Нечалар мол топмас, ёру дўст топар

Нечалар мол топмас, ёру дўст топар
45 views
20 May 2017 - 8:00

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Тишига тегмас

Йўқсилликда нечаларнинг даврони,
Ётиб кўрган туши ҳушига тегмас!
Нечалар ҳасратда топади нонни,
Бир лаззатли таом тишина тегмас!

Дардларим кўп, сийнам ичра сизиллар,
Юз тумандан қийматлидир бу сўзлар,
Найсонсиз, навбатсиз неча бир ёзлар,
Хушлик билан ўтган қишина тегмас!

Ақллар бошлара боғлаб кечалар,
Ичкин-ичкин сўрсанг, маъни сочалар,
Нодонликда ўзин безаб нечалар,
Бошидаги иссиқ пўшина тегмас!

Англамасга оят сўзлардан десанг,
Пайғамбар Ҳадисин ўнгида қўйсанг,
Қулоғига тасбеҳ сўзларни қуйсанг,
Сўзларнинг ҳеч бири сиртина тегмас!

Инжитса ўғил-қиз ота-онасин,
Тавба қилмай, Ҳақ кечирмас хатосин,
Давр тегса, кимса унутар ўзин,
Ҳар кимнинг бу ишлар бошина тегмас!

Нечалар мол топмас, ёру дўст топар,
Нечалар бор – мол-дунё деб, маст ўтар,
Нечалар бор – йигитликдан паст келар,
Нечалар бор – сурган ёшина тегмас!

Махдумқули, гарчанд ишим намоздир,
Кўнглим паришондир, ғамим дароздир,
Одам бор – минг туман едирсанг, оздир,
Одам бордир – еган ошина тегмас!

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди