Яхши қайси, ёмон қайси…

Яхши қайси, ёмон қайси…
46 views
30 April 2017 - 8:00

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

 

Билинмас

Дардим кўпдир диёримдан, давримдан,
Хайр қайси, эҳсон қайси, билинмас.
Золимларнинг жафосиндан, жабриндан,
Ислом қайси, иймон қайси, билинмас.

Суҳбатларда Ҳақ каломи сўйланмас,
Мажлисларда насиҳатлар айтилмас,
Ҳалол қайси, ҳаром қайси, сайланмас,
Суд қайсидир, зиён қайси, билинмас.

Халойиқда ором, юртда тўзим йўқ,
Бойларинда саховат йўқ, берим йўқ,
Хотинларда ҳаё, қизда шарим йўқ,
Одоб қайси, икром қайси, билинмас.

Бегона молига кўз индирарлар,
Кўнгил уйин кинага тўлдирарлар,
Бир-бирини ноҳақдан ўлдирарлар,
Нурбат қайси, омон қайси, билинмас.

Махдумқули, жон меҳмондир, гавда лош,
Яхши дўст кўп, ёмон бўлсанг, йўқ қардош,
Бу айёмда бош – оёқдир, оёқ – бош,
Яхши қайси, ёмон қайси, билинмас.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди