Кaрнеги институтида қилинган маъруза

Кaрнеги институтида қилинган маъруза
30 views
02 May 2017 - 6:00

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Каримов режими изоляция синдромини бошидан кечирмоқда. Европа Иттифоқининг кичик бир рамзий чеклови ва баъзи АҚШ сенаторларининг ҳам айни санкцияларни қўллаш ҳақидаги чақириқларининг ўзиёқ бу ўртаосиёлик диктаторни саросимага солиб қўйди. Унинг бу аянчли ҳолатини шу йилнинг 13 май куни Сочида Россия Президенти В. Путин билан бўлган учрашувда яққол кўриш мумкин эди. Андижон фожеаларининг бир йиллиги арафасида ўтказилган бу учрашувда Путин бир қўли билан ўзининг суюкли ити Конини, иккинчи қўли билан эса Каримовнинг бошини силаб турарди.

Изоляция синдромининг дастлабки асоратлари шу қадар аччиқ эдики, ўзини тамомила йўқотиб қўйган Президент Каримов субординация қоидаларини ҳам унутиб, Андижон қўзғолонига алоқадор хисобланган етакчиларни ҳибсхоналардан ҳузурига чақириб, Америка ва маҳаллий сотқинлар туфайли нураб бораётган обрў-эътиборини сақлаш учун ёрдам беришларини илтимос қилган.

Бу чорасиз тутқинлар ҳам Ғарб давлатларидан сиёсий бошпана олган қариндош-уруғларини қон ва тер ҳиди анқиб турган қоронғу камераларидан туриб, ортга қайтишларини сўраб хатлар ёза бошлашди. Бу ҳаракатларнинг маҳсули ўлароқ, 12 қочқин яқинда тавба-тазарру билан ўзларини авф этган ўзбек диктаторига ҳамду санолар айтиб, Ўзбекистонга қайтишди.

Бундан бир ой муқаддам Германияда яшовчи бир гуруҳ қочқинлар ҳам Ўзбекистон Президентига мактуб билан мурожаат қилиб, ўз Ватанларига қайтиш орзусида эканликларини маълум қилган эдилар. Андижон билан чегарадош бўлган Ўш шаҳридаги қочқинлардан олинган хабарга кўра «акромийлар» идеологи Акром Йўлдошев ўз тарафдорларига хат билан мурожаат қилиб, Андижон хунрезлиги гувоҳларининг барчасини Ўзбекистонга қайтишларини илтимос қилган.

Агар Каримов режимининг уларга бўлган муносабати самимий бўлганда эди, биз қочқинларнинг ўз Ватанларига қайтишга бўлган иштиёқларини қутлаган бўлардик. Афсуски, ундай эмас. Қочқинларни ортга қайтариш билан Каримов улар воситасида ўзининг Андижондаги қонли жиноятларини хаспўшлаб, дунё ҳамжамияти олдида ўзини оқлаш ва сўниб бораётган нуфузини қайта тиклашни мақсад қилиб қўйган. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг Акром Йўлдошевни руҳан синдириб, уни расмий ҳукумат доиралари билан ҳамкорлик қилишга кўндириш учун амалга оширилган ёвуз ҳаракатлар миқёсини тасаввур қилиш қийин эмас.

Яна шуни айтиш жоизки, Каримов Андижонда юзлаб тинч намойишчиларни отиб ўлдирганидан сўнг ўз қотиллиги учун жазоланиши мумкинлигини ўйлаб, уч ой давомида ваҳима ва саросима ичида яшади. Бу жазодан қўрқиб, гоҳ Пекинга чопди, гоҳ ўзини шармандаларча Россия Президенти оёқлари остига отди.

Жазо муқаррарлигини нафақат Каримов, балки унинг яқин элитаси – ҳамтовоқлари ҳам кутган эди. Андижон намойишини бостиришга у ёки бу шаклда алоқадор бўлган қувват тизимларининг барча раҳбарлари ўзлари, оиласи ва фарзандларининг келажагидан қаттиқ хавотирга тушиб, типирчилаб қолгандилар.

Бундай қўрқув ва парокандаликни нафақат қувват тизимлари мутасаддилари, балки Каримов ҳукуматининг барча юқори табақа мулозимлари ҳис қилишган эди. Чунки Ўзбекистон Ғарб томонидан буткул изоляция қилинса, бу давлатларга сафар қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишдан қўрққандилар. Негаки, уларнинг аксарияти ўз арзандаларини Ғарбнинг тинч ва фаровон давлатларида ўқитар, тўплаган беҳисоб бойликларини ҳам айнан шу давлат банкларида сақлар эдилар. Лекин уларнинг бу хавотирлари оқланмади. Ғарб Каримов ва унинг ҳукумати кутган жазо чораларини қўлламади. Шу тариқа, уч ойлик қўрқув ва саросима тугаб, қасос ва ўч олиш мавриди келди. Андижон намойишида иштирок этган ва омон қолган одамлар, оммавий қирғин ҳақида дунёга хабар тарқаган журналистлар, мухолифат аъзолари ва ўзгача фикрловчи барча кишиларга нисбатан мисли кўрилмаган даражада зулм, таъқиб ва тазйиқлар бошланди.

Мингларча инсон қамоққа ташланди. Ҳеч бир изоҳсиз, барча ҳорижий ноҳукумат ташкилотлар ва фондлар бирин-кетин таъқиқланди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва мухолиф ҳаракат лидерлари ҳибсга олинди ёки мамлакатдан бадарға қилинди.

Қилинган жиноятга яраша муносиб жазо қўлланилмагач, режим ўз фаолиятини яна олдингидай давом эттира бошлади. Ҳолбуки, улар саросимага тушган дастлабки уч ойда, Ғарб Каримовни танқид қилиб, изоляция таҳликаси қуюқлашган пайтда унинг ҳукумати аъзолари ўзларини қутқариш ва Ғарб билан муносабатларни сақлаб қолиш учун ҳатто «сарой тўнтариши» қилиб бўлса-да, ўз Президентларидан юз ўгириш ҳақида ҳам ўйлай бошлаган эдилар.

Каримовнинг ўзи ҳам Европа Иттифоқи давлатлари ва Америка Қўшма Штатлари билан муносабатларнинг совуқлашиб, халқаро изоляция тобора кучайиб бораётган бир пайтда Россия ва Хитойдан топилган юпанч ва таскин унга етарли эмаслигини, бу вақтинчалик эканини яхши биларди. Ғарб иқтисодидан узилиш оқибатлари аллақачон ўзини кўрсата бошлади. Шу билан бирга, Каримов ўзининг бу давлатларда – Оврупа Иттифоқи ва Америка Қўшма Штатларида – исталмаган меҳмон эканини ҳам тобора чуқурроқ англаб етмоқда. Ўзининг халқаро нуфузи пасайиб, фақат Россия, Хитой ва собиқ МДҲ давлатлари доирасидагина жон сақлаётгани, бу ҳол ачинарли ва истиқболсиз эканини Каримов яхши билади.

Шунга қарамай, саросима ва парокандаликдан бир оз ўзига кела бошлаган Каримов тушиб бораётган обрўйини яна тиклашга уринмоқда. Каримов нуфузини тиклаш уринишлари натижаларини қуйидаги шаклларда кўриш мумкин: Ватанига қайтаётган қочқинлар ва уларнинг раҳнамолари оммавий суръатда тавба-тазарру қилиб, гўё Андижон фожеаларига сабабчи бўлган халқаро экстремистик кучларга қарши гувоҳлик бериши воситасида, Андижонда қон тўккан режим ҳаракатлари маъқулланиб, дунё ҳамжамияти олдида Каримовнинг оқланиши кўзда тутилмоқда.

Ҳатто баъзи Ғарб давлатларининг ундан Андижон борасида «чалғитилганлари» учун узр сўрашлари умид қилинмоқда.

