Нимага шукур қилай?

Нимага шукур қилай?
13 views
04 April 2017 - 9:59

Кечаги кунги жумани сал четроқда бўлган қишлоқдаги масжидда ўқидим, одамларни турмуш даражаси юриш-турушидан, кийимидан анча оғирлиги кўриниб турипти.

Кўчат экиш билан бошланган мавзуни, домла усталик билан шукрга олиб бориб тақадилар «шу кунимизга шукр қилайлик, шукр қилишга буюрилганмиз, дунёни қанча қанча жойларида урушлар бўлаётгани, очарчиликлар бўлаётгани, дори-дармонлар етишмаслигидан болалар ўлиб кетаётгани ҳаммамизга маълум, шунинг учун шукурни кўпайтирайлик, юртимиз тинчлигига, осмонимиз мусаффолигига, эртанги кунимиздан кўнглимиз тўқлигига, хуллас, ҳамма-ҳаммасига шукр қилишимиз керак» домла шу гапларни гапираётганида беихтиёр олдимдаги йигитни пайпоғига кўзим тушиб қолди, иккаласи ҳам йиртиқ. Ёнидаги амакини маҳсисида ямоқ бор, кўзимни олиб-қочиб ёнимга қарасам ёнимда ўтирган одамни бош бармоғи пайпоғидан чиқиб турубти, шунчалик ҳам тасодиф бўладими?

Яхши ҳам шу домлалар учун Сурияда уруш бўлгани, бўлмаса нимани мисол қиларди билмайман, ундан кўра “мусулмон одам бой бўлиши керак, ана Қатарни, иккови Арабистонни, Туркияни кўринглар, улар ҳам сиз билан бизга ўхшаган мусулмонлар, кеча телевизорда Қозоғистонни кўрмадиларингми? Қоқ чўлни ўртасида мегаполис қуриб ташлаган, мусулмон одам лаллайиб ўтирмасдан ҳаракат қилиши керак, ўшалардан нима камимиз бор” деса бўлмайдими?

Топиб олган гапи, СССРдан мустақил бўлганимизга энди 25 йил бўлди, ҳамма нарсани ҳам бошида қийинчилиги бўлади.

Нима Қозоғистонни мустақил бўлганига 75 йил бўлдими?

Ёки улар СССРни бошқарганми?

Битта мард одам бўлсаю, имомни олдига бориб:

Нимага шукур қилай? Мусулмон юртларда уруш бўлаётганигами? Мусулмонларни қанчаси бошпанасиз қолаётганигами?

Норасидалар бомбалар тагида қолаётганигами?

Ўзини юртида сиғинди бўлаётган Фаластинликларни холигами?

“Ла илаҳа иллалоҳ”, деб турган биродарларим бир-бирини ўлдираётганигами?

Ёки дуодан бошқа ҳеч нарсага ярамай турганимгами?

Ёки ўзимиздаги аҳволгами?

Сизга ўхшаган аҳли-илмни иштонсиз билан ёнма-ён қилиб ўтирғизиб, телевизорга олиб чиқиб масхара қилаётганигами?

Ёки умматга қанча фойдаси тегиб оламдан утган Шайх рохимахуллох ўлганида миқ этмасдан, замонани фиръавни ўлса кўз ёши қиладиган, касбингиз нима десангиз, фақатгина «Ислом дини» дейиши қолган Абдулдийнор имомларга кунимиз қолганигами?

Ёки «шариатда йигирма, қирқ каби маййитга маросимлар қилинмайди», деб туриб ўзи ўша дастурхонни тўрида бўлган иккиюзламачи аҳли-илмларимиз борлигигами?

Ёки бенамозларга қиёмат кунида биринчи намоздан сўраласан, Роббинга эгилгин дейишни ўрнига, намозхонларга сан бундай намоз ўқиганинг учун ҳали жавоб берасан деб турган, икки гапни бирида мазҳабдан гапирадиган бемазҳаблар меҳробда турганигами?

Аёлларимизни рўмолини ечиб олишса индамай туришимгами?

Ўғилларим билан масжидга кира олмай турганимгами?

Ҳар сафар соқол олиб турганимдаги аҳволимгами?

Нимага? Нимага?

«Ёки, ёки…» деб туриб, пайпоғини тешигидан «бош бармоғини» чиқариб, «манавинга» шукур қиламанми?” деса. ©

Sayyid Islom

Манба: facebook.com