Кўринг

Кўринг
35 views
09 April 2017 - 8:00

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Кўринг

Ҳар йигитнинг аслин билай десангиз,
Маъракада ўтириб, туришин кўринг!
Биров билан ошно бўлай десангиз,
Аввал иқроринда туришин кўринг!

Узоқ йўлни кўзлаб, борар бўлсангиз,
Мардликнинг қиличин чолар бўлсангиз,
Бир бедовни сайлаб, олар бўлсангиз,
Сийнасин, сағрисин, керишин кўринг!

Бир пул тушса бир ифлоснинг қўлина,
Кўксин очиб кезар қишнинг елина,
Харидор бўлсангиз қиз ва келина,
Адибин, икромин, ўтиришин кўринг!

Мард йигитнинг от, яроғи шай бўлса,
Етишар ҳар ерда, ҳайда-ҳай бўлса,
Ўзи сахий бўлиб, яна бой бўлса,
Ҳар тарафдан меҳмон келишин кўринг!

Бир нечани қилдинг молнинг бисёри,
Бир нечани қилдинг бир пулнинг зори,
Яхши-ёмон барча одамнинг бори,
Навбат билан ўтиб боришин кўринг!

Тангри безор эрур закотсиз бойдан,
Зинҳор сиз ҳам қочинг ул келган жойдан,
Мардга ҳар иш тушса, кўрар Худойдан,
Номарднинг ҳамроҳдан кўришин кўринг!

Номард юрар мудом ўлимдан қочиб,
Уйина борганда заҳрини сочиб,
Мард йигит ўлимга сийнасин очиб,
Майдонда терс саваш қуришин кўринг!

Золимлар унутар зикри Аллоҳни,
Арзон олиб, қиммат сотар ғаллани,
Судхўр ноинсофлар ҳалол тиллони,
Ҳаром фойдасига беришин кўринг!

Шайтон малъун ҳаргиз тоат эттирмас,
Ҳаромдан қайтармас, ҳалол юттирмас,
Номозга уйдирмас, рўза туттирмас,
Лаънати шайтоннинг талашин кўринг!

Мард йигитнинг иши суҳбат, соз бўлар,
Кўнглида қиш бўлмай, доим ёз бўлар,
Яхшининг кўнглинда кина оз бўлар,
Ёмоннинг кунда бир уришин кўринг!

Қадрдон қардошдан узоқ, дош бўлиб,
Қадрсиз ёт билан қариндош бўлиб,
Махдумқули, носозларга дуч бўлиб,
Хожанинг, саййиднинг юришин кўринг!

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди