Иброҳим Ҳаққул. Аҳмад Калла. Эссе

Иброҳим Ҳаққул. Аҳмад Калла. Эссе
187 views
24 April 2017 - 10:36

«Аҳмад Калла», «Аҳмад махдум» номлари билан замонасида шуҳрат қозонган ва илмий-адабий тафаккурнинг янгиланишига сезиларли таъсир кўрсатган Аҳмад Дониш ХIХ аср Бухоронинг қомусий илм эгаларидан эди. У Бухорода шофирконлик мударрис оиласида туғилди. Отаси мадрасасида ўқиди. Ёшлигида наққошлик, рассомлик, ҳаттотлик ҳунарларини ўрганди.

Тарих ва фалсафага кўнгил қўйди. Зеҳни, салоҳияти билан дарров кўзга ташланди. 1857 йилнинг кузида Амир Насруллонинг Русия императори Николай II вафотига таъзия билдириш ва валиаҳд Александр II нинг тахтга чиқишини қутлаш учун юборилган элчи Муллажон Мирохўрга котиблик қилади. Петербургда уч ой санъат-маданият обидалари билан танишади.

1869 йили янги шарт-шароит тақозоси билан Амир Музаффар Петербургга яна элчи юборди. Бу элчилик ярим вассалга айланган давлатнинг ҳокими мутлақ кўнглини олиш ҳаракати эди. Унинг ҳам котиблигига Аҳмад Дониш танланди.
d11763a4b4ac35b58138af755ae139b4.jpg

1873 йилнинг охирида Аҳмад Дониш учинчи маротаба элчилик таркибида Русияга йўл олди. 1874 йил январ — март ойларида Петербургда туриб қайтди. Александр ИИ билан учрашди. Сўнгроқ буларни қоғозга туширди. ҳозирда ЎзФА Шарқшунослик институти Қўлёзмалар фондида Аҳмад Донишнинг 16 қўлёзма асари сақланади. Аксарияти унинг ўз қўли билан ёзилган асл нусхалардир.

Муаллифнинг «Наводирул-вақое» асари 15 йил давомида, 1870- 1885 йиллар оралиғида ёзилган тарихий, фалсафий, мемуар асардир. 23 бобдан ташкил топган бу асар ҳалигача тўла нашр этилган эмас. Унинг айрим бобларигина чоп қилинган. Шу жумладан, унинг бир қисми 1964 йили ўзбекчага ҳам ағдарилган ва босилган эди. Китобнинг икки бобида Русия сафари таассуротлари берилган. Чунончи: VII боби А. Донишнинг 1869 йилги Русия сафарига бағишланган ва 1957 йилда чоп этилган.

VIII- боиб подшоҳ Александр II нинг қизи Мариянинг 1874 йилда бўлган никоҳ тўйига юборилган элчи Абдулқодирбек сафари ҳақида. Қолган боблари хилма-хил мавзуда. Масалан, ота-она ва фарзанд муносабатлари (1-боб), мол-дунё (2-боб), тарих (З-боб), олим ва жоҳил тақдири (4-боб), вақт қадри (5-боб), сафар қилиш фойдалари (б-боб), илм-фан манфаати (9-боб), ҳақиқий ва мажозий ишқ ҳамда унинг одоби (10-боб), никоҳ (11-боб), тақдир (12-боб), касбкор (13-боб), жисм ва руҳ (14-боб), ер тузилиши ва маъданлар (16-боб), туш таъбири (19-боб), Бедил байтлари (20-боб), айрим ҳадислар талқини (22-боб), инсон ахлоқини белгилаш (23-боб) каби Тамаддун (маданият) ҳақидаги рисоласи (15-боб) ва хилма-хил воқеий ҳикоялар (18, 21-боблар) ҳам ундан жой олган. Уларнинг ҳар бири ҳам муҳим ва қизиқарлидир. Масалан, сўнгги рисолада подшоҳнинг халқ олдидаги масъулияти 10 шарт асосида кўрсатиб берилади. Шу жиҳатдан, у бир томондан, Юсуф Хос ҳожибнинг «Қутадғу билиг»идаги бек ва раият муносабатларини эсга туширса, иккинчи ёқдан, Руссонинг «Ижтимоий шартнома»сини ёдга солади.

Ёки танлаган усулини олинг. Муаллиф касб-ҳунар эгаллаш ҳақида ёзар экан, уни ўз ўғилларига «васиятнома»га айлантиради. Ва бу орқали ўқувчида катта қизиқиш ва иштиёқ пайдо қилади. Дарҳақиқат, адиб бошидан кечган бахтли-бахтсиз, ширин-аччиқ кунлар, ҳаёт, саёҳат хотиралари, сафарлар давомида дўстлардан тингланган ҳикоялар ва булардан келиб чиқувчи ибратлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Муҳими шундаки, бу ибратлар XIX аср Европа тамаддунини ўз кўзи билан кўрган, айни пайтда, шу давр Шарқ илм-фанининг Туркистон сарҳадидаги энг буюк намояндаси васиятлари эди.

Касб-ҳунарга, илм-фанга меҳр, ҳалоллик, мансаб-мартаба, мол-дунё ҳирсидан узоқ бўлиш, бани башарга хайрихоҳлик, ҳар қандай ҳолда ҳам яхшилик қилиш, исломий ахлоқ бу васиятларнинг асосий мазмунини ташкил этади. Диққатга сазовор яна бир нарса шундаки, Аҳмад Дониш фаранг донишмандлари, «сиёсий ҳукамолар»и ҳақида ёзди. Уларнинг «ихтилол ва инқилоблар тарихини чуқур ўрганиб», барча ҳақсизлик ва адолатсизлик сабабини «давлат ишларининг ёлғиз подшо қўлида бўлиши»дан топганликларини маълум қилди.

Улар шу сабабли эски «давлат тузумини ўзгартирганлар», деб ёзди. Улар «ҳуқуқда ҳамманинг тенглиги»га риоя этишлари, даражалар эса, кишиларнинг «фазл ва ҳунарларининг оз-кўплигига қараб бўлиши», «давлатни ҳамманинг ўртасида турган киши идора қилиши» ҳақида «қонунлар чиқарганлари»ни уқдирди. Европанинг «барча давлатларни енгиб, бутун дунёга эга бўлишлари»да бу асосий омил бўлганини таъкидланади.

Дарҳакиқат, ушбу васиятнома таълимий-ахлоқийгина эмас, муҳим ижтимоий-сиёсий мазмун ҳам ташир эди.

Шунингдек, унинг «Мажмуаи ҳикояти Аҳмад Калла» («Аҳмад Калла ҳикоятлари тўплами») (1877), «Ислоҳ миёни шиа ва сунн» («Шиа ва суннийни яраштириш ҳақидаги насиҳат») каби рисолалари, «Дафтари тақвим» («Кундаликлар»)и ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Аҳмад Дониш умрининг охирларида «Тарих рисоласи» китобини ёзди. Бир ёқдан, Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро, Абдуллахон, Субҳонқулихон, Шоҳмурод, иккинчи тарафдан, Амир Музаффар салтанати мисолида ҳар бир давлатнинг тараққий ва таназзули сабабларини таҳлил қилди. Биринчи гуруҳни мужаддидлар (дин ва давлатни покловчилар) деб ҳисоблади.

Бу асарлар содда ва жонли тили, ифода услуби билан ўтмишдошлариникидан ажралиб туради. Синчков илмий мулоҳаза, танқидий ва таҳлилий тафаккур уларга алоҳида руҳ бағишлайди. Тасвир ва ифодадаги драматизмга мойиллик, суҳбат диалогдан унумли фойдаланиш муаллиф фикрларининг ўқувчи онгига етиб боришини осонлаштиради.

Иброҳим Ҳаққул
АҲМАД КАЛЛА
Эссе
006

Устод Иброҳим Мўминов хотирасига бағишланди.

I

ahmaddonishБиз мумтоз адабиётимиз билан фахрланамиз. Унинг ўзига хос хусусиятлари ва тафаккур тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида кўп гапирамиз. Албатта, ҳар қанча гапирсак, фахрлансак арзийди. Бироқ бу ҳақда сўз кетганда фақат ютуқларга маҳлиё бўлмасдан, адабиётнинг мураккаб ривожланиш йўлидан бугунги кунимиз учун тегишли сабоқ ва хулосалар ҳам чиқарсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, миллий адабиётимиз ХVI асрдан кейин эркин нафас олмаганини ҳам таъкидлаш лозим; у инсон тақдири ва ижтимоий ҳаёт муаммоларини бутун мураккаблиги ҳамда зиддиятлари билан ёритиб беролмаган. Чунки ўша даврлардаги жаҳолат бунга йўл бермаган. Натижада асардан асарга кўчиб юрадиган анъанавий фикр ва ғоялар ҳам бора-бора турғунлик, якранглик, оҳанжамолик, тақлид ва китобийлик рамзига айланиб қолган. Дунё адабиёти ютуқларидан бехабарлик эса таназзулни янада чуқурлаштирган. Айниқса, кейинги уч хонлик даврида сарой талаби, сарой завқи ва мафкураси адабиётни самимият, шижоат ва исён руҳидан маҳрум этган. Ўн тўққизинчи аср иккинчи ярми Бухоро адабий муҳитидаги аҳвол бунинг ёрқин мисолидир. Ҳолбуки, ўша замондаёқ халқнинг адабий ва маданий ҳаётидаги бундай муаммоларни билган, улар тўғрисида жиддий бош қотирган, адабиётни оддий инсон ҳаётига яқинлаштиришга дадил уринган қалам соҳиблари ҳам бўлган. Улардан бири — Аҳмад Дониш. «Наводири Зиёия» тазкираси муаллифи, олим ва маърифатпарвар Садри Зиё Донишни шоирликда Саъдий Шерозийга, мусаввирликда Беҳзоду Монийга, фалакиёт илмида Улуғбек Кўрагонийга, табобатда Ибн Синога ўхшатади. Дониш хаттот, мусиқашунос, беназир муаррих ва давлат арбоби ҳам бўлган. Аммо буюк аллома ижодий фаолиятининг чўққиси, унинг шоҳ асари ва умр китоби, шубҳасиз, «Наводир ул-вақое»дир.

Садри Зиёнинг эътирофича, Аҳмад Дониш бутун умрини амир, вазир, қозикалон ва бошқа амалдорларни келажакдан огоҳ этиш, оддий одамларга зулм ўтказмасликка чорлаш, уларни зўравонлик, бераҳмликдан қайтаришдек эзгу ишларга сарфлаган. Лекин жамият ҳаётида бирон бир ўзгариш кўрмаган.

Дониш умрида таъма илинжида бировни мақтаб, бировнинг олдида эгилиб-букилмаган, шахсий фойданигина кўзлаб ҳақгўйлик, танқидбозлик ҳам қилмаган. У ҳар бир сўз ва ҳар бир ишдан ҳақиқат ахтариб яшаган. Унинг сўз ва фикрлари доимо асосли, теран, қиличдек кескир бўлган. Кўп йиллик тажриба, ўй-мулоҳазалар уни сабр-бардошга ўргатган. Яхшилик, диёнат йўқ жойда собитлик ва улуғворлик бўлмаслигини у жуда эрта англаган, ўсмирлигидаёқ бошқача яшашга аҳд қилган. «Ейиш-ичиш, ухлаш, дўстлар билан борди-келди қилиш — инсон мана шулар учунгина яратилган деб ўйлардим. Чунки катта-кичик ҳамма замондошларим шу балога йўлиққан эди…» Аҳмад Дониш ақлий майибликдан туғилажак кўплаб балою офатга қарши сокин бир жасорат-ла бош кўтарган улкан адиб эди.

II

Ўтган йил қиш фаслининг бошлари эди. Эрталабки ёмғир тушга яқин қорга айланди. Чор атроф оқликка буркана бошлади. Тунда Бухорога кетишим керак. Вақтлироқ вокзалга бориб, купега ўрнашиб олдим. Негадир поездда юришни хуш кўраман. Бемалол хаёл сурасиз, ўтган-кетганни хотиржам эслаб кетасиз. Хоҳласангиз, китоб ўқишингиз мумкин. Таниш-билиш учраса-ку, йўлнинг таноби тортилганини сезмай ҳам қоласиз. Совуқ ҳаво таъсирими ёки бошқа бир сабабданми, бу гал ҳеч кимсага дуч келишни истамасдим.

Шиддат-ла чопаётган поездда кетиш хотира отлиғ тулпорга миниб ёшликка саёҳат қилишга ҳам ўхшайди. Қизиғи шундаки, қачонлардир бўлиб ўтган ва кўпдан буён эсланмаган воқеа-ҳодисалар дафъатан жонланиб, гўё қаршингиздан чиқиб келаверади: бири қувонтиради, бири ўйлатади, яна бири… Соғинч қўмсашга, қўмсаш армонга йўл берганда эса барибир хўрсиниблар кетасиз…

Мен бир неча йилдан буён дарс бергани Бухорога бораман. Ҳар гал ул-бул «қўшимча» юмушларни ҳам олдиндан белгилаб оламан. Бу навбат Аҳмад Дониш борасида Тошкентда бошлаган ёзувларимни, имкон топилса, ул зот таваллуд топган заминда, уни тарбиялаб вояга етказган шаҳарда давом эттирмоқчи эдим. Дониш ҳақида домлаларим Охунжон Сафаров, Раҳим Воҳидов билан суҳбатлашиш, аллома яшаган уйни бориб кўриш, қабрини зиёрат этиш ниятим ҳам бор эди.

Шуни ҳам айтишим керакки, Аҳмад Донишни талабаликда яхши кўриб қолганман. Бу учун, албатта, устод Айнийдан ҳар қанча миннатдор бўлсам арзийди. Менимча, устоднинг «Эсдаликлар»идаги Донишга бағишланган саҳифалар унинг ҳаёти, шахсияти, халқ ва адабиёт тарихидаги хизматларини англаш, идрок қилишга илҳомлантирадиган бебаҳо бир манбадир. Дониш характер эътибори билан қайси бир жиҳатлардан Ибн Синони эслатса, қай бир маънода у Шайх Саъдий ва Мирзо Бобурга яқин. Ростгўйлик, тўғрилик, жимжимасиз бир услубда ёзишда Дониш Бобурга издош десак, асло хато бўлмайди. «Наводир»ни ўқиган ҳар бир ўқувчи буни пайқаши шубҳасиз.

Хуллас, ўзим таҳсил олган, бағрида энг яхши, энг беармон кунларим ўтган Бухорои шарифда устозу шогирд, ёр-дўстлар билан дийдорлашдик. Дарсни ҳам бошладим. Адашмасам, орадан уч кун ўтгач, танаффусга яқин талабалардан сўрадим: «Аҳмад Донишнинг уйини ким билади? Бориб кўрганлар борми?» Жавоб эшитилмади. «Бормаганмисизлар?» «Йўқ». «Билмайсизларми?» «Йўқ». Етмишдан ортиқ талаба, гўё жўр бўлгандай, қабр хусусида ҳам яна бир сўзни такрорлади: «Билмаймиз».

Ўшандаги ҳолатимни шарҳлаб ўтирмайман. Ўзим-чи? Менинг ҳам билағонлигим каттакон хонани тўлдириб ўтирган ана шу ёшларникидан беҳроқми? Ахир, мен ҳам тўрт йил Бухорода яшаб ўқиганман. Дониш тўғрисида кўп эшитганман. Китобларини мутолаа қилганман. «Эсдаликлар»да у истиқомат қилган маҳалла ҳам, адибнинг лойиҳаси бўйича бино этилган ва қурилишига ўзи бош-қош бўлган ҳовли, кўркам боғ, анвойи гуллар қулф уриб очилиб ётадиган гулзор ҳам батафсил тасвирлаб берилган. Нега уни излаб топиш хаёлга келмади? Нечун Донишнинг қабри қаерда ва қандай аҳволда деган гап хаёлимизга келмаган? Демак, бизда шахсий хоҳишдан кўра умумий кўникма, тарихга ботиний яқинликдан кўра бегоналик устунлик қилган. Ўшанда, ўтган асрнинг 70-йилларида қарам ва эрксиз миллат фарзанди бўлган биздек ёшлар учун бу ғайритабиий ҳодиса эмасди, албатта.

…Дарс тугагач, ўқитувчилар хонасига кирсам, домла Раҳим Воҳидов билан ёш олим укамиз Дилшод Ражабов ўтирган экан. «Чарчамадингизми?» деди домла. «Чарчашга-ку чарчамадим, аммо жуда уялдим». «Нега? Нимадан?» Саволни жавобсиз қолдириб, «Раҳим ака, — дедим, — Донишнинг қабри қаерда?» Лаҳзалик сукутдан сўнг сал заҳарханда билан «Донишнинг жасади кўмилган мозористон бор, лекин унинг қабри йўқ. Қабрдан ному нишон ҳам қолмаган», деди у киши. «Ҳовлиси-чи?» «Устод Айнийнинг маълумотлари бўйича, гузар — аниқ, хонадон эса номаълум…»

Дилшод гапга аралашиб, «Сафаров домла ҳовлини тахминан аниқлаганлар. Сўраш керак…», деди.

Охунжон ака билан учрашолмадим. Англадимки, Дониш яшаган, Бухоронинг илғор зиёлилари — олим, адиб, шоир, машшоқларини бирлаштирган ўша муборак маскан асл ҳолида топилиши даргумон. Айтишга осон бу. Мулоҳаза юритсангиз, дил тирналади…

Дарвоқе, Тошкентга қайтиш куни тушдан сўнг Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг зиёратларига бордик. Ўзгариш ва қурилишларни кўриб жуда қувондим. Шўро даврида бу ерга Ахтам тоғам билан, эл кўзидан яшириниб, шом пайтлари келганимиз, қоровулнинг қўрқа-писа эшик очганларини эсладим. Ўша кезлардаги доимий таъқиблар, Баҳоуддин бобомиз шаън-шавкатларига мутлақо тескари таҳқирли ҳукмлар — барчаси барҳам топди, бир туш янглиғ ўтдию кетди.

Лекин қанчадан-қанча йўқотишлар заҳри ҳали ҳам дилни ўртайди. Ахир, Аҳмад Дониш ҳам ўз асрининг ягонаси эмасмиди? Чорак асрдан зиёд давлат маъмуриятида тишни тишга қўйиб, алам ва ҳасратини ичга ютиб меҳнат қилган, зулм, жаҳолат, кулфат ва мусибат қуршаган Бухоро осмонида ёруғ юлдуз бўлиб чарақлаган, асрий қуллик, умидсизлик, ожизликлардан қутулиш чораларини излаб яшаган алломанинг қабрига бир белги қўйиш наҳотки ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бўлса? Эҳтимол, хон ва аркони давлатнинг мақсад-муддаоси ўзгача бўлгандир. Халқнинг доно, танти, фидойи фарзанди сифатида тан олинган адиб қабри бошида келажак насллар дуои фотиҳа ўқиб, эҳтиром кўрсатишини улар балки хоҳламагандир. Бошқалар-чи? Ўзини таниган қайси эл улуғ фарзандига нисбатан шундай муносабатга чидайди? Биз чидаганмиз. «Ҳақиқатда… инсон улуғ оламдир. Унга қараганда бу олам кичик оламдир…» дейди Дониш. Мазлум халқ бу моҳиятни билмаган. Билишга ақлий ва руҳий қуввати ҳам етмаган. Зиёли-чи?

Маълумки, илм-фан, маърифат нури сўнган мамлакатда чин зиёли эмас, балки чала зиёли ёки зиёлинамолар кўпайиб кетади. Улуғ шоиримиз Чўлпон уларни зиёли эмас, зиёнлилар деб атаган. «Бизда бир хил кишилар бор, — деган эди Абдулла Қодирий, — яъни зиёлинамолар. Ўзлари амалда бир пуллик иш қилмайдилар, аммо оғизда кўча саситиб, ҳасратланиб» юрадилар. Ўз шахсий роҳатини кўзлаб, қайғусиз, ғоясиз кун кечирувчи ночор, ношуд ва ўлгудай қўрқоқ зиёлинамо кишилар барча замонларда ҳам миллат манфаатини фақат оғизда ҳимоя қилган, холос.

Донишдан ёдгор қолган хонадон, ундаги жиҳозлар, расм ва китоблар игна эмаски, дафъатан ғойиб бўлса?

III

Тахминан, ХIХ асрнинг ўнинчи йилларида Носир бин Юсуф деган бир йигит мадрасада ўқиш ниятида Шофиркондан Бухорога келади. Унинг туғилган жойи Суғд қишлоғи, отаси ўзига тинч бир деҳқон киши бўлган. Носир мадрасани тугатгач, Бухоро гузарларидан бирида имомлик қилган. Сўнг Кўчаи Сангин гузарида кичикроқ ҳовли қилиб уйланган. 1827 йили ана шу ҳовлида Аҳмад дунёга келган.

Мулло Носирнинг хотини ҳам хат-саводли бўлиб, ёш болаларга таълим берган. Аҳмад илк муаллим сифатида онасини эслайди: «Мен мактабга бормасдан илгари онам ҳузурида абжадни, тахтага ёзиб берадиган ҳижо ҳарфларини ўқиб ўргандим. Сўзларнинг маъносини чақолмасам ҳам, уларни вазнга солиб гапирар эдим. Уйда юрган чоқларимда Қуръоннинг тўртдан бирини, «Чор китоб»нинг бир китобини ўқиб битирдим».

Ўшанда Аҳмад тўққиз яшар бола эди. Мактабга қатнай бошлагач эса, унинг қизиқиш ва тасаввур дунёси янада кенгайган. Мактабдан чиқиши билан қаерда қиссахонлик мажлиси бўлса, ўша ерга қараб чопган. Пайғамбарларнинг аҳволи, подшоҳларга доир воқеаларни тинглаб завқланган, уларни қанча эшитса, яна эшитгиси келган. «Подшоҳларнинг салтанат ва давлат қурилишларидаги уруш-талашишлари, қанчадан-қанча ноҳақ қон тўкишларини, тахт ва бахтдан ажралган шоҳларнинг ҳалок бўлганларини, дунёнинг ва дунёдаги халқларнинг қандай ўзгаришлар устида турганини билиб ҳайрон қолардим», дейди Дониш.

Регистон ва Девонбеги лабиҳовузидаги қиссахонларнинг нақлларини тинглашдан Аҳмад сира толиқмасди. Диний ва тарихий-афсонавий воқеа-ҳодисалар, қаҳрамонларнинг ғаройиб саргузаштлари, кураш ва жасоратлари унинг кўнглига шавқ бағишлаб, хаёлини қанотлантирарди.

Ул зот қайси мадрасаларда сабоқ олган, устозлари ким — булар борасида аниқ маълумот йўқ ҳисоби. Аммо Ҳофиз, Саъдий, Жомий, Навоий девонларини севиб ўқигани аниқ. «Аҳмад Донишнинг, — дейди академик Иброҳим Мўминов, — Фузулийнинг озарбойжон тилида ёзилган шеърларидан олган парчалари жуда эътиборли. Бу эса Донишнинг Фузулий ғоялари, унинг астрономия ҳақидаги фикрлари билан қизиққанидан далолат беради».

Дониш Шарқнинг буюк файласуф шоири Мирзо Бедилнинг муҳиби эди. Бедил шеърларидаги маъно, туйғу ва фалсафий тушунчаларнинг Аҳмад қалбида ўрнашиб қолиши кейинчалик ҳаётнинг шафқатсиз зарбаларига чидаш, кин, ҳасад, адоват, ғийбат бандаларининг ҳужумларини енгиб ўтишда унга катта кўмак берган. Шунга қарамай, болалигиданоқ Бедилга тақлид қилиб бўлмаслигини, унга шунчаки пайравлик на адабиёт, на истеъдодга фойда беришини тўғри англаган.

«Наводир»даги мана бу сўзларга эътибор қилинг: «Шумликдан китобат қилиш орқали пул топишни ўйлаб, дарсдан чиққанимдан сўнг ёзиб юриб, ҳар ойда бир Бедил девонини тайёрлайдиган бўлдим. Бозорга чиқариб уни 20 тангадан 30 тангагача сотар эдим».

Бедил шеърларини кўчириб, девон тартиб берганда Аҳмад, албатта, даромадни, фойдани кўзлаган. Шу аснода беназир файласуф шоирнинг сўзлари сийратини поклаб, дунёқарашига эврилиш ҳосил этаётганини у сезмаган бўлиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас. Гап шундаки, Бедил — инсонни энг аввало ўзини таниш, ўзини ўзи таҳлил қилишга ўргатадиган донишманд. Унингча, инсоннинг ўз сифати — илмсизлик, Оллоҳ берган сифати эса илмдир. Одам ўзининг моҳият эътибори ила ғофил ва жоҳил эканини англаса, оз миқдордаги билими Оллоҳдан эҳсон тарзида берилганига иқрор бўла олсагина ирфоннинг моҳиятини тушунади. Ва ўз шахсиятига рост қарайди, асло иккиланмай ўзини тафтишдан ўтказади.

Бедил девони савдосига қайтайлик. Пул кўпайгани сайин Аҳмад ўзида бахиллик ғалаба қилаётганини пайқайди: кўп емай-ичмай икки йил ичида 600 тангага эга бўлади. Пул топишда ҳийлакорлик, маккорликда ҳам анча илдамлайди. Атрофида «нон дўстлар» кўпаяди. Шайтонга ҳам макр ишлатиб, уни алдайдиган даражага етади. Кўзга кўринмайдиган ва биров ёрдам бериши ҳам қийин бўлган бундай «яра»нинг шифоси нима? Ақлми? Илм ёки фикрми? «Мен дунёни ўз ихтиёрим билан ташлаганим йўқ, — дейди Дониш, — балки кўп йиллар ўтиб орттирган тажрибам орқали маълум бўлдики, менинг бахтли бўлишим мол йиғмасликда, бой бўлмасликда экан. Чунки менда яшириниб ётган нафс ва шайтоний ишларнинг кўплиги ўзимга аёндир».

Хўш, адиб бой бўлишдан қашшоқ яшашни афзал кўраётирми? Йўқ, албатта. Бу ерда гап Муҳаммад алайҳиссалом «Фақирлик менинг фахримдир» дея ифтихор этган туйғу хусусида. Чунки инсондаги гўзал хулқ ва юксак фазилатларни намойиш этадиган, тўла-тўкис рўёбга чиқарадиган ҳис Оллоҳ қошидаги маънавий фақирликдир.

Аҳмад бир воқеа таъсирида фақр йўлига юз бурган эди. У ота қишлоғига бориб, неча кун меҳмон бўлади. Бухорога қайтишда аммасининг ўғли унга ҳамроҳлик қилади. Йўлда бир қариндошлариникида тунайдилар. Кетмон урса, ер титрайдиган соғлом, бақувват ҳалиги йигит бирданига касалланиб, ўша кечасиёқ вафот этади. Аммаваччасининг ўлими Аҳмаднинг фикр-қарашларини тубдан ўзгартириб юборади; у биринчи марта одам умрининг мазмуни, ўткинчилиги борасида жиддий бош қотиради. Шу кундан эътиборан у бақосиз нарсалар, жумладан, бойлик тўплаш, ҳузур-ҳаловатда яшаш майлини дилидан чиқариб ташлайди. Фақр майли тасаввуф маслагига иштиёқ уйғотади. Қалбга хос адаблар, мақсад ва сирлар, руҳоний латифлик, нафсни руҳга таслим айлашни Дониш тасаввуф таълимотидан ўзлаштиради. Ва унга бутун умматлар орасида нафс билан кураша олганлар нажот соҳиби бўлиб кўринади. Хусусан, Имом ўаззолий асарлари билан танишгандан кейин у замонасининг «уламо ва машойихлари тўғри йўлда эмас»лиги ҳақида очиқ-ойдин сўзлай бошлайди. Унингча, «ҳасадгўйлик, такаббурлик, кўролмаслик, иттифоқсизлик» каби чиркин иллатлар «бошқаларга қараганда мусулмонларда кўпроқдир». Бу иллатларни таг-томири ила қуритишга Донишнинг кўзи етмаса-да, уларнинг кескин камайишига ҳам унча инонолмасди…

IV

Ўн тўққизинчи асрдаги Бухоро шароитида Аҳмад Донишдек олим, адиб, мутафаккир ва давлат арбобининг камол топиши ҳайратланарли ҳол. Дониш яшаган Бухоро манғит амирларигача ҳукм сурган салтанатлар замонасидаги Бухоро эмасди. Бу Бухоро — тожу тахт ғавғоларидан безган, ҳақирлик, бахтсизлик, оҳу фиғонлардан бағри тилинган жафокаш бир диёр эди. Илм-фаннинг саёзлашуви, маърифат бўстонларининг қовжираши, ҳуррият нурларининг сўниши Бухоронинг тинка-мадорини қуритган эди. Давлат ва ҳокимият Бухорои шариф аҳли хоҳиш-иродасига зид бўлган ақида ва орзу-ҳавасларга тобе эди. Мадрасалар ишонч ва умидларни оқлайолмай қолган, адолат, диёнат, ҳиммат, халқпарварлик каби «анъанавий» тушунчалар воқеликдан узилган, ҳаёт талабларига тамоман жавоб бермас эди. Тўғри, бу тушунча ва қадриятлар тўғрисида бемалол сўзлаш мумкин эди, амалда эса ҳеч бирини жорий қилиб бўлмасди. Чунки улар ҳаётдан, одамлар тақдиридан четга суриб ташланган эди. Ҳатто олимларга ҳам эркин фикрлаш қўрқинчли туюларди. Кўпчилик олиму уламо моҳиятни умуман мушоҳада этолмас, курашса — ё амал, ё мавқе, ёки бойлик учун курашарди. Уларнинг дид ва савияси оломонникидан фарқ қилмасди. Бордию фарқ қилса, у сўзсиз жазоланарди. Адабиёт — шоиру ёзувчининг, илм — олиму уламонинг кишанига айланиб қолган эди.

Масалан, Амир Насрулло ҳар бир ҳақгўй олим ва ижодкорни давлат, жамият учун ҳам хавфли, ҳам зарарли деб ҳисобларди. Унинг замонида илм ва ижод билан озгина ном чиқариш ёки тилга тушиш — офат ва мусибатга йўлиқиш билан баробар эди. Маълумотларга кўра, амирга илми, ҳақиқий олимлик хусусиятлари туфайли обрў-эътибори юксалаётган Мулло Ҳожибой Сафар деган уламо тўғрисида хабар етказилади. Бухоро ҳукмдори шу уламо хонадонида меҳмон бўлиш истагини билдиради. Ҳожибой имкон қадар уни меҳмон қилиб, иззат-икром кўрсатади. Зиёфат тугайди. Амир қароргоҳига қайтаётганда ҳеч ақл бовар қилмас ҳодиса содир этилади: у шўрпешона олимнинг уйини бузишга фармойиш беради. Мулло Ҳожибой Сафар мадрасадан ҳайдалиб, гўшанишинликка маҳкум этилади. Насруллохонни бундай олимнинг қандай пайдо бўлгани қизиқтиради. Суриштириб билсаки, бунинг боиси — кутубхона экан. Шундан кейин амир катта кутубхоналардаги нодир китобларни қайларгадир тарқаттиради ва зиёлиларни китоб ўқишдан бутунлай маҳрум қилади. Азиз журналхон, бу эртак ё афсона эмас — устод Айнийнинг «Тарихи амирони манғитияи Бухоро» асарида битилган аччиқ ҳақиқат!

Амир Насрулло том маънода золим, риёкор, шубҳагўй бир кимса эди. У қуришдан кўра бузишни, бунёдкорликдан кўра вайронкорликни хуш кўрган. Унинг қаҳр-ғазабидан бутун мамлакат қалтираб, одамлар ихтиёрий равишда юпунликни, ҳақ сўздан — тил тишлашни, эркинликдан — қулликни афзал билган. Бутун Бухоро салтанатида амирнинг айғоқчи ва жосуслари тафтишидан холи жойни топиш душвор бўлган.

2.JPGАмир Музаффар тахтга мустаҳкам ўрнашиб олгач, Бухоро ва бухороликларнинг бошига ёғилаётган мусибат, кулфат, ҳасрат тошлари минг чандон ортиб кетган. Тарихчи ва шоир Мирзо Азим Сомий у ҳақда фикр юритиб, «Жабр ва зулмкорликда отасидан ҳам ўзди, бора-бора тажовузда иш шариёт чегарасидан ошиб кетди», дейди.

Музаффархоннинг табиатидаги телбалик ва ёвузликни кўрган фикри очиқ олимлардан баъзилари азиз юртини тарк этади ва ўзга диёрларда хору зорликда яшайди. Баъзилари бутунлай узлатга чекиниб, ҳаттоки қавм-қариндошлари билан ҳам муомала-муносабатни йиғиштириб қўяди. Тақдир тақозоси билан мансабга минганлари эса бағри дарду қайғуга тўлган, бир амаллаб кун кечираётган мазлумларга юзлашганда, қўрқа-писа амирнинг ҳаракатларидан норозилигини билдиради. «Бу тоифа, — дейди Айний, — ё замонасоз эди, ёки риёкорлик қиларди. Аммо нима қилишмасин, уларнинг хатти-ҳаракатларидан амир идорасидаги қабоҳатлардан қаноатланаётгани яширин қолмасди».

Рост сўз, тўғри фикрнинг бир чақалик қиймати бўлмаган ана шундай қалтис шароит ва бадбўй муҳитда Аҳмад Дониш сарой хизматида юрган.

Амир Музаффар ва Аҳмад Дониш муносабати, бу алломанинг шундай мустабид ҳукмдор даргоҳида узоқ вақт юргани, халқ ва давлат манфаатини кўзлаб унга таъсир ўтказиш учун қандай йўлларни излагани, ҳимоя қалқони сифатида нималарга таянгани хусусида кўп гапириш, ҳар турли мулоҳазаларни илгари суриш мумкин. Шуни инобатга олиш лозимки, ёлғиз илму дониш, тадбир ва эҳтиёткорлик, ғайрат ва фаоллик билан Амир Музаффар ишончини қозониш жуда-жуда қийин эди. Боз устига, у саройнинг энг нуфузли амалдорларидан бўлмиш Аҳмад Дониш тўғрисида деярли ижобий, холис фикр эшитмаган. Модомики, шундай экан, қаҳру ғазаби чексиз бу ҳукмдор панжасидан Дониш қандай омон қолган?

Ғарб олимларидан бирининг ёзишича, «Ҳаёт — хаёл ўйини бўлмагани сингари, мушоҳада, илоҳиёт ва санъат ҳам эмас. Бу оламда ҳаёт ўзининг жиддий маъноси, мақсади ва ўзининг «қурол-яроғи»га эга».

Бизнингча, Донишдаги тоза ўй-фикрлар туғёни айнан шу ҳақиқат ифодаси эди. Бу инсон шахсияти ва ижодиётининг туб моҳиятини шу ҳақиқат ташкил қилади. У хоҳ турмушда, хоҳ расмий хизмат ё ижодда бўлсин, на хаёл, на мушоҳада ўйинига ён берган.

V

Ер юзида тараққиётнинг улкан ютуғи сифатида давлат пайдо бўлганидан буён илм ва ижод аҳли уни бошқаришда фаол иштирок этган. Ҳозир ҳам шундай. Умуман олганда, бунинг ёмон томони йўқ. Ёмон бўлса, нафс ва таъмани истеъдоди, эрки ва ижодидан афзал билган олим ёки ижодкорга ёмондир. Виждонга хилоф йўллардан юрмаса, адабиёт, санъат, илм-фан ривожига хизмат қилса, мабодо ўзи ёзишдан тўхтаса ҳам бошқаларнинг йўлини тўсмаса — нимага амалдан қочиш, мартабадан кечиш керак? Афсуски, адабиёт билан мансабнинг «бошини қовуштириш», икки жабҳада бир зайлда илгарилаш ҳам осон эмас.

Бир мисол. ХIХ асрда яшаб ўтган Толстой фамилияли яна бир рус адиби бор. У киборлар муҳитидан чиққан. Бой-бадавлат бўлган. Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаронинг болалик дўсти бўлганидек, Толстой ҳам рус подшоси Александр Иккинчининг ёшлик ўртоғи эди. Александр тахтга чиққанидан сўнг ҳам улар ўртасидаги дўстлик алоқалари узилмаган. Толстой ёш ҳукмдорнинг ҳамсуҳбати ва мулозими сифатида адабиёт вакилларининг фойдасини кўзлаб анча-мунча хайрли ишларни амалга оширган. Аммо у имконият танқислигини ҳар кун ва ҳар соатда сезиб турган. 1864 йили подшоҳ ундан адабиёт соҳасида бўлаётган ишлар, ижодкорларнинг аҳволи ҳақида сўраганда, у «Чернишевскийга ноҳақ жазо берилгани учун аза тутилаётир», дейди. Александрнинг феъли бузилиб, «Билиб қўй, Толстой, бундан буён ҳеч қачон Чернишевский тўғрисида менга оғиз очмайсан!» дейди. Шўрлик адибнинг ихлоси қайтади ва бундай дейди: «Мен санъаткор бўлиб туғилганман, бироқ ҳозирги шарт-шароит ва менинг турмуш тарзим санъаткорлик илҳомига изн бермайди. …Ҳамма ёқдан хизмат, мансаб, вицмундир, раҳбарият ва шунга ўхшаш сўзлар эшитилиб турганда санъат учун нима ҳам қила олардингиз?»

…Аҳмад Дониш Бухоро амири элчилари сафида уч маротаба — 1856, 1869, 1873-74 йиллари Россияга борган. Ва сафар чоғида Петербургда, Москвада кўрган-кечирганларини «Бадоеул-вақое»нинг алоҳида фаслларида ҳикоя қилиб берган. 1874 йил февраль-март ойларида Россияда чиқадиган «Голос», «Новое время» газеталарида Аҳмад Донишнинг билим-савияси ва сиёсатдонлиги таърифланган фикрлар босилган. Шунга қараганда, ул зот рус подшоси хизматидаги ёзувчи ва олимларнинг эътиборини тортган.

elchi
Суратда: Бухоро элчилари Петербургда –ўртада Аҳмад Дониш

Бухорода бир амир даврида неча вазир, қози, муфти ва беклар алмашган. Жамиятда эса ҳеч нарса ўзгармаган: халқ ҳаёти йилдан йилга ёмонлашиб бораверган. Бир вақтлар сургун қилинган Наполеон тантилиги тутиб, «Менга ўхшаш одам миллионлаб кишиларнинг ҳаётига тупуради» деган экан. Бухоро амири ҳам халқ ҳаётини бир чақага олмаган, дейиш ғирт соддалик бўларди. Акс ҳолда Дониш давлат бошқариш тизимини тубдан ўзгартириш масаласида махсус рисола ёзиб, амир Музаффарга тортиқ қилмасди. Табиийки, «Халқ ахлоқининг тузалишидан илгари подшоҳ ва ҳукумат арбоблари ахлоқининг тузалиши зарурроқ. Чунки подшоҳ ахлоқли бўлса, бир шаҳарга эмас, балки вилоятга, ҳаттоки бутун бир иқлимга таъсири ўтади. Шунингдек, подшоҳнинг маънан бузуқлиги ҳам бутун бир мамлакат халқининг бузилишига сабаб бўлади» қабилидаги гаплар амирга ёқмасди. Шунинг учун рисола муаллифга атрофидаги миш-миш ва ғийбатларни кучайтиришдан ўзга наф келтирмаган эди. Шунга қарамасдан, Дониш «Наводирул-вақое» асарини ёзиб тугатади.

«Наводирул-вақое»ни ёзгандан кейин, — дейди Садри Зиё, — Донишни нодону кофирга чиқаришди… Қозикалон уни кўрганда, вазир, қушбеги у билан ҳар жойда учрашганда, гарчи бош ирғитиб, табассум ила «яхши», «бале» десалар-да, ортидан кулиб, «Девона бўлибди…» дер эдилар».

Чунки «тили аччиқ» Донишдан амирнинг тамоман совиганини бу мунофиқлар яхши билганлар.

Аҳмад Дониш манғит салтанати хонадони мухтасар тарихи битилган «Рисола»сининг асосий қисмида амир Музаффардан — унинг турмуши, феъл-атвори, мамлакатга раҳбарлик қилиш тартиб-усуллари, чор давлатига таслим бўлиш сабабларидан баҳс юритади. Ва масаланинг икки жиҳатига алоҳида урғу беради: бири — Музаффарнинг тахтга чиқиши билан юртда таҳлика, қўрқув, қуллик ва ёлғоннинг фавқулодда зўрайиши; иккинчиси — катта-кичик, паст-баланд мансабларнинг энг қўрқоқ, муттаҳам ва юлғич кимсаларга тақсимлангани.

Масалан, Бухоро вазоратини эгаллаган Муҳаммад Қушбеги шунчалик ожиз, бесавод ва ақлсиз бўлганки, у бутун «иқтидори»ни давлатнинг аянчли аҳволи ҳақидаги заррача тўғри фикрни ҳам амирга етказмасликка сарфлаган. Чунки адолат, диёнат, инсоф талабидаги ҳар қандай гап амирнинг кайфиятига ёмон таъсир ўтказиб, уни ғазаблантирган.
Донишнинг иқрорига кўра эса, «Қуруқ хушомад, бемаъни мақтовлар билан давлат ишлари ўнгланмаганидек, халқнинг аҳволи ҳам яхшиланмайди».

Аҳмад Дониш новча, тўладан келган, боши ҳаддан зиёд катта киши бўлган. Шунинг учун унга Аҳмад Калла лақаби берилган. Ўзи эса ҳазил билан одамлар мени нима десалар десинлар, «Ман ҳамон Аҳмади порина ки будам, ҳастам» — «Мен ўша-ўша бултурги Аҳмадман, ҳозир ҳам ўшаман» дер экан. Айнийнинг таърифлашича, у буғдойранг, юзи тўла ва тоза эди, ёшини олтмишдан ошган деб тахмин қилиш мумкин бўлгани ҳолда бетида ажин сезилмасди. Ўртача ва калта соқолининг оқи қорасидан кўпроқ эди.

Аҳмад Махдумни ҳиммат ва саховат бобида Ҳотами Тойга тенглаштирганлар. Бироқ шундай илм-маърифат ва фазилат соҳибини бировлар коҳин, яъни фолбин — «ғайбдан хабар берганда ажина ва париларнинг талқинлари юзасидан хабар беради» деб айблашган. Ақл-идроки паст, калтабин муллалар ва уларнинг қулига айланган муллавачалар уни диний илмдан бехабар ва шариат асосларига шикаст етказувчи кофир деб ҳисоблашган. Нафсу таъма қўлида қўғирчоқ амалдорлар унинг тимсолида давлат душманини «кашф» этиш ва бу бўҳтонга амирни ишонтиришга уринганлар. Хуллас, Аҳмад Махдум ғийбатчилик ва ғийбатчилар учун катта бир мавзу бўлган. «Наузибиллоҳ, бу худобехабар кофир бўлибгина қолмай, Намруд, Фиръавн ва Шаддодлар каби худолик даъвосини ҳам қилади…» Бу «айбнома» ҳам Дониш ҳақида. Шарқ жаҳолати ана шундай хавфли, ана шундай таҳликалидир. Унинг замирида худолик даъвосини қилган Мансур Ҳаллож дорга осилганда Аҳмад Дониш нечун тирик юрибди, дегандек мудҳиш талаб яшириниб ётибди. Туҳмат, иғво, ҳасад ва бўҳтон ҳамлалари филни ҳам қулатиши ҳеч гап эмас. Бироқ Дониш қилт этиб тебранмаган, қуламаган. Негаки, унинг кўнгли маърифат нури, ҳақиқат ишқи билан тўлиб-тошган. Ожиз, пасткаш, салоҳиятсиз кимсаларнинг бирлашиши ҳам, зимдан қаҳр сочишлари ҳам уни чўчитмаган. У куч-қувватини душманлар билан тортишиш ва олишишга эмас, асосан нафсини «ҳайвоний ва шайтоний сифатлардан поклаш»га сарфлаган.

Донишнинг табиатида ғаройиб бир эркинлик ва муросасизлик бўлган. Ҳар қандай эзгу ишда қалби ва руҳи тубанлик, ғирромлик ва нокаслик шарпасини сездими — бас, ундан қўл силтаган.

«Мударрисларнинг дарс беришлари одам қўлига босмачилик қилиш учун қилич тутқазишга ўхшайди. Шунинг учун мен бу ишдан четлашдим». Бу — мударрисликдан кечган Донишнинг иқрори.

«Ғофилликда юрган кезларимда мен ҳам бир неча вақт муфтилик билан шуғулланган эдим. Ўйласам, эшикдан ким келар экан, нима берар экан, деб келганларга сўз ўргатиб, йўл кўрсатиб, шундан бирор нарса олиб, нон топар эканман… Шунинг учун… бу ишдан ҳам қутулдим». Бу — муфтиликка қўл силтаб, иттифоқо нафсини тийган Донишнинг эътирофи.

Дониш ўз даврининг зўр наққоши, хаттоти ва рассоми бўлганини айтган эдик. «Мен Аҳмад Махдум кўчириб, расм ва лавҳалар билан безаган бир «Юсуф ва Зулайхо» китобининг уч юз пуд буғдойга сотилганини кўрганман», дейди Айний. Қарангки, Донишнинг хаттотлик ва наққошликдан ҳам ҳафсаласи пир бўлади. Унинг изоҳлашича, «бу санъатга уринган кишиларнинг мақсади ё муаллим бўлиш, ёки саройга ва бошқаларга котиблик қилишдир. Менинг кўнглим эса ҳар икковини ҳам кўтармас эди…»

Дониш бу дунёда мутлақ озодлик йўқлигини билгани ҳолда, инсонга ҳурлик ва озодликдан буюк саодат, олий неъмат бўлмаслигига ҳам шак келтирмаган. «Мен ўзимни таниганимдан бери эркин юрганман, ҳеч қачон ва ҳеч бир мавридда асоратга тушмаганман, саройда ишлаб, маъмур ва маошхўр бўлган вақтларда ҳам эркинлигимни қўлдан бермай, асоратни тан олган эмасман…»

Мана шундай кучли, эркига содиқ шахс бўлган Аҳмад Калла.

VII

Индаллосини айтганда, улуғ ижодкор, ҳақиқий санъаткорларнинг қисмати мураккаб, баъзан эса ниҳоятда оғир бўлади. Улкан санъаткор жамият билан келишса, давлат ва ҳокимият билан чиқишолмайди, давлат билан тил топишса, халққа мақбул келмайди. Бу зиддият истеъдодни ўз гирдобига тортганда, ақл бовар қилмас бахтсизлик, кулфат ва фожиалар юз очади. Шу маънода жаҳон адабиёти тарихига бундоқ назар ташланса, «Сен она эмассан, жаллодсан дунё!» деган шеърий сатр беихтиёр ёдга тушаверади.

Н.Герцен буюк рус шоири Пушкинга бағишланган бир мақоласини бундай маълумот билан тугатади: «Рилеевни Николай дорга осди. Пушкин ўттиз саккиз ёшида дуэлда ўлдирилди. Грибоедов Теҳронда сотқинлик қурбони бўлди. Лермонтов ўттиз ёшида Кавказда дуэлда нобуд этилди. Веневитинов йигирма икки ёшида оломон қурбони бўлди. Кольцов ўттиз уч ёшида ўз хонадонида ўлдирилди. Белинский ўттиз беш ёшида очлик ва қашшоқликдан жон таслим қилди. Баратинский ўн икки йиллик ҳарбий сургундан сўнг дунёдан кетди. Бестужев Сибирь қамоқхонасидан кейин, ҳали ёш чоғида, Кавказда жувонмарг этилди…»

Адабиётнинг иродаси, сабр-бардошига балли! Ахир, унда ҳам оталик, оналик туйғуси бор. Ҳар бир истеъдод — унинг нуридийдаси, умиди ва ишончи. Йўқотишлар, ажралишлар, янги-янги мусибат адабиётга қандай таъсир ўтказган, қалбини қандоқ эзган — бу ҳақда сўзлаш ҳам қийин.

Аҳмад Дониш узоқ муддат саройда хизмат қилган, бераҳм сарой ҳаётини ичидан кузатган. Бир эмас, уч амир — Насруллохон, Музаффархон ва Аҳадхоннинг қалам аҳлига муносабати, уларни қарамликда сақлаш, таҳқирлаш сиёсатини энг хуфя жиҳатларигача билган.

Буюк маърифатпарвар бошқа ўлкалардаги салтанат соҳибларининг хизматида бўлган олим, ёзувчи ва шоирларнинг аҳволидан ҳам воқиф эди. Адиб шу хусусда тез-тез фикр юритар, гоҳо таҳликали хаёлларга бериларди. Айниқса, муаррих танишидан эшитган қонли бир воқеа унинг хотирасига чуқур ўрнашиб қолган эди. Бу — озарбойжон шоири Мулло Паноҳ Воқиф қисматидаги фониш эди.

Қорабоғ ҳóкмдори ўзининг бир навкари томонидан ўлдирилганидан кейин унинг тахтини эгаллаган Муҳаммадбей ҳам Воқифга душман назари билан қараган. Ва шу даражада тубанликка борганки, шоирнинг ҳам жонига, ҳам гўзал хотинига кўз олайтирган.

Воқиф Қизхоним исмли бир малаксиймо гўзалга уйланганда ёши анчага бориб қолган эди. Бироқ ишқ оташининг нималигини у ўшанда англаган, дунёни унутиб, бутун борлиғини Қизхонимга бағишлаган. Бой-бадавлат бир хонадонда вояга етган Қизхон ҳусну жамолда тенгсиз, таърифга сиғмас бир санам сифатида донг таратган ва Воқифнинг чинакам илҳом парисига айланган. Янги ҳаёт, кутилмаган бахт тимсоли бўлиб кўринган ёрига у кўплаб шеърлар бағишлаган:

Соз тутилиб юз минг санам ўйнаса,
Жам бўлиб Руму Ажам ўйнаса,

Кўкда малак, ерда одам ўйнаса,
Қувонч етмас ҳаргиз ўзгадан, келин…

Бу сўзлар ва самимий эътирофларнинг оқибати нима бўлиши ёки нимага олиб боришини шўрлик шоир хаёлига ҳам келтиролмасди. Қизхоннинг таърифини эшитган Муҳаммадбей аёл билан пинҳона алоқа боғлаб, унга уйланиш истагини билдиради. Хоннинг ваъдаларидан ўзини йўқотган соҳибжамол «Токи Мулла Паноҳ ўлмас экан, мен сизга шаръан хотин бўлолмайман», дея жавоб қайтаради. Хонга айнан шу иқрор ва ишорат керак эди. У Воқифни ҳузурига чорлайди. Зўр зиёфат уюштириб, гўё иззат-икром кўрсатган бўлади. Уни вазирлик мансаби кутаётганини айтади. Хуллас, ҳар қанча узрлар айтиб, ҳар қанча ўзини олиб қочмасин, Воқиф вазири аъзам бўлишга кўндирилади. Кўп ўтмай у умрида қилмаган, қанча таклиф ва даъватлар бўлса ҳам ўзини мажбур этолмаган ишга қўл уради — бирин-кетин мадҳия ва қасидалар битади:

Қаламда, қиличда, сўзда, садода,
Баробари йўқдур дорилфанода,
Меҳру муҳаббати ҳаддан зиёда,
Кўрсатур чўх эътиқодин Муҳаммад.

Эҳтимол, золимни — одил, қаҳрни — меҳр дейишда адашиш мумкиндир. Аммо жони, аёли, номусу шони ва истеъдодига чанг солишга чоғланаётган жаллодни мақташга киришган шоирни қандай оқлаш мумкин?