Оврупа Иттифоқи билан яна олдингидек сиёсий ва иқтисодий муносабатларни тиклашга имо-ишоралар қилинмоқда. Элёр Ғаниевнинг яна олдинги лавозимига қайтарилиб, унинг ўрнига Ўзбекистоннинг Оврупа Иттифоқи ва Бельгиядаги элчиси Владимир Норовнинг Ташқи ишлар вазири этиб тайинланиши ана шу янги стратегиянинг бир парчасидир.

Бундан бир оз аввал, Андижон фожеаларига бевосита алоқадор Ички ишлар вазири Зокир Алматов ўз вазифасидан олиниб, Мудофаа вазири Қодир Ғуломов эса жиноий жавобгарликка тортилган эди.

Ўз халқига қарши қилинган жиноятнинг вақт ўтиши баробарида унутишидан умид қилган Каримов Андижон фожеаларини энди қувват тизимларининг баъзи лаёқатсиз раҳбарлари томонидан «нотўғри ва бемақсад қурол қўллаш» оқибатида содир бўлган, деб қайта таъриф бермоқчи. Ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг Америка Қўшма Штатларига нисбатан олиб бораётган тарғибот урушидан қатъий назар, Каримов аллақачон норасмий каналлар орқали АҚШ билан илгариги муносабатларини тиклаш умидида. Боз устига, бу қудратли давлат ҳарбийлари ичида бу ҳамкорликка қизиқувчилар ҳали ҳам бор. Вашингтондаги баъзи университетларининг баъзи профессорлари ҳам Каримовга бу борада ёрдамчилик қилишмоқда.

Бугун Андижон фожеаларига разм солсак, шундай манзара намоён бўлади: Андижон воқеаларидан сўнгги ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда вазият жуда ёмонлашган. Ўлка демократия тамойилларидан жуда узоқлашди. Баъзи таҳлилчилар буни Ғарб Ўзбекистондан юз ўгиргани билан изоҳлашмоқда. Лекин бу нотўғри таассурот. Назаримда, Ғарб ва АҚШ Каримов режимига унинг Андижонда ишлаган жиноятига муносиб жавоб бермагани оқибатида у демократиядан узоқлашди.

Ғарб, ҳаттоки, Белорус Президенти Александр Лукашенкога қўллаган санкциясининг ўндан бир қисмини ҳам Каримовга нисбатан қўлламади. Албатта, Лукашенко режими нодемократик тузум ва у Вацлав Хавел билан муқояса қилинганда, унинг автократлиги шубҳасиздир. Бироқ, Каримов билан солиштирилганда Лукашенкони «демократ» деб юборгинг келади. Агар Каримов режимига Лукашенко режимига нисбатан қўлланган санкция ва жазо чоралари қўлланганда эди, балки бугун Ўзбекистондаги вазият буткул бошқача бўлар эди. Аммо тушкунликка тушиш керак эмас. Ҳали умид бор.

Биз АҚШ ва Оврупа Иттифоқидан Каримов режимига нисбатан уларнинг халқаро майдондаги ўз салоҳият ва мавқеларига мос муносабат кутамиз. Одатда, диктаторларни дипломатик йўл билан тарбия қилиш жуда қийин. Бунга тарихда мисоллар жуда кўп, энг сўнгги мисол Саддамдир.

Фақатгина кучли ва қаттиқ халқаро босим ва санкцияларгина Каримов режимига таъсир қилиши мумкин. Мен бу борада сенатор МакКэйннинг таклиф ва мулоҳазаларини қўллаб-қувватлайман ва бу ташаббусни эътиборга молик, деб биламан.

Шу билан бирга, биз сенатор МакКэйннинг бу ташаббуси Сенат ва Конгрессда қўллаб-қувватланишини ва унинг тадрижини кутамиз. Америка сиёсатчилари инсониятнинг тараққийпарвар кучлари улардан ҳамиша ўрнак ҳаракат кутаётганини унутмасликлари керак.

Эътиборларингиз учун ташаккур!

Вашингтон шаҳри, 24.07.2006

(130)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (384-388-саҳифалар.)

(давоми бор)