Ногирон Софокл ҳикояти

Ногирон Софокл ҳикояти
69 views
22 April 2017 - 8:00

Жалолиддин Румий қўйидаги тўрт сатр даҳо шеърида ихлос – халосни мазмун – моҳиятини очиб берган.

Нарса йуқким хорижи олам эрур
Ҳар не истарсен ўзингда жам эрур
Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил
Кўз бўлурму ул, Ҳақни қўрмас бўлса ул.
(форсийдан Жамол Камол таржимаси).

Ким ихлос-халос мазмунини англаса, эътиқод ва ирода кучи ила ундан фойдалана олса ҳар қандай дардга шифо бўладиган дори-дармонни, Аллоҳ мағфирати ила ўзида топади, ИншаАллоҳ.

Қўйидаги ҳикоят шу ҳақда.

Жамол Камол,
Ўзбекистон халқ шоири

Ногирон Софокл ҳикояти
(“Анвармирзо ҳикоятлари” китобидан)

Софоклнинг бўйни қийшиқ,
бир томонга хам эди,
Бир оёғи бошқасидан
калта эди, кам эди.

Боши оғиб елкасига,
омонатдек турарди,
Қадам босса, эгиларди,
оқсоқланиб юрарди.

Куйинарди ўз ҳолига,
чекар эди қайғу, ғам,
Шу тасқара аҳволига
йиғлар эди дамба-дам…

Нима қилсин, қайга борсин,
бу бедаво дард ила?
Ёки ўзни ўлдирсину
қутулсинми бир йўла?

“Йўқ!” деди у, шуурида
пайдо бўлди бир ният,
Юрагига олов тушди
қўзғолди бир орият.

Бу заҳмату машаққатлар
мени таслим этолмас,
Тақдир эса, унга қарши
боражакман қасдма-қасд!

Ҳали ёшман, очилмаган
ўн гулимдан бир гулим,
Мен умримни гулшан этай,
учиб келар булбулим…

Чиқди денгиз соҳилига,
икки тошни сайлади,
Тиркаш этди бўйнигаю
оёғига бойлади.

Кейин юрди, бўйнида тош,
оёғида тош билан,
“Худойим!” деб чекди фарёд,
кўзларида ёш билан.

Фарёд чекиб, Яратгандан
йигит имдод истади,
Тош кўтариб, тошни судраб,
Ҳақдин нажот истади…

Бардош берди бўйнини тош
яра-чақа этса ҳам,
Зирқиратса оёғини,
дард жонидан ўтса ҳам.

Ойлар кечди шу алпозда,
қийшиқ бўйни тузалди,
Меёрига келди оёқ,
керагича чўзилди.

Ёноқлари гул-гул ёниб,
кучга тўлди Софокл,
Бир ажойиб адил қомат
йигит бўлди Софокл.

Юрагида жаранглади
севги деган тарона,
Қизлар унга мафтун эди,
паривашлар парвона.

Савлатига ҳамма ҳайрон,
чеҳрасида тоза нур,
Кўзларида, сўзларида
илҳом эди, тафаккур.

Сўрадилар: не сир кечди,
бахтинг бўлди зиёда?
Омон бўлсин ғайрат, деди,
омон бўлсин ирода!..

6.12.2016

facebook.com