ЭРК партияси қурултойига хитоб

ЭРК партияси қурултойига хитоб
23 views
30 March 2017 - 6:00

Азиз сафдошларим, муҳтарам биродарларим, Яратганга шукр, сиз билан бизга 10 йилдан кейин яна тўпланиш имконини берди.

Бу 10 йил ичида мухолифатнинг ҳуррият учун берган мужодаласи нақадар оғир шароитда кечганини дунё билади. Сизлар бу шароитда қўлингиздан келганини қилдингиз. Режимга мухолиф бўлиш осон эмас. Агар осон бўлсайди, аҳолининг 90 фоизи мухолифат тарафига ўтган бўларди. Бу 90 фоиз аҳолининг мавжуд иқтидордан норози қисми. Аммо норозилик бошқа, уни ифода қилиш учун заҳмат чекиш бошқа. Заҳмат чекишни ҳеч ким истамайди. Аммо кенг ижтимоий платформасиз, халқнинг кўмагисиз мухолифат ўзининг тарихий вазифасини адо этолмаслигини жуда кўплар тушунди, шекилли. Шу кунгача мухолифатга пичинг қилиб, четдан кузатганлар ҳам бу сиёсий жонсаракликлари ўз ҳаётларига зарарли эканини ниҳоят англадилар… Сиёсий маҳдудлик бизники каби жамиятлар учун жуда зарарлидир. Омманинг сиёсий фаоллиги эса, бўҳрон ичида чирпинган жамиятимизнинг ойдинликка чиқиш йўлидир.

Биз мухолифат ўлароқ бутун куч ва имконлармизни тўплашимиз зарур бўлган бир босқичга кираяпмиз. Биз бугун халқимизнинг кенг платформда кўмаги ва Ўзбекистонда демократия тарафдорларининг жиддий ёрдамига муҳтожмиз.

Афсуски, энг масъул онда мухолифат ёрдамсиз қолмоқда. Ташқи дунёдан ҳам кутилган миқёсда кўмак ололмадик. 11 сентябр фожеасидан кейин АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида пайдо бўлган яқинлик минтақада демократиклашув жараёнини тезлаштиради, деб умид қилган эдик. Лекин бу жараён биз кутгандек осон кечмаяпти. Табиий, баъзи силжишлар бор. Масалан, бир неча ойдан бери мухолифатнинг регионал мажлислари ўтказила бошлади. Бу мажлисларни ўтказиш Ғарбнинг ҳимояси бўлмаса, маҳол иш эди. Буни эътироф этмаслик адолатсизлик бўлурди. Аммо бу мажлислар ёки бир-икки инсон ҳақлари ташкилотининг рўйхатга олиниши ва «Қизил Хоч»га сиёсий маҳбусларни кўришга рухсат берилиши Ўзбекистонга демократия келди, дегани эмас. Зўравонлик ҳар он бутун даҳшати ила кенг жабҳада бошланиши ҳеч гап эмас. Зотан, зўравонлик тўхтагани ҳам йўқ. Диндорларга қарши ҳам, Эрк партияси аъзоларига қарши ҳам қийноқлар давом этяпти. «Эрк»нинг ёшлар қаноти бўлган Танлов ташкилоти аъзоси Ҳасан Қамбаров шу йил 22 май куни кўчада ўзбек миршаблари томонидан ўғирлаб кетилди.

У ҳозир Чирчиқ қамоқхонасида мудҳиш исканжаларга солинмоқда. Бу ерда қатнашаётган чет эллик дипломатлар ва медиа ходимлари бу ёшни қийноқдан қутқариш учун ёрдамларини аямайди, деб умид қиламан.

Ғарб Ўзбекистонда демократик жараённи чала-ярим тадбирлар билан тезлаштириш мумкин эмаслигини тушуниши керак. Чала тадбир давлат террорини вақтинча музлатиб қўйиши мумкин, аммо уни асло бартараф қилолмайди. Агар Ғарб Ўзбек ҳукуматига демократиклашув борасида керакли оғирликда босим ўтказса эди, бу тадбирнинг самарали бўлиш эҳтимоли юксак эди. Фақат бу босим кўрсатилмади.

Ҳукумат мухолифатга қарши қатағонларини давом эттирмоқда. Унга «конструктив мухолифат» керак эмиш. Бу эҳтиёжни қондириш учун Ўзбекистон Президенти беш йилда 5 та қўғирчоқ партия тузди. Бу партияларнинг «конструктивлиги» шундаки, лидерлари Президент сайловида сайловчини ўзига эмас, Президентга овоз беришга чақиради. Бу партиялар танқид қилмоқчи бўлишса, Президентни эмас, ўзларини танқид қилишади, чунки ўзлари ҳам ҳокимиятнинг бир бўлаклари. Бу театр бутун маърифатли дунё кўз ўнгида кўп йиллардан бери давом этмоқда.

Бу аҳволда мухолифатнинг мамлакатдаги вазиятга таъсир ўтказишининг имкони йўқ. Мухолифат фаолиятининг самарали бўлиши учун унинг Ўзбекистон Конституциясида кўрсатилган барча ҳуқуқлари қайтариб берилиши шарт. Эрк Партияси ва Бирлик ҳаракати Конституцияга зид равишда таъқиқланган.

Улар Конституцияда белгилангани каби Маҳкама ҳукми билан эмас, Ички Ишлар Вазирлиги қарори билан таъқиқланган. Ҳукумат истаса, бу қўпол хатосини тузатиши мумкин. Бу икки сиёсий ташкилотни такрор рўйхатга олишга ҳукумат қўлида ҳуқуқий асос йўқ, чунки Асосий Қонун бўйича бу ташкилотлар легалдир. Бу ҳуқуқ поймол қилинган, холос. Бу ҳуқуқни тиклаш учун Ички Ишлар Вазирлигининг антиконституцион қарорини бекор қилиш кифоя.

Биз фожеамиз сабабларини Президентнинг яккаҳокимликка мойил характеридангина эмас, уни авайлаб етиштирган лаганбардорлик иқлимидан ҳам ахтаришимиз лозим. Мақтов оддий бир микроб. Нормал шароитда микроб хавфсиздир. Аммо у иммун системаси вайрон бўлган организмлар учун ниҳоятда таҳликалидир. Замонавий давлатларда мухолиф фикрларнинг силсиласи, ҳоким синф ёки ҳоким сиёсий гуруҳга мухолиф ғоялар ўша жамиятнинг иммун системасидир. Бу система ишламаган ёки умуман бундай системаси бўлмаган жамиятлар доим жонсарак (стагнация) аҳволда яшайди. Бунинг энг ёрқин ўрнаги биз яшаётган жамиятдир.

Азиз биродарларим! Бу муаммоларнинг уддасидан ишонч ва эътиқод, азм ва шижоат билан чиқиш мумкин. Бир тарихий ташаббус, бир қутлуғ ҳамла учун лашкар керакмасди. Бунинг учун қатъий ИНОНГАН бир кичик гуруҳ етарлидир. Биз «Бирлик»ни илк таъсис этганда 3 киши эдик. «Эрк»ни таъсис қилганимизда ҳам кўпчилик эмасдик. Қисқа муддат ичида «Эрк» Ўзбекистон Мустақиллиги Декларациясини коммунистларнинг Парламентига қабул эттирди. Қисқа муддат ичида «Эрк» Ўзбекистон Конституциясини ҳозирлади. Жуда қисқа вақт ичида «Эрк» ўз номзодини Президентлик сайловига тайёрлади, сайловда қатнашди ва расмий кўрсаткичларга кўра, сайловчиларнинг юзда 12.7 фоиз овозини олди. Бу – «Эрк» партиясига 1 миллион 200 минг киши овоз берди, деганидир. Бу расмий рақам. Аслида, бундан 4 марта кўпроқ овоз олингани ва бу натижаларнинг сохталаштирилгани ҳақида маълумотлар бор. «Эрк» қисқа бир муддат ичида бутун ўлка бўйлаб Эрк ғояларини ёйди ва инсонлар бошини ердан кўтарди, ҳақ-ҳуқуқини таний бошлади. Бу «қисқа муддат» деганимиз нима?

«Эрк» Легал партия сифатида бор-йўғи 4 ярим ой фаолият кўрсатди: партия 1991 йил 5 сентябрда расмий рўйхатга олинди.1992 йил 16 январда ҳукумат талабаларни ўққа тутди. 17 январдан бошлаб «Эрк»ка қарши тотал таъқиб бошланди. Ва у бутун мамлакат билан бирга 10 йил давомида охирида нур кўринмаган бир туннелга кирди. Аммо ўша нисбатан озод тўрт ярим ойда бу ёш ташкилот миллатимиз шуурига «ЭРК» исмини муҳрлади. Муҳтарам биродарларим!

Сизлар бу миллатнинг гулларисиз, унинг зиёлилари – мунавварларисиз. Мунавварлар ҳам шарафли, ҳам-да таҳликаларга мойил бир фитрат билан дунёга келадилар. Мунавварнинг тафаккур савияси нақадар юксак бўлса, унинг қисматидаги азалий таҳлика даражаси ҳам шу қадар юқори бўлади. Улар ўз фаолиятларида максимум таваккул ҳизосида (чегарасида) яшайдилар. Рискли бир ҳаёт ҳизосида кечади умрлари. Бизнинг Қайта Қуриш йилларида бошлаганимиз халқ ҳаракатини шундай мустасно инсонлар бошлаб берганди.

Бу мустасно инсонлар сизлар эдингиз, азиз биродарларим. Сизлар кўпчилик эмассиз, аммо кўпчиликнинг ҳавас билан, баъзида ҳадик билан, аммо мутлақо ҳурмат билан қарайдигани кичик бир жамоатсиз. Кўпчилик эса, ҳар доимгидай, қайси томон кучли келишини пойлаб турибди. Бунга ғашингиз келмасин. Бу нормалдир. Урушда жангнинг олдинги сафидагилар орқадагиларга нисбатан доимо озчиликдир. Ўлишни ҳеч ким истамайди, сиз ҳам истамайсиз, фақат сизда номус туйғуси бошқалардагига нисбатан кучлироқ. Бу туйғу сизларга таҳликанинг ҳажмини унутишга ёрдам беради. Бу олийжаноб туйғу соҳиблари оддий одамлар жасорат қилолмайдиган нарсаларга жасорат қилади. Номус туйғуси Оллоҳнинг эзилган миллатларга берган неъматидир. Ки, улар бу кучли туйғу ёрдамида асоратдан қутилсин.

Азиз ва мустасно дўстларим, қалбингиздаги бу қувват билан ўша иккиланиб турган кўпчилик ичига киринг. Уларга яқинлашинг ва илтифот кўрсатинг, кўрасиз, улар Оллоҳнинг изни ила қўрқув жодусидан дарҳол ҳалос бўлажаклар. Аҳамиятга молик яна бир масала ёшлар масаласи. Бу ташкилотимизнинг энг заиф нуқтаси. Ҳолбуки, Қайта қуриш йиллари Миллий ҳаракатимизда бу бизнинг энг кучли нуқтамиз эди. Уларни ҳаракатга, ҳаялламай жалб қилиш керак. Пул ва бойликка топинган моддиятчи зеҳниятнинг чангалидан уларни қутқаринг. Сизни бу сафларга қўшган тоза идеаллардан уларни ҳам баҳраманд этинг.

Яна бир нуқтага диққатингизни тортмоқчиман. Шаҳарларда ва вилоятларда миллий озчиликни ташкил қиладиган жамоат вакиллари ҳам бизнинг сиёсатимиздан четда қолмасликлари керак. Улар ҳам бизнинг биродарларимиздир. Биз Совет мустамлакасидан қутулиш йўлида миллий кимлигимизни олд планга чиқаргандик. Миллиятчилик ўзлигимизни таниш йўлида бир импульс, бир кучли туртки бўлиб хизмат қилганди. Бу импульс ўзининг тарихий вазифасими тамомлади. Бугун биз «халқ» ва «миллат» деганда бир этник гуруҳ эмас, балки ватанимиз Ўзбекистонда яшаётган бутун аҳолини, этник келиб чиқишидан қатьий назар, бутун инсонларни қамрайдиган маънода қўллаймиз. Биз бир сиёсий ҳаракат ўлароқ ҳар қандай ирқчилик ва шовинизмнинг принципиал душманимиз. Бу принципга қабул қилажагимиз Дастуримизда алоҳида урғу берилишини истардим.

Муҳтарам сафдошларим!

Кўп гапиришни ёқтирмайман, аммо бу сафар кўпроқ гапиришга тўғри келади, шекилли. Ўн йил учун ҳисоб беряпман.

Аслида, бу ҳисоб эмас, бу 10 йиллик ҳасратдир.Уни 45 дақиқага сиғдириш қийин.

Хўш, Ўзбекистонга демократия қачон келади?

Бу савол ўтган асрда, Перестройка замонида жуда кўп янграрди. Мустақил бўлганимиздан кейин янграмайдиган бўлди. Режимнинг қулоғига ёқмади. Бу сўзни янгратмоқчи бўлганларга таҳдид қила бошладилар. Кейин баъзиларини турмага ташлашди, кейин қийнадилар, кейин ими-жимида ўлдиришни ўргандилар. Ва бошланди. Демократлар ови бошланди. Бу зулм Шарқ тақвимига кўра роппа-роса бир мучал узунлигида, яъни 12 йил давом этди.

Сиз зулмнинг янги бир мучалга ўтмаслиги учун бу ерда тўпландингиз. Ўша таъқиқланган ДЕМОКРАТИЯ сўзини баралла овоз билан айтиш учун тўпландингиз.

