Шоҳларда қолмади ҳукму адолат

Шоҳларда қолмади ҳукму адолат
31 views
03 May 2017 - 8:00

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Қоча бошлади

Энди билдим замонанинг озганин,
Ёмонлар яхшидан қоча бошлади.
Ҳаромзода ўтиб, асилзодадан,
Писанд этмай, тўрга кеча бошлади.

Риё бўлди кўпнинг закот, намози,
Тангри ҳеч биридан бўлмади рози,
Пайғамбар ўрнида ўтирган қози,
Пора учун қўлин оча бошлади.

Шоҳларда қолмади ҳукму адолат,
Бир пул учун муфти берар ривоят,
Бил, бу ишлар – нишонаю қиёмат,
Золимлар тавбасиз ўта бошлади.

Арзгўйлар саф бўлиб, юзин сарғайтиб,
Ким тўрасин топиб, рангин қизартиб,
Золимлар мазлумга сиртин қабартиб,
Қамчисиндан қонлар соча бошлади.

Билганнинг сўзина амал бўлмади,
Мунофиқлар Яратганни билмади,
Сўпилар пиридан таълим олмади,
Дунё учун диндан кеча бошлади.

Бир гуруҳ сўпилар “сўпимиз” деяр,
Сўрамай, золимлар таомин еяр,
“Бизни яхши киши десинлар” деяр,
Ҳар эшикда ҳалқа қура бошлади.

Қарига айланди биз кўрган ёшлар,
Оёққа чувалди хўп олтин бошлар,
Бемаҳал юк боғлаб энди қардошлар,
Охират азмина кўча бошлади.

Оқил бўлган ғамда юрагин эзиб,
Дардининг дармонин сўроқлаб кезиб,
Замонанинг фасод бўлганин сезиб,
Фонийдан боқийга кўча бошлади.

Не асил бекларнинг навбати ўтди,
Чақимчи ва ҳаромига сўз етди,
Дунёда ким қолиб, муродга етди,
Муҳаббат чироғи ўча бошлади.

Қози бўлган бир жавобда турмади,
Кеча меҳнат тортиб, китоб кўрмади,
Шариат йўлинда тўғри юрмади,
Нафси учун иймон сота бошлади.

Махдумқули айтар, борҳо йўл тани,
Беш кун синамоққа юборди сени,
Сендан бурун ўтган жононлар қани?
Ҳар ким навбатинда ўта бошлади.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди