МАХДУМҚУЛИ
Биринчи китоб
Кечди деб йиғларман
Эй, ёронлар, умримдан
Кечди, деб йиғларман.
Кетди ақлим бошимдан,
Кетди, деб йиғларман.
Кетган келмас йўлиндан,
Ёмон кечмас феълиндан,
Диёнат эл қўлиндан,
Учди, деб йиғларман.
Ҳозир бизнинг замонда,
Ёмон сўзлар забонда,
Зулм ишлар жаҳонда,
Жўшди, деб йиғларман.
Бу айёмда баттоллар,
Юз тил бирла алдарлар,
Қани неча дилдорлар?
Ўтди, деб йиғларман.
Неча садо тенг-тўшлар,
Шайтон раъйини бошлар,
Юз буришиб қардошлар,
Қочди, деб йиғларман.
Кўринг, фалак ўйинин,
Узар оламнинг бўйнин,
Жононлар ер қўйнини,
Қучди, деб йиғларман.
Махдумқули, дер мардга,
Дунё банддир, тан парда,
Бошимни сонсиз дардга,
Солди, деб йиғларман.
*****
Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди