‘’Мақсадим – байналмилал легитимлик’’

‘’Мақсадим – байналмилал легитимлик’’
23 views
26 April 2017 - 6:00

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси Ўзбекистонда 2007 йилда ўтажак президентлик сайловларида партия раҳбари Муҳаммад Солиҳ номзодини илгари суришини маълум қилган. Муҳаммад Солиҳ 1991 йилги илк президентлик сайловларида Президент Ислом Каримовнинг рақиби бўлган ва орадан кўп ўтмай, мамлакатни тарк этган эди.

Ўзбекистон Олий маҳкамаси уни 1999 йилги Тошкент портлашларида айблаб, сиртдан ўн олти ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган. Ўзбекистон қонунларига мувофиқ, судланган ва 10 йил давомида мамлакатдан ташқарида яшаган шахс президентлик сайловларида иштирок эта олмайди. Хўш, шундай шароитда Муҳаммад Солиҳ жаноблари қандай қилиб сайловларда қатнашмоқчи?

Муҳаммад Солиҳ: – Бу ўринли савол. Ва бу саволга мен шундай жавоб беришим мумкин. Олти ойдирки, Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Женевадаги Инсон ҳуқуқлари қўмитасида менга қарши чиқарилган ҳукмнинг тафтиши кетаяпти. Бу масалада бизнинг адвокатимиз Салима Қодирова Ўзбекистон Олий судига ва у ердаги бошқа мақомларга икки йил олдин мурожаат қилиб судда кўрилган менинг ишимнинг материалларини сўраган эди. Ҳимоячига ҳар хил баҳоналарни рўкач қилиб, материалларни бермаганлар. Шунинг учун ҳам Бирлашган Миллатлар ташкилотига оширилди бу иш. Улар, бу ишни олдик ва унинг устида ишлаяпмиз, деб маълум қилишди бизга. Ҳозир бу хусусда Ўзбекистон ҳукуматига мактуб ёзишган. Мактубга ҳеч қандай ижобий жавоб келмаслигини биз биламиз. Чунки ижобий жавоб Муҳаммад Солиҳнинг мутлақо айбсиз эканини тан олиш, дегани бўлади.

Би-би-си: – Бирлашган Миллатлар ташкилоти Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг қарори Ўзбекистондаги маҳкаманинг сизга нисбатан чиқарган ҳукмини бекор қилолмайди. Сиз буни биласиз, шундайми?

Муҳаммад Солиҳ: – Бу қарор байналмилал платформада бекор қилади. Халқаро юридик қонунлар бўйича бекор қилиши мумкин.

Би-би-си: – Лекин Ўзбекистон қонунлари бўйича сиз терроризмда айбланган ва мамлакат ичкарисида 10 йил мобайнида яшамаган шахс сифатида қоласиз. Бу ҳолатда ҳеч ким сизни номзод сифатида рўйхатга олмайди…

Муҳаммад Солиҳ: – Бу энди уларнинг иши. Ҳатто ундай бўлмаганда ҳам рўйхатга олмаяпти-ку. Бу бошқа масала.

Би-би-си: – Яъни, бунда сиз ташқаридан қандайдир аралашувга умид қилиб номзодингизни илгари сураяпсизми?

Муҳаммад Солиҳ: – Йўқ. Ҳеч ким четдан аралашиб уларнинг қонунини ўзгартиролмайди. Мен байналмилал платформда менинг бу сайловда қатнашишим мумкинлигини ва бунинг учун, яъни, байналмилал қонунлар асосида ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини исбот қилмоқчиман. Ва байналмилал легитим бир шахс сифатида, легитим сиёсатчи сифатида дунёга тан олдиришни истайман ўзимни.

Би-би-си: – Лекин бу нарса Ўзбекистонда реалликка айланиши учун қайсидир маънода мўжиза юз бериши керак. Сиз бунга розимисиз?

Муҳаммад Солиҳ: – Мўжиза эмас, халқ ўз ҳақларини талаб қилиб кўчага чиқиши керак ва халқ ўзининг иродасини ўша сайловларда бевосита кўрсатиши керак.

Би-би-си: – Шунга шароит бор, деб ўйлайсизми?

Муҳаммад Солиҳ: – Албатта бор. Фақат ташкилотчилик иши заиф халқнинг ичида. Мен ташкилот деганда бирор бир партияни айтаётганим йўқ. Халқнинг ўзи ташкиллашмаган. Яъни, халқнинг ўзи бу қарорга келгани йўқ. Аммо бу қарорга келса, халқ бир кунда кўчага чиқади. Андижон эмас, бутун вилоятларда кўчага чиқади. Фақат халқ ҳали шу фикрга келгани йўқ.

Би-би-си: – Сиз 2007 йилга келиб Ўзбекистонда эркин ва адолатли президентлик сайловлари бўлиши мумкин, деб ишонасизми?

Муҳаммад Солиҳ: – Йўқ. Бу тузум бор экан, бу режим иқтидорда экан, бундай сайловнинг бўлишига мен ишонмайман. Бундай сайлов фақат халқнинг кучли тазйиқ, таъқиби остида, Қирғизистондаги ва Украинадаги, Гуржистондаги халқнинг кўчага чиқиб ўз ҳақларини қандай талаб қилган бўлса, бизда ҳам худди шундай шаклда талаб қилсагина, бу режим биз истаган демократик сайловни қилиши мумкин. Бошқа бирор бир шаклда бу ҳукумат қилмайди ва агар қиламан, деган бўлса ҳам мутлақо ёлғон. Бунга халқимиз ҳам ишонмайди, биз ҳам ишонмаймиз.

28.04.2006

(124)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (365-367-саҳифалар.)

(давоми бор)