Чексиз ҳудуд бўйлаб ёйилган буюк Турк миллати!

Чексиз ҳудуд бўйлаб ёйилган буюк Турк миллати!
68 views
03 April 2017 - 13:04

Ўтган йили Малатя китоб кўргазмаси кунлари танишган эдик. Ироқнинг Керкук шаҳридан туркман шоири ва ёзувчиси Камол Баётли!

Яхши ёзувчи шекилли, имзо куни жуда қизғин ўтди. Маҳаллий телевидение у билан махсус суҳбат ҳам қилди.

‒ Туркман кўпми у ёқларда? ‒ деб сўрадим.

‒ Керкук ўзи туркман шаҳри-ку! ‒ деб жавоб қилди Камол қардош.

Мен ўзбекча-туркча, у эса туркманча-туркча шевада гаплашдик. Бир-биримиз билан жуда яхши англашавердик, Оллоҳга шукр.

Туркман деса биз одатда ёнқўшнимиз Туркманистоннигина тушунадиган бўлиб қолганмиз. Совет тарих “илми”нинг таъсири, албатта! Масалан, дунё бўйлаб ёйилган ўзбеклар ҳақида ҳам деярли ғинг демасди у “илм”. Қардошлик туйғулари қайнаб қолмасин деб қўрққан, табиий.

Кейинги замонларда олган маълумотларим жуғрофий билимларимни алғов-далғов қилиб юборди.

Туркман дегани фақат Туркманистон туркманлари эмаскан. Айтиш мумкин бўлса, Туркманистондагилари умум туркман миллатининг кичик бир қисми экан, холос. Миқдори ҳақида аниқ бир билгим йўқ-ку, лекин биргина ҳозирги Афғонистоннинг ўзида бир дунё туркман яшайди! Яна Туркияда, Сурияда, Ироқда, Ливанда, Эронда ва ҳоказо ерларда катта-катта туркман қавмлари эскидан яшаб келади. У ерлар ҳам ўз ватанлари! Қаерда бўлмасин, тилини, урф-одатини, маданиятини сақлаб келяпти. Ичларида мана бу дўстимиз Камол Баётлига ўхшаш забардаст шоир ва ёзувчилар ҳам етишиб чиққан.

Хуллас, турк оламининг чеки йўқ экан! У ёғи Узоқ Шарқ ва Сибириядан бошлаб ўртада Марказий Осиёю Ҳиндистон ва Покистонгача, бу ёғи Қиримдан бошлаб то Жабали Ториққача бўлган чексиз ҳудуд бўйлаб ёйилган экан буюк Турк миллати!

Бир боқиб туриб: “Дунё нақадар кенг ва катта!” деб юбораман баъзан. Яна бир боқиб: “Дунё нақадар кичик ва тор!” деб қўяман.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Манба: www.facebook.com