Америка президенти Жорж Бушнинг қайта сайланганлиги муносабати билан

Америка президенти Жорж Бушнинг қайта сайланганлиги муносабати билан
31 views
13 April 2017 - 6:00

Американинг Жумҳуриятчи партиясини Президентлик сайловларидаги ғалабаси билан табриклаймиз. Ва умид қиламиз-ки, Президент Буш раҳбарлигидаги Америка дунёда демократиянинг ёйилиши учун ўз ҳиссасини қўшишда давом этажакдир.

Шуни таъкидлаш лозим-ки, Американинг Ўзбекистондаги ҳарбий борлиги умуман олганда ўлкага ижобий таъсир кўрсатди. Маҳаллий ҳокимиятнинг қаттиқ қаршиликларига қарамай, сўнгги 3 йилда мамлакатда хабарлашма (информация) соҳасида нисбий бир эркинлик вужудга келди. Омманинг сиёсий фаоллиги ўтган йилларга нисбатан сезиларли даражада ўсди. Бу ва бошқа мусбат ўзгаришларда Ғарб давлатлари ва албатта Американинг таъсири мавжудлигини инкор қилиш мумкин эмас.

Аммо ўзбек демократлари Америкадан кўпроқ нарса кутганлигини ҳам яширмаслик керак. Чунки Ўзбекистондаги мавжуд режим Америка Конгресси эмбарго қўйгани Белоруссия сиёсий режимидан ҳам кўпрок авторитар эди. Чунки Ўзбекистон Президенти Каримов халқаро шартномаларни Лукашенкодан ҳам кўпроқ бузган, кўпроқ топтаган эди. Ва ўзбек демократлари Конгресснинг Лукашенкога кўрсатган принципиаллигини Ўзбекистон Президентига ҳам кўрсатишини кутган эди.

Америка ва Ўзбекистон орасидаги антитеррор иттифоқи ҳарбий маънода ўзини оқлаган бўлиши мумкин, аммо демократия соҳасида ҳеч оқламади. Аксинча, бу шубҳали иттифоқ Американинг демократия ҳомийси сифатида машҳур бўлган сиймосига доғ туширди, десак муболаға бўлмайди.

Америка қўшинларига ер берган ўзбек ҳукумати буюкдавлат Американинг демократик принципларини гўё гаровга олди. Инсон ҳақларининг бузилиши, сиёсий маҳбусларга уйғуланаётган давомли қийноқлар ва ўзга фикрлиларга қарши қатағонларга қарамай, ўзбек ҳукуматининг Америка тарафидан қўллаб-қувватланиши иккиюзли сиёсат таассуротини туғдирди ва бу ерли аҳоли ўртасида қисман антиамерикан кайфиятлари уйғотди.

Президент Бушнинг қайта сайланганлиги муносабати билан, биз Ўзбекистонлик демократлар Американинг Ўзбекистон сиёсатининг позитив йўн олишда янгиланишига умид қилмоқдамиз. Биз Президент Бушнинг Ўрта Осиёда, айниқса Ўзбекистонда демократия тараққиётига янада фаол ҳисса қўшади деб умид қиламиз. Чунки Ўзбекистон бу қадриятларнинг энг шафқатсиз топталаётган бир бўлгасига айлангандир.

06.11.2004

(108)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (322-323-саҳифалар.)

(давоми бор)