“Policy Exchange”да ўқилган нутқ

“Policy Exchange”да ўқилган нутқ
29 views
24 April 2017 - 10:00

2006 ЙИЛНИНГ 20 ЯНВАРЬ КУНИ БУЮК БРИТАНИЯ МУҲОФОЗАКОРЛАР ПАРТИЯСИ ИНСТИТУТИ – POLICY EXCHANGE ДА ЎҚИЛГАН НУТҚ

Удумдан чиққан ”инқилоб” сўзининг ҳимояси Постсовет ўлкаларининг сиёсий элитаси бугун собиқ Совет Империяси ҳудудларида амалга оширилган “зарғалдоқ инқилоблари”ни танқид қилмоқда. Собиқ совет жумҳуриятларида бундай ”рангли инқилоблар” амалга ошганига бир йил ҳам тўлгани йўқ, бу инқилобларнинг ”мағлубияти” борасида заҳархандалар том авжида. Заҳархандачилар инқилоб юз берган ўлкаларда ҳеч нарсанинг ўзгармагани, халқнинг ҳали ҳам қашшоқ экани, ишсизлик аввалгидай юксак ва коррупцияга барҳам берилмаганини сўйламоқдалар. Гўё аввалги режимлар бўлганида, бу муаммоларнинг ҳаммасини бир йил ичида ҳал қилишарди.

Аслида, уч ўлкада юз берган бу инқилоблар биз учун Горбачевнинг қайта қуриши сиёсати каби, эҳтимол, ундан ҳам муҳимроқ тарихий аҳамиятга эгадир. “Қайта қуриш” тепадан пастга инган ташаббус эди, ”рангли инқилоблар” эса, ”паст”дан юқорига интилган бир ҳаракат сифатида дунёга келди. Қайта қуришдан фарқли ўлароқ, бу инқилоблар зеҳний савияда амалга ошди. Бу воқеаларни ”инқилоб” деб аташдан қўрқмаслик керак, чунки, улар ҳақиқатан ҳам инқилоб эди.

Шунингдек, ”революция” сўзига қарши ”эволюция” сўзини қалқон қилиб, сўз масхарабозлиги қилиш ножиддийликдир. Зеро, революция эволюциянинг ҳал қилувчи босқичидир. Яъни, эволюция жараёни асосларида ижтимой мутация – ”революциялар” силсиласи ётади.

Очиқ гапириш ва воқеликка тик боқишимиз лозим. Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг минтақамиз ўзининг 20 аср бошларидаги шаклига қайтди. Ўрта Осиё минтақаси яна дунё жуғрофий-сиёсатининг (геополитикасининг) муҳим парчасига айланди. Бу минтақага эгалик қилиш бутун Евросиёда ҳегемон бўлиш имконини беради. Бундай устуворликка эга бўлиш учун 20 аср бошларида Буюк Британия жон-жаҳди билан минтақа ичкарисига кириб боришга уринди, аммо Чор Русияси билан биргаликда 18 асрда қурган буфер давлат – Афғонистондан нарига ўтолмади.

Англия минтақа учун олиб борилган бу геополитик курашда Ленин бошчилигидаги большевиклар ҳокимиятидан енгилди. Петр Биринчининг ”ўз этикларини Тинч океани сувларида ювиш” орзуси ўша Петрнинг коммунист набираси Ленин тарафидан амалга оширилишига унча узоқ қолмагандай кўринарди.

Аммо бу орзу амалга ошмади. 1979 йилда Совет Иттифоқи Афғонистонга бостириб кирди, аммо 10 йил сўнгра уни тарк этишга мажбур бўлди. Бундан бир йил кейин Совет Иттифоқи парчаланди. Шундай қилиб, буюк шахмат ўйинининг эски тахтаси яна тикланди, аммо энди ўйинчилар ичида Буюк Британия йўқ, унинг ўрнига Осиёда, ҳатто дунёда устувор давлат бўлишни мўлжаллаётган Хитой майдонга чиқди.

”Рангли инкилоблар” асосан Евросиёдаги шу икки катта ўйинчи, яъни, Хитой ва Русиянинг ғашига тегмоқда. Инқилоблар бу икки давлат позицияларини минтақада заифлаштиради, инқилоблар тоталитаризмнинг қайта тикланишига халал беради, инқилобчиларга халқаро майдонда машруълик, легитимлик яратади, уларни ўз оёқларида мустақил туришга ва ўз мамлакатининг эгалари бўлишга ўргатади.

Айнан шу сабаб, Андижон намойишчиларининг ўққа тутилиши Хитой ва Русия тарафидан қўллаб-қувватланди. Айнан Русия ва Хитой минтақадаги ”Ғарб томонидан алданаётган Ўрта Осиё халқлари ҳимоячиси” тўнини кийиб, ”инқилоб экспорти”нинг зарари ҳақидаги сафсата воситасида демократик ташаббусларга қарши турмоқда.

Ҳолбуки, инқилоб экспорти деган нарса бўлмади. Аммо энди, бундан буёғига минтақадаги воқеаларнинг кейинги ривожи асосан Ғарбнинг (энг аввало Европа Иттифоқининг) бошланган янги геополитик ўйинда иштирок этиш ёки этмаслигига кўп жиҳатдан боғлиқдир.

Ғарб минтақада ўз таъсирини ўрнатиш учун қанчалик даражада риск ола олади?

Маьлумингиз, дунёда бир қутб устуворлиги барқарорлаштирувчи фактор эканлигига шубҳаланаётганлар сони кўпаймоқда. Айни пайтда, Осиё ва Оврупа бундай устуворликка муқобил бўлувчи нима таклиф қилиши мумкин?

Дунё мувозанатини ўрнатишга даъвогарлик қилаётган учлик – Хитой, Русия ва Ҳиндистон аргумент сифатида фақат ўзларининг демографик оғирлигини қўйишлари мумкин, холос. Лекин уларнинг ҳозирча на АҚШникига тенг келадиган ҳарбий кучи, на иктисоди ва на-да демократик сиёсий режимлари бор.

Шунга қарамай, Кремль раҳбарлари таркибига Русиядан бошқа тўртта Марказий Осиё жумҳурияти ва Хитой кирган Коллектив Хавфсизлик Битими Ташкилоти НАТОнинг минтақавий алоқалардан масъул бўлишини истамоқда. Бугунда минтақадаги давлатлар билан икки томонлама муносабатларни НАТО бевосита, ўзи олиб бораётир. Агар Коллектив Хавфсизлик Ташкилоти НАТО ва Марказий Осиё жумҳуриятлари ўртасида координатор мақомини олса, бу – Москванинг минтақадаги таъсирини кучайтиради ва Ўрта Осиё жумҳуриятларининг Европа Иттифоқи билан алоқаларини Кремль назорат остига олади.

Аммо бу геополитик маконда яшаётган халқлар буюк қўшниларнинг орқа боғчаси мақомида қолишлари энди
имконсиздир. Украина, Гуржистон ва Қирғизистонда содир бўлган инқилоблар – бу инқилоблар дуч келаётган қийинчиликлар устидан қанча заҳарханда қилишларига қарамай – шуни кўрсатди-ки, энди ҳеч нарса ўтмишдагидай бўлмаяжак.

Чора – глобал демократиклашувдадир. Марказий Осиё идеалистларини буюк давлатларнинг энергия заҳиралари учун ва минтақада геополитик устуворликкка эга бўлиш йўлидаги кундалик ивир-сивири чалғитмаслиги лозим. Улар ўз диққатини минтақада яшаётган оммани бу ҳудудларда демократик ҳамлаларни тайёрлаш ишига қаратмоқлари керак. Биз биламиз, ҳеч ким бугун ”инқилоб” сўзини биз каби жиддий қабул қилмайди. Чунки, бу нарсанинг зарурлигини ҳис эттирган воқеаларни ҳеч ким биз сингари бошдан кечирмади.

2006

(122)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (353-356-саҳифалар.)

(давоми бор)