Марказий Осиё муаммолари бўйича АҚШ конгрессида қилинган маъруза

Марказий Осиё муаммолари бўйича АҚШ конгрессида қилинган маъруза
125 views
03 May 2017 - 6:00

Биз Каримов режими билан ҳамиша мулоқот тарафдори бўлганмиз ва Ғарбнинг мазкур режим билан олиб борган мулоқотларини ҳамиша қўллаб-қувватлаганмиз. Бу мулоқотлар асносида Ғарб Ўзбекистондан демократия тамойилларига амал қилиш билан бирга, унинг иқтисодий ривожланишига замин яратиб, мустақиллигимизнинг мустаҳкамланиб боришига баҳоли қудрат ҳисса қўшгани учун ҳам бу мулоқотларни олқишлаган эдик.

Бироқ, Президент Каримов ўзбек халқининг иродасига қарши бориб, Ғарб демократиясидан юз ўгирди ва бу билан бутун дунё ҳамжамиятига унинг режими учун Ўзбекистонда демократик тамойилларнинг шарт эмаслигини маълум қилди.

Каримов режими билан мулоқотларни бугун ҳам давом эттириш тарафдорлари Ғарб Ўзбекистонни халқаро изоляция (иҳота) сари қалтис қадам қўйса, ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан ютқазади, дейишмоқда. Бу дўстларга тасалли бермоқчиман: Ғарб Ўзбекистонда на сиёсий, на иқтисодий ва на ҳарбий соҳада ҳеч нарса йўқотгани йўқ. Негаки, бу жабҳаларда қозонилган ҳеч нарса йўқ. 15 йил давомида Тошкент билан бўлган ҳамкорликнинг самараси ҳаминқадар эди. Бугун, минг афсуски, улар ҳам йўқ ҳисоби.

Сиёсий соҳани олиб кўрайлик. Ғарб билан 15 йиллик ҳамкорлик давомида тузилган демократия тамойилларини шакллантирувчи институтлар ҳамиша Президентининг инжиқ ва жиловсиз табиатига боғлиқ бўлиб келди. У истаган пайтда бу ташкилотларни бир зумда таъқиқлаб, йўқ қилиб юбориши мумкин эди. Ғарб ундан Андижон хунрезлигининг мустақил терговини талаб қилганида шундай бўлди ҳам!

Энг ачинарлиси, 15 йиллик ҳамкорлик давомида Ғарб Ўзбекистонда мухолифат фаолиятини қонуний(машруъ)лаштириб, унинг иштирокида сайлов ўтказишга ёки бирорта мустақил номзодни сайлов рўйхатидан ўтказишга эриша олмади.

Ўтган шу 15 йил мобайнида Каримов режими билан баҳслаша оладиган, унга мухолиф бўлган бирорта сиёсий партия рўйхатдан ўтказилмади. Атиги иккита ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти расмийлаштирилди, аммо кўп ўтмай уларнинг фаолияти ҳам таъқиқланди.

Тўғри, бир муддат Ғарб давлатлари ва халқаро жамоат ташкилотлари сайъи-ҳаракати билан Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватловчи дастур қабул қилиниб, демократия ва ошкораликни ривожлантирувчи институтлар фаолияти йўлга қўйилди. Қашшоқликка қарши кураш ҳаракати беминнат иш олиб борди. Бу хайрли ва савобли ишлар учун қанчадан-қанча маблағ ва гуманитар ёрдамлар, не-не мутахассис ва олимлар, таҳлилчи ва тадқиқотчилар меҳнати сарфланмади, дейсиз.

Аммо Ғарбнинг бу уринишлари ўша Битта одам истаги билан бир онда чиппакка чиқди!

Шу ва шунга ўхшаш барча самимий истак ва интилишларига қарамай, Ғарб Каримовдан инсон ҳуқуқларини яхшилаш, диний ва сиёсий қарашлари учун инсонларга уйғуланаётган қийноқ ва репрессияларга барҳам беришда бирор бир натижага эриша олмади. Албатта, Ғарбнинг бу талаблари режим бедодликларини бир оз бўлса-да жиловлаб туришга хизмат қилди. Лекин, минг афсуски, бу Президент Каримовнинг ички сиёсатини ўзгартириш учун етарли эмас эди.

Ҳарбий масалаларда ҳам, террорчиликка қарши кураш ва наркотик ва қурол савдоси бўйича ҳам аҳвол деярли шундай. Кўп шов-шувга сабаб бўлган Хонобод базаси ҳам АҚШ ва унинг НАТОдаги шериклари учун Марказий Осиёдаги узоқ муддатли режаларини амалга оширадиган манзил вазифасини ўтай олмади. Унинг вазифалари стратегик мақсадлардан кўра тактик йўналишлар савиясида чегарали қолди. Ва унинг тақдири ҳам, бошқа кўпгина ҳолларда бўлгани каби, яна ўша Битта кишининг иродасига боғлиқ бўлиб чиқди.

Каримов режимига ноқонуний наркотиклар ва қуроллар айланишига ҳамда террорчиликка қарши кураш доирасида Ғарб томонидан берилган ҳарбий-техникавий ёрдам Каримов томонидан ўзгача фикрловчи кишиларга ва мухолиф кучларга қарши кураш учун ишлатилди. Буни нафақат Андижонда, бошқа жойларда ҳам кўриш мумкин эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳали ҳам Афғонистондан келаётган наркотрафик оқимининг асосий базаси бўлиб қолмоқда. Бу трафикни назорат қилувчи жиноий структура ва гуруҳлар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ва юқори доирадаги ҳукумат мулозимлари билан тил бириктирган ҳолда фаолиятларини олиб бормоқда.