Хон ўзини ғолиб сезишга ҳақли эди. У улкан бир шоирни маънан синдириш, имон-эътиқодига зид гапларни сайратиш ва эл-юрт олдида обрўсизлантиришга эришади. Воқиф учун эркинлик, ҳақгўйлик мавсуми тугайди. Энди унинг бошида мусибат булутлари қуюқлашиб борарди. Воқифнинг саройдан ташқаридаги душманлари ҳам сарой аёнларига туҳмат ва бўҳтонларни зўр бериб етказа бошлайди.
Ниҳоят, хоннинг яқинлари унга қуйидагича маслаҳат беради: «Тез кунда Иброҳимхон Қорабоғ заминига ҳужум бошлайди, ана шунда вазирингиз мулла Паноҳ сизга хиёнат қилади… Фурсат борида уни ўлдириш ва маликаи офоқ бўлмиш хотинини ҳарамга олиш керак». «Олампаноҳ» буни маъқуллайди. Воқиф фожиа кўланкасини сезади. Унинг «Бош олиб бу аҳли дунёдан аёқ етгунча қоч, На қизга, на ўғилга, на дўсту на ёрга боқ», деган сатрлари буни тасдиқлайди. Лекин шоир қочиш чорасини тополмайди.

Бир тунда уни Қосим оға исмли ўғли билан қатлгоҳга олиб борадилар. У ўғлидан олдин ўлдиришини ёлвориб сўраса ҳам, кўз ўнгида аввал фарзандини қатл этиб, сўнг ўзининг бўйнига пичоқ тортадилар. Худди шу кеча шоирнинг хотини подшоҳнинг ҳарамига олиб келинади…

Бу воқеанинг Аҳмад Донишга қаттиқ таъсир этгани бежиз эмасди. Чунки аллома бунга ўхшаш ҳодисаларга кўп гувоҳ бўлган эди. Айниқса, Амир Музаффарнинг рухсатисиз чиройли бир қизга уйлангани учун бир олим йигитнинг ўлдирилгани ва ўша қиз чимилдиқдан тўппа-тўғри ҳарамга олиб келинганини у ҳеч унутолмасди. Дониш сарой амалдорлари орасида ўзини қанча бегона сезса, майдагап, мунофиқ, қаланғи-қасанғи ижодкорлардан ҳам шунча кўнгли қолган эди. Унинг истеъдод бобида ҳам, садоқатда ҳам ишончли бир шогирди бор эди. Афзал Пирмастий деган бу йигитни бағрига олади, сабоқ беради, тарбиялайди. Қаддини ростлагунча суяйди. Мансаб эгаллашига кўмаклашади. Лекин хом сут эмган банда, барибир адашар экан. Бу йигит, ҳамма яхшиликларни эсдан чиқаргандай, бошқа бир кимсага айланади. Устозидан гап ўғирлаб, амирга етказишни одат қилади.

Хон хизматига қандай кишилар муносиб кўрилади, қанақа кимсалар мансабга тез кўтарилади, сарой муҳити асосан нимани ўргатиб, нимага рағбатлантиради — Аҳмад Дониш буларни ўша шогирдига қайта-қайта уқтирган эди.

Устоз қозиликдан ҳам истеъфо бериб, узлатга чекингач, Исо Махдум, Қори Каромат Танбурий, Қори Неъмат каби бир неча мусоҳибидан ўзга одам билан дил очиб суҳбатлашмасди. «Водариғ! Бизнинг замонамизда қулоқлар кар, кўзлар кўрдир. Ягона йўл қолди: нимани билсанг, шуни ёзиш, ўзинг ўқиб, ўзинг йиғламоқ учун уни қоғозга битиш…» Аммо оппоқ қоғозга дардларни тўкиш, танҳоликда йиғлаш учун ҳам имкон йўқ эди.

Эл-юрт орасида катта обрў қозонган қайсар алломанинг фикрларини амир билгиси келарди. Афзал Махдум айғоқчиликни қойиллатиши керак эди. Бироқ кўп ўтмай сир фош бўлади. Шундан сўнг Афзал Махдум ҳам Донишга, ҳам устозининг айрим яқинларига ташланади…

VIII

Минг саккиз юз тўқсон еттинчи йилнинг эрта баҳори. Кўклам қучоғида эркин нафас ола бошлаган қадим Бухоронинг кент ва олис қишлоқларида ҳам ҳаёт қайнайди. Қишки карахтлик, сокинлик кўнгилларни тарк этган. Дунё гўёки бир жўøқинлик — баҳор ва тириклик завқидан бошқа шукуҳни тан олмайдигандай. Қушлар қий-чувига тўлиб кетган боғ-роғларда одамлар кўклам юмушлари билан машғул.

…Кеча Садриддин қўшнисидан эшагини сўраб олган. Бугун Гиждувон марказига бормоқчи. Пешинга яқин у эшакка миниб йўлга тушди.

Туман марказига етиб келиб, эшакни бозор рўпарасидаги карвонсаройга боғлади. Чорсу томонга юриб, тўғри Файзибой ҳолвачининг дўконига кириб борди. Файзибой унинг эски ошнаси. Дўкон эса ҳамиша гавжум, хабар тўпланиб, тарқаладиган ўзига хос бир «марказ» эди…

Ҳолвачи унга вужудни қақшатадиган совуқ бир хабарни айтди. Бу — Аҳмад Донишнинг вафоти хусусида бир ҳафта олдин Бухородан етиб келган машъум хабар эди.

— Водариғ, шундай улуғ одам вафот этди, — дея гапни давом эттирарди Файзибой, — Аҳмад Махдум беназир одам эди. Унинг улуғворлиги муллалиги, ёши, мартабасида эмас, балки ростгўйлиги, одиллиги ва донишмандлигида эди. Суҳбатдошни ипсиз боғлай оладиган бир кучи бор эди. Хислатли, хосиятли бунақа зотни мен умримда кўрмаганман. У зўр дуохон эди деб ўйлайман, хоҳлаган одамини асир айлай биларди. Шун÷а савлату салобати билан катаю кичикка оға-инидек муомала қиларди… Биз бир неча ғиждувонликлар тунов куни уйига бориб аза очдик. Уч кун мобайнида дуои фотиҳа ўқидик.

Садриддин Аҳмад Калланинг Гиждувон яқинида қароргоҳи борлигини эшитган, лекин кўрмаган эди.

— Ака Файзи, шу уйга бориб фотиҳа ўқисак бўладими?
— Албатта. Бутун Бухоро ҳозир Махдумга мотам тутаётир. Вобкент, Шофиркон, Пешкўда ҳам аза очилган…

Файзибой узоқ куттирмади. Икковлон йўлга чиқдилар. Садриддин хомуш эди. У қанча мусибат ва йўқотишларни бошдан ўтказди. Бироқ бу ажралиш аламини сўз билан ифодалаб бўлмасди. «Нега тириклигида уни сўроқлаб бормадим? Суҳбатларидан нечун ўзимни мосуво қилдим?» деб ўзини койир ва у ҳам «Ҳай дариғ, минг дариғ» демоқдан бошқа таскин тополмасди.

Файзибойга таниш икки киши уларни қарши олди. Тиз букиб ўтиришлари ҳамон Садриддин қироат бошлади. Қуръони карим калималари овозидан мунг бўлиб, муножот бўлиб оқди, оқаверди.

У ўлимнинг ҳақлигини билса ҳам, шундай мунаввар, шу қадар мукаррам зотнинг вафотига кўниколмасди.

Файзибой Аҳмад Махдумнинг бу жойга қачон келиши, кимлар билан учрашиши, юриш-туриши ҳақида билганларини сўзлай бошлаганда Садриддин тўққиз ёғочлик ҳашаматли уйни нигоҳдан ўтказарди. Деворларга ганчкорлик, ўймакорлик усулида ҳар турли нақшлар солинган. Гуллар эса шунчалик жонли ва жозибалики узиб ҳидласа бўлаверадигандай. Хонанинг олд девори тепасига махсус лавҳада: «Э кўргувчи, бу нақшни асло унутмагил, Мир Аҳмад фақир синиқ килкин эслагил!» деган байт заррин ҳарфлар билан нақшланган.

Файзибойнинг айтишича, буларнинг ҳаммасини Дониш ўз қўли билан яратган экан.

Садриддин Айний Соктареда кейин узоқ туролмади. Аммо Бухорога ҳам боргиси келмасди. Донишдай жигарбандидан жудо бўлган Бухоро унга бениҳоя ўксик, ғариблашиб қолгандай туюларди. У Пешкўга — Аҳмад Донишнинг садоқатли дўсти, туман қозиси Шарифжон Махдум ёнига борди.

«Мен қози билан Аҳмад Дониш ҳақида кунда узоқ суҳбат қилишдан ташқари, — дея хотирлайди Айний, — Дониш қўли билан ёзилган катта дафтардан унинг асарларини ўқиб чиқдим. Қизил чарм муқовали бу дафтарнинг бўйи тахминан икки қарич, эни бир ярим қарич бўлиб, Қўқоннинг жайдари китобот қоғозидан тузилган эди».

Ушбу дафтар маълум бир жиҳатдан кундалик характерида бўлган: муаллиф турли ҳолат, кайфият ёки вазиятда туғилган фикр-мулоҳазаларини шу дафтарга пешма-пеш ёзиб, қайд қилиб борган. Сўнг «Наводирул-вақое»ни ёзишда уларнинг баъзиларидан фойдаланган.

