Қадим алп ўзбексан, Ўғузхон наслинг…

Қадим алп ўзбексан, Ўғузхон наслинг…
25 views
07 May 2017 - 8:00

Ислом Холбой

Йиллар азоби
Тўқсонинчи йиллар шеърияти 

Ўзбекистон

Қадим алп ўзбексан, Ўғузхон наслинг,
Гўрўғлибек, Бобур, Алпомиш аслинг,
Боғларинг тарк этмас, баҳорий фаслинг,
Мир Алишер чўққи, Бойқаро васлинг,
Меҳригиём, онам, жон – Ўзбекистон.

Темурбекдек жасур, ёвқур ўғлинг бор,
Улуғбек юлдузинг, қалбда чўғинг бор,
Қаторда Атилланг, зўр Қўрқутинг бор,
Сен Машраб, Шайбоний, юрак қўринг бор,
Қучоғинг мардларга кон – Ўзбекистон.

Пойтахтинг қадим Шош, мармар қалъадир,
Шаҳарлар ичинда кўркам, аълодир,
Қизларинг Нодира, гўзал, сарадир,
Ошиқлар етолмай, кўкси ярадир,
Томирларда мастон, хон – Ўзбекистон.

Дарёдайин қуриб, ўзани сувсиз,
Миллатлар ўтдилар, дунёда изсиз,
Сен тарих тахтидан тушмадинг, ҳаргиз,
От ўйнатиб келдинг, кеча ва кундуз,
Мардларнинг ризқ-рўзи дон – Ўзбекистон.

Мустақил байроғинг то рўзи маҳшар,
Юксакда ҳилпирар, қиммати ошар,
Устингдан қуёш ҳам зар, олтин сочар,
Аллоҳим, кўксингда маъданлар очар,
Ганжу хазинага кон – Ўзбекистон.

Шаънингга шеър битди, бир ўксик ўғлинг,
Бошига тож эрур нишонинг, туғинг,
Дунё айвонида юришиб овинг,
Тиз чўксин қаршингда душманинг, ёвинг,
Ўзбекнинг шаънида шон – Ўзбекистон.

                       Карвон қўнғироғи газетаси
                           №21 (146), 23.05.2013.

* * *

(давоми бор)