жазавага тушишлар ва довдирашлар! Ҳужумнинг эса ўзи йўқ! Фақат тасодифий стандартлар, тасодифий голлар ва тасодифий ғалабалар бор. Рақиб ҳимоячилари бизнинг ҳимоядан келган узун пасларни жойида туриб, югурмасдан иккинчи қаватда “еб” қўйишяпти. Бабаяннинг бу тактикасига қарши учта бўйдор ҳимоячинг бўлса бўлди – ҳаммаси “окей” бўлишини рақибларимиз билиб бўлган. Шу жумладан, Эрон ҳам.

Шунинг учун Теҳронда бўладиган ўйинда бошқа услубда ўйнамасак, мағлуб бўлишимиз аниқ. Устига устак, бу ўйинда форслар ўлигини ташлаб бўлса ҳам, ютишга, мундиал йўлланмасини муддатидан аввал ҳал қилишга ва 100 минг кишилик стадионда байрам уюштиришга ҳаракат қилишади.

Агар шу учрашувда Эрон ғалаба қозонгудек бўлса, кейинги учрашувда корейсларнинг илтимосларига биноан меҳмонда Кореяга ютқазиб бериши ҳам мумкин. Ўзбеклар корейсларга етиб олмаслиги учун.

Бабаян ва унинг вертикал футболи билан, тўпларни осмонга тепиш билан, бир ўйинда рақиб дарвозасига атиги 1-2 аниқ зарба йўллаш билан Эронни Теҳронда ютишга мен ишонмайман.

Вақт борида Бабаян ўз тактикасини ўзгартириши керак!

Ёки ўзгартира олмаса, термадан кетиши керак!

Ёки кетказилиши керак!

Бобомурод АБДУЛЛА
29.03.2017

Манба: facebook.com