Петербургдаги портлашни уюштирган шахс исми очиқланди

Петербургдаги портлашни уюштирган шахс исми очиқланди
22 views
04 April 2017 - 11:02

11 кишининг ҳаётига зомин бўлган Санкт-Петербург метросидаги портлашни асли қирғизистонлик ва кейинчалик Россия фуқаросини олган Акбаржон Жалилов амалга оширган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Қирғизистон Давлат миллий хавфзсизлик қўмитаси маълум қилган.

Душанба куни икки метро бекатида содир бўлган портлашда камида 45 одам жароҳат олган. Жароҳат олганлар рўйхатида марказий осиёлик исмларни ҳам учратиш мумкин.

Қирғиз хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, бомбани 1995 йили Ўшда туғилган Акбаржон Акрамжонович Жалилов портлатган бўлиши мумкин.

Президент Путин ҳодиса яқинидаги хотира бурчагига қўл қўйганПрезидент Путин ҳодиса яқинидаги хотира бурчагига қўл қўйган

Олдинроқ Санкт-Петербургнинг “Пятый канал” телеканали метрода портлаш уюштирган дея Акбаржоннинг суратини эълон қилганди.

“Изқуварларнинг фикрича, айнан у 2017 йилнинг 3 апрел куни «Сенная площадь» метро бекатидан «Технологический институт» бекатига йўналган поезд вагонида қўлбола портловчи қурилмани ишга туширган. Полицияга кўра, у бундан олдинроқ «Площадь восстания» бекатида қўлбола бомбани қўйиб кетган”, – деб ёзилади хабарда.

Расмийлар Акбаржон Жалиловнинг худкушчи бўлгани борасидаги хабарларни тасдиқламаган. Қирғиз хавфсизлик хизмати суриштирув ишлари учун россиялик ҳамкасблари билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирган.

Пачағи чиққан поезд «Технологический институт» метро бекатида тўхтаганПачоғи чиққан поезд «Технологический институт» метро бекатида тўхтаган

Санкт-Петербург мэри шаҳарда уч кунлик мотам эълон қилган.

Портлаш вақти Санкт-Петербургда бўлган Президент Владимир Путин кечга яқин портлаш жойига борган ва гул қўйган.

Россия терговчилари портлашга доир кўп маълумот беришмаган. Портлашларни ҳозирча бирор гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.

Портлаш ортидан АҚШ Президенти Дональд Трамп Путинга қўнғироқ қилиб ҳамдардлик билдирган. У адолатнинг қарор топиши учун “барча дастакни” беришини айтган.

“Икки президент Трамп ва Путин терроризм қатъият билан ва тезликда бартараф этилиши кераклигини таъкидлаган”, – дейилади Оқ уй маъмурияти чиқарган баёнотда.

Германия канцлери Ангеле Меркел портлашни “варварларча ҳаракат” деган.

Ижтимоий тармоқларга тарқалган суратларда пачоқланган вагон ва ерда ётган одам таналари кўринган.

Дастлабки хабарларда ҳар икки «Сенная площадь» ва «Технологический институт» метро бекатларида портлаш бўлганлиги айтилди.

Бироқ кейинчалик Россия Аксил-террор қўмитаси икки станция ўртасида кетаётган поездда, маҳаллий вақт билан соат 14:30 да бир марта портлаш бўлганлигини тасдиқлади.

Портлаш

4 апрелга келиб Санкт-Петербургдаги метро фаолияти қайта йўлга қўйилган.

Шаҳарда ярим миллион атрофида ўзбекистонлик меҳнат қилади. Ўзбекистонлик мигрантларнинг сони кўплиги бўйича Петербург Москвадан сўнг иккинчи ўринда туради.

Сўнгги маротаба Москва шаҳридаги метрода 2010 йили портлаш содир бўлган эди. Ўшанда 45 дақиқалик фарқ билан “Лубянка” ва “Парк культуры” бекатларида портловчи қурилма ишга тушган.

Икки портлаш натижасида 41 одам ҳалок бўлган ва 88 киши жароҳатланганди.

Манба: www.bbc.com/uzbek