Бошқалар учун имтиҳон

Бошқалар учун имтиҳон
103 views
12 April 2017 - 6:00

(Тахмин: Ўзбекистонда 26 декабр (2004) куни ўтадиган Парламентга сайловларда Каримовнинг одамлари 100 фоиз ғалаба қозонади)

Маълумки, ҳар қандай сиёсий партия ҳокимият учун курашади. Аммо Ўзбекистонда дунёда мисли кўрилмаган партиялар бор. Бу партиялар ҳокимият учун курашмайдилар. Бу партия лидерлари «биз баъзи бировларга ўхшаб ҳокимият учун курашмаймиз, балки жонажон Президентимиз Каримов раҳбарлиги остида халқ фаровонлиги йўлида меҳнат қиламиз», дея очиқ баёнот берадилар. Улар «баъзи бировлар» деркан, мухолифатни назарда тутишади.

Ўзбекистонда ўтадиган сайловлар ҳақида »Фергана.ру» сайти шундай хабар тарқатди: «Сайловларда қатнашишга 5 та ҳукумат тарафдори партия ҳақ қозонди. Бирорта ҳам мухолиф партия сайловда қатнашиш учун рўйхатдан ўтказилмади. Сўровда қатнашган сайловчиларнинг фикрича, сайловда қатнашадиган партиялар сони 1 тадан 10 гача. Фақат 1 кишигина партиялар сонини тўғри (5 та эканлигини) айтди». (Ferghana.ru, Екатерина Бондаренко, 06.12.04)

Бир бошқа хабар: «Комитет по зашите свободи слова» томонидан эълон қилинган сўровда турли миллат, касб ва ёшдан
бўлган 20 тошкентликдан фақат 5 кишигина сайловларнинг қайси кун бўлишини айта олди». («Кастрюльние бунти», Андрей Саидов, 18.12.04, Centrasia.ru).

Бунга шуни илова қилиш мумкин: бу саналган 5 та партиянинг бештаси ҳам Ўзбекистон Президенти тарафидан тузилган. Аслида, бу партиялар қоида бўйича – ҳеч бўлмаганда – бир-бирига нисбатан МУХОЛИФ бўлишлари керак эди, аммо улар МУХОЛИФ сўзидан, худди йўлбошчилари Ислом Каримов каби, ўтдан қўрққандай қўрқадилар ва ўз партияларини «мухолифат» деб аташдан даҳшатга тушадилар.

Юқорида эслатганимиз сўров шуни кўрсатибдики, тошкентлик сайловчилар бу партияларнинг на исми, на лидери ва на-да программасини билишади. Шунга қарамай, баъзи қўшни давлатлар – Русия ҳам, шу жумладан – Ўзбекистондаги бу ғалати сайловга кузатувчилар юборишдан чекинмадилар. Сайловларга мухолифатнинг киритилмагани ва бунга муносабати сўралган россиялик кузатувчилар «биз Ўзбекистоннинг қонунларини ҳурмат қиламиз ва ички ишларига аралашмаймиз», дея жавоб беришган.

Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашмаслик истаги Хитой Халқ Жумҳуриятида ҳам жуда кучли, балки Русияникидан ҳам кучлироқ. Эҳтимол, унда ҳам Ўзбекистон билан «стратегик ўртоқлик» шартномаси тузиш орзуси бор. Ҳар ҳолда, Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсатини қўллаб-қувватлашда Русия билан Хитой мусобақа этиб, бу борада Ўзбекистоннинг муттафиқи Америка Қўшма Штатларидан орқада қолмасликка интилаётганлари аниқ.

Америка Қўшма Штатлари эса – Ўзбекистонни гоҳ-гоҳ инсон ҳақлари ва демократия ҳақида огоҳлантирса ҳам – унга нисбатан доимо шафқатли ҳаракат этмоқда. Ҳар ҳолда, Белоруссия, Молдова ёки ҳатто Украинага кўрсатган қаттиққўллигини Ўзбекистонга бирор марта ҳам кўрсатмади. Ҳолбуки, Ўзбекистондаги сиёсий режим бу саналган ўлкаларга қараганда юз бор антидемократик ва мустабиддир.

Масалан, яқинда АҚШ Давлат Департаменти Украинада кечган Президентлик сайловларидаги адолатсизликлар ҳақида қаттиқ огоҳлантириб, мухолифатнинг ҳақларини ҳимоя қилди. АҚШ худди шундай принципиалликни Ўзбекистонга нисбатан ҳам кўрсата олдими, ажабо? Ахир, Ўзбекистонда наинки «адолатсизлик», балки мухолифатнинг ўзи ҳам йўқ-ку сайловларда? Умид қиламизки, Давлат Департаменти бу мавзуда ўз фикрини билдиради.