Агар адолат қилинганида эди, дунё ҳамжамияти Ўзбек демократларини тикка туриб олқишлаган бўларди. Чунки Ўзбек демократлари ҳеч ким ишонмаган нарсага ишонмоқдалар. Улар Ўзбекистондаги режимни демократик йўл билан ўзгартириш мумкинлигига ишонмоқдалар. Бундай ишонч тақдирга шоёндир. «Ўзбекистонда демократик ўзгаришларга муносабати»ни сўралганда, Америкалик конгрессмен Курт Уэлдон, «Ўзбекистонни кўп ҳам танқид қилавермаслик»ни насиҳат қилиб, бу ўлкадаги вазиятни АҚШнинг Конституция қабул қилгани 18-аср билан билан тенглаштирди. Бу билан Ўзбекистонга демократиянинг 200 йилдан кейин келишига қаттиқ ишонганини эътироф этди. Унинг бу «оптимизми»га қойил қолдик. Чунки бу кетишда Ўзбекистонда демократик йўл билан бирор бир нарсанинг ўзгаришига ишонадиганлар жуда оз.

Ғарблик дипломатлар «Finansial Times» ёки «Washington Post»га интервью бериб, бундай режимларнинг фақат давлат тўнтариши ёки бошқа радикал йўл билан ўзгариши эҳтимоли юксаклиги ҳақида гапирадилар ва суҳбат охирида «исмини айтмаслик»ни илтимос қиладилар.Чунки яна Ўзбекистонга қайтиб, режим вакилларига коктейлларда табассум қилшлари керак.

Демократиянинг бизга нақадар эрта ёки кеч келишини тортишган тортишмачилар биздаги сиёсий ўзгариш динамикасини Ғарб стандартлари асосида таҳлил қиладилар. Ҳолбуки, бу ўзгаришга туртки бўладиган, ҳатто ҳал қилувчи туртки бера оладиган битта факторни доим унутадилар. Бу лидер факторидир. Бу фактор Оврупода Эски Совет Иттифоқи ҳудудларида каби муҳим аҳамиятга эга эмас. Бизнинг Марказий Осиёда эса бу фактор ҳеч муболағасиз глобал аҳамиятга эгадир. Буни 5 та Жумҳуриятдаги бешта бир-бирига ўхшамаган «ўзига хос ва ўзига мос» (Ўзбекистон Президентининг ибораси) бошқарув услубидан кўриб турибсиз. Совет Иттифоқидан ажралган пайтда бу ўлкаларнинг бошқарув услуби тамоман бир хил эди. Энди эса, Конституциялари деярли бир хил бўлишига қарамай, бу давлатлар мутлақо бошқа-бошқа ҳуқуқий маконларда яшаётгандай таассурот қолдиради. Бу беш хил бошқарув шу 5 та лидернинг бир-бирига ўхшаймайдиган 5 та портретидир. Уларнинг битта муштарак тарафи бор: бештаси ҳам яккаҳокимликка мойил шахслар. Аммо бу ҳокимликни узлуксиз давом эттириш учун тўланиши мумкин бўлган бадал даражалари ҳар хил. Масалан, Асқар Ақаев ўз президентлигини узайтириш учун мутлақо қон тўкиши лозим бўлса, у буни қилмайди, балки Президентликдан кетишни афзал кўради. Аммо айни бадал Ўзбекистон лидерларига ўхшаганлардан талаб қилинса, бу талабни рад қилишига уларнинг кучлари етмайди, деган хавотирдамиз.

Ғарбда бу қабил лидер феноменини учратиш қийин. Сиёсий система лидер факторининг давлатдаги ҳуқуқий маконни бузишига йўл қўймайди. У ерда давлат системаси ўз қолипига тўғри келмаган лидерни бир муддатдан ортиқ тепада тутмайди. Лидер давлат тепасида узоқроқ қолиши учун ёки давлатга бўйсуниши керак ва ёки давлатни ўз дизайни бўйича ислоҳ қилиши керак бўлади. Аммо бу тип лидерлар жуда ноёбдир. Бу тип лидерлар дунё сиёсий конъюнктурасини яратадиган миқёсдаги лидерлардир.

Иккинчи тип лидер бор, у ўша Биринчи типлар яратган сиёсий конъюнктура ичида яшайди, унинг чегараларидан чиқишга жасорат этмайди. Бу тип лидер лидерларнинг аксариятини ташкил қилади.

Учинчи бир тип лидер бор, аммо у Оврупада эмас, бизда, Осиёда. Бу лидерни юқорида таьриф этдик. Бу лидер ўз фаолиятини дунёдаги мавжуд сиёсий конъюнктурага мослашга улгура олмай, орқада дарранда мисол судралади. Бу тип лидер бошқарган мамлакат ҳам олдинга кетмайди, буни кўриб турибсиз.

Осиё типи лидерлик фактори Ўзбекистон ҳаётида манфий жиҳатлари билан жараён этди. Унинг мусбат жиҳатлари ҳам борми? Ҳа, мусбат жиҳатлари ҳам бор. Қирғизистон ва Қозоғистон мисолида бу жиҳатларни кўриб турибмиз.

Биз бир марта, лоақал бир марта демократик сайлов имконини қўлга киритайлик-чи, ДЕМОКРАТИЯни севимли диёримизга 200 йил эмас, 200 кунда олиб келамиз, Оллоҳнинг изни ила. Тони Блэр демократияси бўлмаса ҳам, Асқар Ақаев демократиясидан афзалроқ бир демократия 200 кунда Ўзбекистонга ерлашажакдир. Ва шунда бутун дунё тоталитаризмдан қутулиш учун чирпинаётган бу бебахт ўлкаларида ЛИДЕР ФАКТОРИнинг нақадар муҳим омил эканини ҳайрат ичида кўражаклар.

Бу имконни қўлга киритиш учун эса курашда давом этмак вожибдир. Бу оғир вазиятдан бизни на дарё орқаси, на-да океан орқасидан келганлар қутқара олади. Биз масалаларимизни ўзимиз ҳал қилишимиз керак. Акс ҳолда, ҳатто Оллоҳ ҳам бизга ёрдам бермайди. Китобимиз Қуръони Каримда, Раъд Сурасининг 11-оятида Оллоҳу Таоло шундай буюради: «Аниқдирки, то бирор қавм ўзларини ўзгартирмагунича, Оллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмайди». Яна Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг «сиз ўзингиз лойиқ бўлган раҳбарлар тарафидан бошқарилажаксиз», деган ҳадиси ҳам бор. Шунинг учун жорий Президентнинг тахтда муддатидан ортиқ қолиб кетганига энг оз жиғибийрон бўлаётган каминадир. Бу зотнинг шахсимга ва оиламга қилган бутун зулмларига қарамай, унга кин ёки нафрат йўқ менда.

Чунки юқоридаги ҳадиси шарифда ифода этилгани каби, бу раҳбар сиз ва бизга лойиқ бўлмасайди, тепамизда бир дақиқа ҳам ўтира олмасди.

Бу билан сизни адолатсизликка қарши курашмасликка чақираётганим йўқ, аксинча, курашишга чақираяпман. Демоқчиманки, тезроқ уйғониб, адолатсизликка қарши шундай курашайликки, энг қисқа вақт ичида адолатли бир лидерга лойиқ бўлайлик.

Азиз биродарларим, муҳтарам сафдошларим!

