Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги консулликлар муаммоларини тан олди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги консулликлар муаммоларини тан олди
82 views
25 April 2017 - 13:40

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов хориждаги ўзбекистонликлар билан ишлайдиган консулликлар фаолиятида узоқ йиллик муаммолар мавжудлигини тан олган.

Жаноб Ваҳобов Тошкентда ташкил этилган матбуот анжуманида гапирган.

“Бу мавзу, аслида энг ўткир мавзулардан биридир. Унинг долзарблиги шундаки, минглаб инсонларнинг тақдирига дахл қилади. Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда улкан сондаги ватандошларимиз Ўзбекистондан ташқаридалар: кимдир олий ўқув юртини тугатганидан кейинги академик алмашиш бўйича кетган, кимдир меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун, бошқалар эса хорижий шериклар билан бизнес мулоқотларни йўлга қўйиш учун, кўплар – сайёҳлик мақсадида”, деб айтган Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари.

Жаноб Ваҳобов сўзларига кўра, афсуски, кўп сондаги Ўзбекистон фуқароларининг хорижга чиқиб кетишларига Ташқи ишлар вазирлиги, авваламбор, вазирликнинг хорижий муассасалари тайёр бўлмаганлар.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов

“Президент Виртуал қабулхонаси ишга тушганидан буён шу бугунгача вазирлик номига фуқаролардан 3000 атрофида мурожаат келиб тушди. Уларнинг учдан икки қисми консуллик-ҳуқуқий масалаларига тааллуқлидир”, деб айтган Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов.

Россияда атиги иккита – Москва ва Новосибирск шаҳарларида Ўзбекистон консуллиги фаолият юритаётгани, барча мурожаатларни ўз вақтида ижобий ҳал этиш жисмонан имконсизлигини айтган Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари.

Жаноб Ваҳобовнинг ушбу баёноти Ўзбек расмийларининг ўз фаолиятларидаги муносабатини ўзгартираётганларининг яна бир нишонасидир.

Марҳум президент Ислом Каримов бошқаруви йилларида мамлакат раҳбарияти миллионлаб Ўзбекистон фуқаролари оиласини боқиш учун Россияга кетишга мажбур бўлганларини ҳеч ҳам очиқ тан олмаганлар.

Якутск шаҳридаги Мигриция хизмати идораси олдида навбат кутаётган меҳнат муҳожирлари

Марҳум Каримов хорижда ишлаётган меҳнат муҳожирларини “дангасалар” деб таърифлаган эди.

Хориждаги Ўзбекистон консулликлари муаммога дуч келган ўзбекистонликларга ёрдам бермагани учун кўп маротаба эркин оммавий ахборот воситаларида танқид қилинган.

Тошкентдаги матбуот анжумани Электрон Оммавий ахборот воситаларининг Миллий ассоциацияси томонидан ташкил қилинган, у Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 2017 йил биринчи чорагида ижро этилишига бағишланган.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари Светлана Ортиқова, Қонунчилик палатаси раиси ўринбосари Сарвар Отамуродов, “Тараққиёт стратегияси” маркази директори Акмал Бурҳонов, Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов, Соғликни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Боситхонова, Марказий Банк раиси ўринбосари Шоҳруҳ Шоаҳмедов, Ички ишлар вазири ўринбосари Акрамхон Бобохонов ва бошқалар жавоб қайтарганлар.

Манба: bbc.com