Ўқиб сувратда Қуръон, бўлмагил сийратда Қуръонсиз…

Ўқиб сувратда Қуръон, бўлмагил сийратда Қуръонсиз…
16 views
23 April 2017 - 8:00

“Шундайлар борки, улар Қуръон ўқийди, аммо Қуръон уларга лаънат айтади”
(Ҳадис).

Гар уларга Раббингиз оятларин
Эслатишса, кўру кар ҳолда туриб
Дафъатан ерга йиқилмаслар улар,
Аввал англаб, сўнгра этгайлар амал
(Қуръон Фурқон сураси, 73-оят)

“Бир соатлик тафаккур етмиш йиллик ибодатдан афзал”
(Ҳадис).

* * *

Жамол Камол,
Ўзбекистон халқ шоири

ЎҚИБ СУВРАТДА ҚУРЪОН, БЎЛМАГИЛ СИЙРАТДА ҚУРЪОНСИЗ…
(“Анвармирзо ҳикоятлари” китобидан)

Биродарлар, ҳама аҳли башарсиз, насли инсонсиз,
Ҳаётдан не самар одамга ул Аллоҳу Раҳмонсиз?
Буюрди бизга Раҳмон: эйки, сиз қавми мусулмонсиз,
Тараққий топмайин дунёда турмак сизга имконсиз,
Ва лекин ўтди аждодлар, боқиб, ҳолига ҳайронсиз,
Ўқиб сувратда кўплар, бўлдилар сийратда Қуръонсиз…

Ўшал Қуръонки, сизга неъмати Аллоҳ ақл, дейди,
Ақлни ишга солгин, олами Аллоҳни бил, дейди,
Билиб оламни, эй одам, ўзингни англагил, дейди,
Худога банда бўл, ўйла, тафаккур айлагил, дейди,
Риоят этдиларми бу равишга? Зору нолонсиз,
Ўқиб сувратда Қуръон, бўлдилар сийратда Қуръонсиз…

Ўшал Қуръонки, Ҳақдин одамийга кашфиёт эрди,
Бани Одам, шараф дунёда сенга – кашфиёт, дерди,
Агарчи неча аллома маърифатга ривож берди,
Жаҳон аҳли уларнинг ақлидин дурдоналар терди,
Ва лекин келди авлодлар, шуурсиз эрди, сомонсиз…
Ўқиб сувратда Қуръон, бўлдилар сийратда Қуръонсиз…

Ўшал Қуръонки, мардум ёд этарлар маънисин билмай,
Дуога қўл очурлар, шарҳини билмакка интилмай,
Худованддин талаб – амри тараққийга амал қилмай,
Тараққий айлагандин ўрганиш не, кўзга ҳам илмай,
Уларнинг ҳолига гоҳи куларсиз, гоҳи гирёнсиз,
Ўқиб сувратда Қуръон, ўзлари сийратда Қуръонсиз…

Ёронлар, юрмасак фармони олийга, ривож қайда?
Давойи дардимизга чора бўлгайму, илож қайда?
Тараққий этмасак, қўл қайда чўзмоққа, қулоч қайда?
Ва биздек бандаларга бу жаҳонда эҳтиёж қайда?
Ватандошим, киши бўлгайму комил ақлу иймонсиз,
Ўқиб сувратда Қуръон, бўлмагил сийратда Қуръонсиз…

facebook.com