Буюкларнинг буюги…

Буюкларнинг буюги…
66 views
18 April 2017 - 12:50

Жамол Камол
Ўзбекистон халқ шоири

Буюклардан буюк Муҳаммад алайҳиссалом ҳикояти
(“Анвармирзо ҳикоятлари” китобидан)

Америка юлдузлари
орасида Майкл Харт,1
Таъдиқодчи олим эди,
адиб эди аломат.

Китоб қилиш орзусига
тушди у бир замони,
Танлов қилиб буюклардан
юзта буюк сиймони…

Ўша буюк юзталикка
кимлар эди муносиб?
Олим буни тайин этди
уч мезонга мувофиқ.

Аввал шуки, ўша сиймо
етмиш қайдан – қайгача?
Овозаси етганмидир
осмондаги ойгача?

Кейин эса, инсонларга
етказди не манфаат?
Етказган у манфаати
йирикмидир, не адад?

Ва ниҳоят, не даража
эҳтиромга у лойиқ?
Исмин айтиб, ҳалигача
ёд этарми халойиқ?

Шу йўсинда сиймоларнинг
мингтасини сайлади
Ва уларни бирин – бирин
компютерга жойлади.

Буйруқ бериб, тугмачани
босган эди бадастур,
Мингтасидан беш юзтани
танлаб берди компютер.

Беш юзтани жойлаб тағин,
берган эди команда,
Юзта буюк алломанинг
номи чиқди экранда.

Юзта буюк – жаҳон аҳли
фахри эди, суюги,
Ўйлаб қолди, ким экан деб
буюкларнинг буюги?

Аниқла, деб компютерга
яна фармон берди Харт,
Экран аро қалқиб чиқди
“Расулиллоҳ Муҳаммад”

Ишонмади, тўққиз карра
синов қилди у яна,
“Расулиллоҳ Муҳаммад деб”
Ёза берди машина.

Адиб шунда мажбур қолиб,
қатъий қадам ташлади
Китобини Расулиллоҳ
Муҳаммаддан бошлади.

Ўша эди буюклиги
қиёмига етишган,
Етимликдан Пайғамбарлик
мақомига етишган.

Ўша эди ҳар каломи
инсонларга маърифат,
Ислом ила етказолган
миллионларга манфаат.

Ўша эди илми яшаб
башарият дилида,
Такрор эрур исми милярд
мусулмоннинг тилида.

Подшоҳ бўлиб берди фақат
адолатга амрини
Бой – бадавлат миллат қилди
қашшоқ араб қавмини.

Йигирма йил давомида
не нуфузга етишди
Салтанати Чин – Мочиндан
Андалусга етишди.

У туфайли юракларда
ғурур эди, ифтихор
Шунинг учун бўлди ўзи
буюкларга байроқдор!

Ушбу холис хулосани
ёзиб эълон этди Харт
Бор дунёга аён бўлди
қуёш каби ҳақиқат.

Дунё билди сарваримиз
Яратганнинг суюги –
Расулиллоҳ Муҳаммаддир
буюкларнинг буюги…

23.02.2017

1Майкл Харт тузган инсоният тарихида ўчмас из қолдирган юз буюк сиймолар рўйхатининг бошида Муҳаммад алайҳиссалом тургани Ғарбдаги кўплаб ўқувчилар томонидан норозилик ва танқидлар билан кутиб олинди. Шу муносабат билан Майкл Харт китобига сўзбоши ёзиб унда Муҳаммадни буюклардан буюклигини аниқлашда ҳис туйғулар эмас – математик ҳисоб китоблар асос бўлганини тушунтирди. Албатта Майкл Харт Муҳаммад Пайғамбар ҳақида ўн тўққизинчи йигирманчи асрдаги Ғарб ва Шарқнинг улуғ инсонлари: Гёте, Ламартин, Бернард Шоу, Лев Толстой, Олмония канцлери Бисмарк, Ҳиндистон лидерлари Ганди ва Неруларни энг юксак эътирофларини яхши билганлиги унга мадад бўлди.

facebook.com ижтимоий тармоғидан олинди