Юртда кечаётган ҳодисаларнинг моҳиятини сизлар мендан яхшироқ биласиз. Аммо баъзи нарсалар бор, узоқдан равшанроқ кўринади. Масалан, тоғлар. Ёки бир мамлакат. Бу мамлакатнинг дунёдаги ўрни, сиёсий ва иқтисоди вазни, унинг салобати ва ҳайбати. Булар узоқдан равшанроқ кўринади.

Бизнинг азиз ватанимиз Ўзбекистон Оллоҳ берган нуфузи ва жўғрофий ерлашуви билан, табиий бойликлари-ю қадим маданияти билан тарихда доим эҳтиром кўрган мамлакатдир. Ҳатто Рус мустамлакаси даврида ҳам юртимиз Туркистоннинг юраги бўлган, минтақага бутун сиёсий, ижтимоий зилзилалар шу муқаддас тупроқларда юз берган. Ва ҳеч қачон бу мамлакат бугунгидай шармандали аҳволга тушмаган эди. Бу ўлкани мустамлака ҳам бугунгидай сафолат ботқоғига ботира олмаганди.

Бугун бир пайтлар маданият бешиги бўлган бу шонли мамалакатнинг аввалги ҳайбатидан асар ҳам йўқ. Бу ички абгорлик давлатимизнинг ташқи суратига ҳам нуқс этгандир. Шу ўтган 12 йил давомида ҳукуматнинг ташқи дунёда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш учун Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қилинган бирорта муваффаққиятли демаршини эслаёлмаймиз. Чунки тиллари қисиқ, маънавий ҳуқуқлари йўқ. Чунки ҳукумат ўзи имзо чеккан бутун халқаро шартномаларни қўпол равишда бузиб, мамлакат ичида ўз халқининг ҳуқуқларини поймол қилди. 12 йил давомида 5-6 та Ташқи Ишлар Вазири алмашди, аммо сўник ва шахсиятсиз ташқи сиёсат ўзгармади. Чунки ичкаридаги ғайримиллий, тажовузкор ва репрессив сиёсат ўзгармаган эди.

Дунё ҳамжамияти Ўзбекистонни у машъум 11 сентябрдан кейин таний бошлади. Ғарбликлар Ўзбекистон антитеррор бўйича коалицияга киргандан сўнггина уни харитадан топадиган бўлишди. Бугун ҳам жаноб Бушнинг «еган оғиз уялар» қабилидаги зўраки илтифотларини истисно қилганда, ташқи дунёда биз билан ҳеч ким ҳисоблашмайди. Ҳатто Туркманбоши ҳам Ўзбекистон тарафга қараб бурун жийиради, Ўзбекистон Президентига ҳақоратомуз киноялар қилади. Ишонинг, бу менинг ҳамиятимга тегади. Чунки ким бўлишидан қатьий назар, мамлакатимизнинг раҳбаридир. Аммо юртимизнинг чор-атрофи тиканли билан симлар ўралиб, чегараларда йиртқич шоқоллар каби кезаётган оч зобитларни тасаввур қиларкан, ҳамиятим янада кўпроқ инжийди. Бу сафар Президентимиз учун эмас, қўшни қишлоқдаги неварасини кўриш учун кетаётган чолнинг чегарадан ўтиб ўлдирилгани учун инжийди. Халқимиз учун ва тиканли симлар орқасида қолиб, бирдан чет эллик бўлган кечаги қардошларим – Туркман, Тожик, Қозоқ, Қирғиз учун ҳамиятим инжийди. Бу инсонларнинг не гуноҳи бор эди? Бу не торкўнгиллилик, марҳаматсизлик ва қоп-қора маҳдудлик? Туққан, қон-қардош биродарлар орасида бу не душманлик?

Ҳайҳот, бу душманликнинг ёйилишида Ўзбекистон ҳукумати ҳал қилувчи ролни ўйнади. Ватанимизнинг бу абгор сурати узоқдан қараганда фожеали даражада равшан кўринади.

Узоқдан қараб яна шу ҳақиқатни кўрдик: агар кичик мамлакатнинг лидери буюк бўлса, у мамлакат ҳам дунёга буюк кўринаркан. Агар буюк мамлакатнинг лидери кичик шахсият бўлса, буюк мамлакат ҳам дунёга кичик кўринаркан, ҳайбатини йўқотар экан.

Бу абгорликдан қандай қутилиш мумкин?

Жуда кўп журналистлар «агар сиз иқтидорга келсангиз, ишни нимадан бошлайсиз», деган саволни такрорлашади. Бу саволга бундан 12 йил аввал, ишни зудлик билан иқтисоддан бошлаймиз, чунки халқ оч ва ҳаказо, дердим. Буни фақат мен эмас, асосий кўпчилик сиёсатчилар айтарди. Айниқса, эски коммунистлар буни популизмнинг асос тошларидан бирига айлантирди. Бизнинг халқимиз раҳбарлар ҳадя этган бу популизм ТОШини ҳали ҳам юмалатаяпти. Фақат бу тош ҳали ҳам нонга айлангани йўқ. Халқ аввалгидан ҳам қашшоқлашди. Лекин у худди афсонавий қаҳрамон Сизиф каби юмалатяпти тошни, юмалатаяпти.

Шунинг учун ҳам журналистлар бугун менга «приоритетингиз нима» деса, “иқтисод” дейишга тилим бормайди. Халқимизга ўша популистик тошни эслатмасин, деб қўрқаман. Ва тилимни тияман. Ҳатто «сиёсат» дейишга ҳам тил бормайди. Яна андишадан, шармандалик андишасидан. Гарчанд, бизнинг ўлкада энг фожеали жабҳа иқтисод. Бу ҳаробачилик усталаридан кейин ҳокимиятга ким келса келсин, ҳаммаси ишни иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлардан бошлашга маҳкумдир. Оллоҳ келишни бизга ёзган бўлса, биз ҳам бундан истисно бўла олмаймиз.

Лекин булар биз учун ТАКТИК ҲАДАФлардир. Биз шу кунгача ТАКТИК масалаларни тортишдик. Ҳукуматни ҳам шу мавзуларда танқид қилдик. Лекин қутқарилиши керак бўлган жабҳалардан яна биттаси борки, у бугун биздан бошқа ҳеч кимнинг кун тартибида эмас, ҳеч ким бу масалани биз каби ўз «приоритет»ларига қўшгани йўқ. Бизни кутиб турган бу жабҳа – иқтисодни ҳам, сиёсатни ҳам шу бўҳронга судраган омилларни бартараф қилиш жабҳасидир.

Бу жабҳанинг бошқа бир исми ИНСОН МАТЕРИАЛИНИ ИСЛОҲ ЖАБҲАСИ.

Бизнинг ижтимоий келиб чиқишимиз тоталитар режим жамияти мафкурасига бориб тақалади. 75 йиллик моддиятчи атеизм ва атеистик коммунизм ғоялари билан суғорилган зеҳнимиз «мустақил 12 йил ўтганига қарамай, ҳали ҳам ўзига келгани йўқ.

Давлатимиз мустақил бўлди, аммо зеҳнимиз мустақил бўлмади.

Давлат тизимларида ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормаган, байтулмолни ўғирлашни вожиб билган, порахўрликни рағбатлантирган, адолатсиз, инсофсиз бир маъмур синфи ўтирибди.

