Глобал террорнинг икки ажралмас қисми

Глобал террорнинг икки ажралмас қисми
37 views
09 April 2017 - 6:00

2002 йили Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари “Стратегик ҳамкорлик келишувини” имзоладилар. Аммо Ўзбекистон бу Келишувнинг инсон ҳақлари ва демократияга оид битта ҳам моддасини бажо келтирмади. Гарчанд Америка Келишувнинг руҳига ҳар нуқтада содиқ қолди ва Ўзбекистон каби инжиқ муттафиқнинг бутун нозу-фироғига сабр билан чидади. Боз устига, Каримов режимига катта моддий-молиявий ёрдам қаторида дунё миқёсида очиқча сиёсий мадад берди.

Ниҳоят, дунё жамоатчилигининг тазйиқи остида АКШ маъмурияти жорий йилнинг август ойида 17 миллион долларлик бир ёрдам пакетини бекор қилди ва Келишувга риоя қилмаётган Ўзбекистонни жазолантирган бўлди. Аммо бундан бир ой ўтар-ўтмас америкалик бир генерал Тошкентга ташриф буюриб, янги бир “пакет” келтирди ва унинг ичидаги пул “бекор” килинган 17 миллиондан оз эмас эди. Аммо бундан олдин, Ўзбекистон президенти Русияга зудлик билан қучоқ очиб, Путин билан иккинчи “Стратегик ўртоқлик келишуви”ни имзолашга улгурганди.

Бу йилдирим тезлигидаги тадбир ўзбек лидерининг шантаж санъати нақадар юксалганини дунёга намойиш этди. Ўзбекистон президенти эҳтиросли бир тил билан Путинни ўз севгисига инонтиришга тиришди ва “Ўзбекистоннинг табиий муттафиқи бўлган Русиясиз ҳеч қаерга боролмаслигини” эълон этди. Буни изҳор қиларкан, ” Ўзбекистонга ақл ўргатиб, бўлмагур нарсаларни талаб қилаётган баъзи ақлаввал”ларга тишини қайраб қўйишни ҳам унутмади. Бу акл ўргатётганларнинг бошида Ўзбекистон муттафиқи АҚШ келарди албатта. АҚШнинг талаб қилаётган “бўлмагур нрсалари” эса маълумингиз демократия, эркин сайловлар, мухолифатни рўйхатга олиш, сўз эркинлиги ва маълумингиз инсон ҳақларидан бошқа нарса эмасди.

Бунга жавобан, Ўзбекситон Президенти Москвага кетишдан олдин Тошкентда Сорос вақфини таъқиқлади. Чунки бу вақф тоталитар ўлканинг том қалбида туриб демократия вирусларини сочётган бир манбаъга айланганди кейинги йиллларда. Бунга ўзбек президентининг кўзларини очган Гуржистоннинг собиқ президенти Шеварнадзе бўлди. Биласиз, бу гуржи лидер бултур Тбилисида юз берган “атиргул инқилоби” натижасида ўз тахти билан видолашган эди.

Собиқ совет ҳудудларидаги ҳар хил “қаланги-қасанги хорижий ташкилотларга” Русия президентининг ҳам салбий қараши ўзбек лидерини яна-да илҳомлантириб юборди. Ва Москвадан қайтган заҳоти, демократия вирусини тарқатётган иккинчи бир хорижий ташкилот – Интерньюснинг танобини тортиб қўйди.

Бу сўнгги метаморфозаларнинг маъноси нима?

Гап шундаки, Ғарб билан ўртоклик – ҳатто у стратегик бўлса-да, ҳатто антиттеррор каби муҳим жабҳа ўртоқлиги бўлса-да – Ўзбекистон президентига ҳокимиятда бир умр қолиш кафолатини бермасди.

Аммо Русия иқтидори – зеҳният жиҳатидан ўзбек лидерига қариндош ўулган иқтидор – бу кафолатни бериши мумкин эди. Агар буни “бериш – бермаслик” унинг иродасига боғлиқ бўлса албатта. Ўзбек ҳукмдори бу ҳусусиятни илгари ҳам тушунарди. Факат шошилишга ҳожат йўқ эди. Бошқа, долзарб ишлар бор эди. Антитеррор кампанияси шовқин сурони остида Ғарб давлатларидан кўпроқ ёрдам умариб қолиш мумкин эди. Ва ўмарилди ҳам. Америка билан Келишув имзолаётиб, бу ҳужжатдаги демократик ислоҳотларга оид ҳеч бир параграфни “хаётга тадбик” қилмаслигини Каримов билар эди. У Американинг бунга бўладиган муҳтамал жавобини ҳам билар ва буни кутиб турган ҳам эди. Кутилган он келди, Оқ Уй 17 миллион доллар ёрдамни тухтатди ва Каримов ҳам Московга учди. Энди Каримов демократия ўйини ҳилмаса ҳам бўлади.

Декабр ойига Парламент сайловлари белгиланган. Бу сафар ҳам (тўртинчи марта!) мухолифат сайловдан четлатилди. Мухолифатни четлаб, президент зў қў билан қрган 5 та қўғирчоқ партияни Парламентга киритмокчи. Хорижий ташкилотларнинг энг фаолларини таъқиқлаш ва мухолифатга тазйиқни ортирриш, Америкадан узоқлашиб, Московга яқинлашиш маневрлари остида декабрда бўлажак сайловларда режим тарафдорларини жанжалсиз ва осон сайлаш режаси ҳам бор.

Оврупо Хавфсизлик ва Ишбирлиги Ташкилоти (OSCE) бу сайловларни кузатмокчи, деган миш-мишлар ҳали ҳам мавжуд. Агар бу юз берса. Каримов режими 2005 йилда Ғарб демократияси устидан ўзининг энг катта ғалабасини нишонлаяжакдир. Агар Ғарб бу сохта сайловларга кузатувчи юборса, бу дегани Ғарб Ўрта Осиё диктаторларининг ўз халқлари ҳақида уйдирган “демократия халқимиз зеҳниятига тўғри келмайди” деган концептини қабул қилган бўлади. Бу дегани Ўзбекистон диктатори Ғарбга ўзининг уйин қоидаларини қабул эттирди демакдир. Бу яна, бундан сўнгра Ўрта Осиёда унинг демократия тажрибаси бир модел ўлароқ ҳурмат кўради, демакдир.

Агар бу юз берса Ислом Абдуганиевич Каримов ўзининг президентлик иқтидорини 5 марта, бу гал 7 йилга узайтириш учун навбатдаги референдумни чақиришига ҳеч шубҳамиз қолмаяжакдир. Ва агар бу юз берса, биз шўрликларнинг Ислом Абдуганиевичнинг 25 йиллик ҳокимияти туйини нишонлашдан бошқа иложимиз қолмайди. Оллоҳ ўзбек халқига бундай бир қора кунни кўрсатмасин!

Албатта, у пайтгача Ўзбекистонда ижтимоий портлашлар юз бермаса. Фақат ҳозирча ора-сира бомбалар портлаяпти холос. Ва улар ҳам ҳокимиятнинг назорати остида портлаяпти.

Портлатганларнинг ҳамммаси портлашдан анча олдин МХХ ва ИБВ га маълумдирлар. Улар портлашдан дарров сўнгра ҳибсга олинадилар ва қора курсига ўтириб, ўзларига қарши чин кўнгилдан “аниқ кўрсатмалар” берабошлайдилар. Баъзи истиснолар ҳам бўлиб туради албатта. Масалан, бултур маҳбус Зайнидди Асқаров ВВС Радиосига 1999 йил портлашларини Миллий Хавфсизлик Хизматининг уюштирганини айтиб берганди. У бу иқрордан кейин изсиз йўқолди. Режим жиноятининг гувоҳи Асқаровга нима бўлгани ҳақда ортиқ ҳеч ким қизиқмайди ҳам. Жамиятимиздаги бу ғафлат ва лоқайдлик мутажoвуз режимга жуда қўл келади. Тузоғига туширган жоҳил бандаларнинг қўли билан бомбаларни портлатишда давом этади. Ва глобал террорнинг шабадаси эсади, дикаторларнинг кўксига ором берадиган мудҳиш шабада! Бу сояда диктаторлар ҳурфикр инсонлар, диндор ва сиёсий мухолифларни қон қустиришда давом эттирадилар.

Ўзбекистоннинг геополитик мавқеи катта давлатлар ўртасида маневр қилишга маълум даражада имкон беради. Диктаторнинг мантиғи жўн: мени кимнинг қуллаб-қувватлаши муҳим эмас, ким бўлса ҳам қўлласин. Агар Америка қўлламаса, Русия қўллаяжак, агар Русия қўлламаса, Хитой бор. Агар Русия ва Хитой мендан демократия талаб қилаётган Америкага қарши бирлашиб мени қўлласа яна-да яхши!