Аҳмад Донишнинг дастлабки асари «Манозирул-кавокиб»дир. Бу рисолада нужум, яъни юлдузшуносликдан баҳс юритилган бўлса ҳам асосий эътибор инсон тақдири ва толе сирларини очишга қаратилган. Расмий уламолар Донишни ислом дини асос ва ақидаларини билмасликда айблайди. Шунда у ғанимлар бўҳтонига «Меъёр ут-тадайюн» (1894) рисоласини ёзиш билан жавоб берган, унда дину диёнат меъёрларини ёритган эди. Манғит амирлари сулоласи ҳукмронлиги тўғрисидаги китобида эса юз йиллик тарих тадқиқ ва таҳлил қилинган.

Иброҳим Мўминовнинг қайд этишича, «Мажмуаи ҳикояти Аҳмади Калла» тўпламида Ўрта Осиё тарихидаги, хусусан, Мирзо Улуғбек давлатни бошқарган даврдаги энг муҳим ҳодисалар қаламга олинган.
Албатта, бугун кўпчилик замондошларимиз бу асарларнинг номини ҳам билмаслиги мумкин. Негаки, «Наводир»нинг ўзбекча таржимаси уч минг нусхада 1964 йилда босилиб чиққан. Орадан қирқ йилдан зиёд вақт ўтди. Бу китоб на қайта нашр этилди, на Донишнинг бошқа бир асари таржимасига қўл урилди. Илм ва ижод аҳлида муносабат шундай бўлгач, ёш авлод Донишни қайдан билсин, қайси китобини қаердан ахтариб, қандай топиб ўқисин?

Е.Бертельс «Дониш — Ўрта Осиё жадидларининг отаси» деб таъриф берган эди. Шундай экан, бундай улуғ зотнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганмасдан туриб озодликнинг, илм-маърифатнинг аҳамиятини тушуниш қийин.

IX

Маълумки, ҳаётдан адабиётга, адабиётдан ҳаётга бориш айни бир йўл эмас. Адабиётнинг бош вазифаси ва туб моҳиятини чуқур тушунмай ҳаётдан баҳс юритадиган ижодкорлар бўлганидек, ҳаётнинг асосий талаби ва боқий ҳақиқатларини теран англамай туриб адабиётга хизмат қилишни кўзлаган қалам соҳиблари ҳам кўп учрайди. Истеъдод фақат адабиётда синалмайди, уни ҳаёт ҳам синовдан ўтказади. Аслида, ижодкор куч-қуввати, шижоати ва маҳоратини намойиш айлайдиган чинакам синов шу. Инсон тақдирини ҳаёт кўзгусида, ҳаётни инсон қисмати орқали акс эттиришни эплаган ҳар бир санъаткор буни албатта ўйлайди.

«Ҳаёт — моддий ва жисмоний ҳаракат, ҳар қандай фаолият, ўз моҳиятига кўра номукаммал ва бетартиб. Мен эса фақат ҳаёт талабига мувофиқ ҳолда унга хизмат қилишга интиламан», — дейди француз адиби ва мутафаккири Мишель Монтен. Ана шундай нуқтаи назарга асосланган ижодкор маънавий-ахлоқий, диний-руҳоний мавзуларда ҳеч вақт сафсатабозлик қилмайди. Ҳå÷ қачон китобий ғоя ва тушунчалардан илҳомланиб асар ёзишга умрини сарфламайди. Бухоро адабий муҳитида эса бадиий ижод воқеликдан, воқелик адабиётдан йироқда судраларди. Ўртада уйғунлик, табиий алоқа йўқ эди. Аксарият қаламкашлар маҳдуд аҳволи, қилаётган ишига танқидий нигоҳ билан қарай олмасди. «Эй биродарлар, сиз кам фикрлайсиз. Мушоҳада юритолмай, тайёр фикрларга ёпишиб яшайсиз. Ҳатто туйғу ва изтиробларингиз ҳам янгиликдан маҳрум» дейдиган одам топилмасди. Адабиёт назиранавислик, маддоҳлик лойига ботган, айниқса, Мирзо Бедилга кўр-кўрона тақлид «мода»га айланган эди.

Бу жараённи тўхтатиш, қандай қилиб бўлмасин, бундай иллатларга барҳам бериш зарур эди. Буни уддалаш осон эмасди. Адабиётдаги нафислик ва гўзалликнинг манбаи қаерда? Ҳаётда. Адабиёт ва санъат нозикликни қаердан ўзлаштиради? Ҳаёт ва воқеликдан. Демак, ҳаёт адабиётдан нозикроқ. Шу боисдан ҳаётни тез бой бериб, осон булғатиш мумкин. Бу ҳақиқатга етишган ижодкор ўз ҳаётини минг-минглаб кишилар кўзгусида мушоҳада этишда қийинчилик сезмайди. Ва ҳеч шубҳасиз, ҳар қандай шароитда ўз китобхонини топади. Зеро, чин истеъдод ўқувчи марҳаматига зор эмас. Ёзган ёки ёзилажак асари ҳар томонлама мукаммал — ғоявий, руҳий, бадиий жиҳатдан ҳам қизиқарли бўлса, китобхон уни албатта топиб ўқийди. Бинобарин, ўзига инонган истеъдод соҳиби адабиёт «ярмарка»сидаги ғалаёнларга аралашувдан тийилади. Аҳмад Дониш илмий-ижодий фаолияти шу маънода ибрат мактабидир.

Бу дунёда ҳар бир ютуқ ва мувафаққият ўзича қурбон талаб қилади. Нимадандир кечилса, нимагадир эришилади. Ниманидир сақлаб қолсангиз, ниманидир бой берасиз. Хуллас, муваффақият дегани — маҳрумият, маҳрумият дегани — муваффақият бўлмоғи мумкин.

Дониш ҳаётни севиб, ҳеч бир тўсиқ ва қаршиликни писанд этмай мардона кун кечирди. Шу боисдан ҳам унинг асарлари ростлик, матонат руҳи билан суғорилган. У куч-қувватини ўзи хоҳлаган зайлда ижодий ишларга бағишлай олмаган бўлса-да, ҳеч бир маънода тилқисиқлик жойи ҳам йўқ эди.

Аҳмад Дониш халқ ва давлат, ҳокимият ва юртнинг таназзулдан қутилишини ўйларди. Шу боисдан ҳам у жоҳил, нодон ва аҳмоқ кимсаларни давлатдан ҳимоя айлашга уринмаганидек, ичдан чириб, бузилиб кетган давлатнинг одамлар ҳаётида бирор ўзгариш қилиши ҳақида сўзлашни ҳам истамасди. Унинг биринчи орзуси ахлоқ ва тафаккур эди. «Илм-фан тафаккурни озод қилади, эркин тафаккур эса халқдир» деган ҳақиқатга Донишда ҳам иштибоҳ йўқ эди.

Менимча, олмон файласуфи Эрих Фроммнинг мана бу мулоҳазалари айнан Аҳмад Донишга ўхшаган мутафаккирлар ҳақида айтилгандир: «Камдан-кам кишиларгина ёлғизликка чидаб, жамоатдан четда умргузаронлик қилишдан қўрқмай, ҳақиқатни айтишга қодир бўлади. Булар инсониятнинг чинакам қаҳрамонларидир. Агар шундай шахслар бўлмаганда, биз ҳозиргача мағораларда кун кечириб юрган бўлардик».

Аҳмад Дониш ана шундай қаҳрамонлардан эди. У ҳақиқат, маърифат, тафаккур нури билан халқининг қалбини нурлантиришга бел боғлаган танти аллома эди.

Аҳмад Донишнинг ҳаёти ва ижодиётини ўрганишда тожик, ўзбек, рус олимлари бир қанча хайрли ишларни амалга оширган. Улар орасида С.Айний, Е.Бертельс, И.Мўминов, С.Улуғзода, З.Ражабов, М.Шукуров каби атоқли олим ва адиблар бор. Бугун юртимизда сиёсий-ижтимоий иқлим тубдан ўзгарган, фикр-қарашлар янгиланган, маданий меросга муносабат ҳам бошқача. Лекин, афсуски, Аҳмад Донишга бағишлаб янги давр талаб ва эҳтиёжини ифодалайдиган бирорта ҳам махсус тадқиқот бизда ҳали яратилгани йўқ. Нега биз Донишдан ўзимизни четга тортишимиз керак? Нега юрт, миллат, инсон эрки дардидан бошқа дардни писанд қилмаган маърифатпарвар адибнинг илмий-адабий меросини кўзга суртиб ўқиб-ўрганмасликка кўникишимиз керак? Шундай бетимсол аждодимизнинг ибратли ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маънавий-фалсафий сабоқларидан бехабарлик ҳам ғофиллик, ҳам маърифатли жамият қуришни орзу қилаётган биздек авлодга ярашмайдиган ҳолдир.

Манба: kh-davron.uz