Булар АҲЛОҚСИЗЛАР СИНФИдир. (Албатта, уларнинг ичида виждонли инсонлар ҳам бор, аммо улар озчилик, афсус). Бу синфдан сал пастроқда ўтирганлар «аҳлоқли» демоқчи эмасман. Аҳлоқлилар пастда ҳам кўпчилик эмас. Бу постсовет мамлакатларининг миллий фожеасидир.

Бу фожеани фақат иқтисодий ислоҳотлар билангина байрамга айлантириб бўлмайди. Иқтисодий инқирозлар – оқибатдир, сабаб эса, тотал аҳлоқсизликдир. Сабабни йўқ қилмагунча оқибатни бартараф этиш амри маҳол.

Биз паразитлардан иборат эмас, балки ҳалол, номусли ва меҳнаткаш инсонлардан ташкил топган жамиятга эҳтиёжимиз бор. Биз порахўрликни – энг даҳшатли жиноят, давлат мулкини талон қилишни – ўлимдан-да баттар шармандалик, деб билган кадрларга муҳтожмиз. Биз қонунни ўз раҳбаридан кўпроқ ҳурмат қилган бир бюрократ синфини кўрмоқ истаймиз. Биз уйимизда аҳлоқли ва идеалист ёшларни кўргимиз келади. Бир мафиозига хизмат қилиб, бойишдан кўра, ватан учун жангда халок бўлишни орзу этадиган ёшлар сулоласини кўргимиз келади.

Биз золим ҳукмдордан эмас, Оллоҳдан қўрққанлар жамиятини истаймиз. Биз номус ва шараф инсонини кўрмоқ истаймиз. Фақат у, фақат угина бизнинг жамиятнинг умуртқа поғонаси бўла олади. Фақат шундай инсон типигина бизнинг хавфсизлигимиз, фаровонлигимиз ва истиқрорли ҳаётимиз кафолати бўлиши мумкин. Фақат унгагина биз давлатимизни омонат эта оламиз. Шу боис, бизнинг сиёсатдаги стратегик ҳадафимиз АҲЛОҚЛИ ИНСОН ЕТИШТИРИШдир. Бу жабҳада нафақат давлат тасарруфида бўлган таълим-тарбия қурилишларининг тўла ислоҳи, балки ОИЛА институтини мустаҳкамлашнинг кенг дастури ишлаб чиқилиши лозим. Акс ҳолда, фақат иқтисодий юксалишлар билан инсон зоти лойиқ бўлган том маънодаги рафоҳ ва ҳузурга эришмоқ маҳолдир. Буни иқтисодий тараққий этган Ғарб давлатлари мисолида кўриб турибмиз.

Маълумки, оила инсон тарбиясида муҳим рол ўйнайди. Ғарбда оила инқирозга учраган бир институт. Ғарблик интеллектуаллар бу аччиқ ҳақиқатни билишади, аммо инсониятнинг социал борлиғининг бу муҳим парчасини қутқариб қолиш учун ҳеч нарса қилолмайдилар. Давлат ҳам – бу институтларни сақлаш тарафдори бўлишига қарамасдан – амалда унинг емирилишини рагбатлантиради. Бу давлатнинг сиёсатидан кўпроқ, унинг капиталистик табиатидан ва моддиятчи мафкурасидан келиб чиққан ва бошқариш мумкин бўлмаган бир жараёндир.

Шарқдаги диктаторликлар инсонни бир кишининг шахсига қуллик мафкурасида тарбиялашни йўлга қўйган. Бизнинг яккаҳокимларимиз буни «шарқ менталитетига мос бошқарув», дея таърифлайдилар. Ғарбдаги либерал режимлар ҳам инсонга сиғинадилар. Фақат уларда Шарқ мустабид режимларидаги каби бир шахс эмас, жамиятнинг ҳар бир аъзоси муқаддаслаштирилади. Ёшлар «тотал эркинлик» мафкурасида етиштирилади. Ота ва она авторитети тамоман йўққа чиқарилган.

Индивидга (шахсга) бутун эркинликни бериб, оилани бутун ҳуқуқлардан маҳрум қилиш – эркинлик тоталитаризмидир. Тотал эркин фақат ваҳший ҳайвонлар бўлиши мумкин. Инсон эса, ўзини назорат қила олиш қобилияти билан, зарур бўлганда ўзини чеклаш иродаси билан – нафсига ҳокимлик хусусияти билан ҳайвонлардан ажралиб туради.

Хуллас, ҳар иккала жамият ҳам ўз аъзоларини нафсга қулликда тарбиялайди ва ҳар икки тарбия ҳам инсоннинг илоҳий фитратини (аҳлоқини) бузғунга учратадиган тарбиядир. Бундан бизни ҳурриятларга қарши, деган хулоса чиқарманг, илтимос. Биз эркинликка эмас, аҳлоқсизлик эркинлигига қаршимиз.

Албатта, менга бу икки режимдан қайси бирида яшашни афзал кўрардинг, десалар, мен либерал режимни танлардим. У мукаммал бўлгани учун эмас, бу режимда унинг камчикларини танқид қилиш ҳуррияти борлиги учун.

Шарқдаги режимлар етиштирган социал жиҳатдан пассив инсон типининг сабабларини таҳлил этган Ғарб мутафаккирлари, «ислом дунёсида демократияга асос йўқ», деган хулосага келадилар. (Бу қараш бизнинг раҳбарларнинг қарашларига жуда яқин). Яъни масалани динга олиб бориб тақайдилар. Ҳолбуки, Шарқдаги мустабид режимларининг инсон тарбияси исломга ҳеч бир алоқаси йўқ, ҳатто ғайрисломийдир.

Бу хусусни теран тадқиқ этган ғарблик олимлар ҳам бор. Масалан, америкалик тадқиқотчи Граҳам Фуллер ислом ва демократия тўғрисида шундай дейди: «Масалани ислом ва демократия деб қўймаслик лозим. Масалани Муслимонлар ва Демократия, деб қўйиш керак», дейди.

Яъни муслимонлар ҳам демократияда яшашни исташлари мумкин. Бунга энг яхши мисол Туркия. Туркия – маориф системаси ва таълим-тарбия сиёсатини истисно қилганда – биз учун давлат модели сифатида нисбатан уйғун ўрнакдир. Чунки бу моделда дин ва давлат орасидаги эришилган мутаносиблик Ислом дунёсида мислсиздир. Шундай бир мутаносибликка Ўзбекистонимиз жуда-жуда муҳтождир.

Мавзуга қайтиб, аҳлоқ ҳақидаги фикримни якунламоқчиман. Албатта, аҳлоқ бир йилда, икки йилда тузатиладиган нарса эмас. Юқорида айтилди: «Эрк» партияси ёш авлоднинг аҳлоқий мезонларга уйғун тарбиясини стратегик ҳадаф сифатида белгилагандир. Бу муаммонинг ечими учун:

1) МАОРИФ СИСТЕМАСИНИ ТЎЛА ИСЛОҲ ҚИЛИШ

2) ОИЛА ИНСТИТУТИНИ МУСТАҲКАМЛАШ

3) МАЪНАВИЙ ДЕГРАДАЦИЯ МАНБАИ БЎЛГАН ҚАШШОҚЛИКНИ БАРТАРАФ ЭТИШ (СИЁСИЙ ВА ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАР) амалга оширилиши лозим.

