Туркия истиқлол марши

Туркия истиқлол марши
37 views
14 April 2017 - 6:50

ТУРКИЯ ИСТИҚЛОЛ МАРШИ
(ўзбек туркчасидаги кўриниши)
Маҳмат Оқиф Эрсой

Қўрқма, сўнмас бу шафақларда сузган ол санжоқ,
Сўнмасин юртимнинг устида ёнган энг сўнгги ўчоқ.
У маним миллатимнинг юлдузидир порлаяжак,
У манимдир, у маним миллатимнингдир ҳар чоқ.

Уйма, қурбон бўлайин, қошинга эй, нозли ҳилол!
Қаҳрамон ирқима бир кул! На бу шиддат, бу жалол?
Санга бўлмас тўкилган қонларимиз сўнгра ҳалол…
Ҳаққи, Ҳаққа топинган миллатимнинг истиқлол!

Ман азалдан беридир ҳур яшадим, ҳур яшайман!
Қайси телба манга занжир уражакмиш? Ман шайман!
Кукрамиш сел кабиман, деворни йиқиб, ошаман.
Йиртаман тоғларни, ҳандақларга сиғмай, тошаман.

Мағрибнинг уфқини қопласа пўлат зирҳли девор,
Маним иймон тўла кўксим каби сарҳадим бор.
Улусим, қўрқма! Қандай қилиб шундай бир имонни бўғар,
‘’Маданият!’’ деганинг бир тиши қолган жонивор?

Биродар! Юртимга олчоқларни йўлатма, токи,
Қалқон эт гавдангни, тухтасин ҳаёсизча оқим.
Туғажактир сенга ваъд этгани кунлар Хақнинг…
Ким билар, балки эрта, балки эртадан-да яқин.

Босганинг ерларни ‘’тупроқ’’деярак кечма, тани:
Тушун, остида мингларча кафансиз ётганни.
Сан шаҳид ўғлисан, инжитма, ҳокини отангнинг:
Берма, дунёларни олсанг-да, бу жаннат ватанни.

Ким бу жаннат ватаннинг йўлида бўлмас-ки фидо –
Шуҳадо пишқиради тупроқни сиқсанг, шуҳадо!
Жони-жононни, бутун боримни олсин-да Худо,
Этмасин тек ватанимдан мани дунёда жудо.

Руҳимнинг сендан, Илоҳий, шудур ёлғиз амали:
Тегмасин маъбадимнинг кўксига номаҳрам қўли.
Бу азонлар-ки шаҳодатлари – диннинг тамали,
Абадий юртимнинг устунда маним янграмали.

У замон важд ила минг сажда этар ҳатто тошим,
Ҳар жариҳамдан, Илоҳий, тўкилиб қонли ёшим,
Пишқирар руҳ-и мужаррад каби ердан лошим;
У замон юксаларак Аршга тегар балки бошим.

Ҳилпира, сан-да шафақлар каби, эй шонли ҳилол!
Бўлсин энди тўкилган қонларимнинг жами ҳалол.
Абадиян санга йўқ, ирқимга йўқ измиҳлол:
Ҳаққидир, ҳур яшаган байроғимнинг ҳуррият;
Ҳаққи Ҳаққа топинган, миллатиминг истиқлол!

(ўзбек туркчасига Муҳаммад Солиҳ уйғунлаштирди)

Манба: facebook.com