Терроризмга қарши кураш учун ажратилган халқаро маблағнинг асосий қисми Президентнинг шахсан ўзини ва оиласи хавфсизлигини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш учун ишлатилмоқда. Иқтисодий аҳвол манзаралари бундан-да аянчли. Президент Каримовнинг ҳукмронлик давридан бўён мамлакатда ҳали ҳам Ғарб сармоядорлари (инвестицияси) учун мўътадил вазият яратилмаган. Ўзбекистон ҳануз тадбиркорлик фаолиятининг барча кўринишлари учун хавфли зона бўлиб қолмоқда. Барча ташқи иқтисодий ва савдо операциялари шахсан Президент, унинг оиласи ва яқинлари томонидан назорат қилинади. Аксар ҳолларда ўзбек томони чет эллик шериклари билан имзолаган катта контрактлардаги молиявий мажбуриятларга амал қилишмайди. Шу боис, қатор ғарблик иқтисодий шериклар Ўзбекистонга фақат давлат, Президент кафолати билангина инвестиция (маблағ) киритишни одат қилишган. Айни масала бўйича кимлар билан шерикчилик қилиш ва қайси суммада, қандай контрактларни имзолаш ҳуқуқи яна ўша биз билган Битта одамга ва унинг шахсий манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ.

Бунинг ёрқин мисоли сифатида яқингинада Ўзбекистон ҳукумати қабул қилган бир қарорни келтириш мумкин. Чет эл инвестициясига эга бўлган 30 га яқин йирик қўшма корхоналар учун солиқдан озод қилинганлиги ҳақидаги имтиёзлар бекор қилинди. Улар орасида «Ньюмонт Голд», «Тексако», «Нестле» ва бошқа корхоналар бор. Солиқдан озод қилиш ҳақидаги имтиёз фақат Россиянинг «ЛУКОЙЛ» ва «Газпром» ширкатларига насиб этган, холос.

Кўриб турганингиздек, ҳукумат ва ҳатто Президентнинг кафолатлари ҳам – худди унинг ташқи сиёсати каби – инсонларда ишонч уйғота олмайди. Бу Битта одам кеча Ғарб инвестицияларига ишонч билдирганди, бугун Россия афзал кўрмоқда. Эртага нима бўлишини айтиш жуда қийин. Эртага Россияни инвесторлари Ғарбнинг бугунги аҳволига тушмаслигига ким кафолат бера олади?

Эрта бир кун Ўзбекистоннинг навбатдаги стратегик ҳамкори Шимолий Корея бўлиб, Президент Каримовнинг шахсий хавфсизлигини бугун уни террорист деган одамлари қўриқлайдиган бўлса ҳам, бунга ҳеч ким ажабланмайди.

Каримовнинг беқарор феъли ва жиловсиз табиати давлат осойишталигига доим раҳна солиб туради. Хавфли характерга эга бўлган лидер юрт хавфсизлигига қандай кафил бўлаолади?

Сўзимнинг якунида бир аниқлик киритиб ўтмоқчиман. Мен Ғарб Ўзбекистонда ҳеч нарса йўқотмади, деганимда бир оз янглиш гапирдим. Ғарб, ҳар қалай, ниманидир йўқотди. Ғарб у ерда Вақтини йўқотди. Бу ҳайф бўлган вақт Ўрта Осиё диктатураси табиатини ўрганиш учун кетди. Зулм, тазйиқ ва давлат террорига таянган тузум билан ҳамкорлик қилиш беҳуда эканини англашга сарф бўлди бу вақт. Биз Президент Буш ва Президент Путин бир овозда «террорчилар билан мулоқот мумкин эмас!» деганларини тушунамиз. Лекин биз Ўрта Осиёдаги давлат террорининг бош меъмори Ислом Каримов баъзи давлат раҳбарлари учун самимий мулоқот субъекти бўлаётганини ҳеч тушунолмаймиз.

Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб, шундай хулоса қилиш мумкин: Бутун Марказий Осиёда Ўзбекистондан бошқа бирор бир давлат йўқки, бир кишининг хоҳиш-иродасига шунча нарса боғлиқ бўлсин. Лекин, бошқа томондан, диктаторлик режими айнан шу жиҳати билан ҳам бир ажиб заифликка эга: яъни ўша Битта кишини, атиги Биттагина кишини алмаштириш билан бутун бир мамлакат ва ҳатто минтақада вазиятни тубдан ўзгартиш мумкин.

Коммунист Каримовнинг ўз таъбири билан айтганда, «Одам йўқ, муаммо ҳам йўқ».

Мен ўзбек ҳукмдорини куч ишлатиб ағдариб ташлашга даъват этмоқчи эмасман. Бор-йўғи, дунё ҳамжамияти Ўзбекистондаги бу Битта кишининг шахсий ҳокимиятига барҳам бериш йўллари ҳақида ўйлашига фурсат етганини айтмоқчиман, холос.

Янада очиқроқ айтсак, масала шу. Бутун куч ва саъйи-ҳаракатни демократия институтлари ривожи каби турли тадбирларга сарф этмоқ мантиқлими ёки бутун бу тадбир ва ҳаракатларимизнинг муваффақияти ёки мағлубияти яна ўша Битта одамнинг иродасига боғлиқлигини ҳисобга олиб, бу Битта одамнинг чегарасиз ҳокимиятига чек қуйиш мантиқлироқми?

Вашингтон шаҳри, Колумбия Округи,
25 июл 2006 йил

(131)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (388-392-саҳифалар.)

(давоми бор)