Таълим-тарбиядаги ислоҳ сиёсий ислоҳлар каби аҳамиятли ёки ундан ҳам аҳамиятлироқдир. Ёш авлодни аҳлоқсизлик зулматидан қутқариш иқтисодни бўҳрондан чиқариш каби, балки ундан ҳам муҳимроқ.

Аҳлоқсизликнинг энг даҳшатли омили – қашшоқликдир. Ўзбекистон бугун дунёда энг қашшоқ ўлкалардан бири. Шу қашшоқлик сабаб, унинг бир пайтлар муқаддас саналган шаҳарлари, иймон ва ирфон марказлари бўлган Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Шош (Тошкент) энди наркотрафикнинг гузаргоҳларига ва хотин тижоратининг уяларига айланган. Қашшоқлик туфайли бокира қизларимиз араб «шайх»ларининг сассиқ қучоқларига отилмоқда, Тайвань ва ё Қурия даюслари қўлида раҳина бўлиб, бир парча нон учун ўзларини пулламоқдалар. Табиий бойликлари ва катта ишлаб чиқариш потенциалига қарамасдан, юксак малакали мутахассислари ва меҳнатсевар халқига қарамасдан, Ўзбекистон иқтисоди ҳалокат ёқасига келиб қолди.

Корхоналарнинг аксари қисми фаолиятдан тўхтаган ёки ярим қувватда ишламоқда. Ишсизлар сони кун сайин ошмоқда. Нархлар ва инфляция осмонда. Ҳукуматнинг иқтисодни тузатиш учун қилган барча ҳаракатлари беҳуда кетмоқда. Ўртача ойлик маош 18 евро, бу яшаш учун зарур минимумдан ҳам пастдир. Иқтисодий таназзул одамларнинг позитив ўзгаришларга бўлган ишончни йўқ қилади, ижтимоий табақалар ўртасида кин ва нафрат кучайтиради. Охир-оқибатда бу жараён ижтимоий портлашлар ва ялпи сиёсий таназзул билан тугаши ҳеч гап эмас. Бу манзарани янада фожеавий қиладиган бошқа омиллар ҳам бор: булар – коррупция, кланчилик, мафия.

Яъни «соядаги иқтисод»нинг 3 та устуни. Ўзбекистон ҳукумати ташқи дунё учун алоҳида ва ўз маъмурлари учун алоҳида статистик маълумот чиқаради. Президент ва вазирлар учун «Для Служебного Пользования» грифи остида ҳар 3 йилда бир марта чиқадиган «Статсборник»нинг 2001 йилги сонида «соядаги иқтисод»нинг Ялпи Ички Маҳсулотдаги ҳиссаси 37- 40 фоиз савиясида қилиб кўрсатилган. Аммо бугун бу фоиз, норасмий манбаларга қараганда, 40 дан 60 гача юксалган. Мутахассислар «соядаги иқтисод»нинг бу кескин ўсишини кейинги 3 йилда чет эллик инвесторларнинг аксарияти истиқрорсиз иқтисодий сиёсатга чидай олмасдан мамлакатимизни тарк этгани билан изоҳламоқда.»Соядаги иқтисод»нинг бу ўсиши жуда катта ресурсларнинг Ўзбекистон экономикасини айланиб ўтиб, йиртқич кланларнинг чет элдаги ҳисобларига ётирилаётганини кўрсатади.

Кланлар давлатнинг бутун тизимларида ўзларининг вакилларини жойлаштиргандир. Бу мудҳиш «вакиллар» ҳар ерда ҳозиру-нозир: Президент аппаратида, вазирликларда, суд органларида, милицияда, миллий хавфсизлик хизматида, молия, солиқ органлари, божхона, қўшма ширкатларда, давлатнинг стратегик заҳираларида, хуллас, ҳамма ерда. Улар бу жойларда ўтириб, милллионларча долларларнинг барқарор бир шаклда КЛАН ҳовузларига оқишини таъминлайдилар ва бу муҳташам маблағдан ўлка иқтисодига бир чақа ҳам тушмаслиги учун ғайрат қиладилар.

Мафия – кланларнинг узвий парчасидир. Мафия бугун сиёсат даҳлизларида бемалол одим отмоқда. Ва мамлакат иқтисодига зарба бермоқда. Бугун мафия «оталари» билан министрлар қучоқлашиб расмга тушмоқдалар, хонандалар уларга қўшиқлар бағишламоқда. Илгари мафиози билан саломлашганда уятдан қизарган инсонлар, бугун мафиози саломлашса, ғурурдан қизармоқдалар.

12 йил ичида аҳлоқ мезонлари шунчалар ўзгарди. Порахўрлик эса, хасталик сифатида метастаза савиясига eтди, десак муболаға бўлмайди. Ҳатто Президент ҳам пора ҳақида латифалар айтадиган бўлди. Шу қадар ўзимизники бўлди бу порахўрлик, шу қадар “миллийлашди”. Бу иллат давлатнинг шундоқ ҳам заиф пойдеворини янада заифлаштирмоқда. Бундан 10 йил аввал Ўзбекистон ҳукумати Россия, Қозоғистон ва бошқа қўшни ўлкаларда ўтказилаётган иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларга масхараомуз боқиб, бунинг жарга олиб боражаганини башорат қиларди. Бугун Россия иқтисоди дунёда динамик иқтисодлардан бирига айланди. Қозоғистон ҳам оёққа турди. Ўзбекистондаги йўқсилликдан қочаётган минглаб кишилар ҳукуматимизнинг 10 йил аввал устидан кулган ўлкаларга қочмоқда.

Ваҳоланки, ўзбеклар регионда бозор иқтисоди иқлимида яшаб кетишга энг тайёр халқ эди. Ўз халқига унинг қобилиятига лойиқ меҳнат қилиш имконини раво кўрмаган бир ҳукумат ҳақида нима дейиш мумкин?

Дин ва террорга муносабатимиз ҳақида баъзи фикрларимни баён этмоқчиман.

1999 йил 16 феврал куни Тошкентда бир неча портлаш бўлди, ҳукумат бу воқеа сабабчилари сифатида Ўзбекистон исломий ҳаракати ва каминани кўрсатди. Бу воқеага баҳо беришдан олдин бир нарсани эслатиб ўтмоқчиман: ўзбек ҳукумати демократик мухолифатни сиёсий жараёндан четлаштириш учун сайловлар олдидан доим бир ўйин тайёрлашни ўзига удум қилган.

