Муҳаммад Солиҳнинг бир шеъри ҳақида туғилган фикрлар

Муҳаммад Солиҳнинг бир шеъри ҳақида туғилган фикрлар
37 views
22 April 2017 - 10:53

УЧЛИК

Бугун саҳарда ёки кеча уч ёлғиз қуш 
деразам ёнидан учиб ўтишди
сўнгра сассиз уфққа сиғиндилар
ёлғизлик билан бир-бирига боғланган учта қуш

“Уфққа сиғинмоқ” билан “Уфққа сингмоқ” ўртасида катта фарқ борку. Назаримда, муаллифнинг қушларни уфққа “сиғинтириши” мазмунан мос келадигандек. Аллоҳ билгувчи.

“Сўнгра ҳеч сас чиқармасдан уфққа сиғиндилар” мисраларини “Сўнгра ҳеч қандай овоз чиқармасдан уфқдан қўним топди” деб тушунгандим. Ҳар қалай у қадар хато тушунмабман. Тўғриси, Оғанинг шеърларини бир марта ўқиб теран англай олмайман.

Шеърни иккинчи марта ўқиганимда ашъорларига мафтун, учинчи марта ўқиганимда эса том маънода шайдо бўламан. Шеърлари мазмунан юқори савияда ёзилишини оддий шеърият ихлосманди сифатида тан оламан.

Муҳаммад Солиҳнинг деярли барча шеърларини диққат билан ўқиб чиққанман, десам асло муболаға бўлмас. (Ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган шеърлари бундан мустасно).

Аммо Сиз айтганингиздек шоирнинг бутун шеърларини ёлғизлик ва учта қуш тимсоли ташкил этганига у қадар ишонгим келмаяпди. Балки ожиз фикрим Устознинг шеърларини теран англамадимикин?! Аллоҳ билгувчи.

Менимча, Шоирнинг бундан 20-25 йил ва ундан ҳам олдин ёзилган шеърларидаги (“Орзу фуқароси” китобидан ўрин олган шеърлари) ташбеҳлар силсиласидан бугунги шеърларида ишлатилаётган ташбеҳлар сезиларли даражада фарқ қилади.

Назаримда Шоирнинг бугунги ижодида Унинг дунё қараши, ҳаётдаги позицияси, яшаш тарзи, ижодидаги ўзига хос зоҳидлик намунаси устувор кучга айлангандек.

Бироқ Муҳаммад Солиҳнинг бугунги шеърларини ҳам ҳудди нимчорак аср олдин ёзилган шеърлари каби барибир бир ўқишда англаш мушкуллигича қолмоқда.

Шоир шунчаки шеър ёзиш билан чекланиб қолмасдан ўқувчини беихтиёр муҳокамага, фикрлашга ҳам чорлайди. Ўқувчи шеърни такроран ўқиш жараёнида унинг нечоғли сермазмунлигини фахмлаб олади. Шоирнинг айнан ўша бетакрор услуби ўқувчини шеърга ром айлайди.

Унинг асарларида ишлатган мохирона ташбиҳларига диққатни қаратган ҳолда ўқиш жараёнида Аллоҳни кўр-кўрона эмас, балки сидқидилдан севиб қоласиз. Назаримда, бугунги ўзбек шеъриятида бундай шеърлар кам яратилаяпди ёки ўқувчиларга тўла етиб келмаяпди. Бу, албатта, менинг шахсий фикрларим. Яна Аллоҳ кўргувчи ва билгувчи.

Рузибой Азимий

facebook.com