Шундай экан, “Каримов Ғарбдан юз буриб, Московга қучоқ очди” деганларида буни шартли қабул килиш лозим. Эртага Московга терс қараб, яна Ғарбга қучоқ очиши турган гап.

Русиянинг Беслан шаҳрида юз нерган террор воқеаси постсовет ҳудудидаги тоталитар режимларни шубҳасиз мустаҳламаштирди. Террор террорни кучйтиради. Террор золим ҳукмдорларнинг қўлларини яна-да узун қилади, уларга эркинликларни бўғиш учун чекланмаган ҳуқуқлар беради. Жамоатчиликнинг оғзини ёпишга баҳона туғдиради. Айникса, Ўзбекистондаги каби демократик институтлари йўқ, фуқоравий жамият заиф бўлган ўлкаларда.

Ўзбекистонда 8 минг атрофида сиёсий маҳбус бор, уларнинг бирортаси ҳам ўз айбига иқрор бўламган, улар берган бутун курсатмалар қийноқ остида олинган. Ўзбекистон муҳим, минтақанинг калити сифатидаги ўлка хисобланади. Ва дунё тарафидан бир мувозанатсиз иқтидорнинг қўлига ташлаб қўйилган бир мамлакат. Советлар йиқилгандан кейин мустақилликка эришган ватанимиз Ўзбекистон ўзининг табиий бойликлари, нисбатан соғлом иқтисоди ва яхшигина ишлаб-чикариш инфраструтурасига қарамай, динамик ва ҳомоген (этник жиҳатдан яхлит), интеллектуал потециали катта аҳолисига қарамай, сўнгги 15 йил ичида дунёнинг энг қашшоқ ва сафил ўлкасига айланди. Ўзбекистон ташқаридан қарганда истиқрорли (барқарор) бу ўлка – дунёнинг энг истиқрорсиз ўлкасидир аслида. Қолаверса, бу истиқрорсизлик бутун Ўрта Осия минтақасига таҳдид соладиган туридандир.Чунки Ўзбекистон террор маскани. Террор манбаъи эса Каримов режимининг ўз халқига уйғулаётган давлат терроридадир. Режим 15 йил давомида оддий фуқороларнинг фанатик жангариларга, оддий диндорларнинг эса “интиҳор шаҳидлар”ига айланиши учун қўлидан келганини аямади.

Алабатта-ки, ўз жонига қасд қилиб, айни пайтда бошқаларни ҳам портлатаётган кимсалар бизнинг инончимизда икки карра жиноячилардир. Чунки ислом динида ўз жонига қасд қилмоқ – жиноятдир. Бегуноҳ инсонларни ўлдирмак яна бир жиноятдир. Аммо бу каби инсонларнинг пайдо булишига сабаб бўлаётган режим эса жиноятчининг энг каттасидир.

Белига бомба боғлаб, одамлар орасида портлатган “шаҳид”ларни зомбига тенглаштирган диктатор ҳақли эди. Аммо диктаторнинг ўзи зомбиларнинг энг каттаси эмасми? Диктаторнинг ҳар кун йўқ қилаётган юзларча жон билан ўзини “шаҳид” деб билган заволли одам портлатган бомбадан шаҳид тушганлар орасида осмон билан ерча фарқ бор. Яна бир фарқ шуки, диктаторни қотиллиги учун “антитеррор куршининг қаҳромони” деб эълон қилишса, бомбачи “шаҳид”ни хамма лаънатлайди. Бу икки қотилни бирлаштирган битта ҳусусият бор: ҳар иккаласи ҳам ўзининг террорини диний ва ёки миллий рангларга бўяб тақдим этадилар. Ҳар иккалови ҳам – қаерда бўлмасин, хоҳ Тошкент, хоҳ Киддусда – бир хил шафқатсизлик билан ўз қурбонларига ташланадилар. Террорнинг бу икки намояндаси – Глобал террорнинг иккки ажралмас қисмидирлар. Бири икккинчиси бўлмаса яшашлари қийин. Бири иккинчисини туғади (рожает маносида) ёки бири иккинчисини ейди – ва шу йўсинда яшашини таъин этади, атрофига ўим сочиб, йўлида давом этади.

2004 йил Октябрь

(103)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (307-311-саҳифалар.)

(давоми бор)