1993 йилда Парламент сайловларига бир йил қолганда бизга қандайдир «Миллий мажлис» тузди, деган айбни қўйди. «Эрк» ва «Бирлик» лидерларидан бир нечтаси қамоққа олинди. Бир қисми қамоқ ва ўлим таҳликаси остида мамлакатни тарк этди. Ва ҳукумат мақсадига эришди: Парламент сайловини мухолифатсиз ўтказди. Аммо мухолифат тазйиқ ва таъқиб, қамоқ ва қийноқларга қарамай, йўлида давом этди. 1996 йил келди, Президентлик сайловлари яқинлашаётганди. Ҳукумат бу гал «Эрк» партияси Туркияда 19 та ёш йигитни давлат тўнтариши учун тайёрлади, деган айб қўйди. Бу Президентлик сайловини мухолифатсиз ўтказишгина эмас, уни мутлақо ўтказмасдан, Референдум билан узайтириб қўйиш имконини яратди. Ниҳоят, 1999 йил келди. Йил охирида навбатдаги Парламент сайловлари, 2000 йил бошида эса, яна Президентлик сайлови кун тартибида эди. Мухолифат ҳали ҳам тирик эди. Заиф бўлса-да, овози чиқиб турарди.

Байналминал ташкилотлар «Эрк» ва «Бирлик» вакиллари билан уларнинг сайловларда қатнашиш эҳтимолини муҳокама қила бошладилар. Бундан қўрққан ҳукумат ўзининг навбатдаги «тадбир»ини амалга оширди. Ва 16 февралда бомбалар портлади. Тақдирнинг киноясига қаранг, бу портлашлар гумбурлаган онларда «Эрк» ва «Бирлик» вакиллари Интерконтинентал Отелида Оврупо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти раҳбарлари билан бўлажак сайловлар ҳақда музокара ўтказаётганди. Бу икки воқеанинг тенг келиши тарихда тасодифлар бўлмаслигини яна бир карра намойиш этди.

Бу портлашларда айбланганларнинг маҳкамаси бир ҳақиқатни ўртага чиқарди: Ўзбекистон ҳукумати портлашлар «тайёрланаётганини» аввалдан билган. Бу жуда муҳим фактор. Аввалдан билган бўлса, нега тадбир олмаган, деган савол туғилиши муқаррар. Тадбир олишни истамаганлар, аксинча, бу «бомбачилар» Миллий хавфсизлик хизматчилари ва Ички Ишлар вазирлиги истихбороти томонидан то 16 феврал кунигача одимма-одим кузатилиб, бомбалар портлагандан кейингина бирин-кетин қўлга олинган. Бизнинг норасмий манбалардан олган билгимизга кўра, ўйин фабуласи шундай: Ўзбекистон ҳукумати 1998 йил апрел
ойида радикал гуруҳга аъзо бўлган Назарбек Умаров ва Абдунаби Нишонбоев деган иккита кишини ҳибсга олади. Уларнинг кўрсатмасига таяниб, бу гуруҳларнинг юрт ичидаги ва ташқарисидаги фаолларини аниқлашади, улар устидан назорат ўрнатишади. Кейин 1998 йил ноябр ойида Туркманистонда гуруҳнинг раҳбарларидан ҳисобланган ва ташкилотнинг планларидан яхши хабардор бўлган Баҳром Абдуллаевни қўлга
туширишади.

Абдуллаевдан ташкилотнинг нималар қилишга қодир эканлигини ўрганишади ва шу потенциалга яраша бир сценарий ёзилади. Сценарийнинг биринчи қисмида ташкилотнинг ташқарида юрган, аммо доимий назоратда бўлган аъзоларига «бир террористик акт билан донг чиқариб қўйиш» ғояси сингдирилиши керак бўлади. Бу ғоя ертўлада ўтирган Умаров, Нишонбоев ва Абдуллаевларнинг «консультацияси» билан ташқаридагиларга етказилади. Ташқаридагилар ҳам «ниҳоят, золимга қарши жиҳод бошланди», деб дарров портловчи моддаларни тайёрлай бошлашади. Улар «жиҳод»га шайланар экан, МХХ агентлари бу анойи мужоҳидларнинг портлашдан кейин қочиши мумкин бўлган бутун тирқишларни беркитади. Айни пайтда портлашлардан кейин ўлкада бошланиши керак бўлган кенг миқёсли репрессиянинг тамалини қўядилар.

Биринчи навбатда, ҳибсга олиниши шарт бўлганлар рўйхати тузилади ва сиёсий мухолифат аъзолари бу рўйхатнинг биринчи қаторида ўрин олади. Тошкентда менинг қизимнинг уйига 3 февралдан бошлаб ташқи кузатув қўйилган, ҳар куни милиционер келиб ҳужжат текширган. Портлашдан 1 кун сўнгра бу уйдан менинг укам Рашид Бекжон ушлаб кетилди. Айни кузатув айни 3 феврал куни Мамадали Маҳмуд, Отаназар Ориф, Мўътабар Аҳмедова уйлари атрофига ҳам қўйилди. Шунингдек, ҳорижда юрган мухолифатчилар ҳам назорат остига олиниб, улар кириб-чиқадиган шаҳарларга яна ўша МХХ агентлари жўнатилди. Бунинг битта ўрнаги Истанбулда зуҳур этди. 1999 йил феврал ойининг бошида «Бирлик» халқ ҳаракати тамсилчиси Алибой Йўляхшиевнинг оиласини Канадага кетаётганда Истанбул аэропортида турк ва ўзбек полислари тўхтатиб, Ўзбекистонга жўнатмоқчи бўлишди. Уларни БМТ томонидан берилган сиёсий қочқин статуси қутқариб қолди.

13 феврал куни Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси ўринбосари полковник Анвар Солиҳбоев бошчилигидаги бир ҳайъат Анқарага учиб келди ва Туркия маҳфий хизматидан чегараларни бўлажак террористларга ёпишини илтимос қилди. Бу чекистлар гуруҳи 14 февралда Анқарадан тўғри Москвага учади, у ерда ҳам русларга айни илтимосни такрорлайдилар. Ва бу ҳайъат 15 февралда Тошкентга қайтади, эртасига портлашлар юз беради.

16 февралдан сўнг «портлаш сабабчилари»нинг аксарияти Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳеч бир қийинчиликсиз ушлаб келинди. Бу операцияда қатнашган Ички Ишлар Вазирлигининг баъзи зобитлари ишдан бўшаб, Русияга кетган, улардан кўп нарсани ўрганиш мумкин.

Мен ўз ҳақимда айтишим мумкин бўлган гап шу: менга қўйилган айбларнинг бирортаси маҳкамада тасдиқланмади, менга қарши кўрсатма берганларнинг ҳаммаси маҳкамада бу кўрсатмаларни тергов пайтида қийноқ остида берганликларини айтишди. Ҳатто ҳукумат билан очиқ ҳамкорлик қилган тили бурро «гувоҳ» Асқаров З. ҳам Муҳаммад Солиҳнинг портлашларга алоқаси йўқлигини маҳкамада ҳам, кейинроқ ББС радиосидан ҳам эълон қилди.

Бизга туҳмат қилганлар шуни икки қулоғи билан эшитиб қўйишсин: ҳеч бир туҳмат боқий бўлолмайди, ҳақиқат муқаррар юзага чиқажак. Бу қотилликнинг асл ижрочилар қора курсига мутлақо ўтиражак. Биз партия ўлароқ, террорнинг ҳар қандай кўринишини кескин қоралаймиз, буни ҳар доим айтганмиз.

Террорни ҳеч бир ғоя билан – на миллий ва на-да диний ғоя билан оқлаш мумкин эмас. Чунки террор аксилинсонийдир. Террорнинг ислом динига ҳам алоқаси йўқ. Чунки террор ғайриаҳлоқийдир, ислом эса – аҳлоқдир, юксак аҳлоқдир. Шу боис, террорга «исломий» деб илова қилиш хатодир.

Бизнинг халқимиз диндор, аммо асло мутаассиб эмас. Диний радикализм бизга ётдир. Диний радикализмни туғдираётган бош омил – ҳукуматнинг диндорларга қарши ўтказаётган зулмидир. Муҳтарам дўстларим, Ўлкамиз бир чорраҳада турибди. Бу чорраҳага у бугун келгани йўқ, 12 йил аввал келган ва ҳали ҳам бирор-бир йўлни танлаб, одим отмади. Ўн икки йилдирки, Ўзбекистон давлат сифатида ўз келажагини белгилай олмай, тараққиёт андозасини топа олмай, режасиз ва орзусиз қаққайиб турибди бу чорраҳада.

Қачонлардир раҳбарларимиз тарафидан талаффуз этилган «Турк» модели, «Хитой», “Жанубий Қурия» ва ҳатто «Пиночет» моделлари ҳақидаги лофлар бу раҳбарларнинг ақл-заковатидаги қусур ва хаёл борасидаги қисирлигини намоён этди. Бу уларнинг жасоратсизликлари ва қарорсизликларини кўрсатди. Мухолифатнинг эса «модел» дарди йўқ. Биз сиёсат майдонига тушгандан бери ҳадафимиз доим очиқ ва шаффоф бўлган.

Ҳадафимиз – Ўзбекистонда демократик ва ҳуқуқ давлати қуришдир. Бу давлатда диктатурага ва ҳар қандай яккаҳокимликка ўрин бўлмаяжак. Бу бўлажак давлатнинг баъзи жиҳатлари тортишилиши мумкин, аммо принциплари биз учун тортишилмасдир. Инсоннинг Оллоҳ берган тамал ҳақ-ҳурриятларини ва адолатни устун қўйган бу давлат сулдори (силуэти) биз учун аллақачон чизилгандир. Бу йўлда биз ҳеч ким билан – ҳатто бизга йилларча зуғум ўтказган ҳукумат билан ҳам – душманликка вақт йўқотмоқчи эмасмиз. Вақт шундоқ ҳам оз. Биз халқимизга беғараз хизмат қилишни орзу қилган, бу зулмдан тезроқ қутулишни истаган ҳар бир одам, ҳар бир гуруҳ ва ташкилот билан ишбирлиги қилишга тайёрмиз. Етарки, ниятлар тоза бўлсин.

Ҳукумат ва унинг баьзи ғарблик ҳомийлари режимнинг жиноятларни хаспўшлаш учун Ўзбекистондаги барқарорлик (истиқрор) ҳақида кўп гапирадилар. Лекин Ўзбекистонда бундай бир барқарорлик кўпдан бери йўқ. Бу ўлкада баҳайбат жазо аппарати воситасида базўр ушлаб турилган, ҳар он портлашга тайёр бир сукунат бор. Барқарор давлатнинг шаҳарларида ҳар фуқаро бошида 2 тадан миршаб турмайди, ҳар қадамда ҳужжат текширмайди, кўчалар «блокпост»лар билан беркитилмайди, аскарлар елкаларига «калашников» осиб кўча-кўйда изғимайди. Бу фавқулодда ҳолат эълон қилинган мамлакатдагина бўлиши мумкин. Ўзбекистонда, 12 йилдир, норасмий фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Ҳақиқий истиқрор учун миллий консенсус – Миллий Ярашув зарур. Бу ишни бошлашнинг илк одими сиёсий маҳбуслар ва ўзгафикрлиларга нисбатан УМУМ РЕАБИЛИТАЦИЯ бўлмоғи керак. Бу Амнистия эмас, Ўзбекистонда ҳур фикри учун, сиёсатга аралашгани ва ёки диний эътиқоди учун таъқиб қилинаётган, ҳибсга олинган, ҳақида ҳукм чиққан юрт ичкариси ва ташқарисидаги бутун шахсларни қамрайдиган бир Реабилитация бўлмоғи керак.

Бу реабилитация қилинажак инсонлар аҳолининг жуда катта қисмини – зиёлилар ва мўътадил диндорлар қисмини тамсил этадилар. Бу жамиятимизнинг энг динамик ва сиёсий жиҳатдан энг фаол қисмидир. Ўзбекистондаги ҳар қандай иқтидор бу қатламларнинг хайрихоҳлигисиз ҳеч бир муҳим ишни амалга оширолмайди. Айнан бу қатлам билан душманчилиги туфайли жорий ҳукуматнинг бу халқ олдида ҳеч қандай обрўси йўқ. Обрў Миллий Ярашув амалга ошсагина, қозонилиши мумкин. Ҳукумат обрў қозонса, мамлакатга истиқрор келди, демакдир. Рухсатингиз билан Қурултойимиз кун тартибига ҳукумат ва барча сиёсий гуруҳларга қарата «Миллий Ярашув Комитети»тузиш ҳақида мурожаат қабул қилинишини таклиф этаман. Бу Мурожаатга муносабат Халқ учун кимнинг нима қила олиши мумкинлигини намойиш этишига шубҳамиз йўқ.

Сўзимнинг охирида, партиямизнинг Дастури лойиҳаси ҳақида фикримни билдирмоқчиман. Авваламбор, лойиҳа устида ишлаган ишчи гуруҳига самимий миннатдорчилигимни ижро қилмоқчиман. Ҳукумат тарафидан кўрсатилган тазйиқ-таъқибларга қарамасдан, бу дўстларимиз лойиҳа устида ишлаб, уни муваффақиятли тугатишга муваффақ бўлдилар. Ўйлайманки, бу лойиҳа бўлажак Дастурга асос сифатида қабул қилинишга лойиқ бир матн. Аммо камчиликлари ҳам йўқ эмас. Ҳатто жиддий камчиликлари бор. Лойиҳада партиямизнинг давлат ва жамият ҳақидаги қараши, унинг фалсафаси етарли даражада ёрқин ифодаланмаган. Лойиҳада стратегик теранлик йўқ, у етарли даражада концептуал эмас ва тактик ҳадафларга керагидан ортиқ йўналган. Бу лойиҳа жиддий таҳрирга муҳтождир. Ишонаманки, бу ишни сиз билан биз биргаликда уддасидан чиқамиз.

Муҳтарам биродарларим, азиз акалар, укалар ва опа-сингиллар!

Сургундаги бир ўзбек биродарингиз сифатида, менинг ватаним ва сизларга бўлган соғинч туйғуларимни қабул этинг. Оллоҳ бизларга энг яқин кунларда ватан тупроғида кўришмакни насиб айласин.

(22.10.2003)

(96)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (275-294-саҳифалар.)

(давоми бор)