Ўзбекистон ўзининг стратегик ўртоқлик имтиёзи ёрдамида НАТО ва АҚШнинг эркатойига айлангани бир ҳақиқатдир. Аммо буюкларга бўлган бу яқинлик Ўрта Осиёга кутилган истиқрорни (барқарорликни) олиб келмади. Аксинча, мамлакатда истиқрорсизлик борган сари кучаймоқда. Шу йилнинг баҳори ва ёзида Бухородан Тошкентгача бўлган кенг ҳудудда террористик актлар рўй берди. Бу ҳаракатлар бевосита миршабларга ва давлат маъмурларига қарши қаратилганди. Бу воқеалардан кейин, кутилганидек, терактларга ҳеч алоқаси бўлмаган мўътадил диндорларга қарши қатағон кучайди, қама-қама бошланди.

Ўзбекистон раҳбари Буюк Давлатнинг муттафиқи бўлиш имтиёзини ўз халқига қарши зулмни машруълаштириш йўлида фойдаланмоқда, мухолифларга қарши давлат террорини давом эттириш учун қўлланмоқда. Бу эса минтақадаги шундоқ ҳам таҳликали вазиятни янада хавфли чизиққа яқинлаштирмоқда.

Каримов режимининг АҚШ тарафидан – нима бўлса бўлсин! – қўллаб-қувватланиши халқ ичида аввал кўринмаган антиамериканизм кайфиятини туғдирмоқда ва оқибатда буюк давлат ўз обрўсини йўқотмоқда. Бу нуқтада Америка Қўшма Штатлари худди ўзининг ҳарбий базалари томонидан олинган раҳиналарга монанддир. Ҳолбуки, ҳарбий базалар учун ерни обрўни йўқотмасдан олиш мумкин. Масалан, Қирғизистондан ва ёки Тожикистондан. Америка Қўшма Штатлари ўз муттафиқи Ўзбекистондан 2002 йил мартда Вашингтонда имзоланган «Стратегик хамкорлик» шартномасининг демократия ва инсон ҳақларига тегишли бутун моддаларини бажаришга чақириши лозим. Акс ҳолда, АҚШ обрўси Ўрта Осиё минтақасида қаттиқ задаланиши турган гап.

Декабр ойида ўтаётган сайловлар Ўзбекистон Президенти Каримов учун асло имтиҳон эмас. Каримов бўлажак парламентнинг рўйхатини аллақачон тузган ва бу парламентда – худди аввалгисида бўлгани каби – бирор жонзот (депутат) ўзига қарши «миқ» этмаяжагини билади.

Бу сайловлар Мухолифат учун ҳам имтиҳон эмас. Мухолифат «ЭРК» партияси сиймосида бу сайловларни бойкот этишга чақирди (Uzbek opposition announces vote boycott 11.06.2004 Associated Press). Мухолифат Каримов режими йиқилмагунча сайловларда қатнашишнинг мумкин бўлмаяжагини жуда яхши билади.

Лекин бу сайловлар Ғарб давлатлари учун бир имтиҳон эканлигига ҳеч шубҳа йўқ. Чунки Ғарб демократияни бутун дунёда ёйишга даъво қилиб келган бир маданиятдир. Бу сайловлар Диктаторнинг бу спектаклига ўз кузатувчиларини йўллашдан чекинмаган Оврупо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти учун ҳам мутлақо бир имтиҳондир. Шунингдек, бу Ўзбекистон сиймосида мутажовуз бўлмаган, яхши қўшни кўришни истаган Марказий Осиё давлатлари учун ҳам имтиҳон. Ки Ўзбекистон раҳбарининг 15 йиллик беқарор ва таҳликали сиёсатидан фақат Ўзбек халқи эмас, балки бутун дунё чарчагандир.

Яқинлашаётган сайловлар хусусида мушоҳада юритган баъзи мутахассислар беихтиёр: «бу сайлов ҳам бўшига кетди, бу диктаторни сайлов воситасида, тинч йўл билан ҳокимиятдан узоқлаштиришнинг навбатдаги имконини бой бердик!» дея хитоб этадилар. Ва билмайдиларки, ҳокимиятни сайловлар воситасида «тинч йул билан» фақат демократик режимларда алмаштириш мумкин. Антидемократик давлатларда эса сайловлар мавжуд режимни машруълаштириш (легитимлаштириш) ва уни мустаҳкамлаш воситасидан бошқа нарсага ярамайди. Шундай экан, жаноб кузатувчилар, Ўзбек диктаторининг ҳокимиятини кузатишга хуш келибсиз!

2004

(107)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (318-321-саҳифалар.)

(давоми бор)