Биргина лоқайдлик барча муаммоларимизнинг – онаси

Биргина лоқайдлик барча муаммоларимизнинг – онаси
48 views
24 May 2017 - 11:15

Анча йиллар аввал умримда биринчи марта Тошкентга борганим эсимда. (Эсимни таниб борганимни назарда тутдим.) Кўҳна шаҳар. Чиройлик ва ҳашаматлик бинолар. Одамлар гавжум. Ҳамма ҳар ерга шошган. Бир зум сокинлик йўқ. Вақт эса сувдек ўтади.

Кўчаларни айланиб бир нарсага ҳайрон қолардим. Хиёбонларда, кўчадаги ўриндиқларда йигит ва қизлар бемалол 18 + кўрсатишиб ўтиришарди. Табиий, мен учун жуда валломат кўринган. Мен умримда бундай саҳналарни “живой” кўрмаган ўспирин йигитча эдим. Дўстим билан (дўстим ўқишга келиб, шу ерда қолиб кетган эди) бир кун шундай севишганларга дуч келдик. Бир-бирини еб қўяй деб тирмашиб ётибди. Мултфилмдаги каби: “хўрозни қўйвор, номард!” деб, бақириб юборибман. Ўзимча роса сўккан бўлдим. Иккала ошиқларни турғизиб юбордим. Эвазига эса дўстимдан дакки эшитдим. Қолоқликда, кўча кўрмаганликда айбландим. Мени энди кўчадаги шармандалик ҳолатлардан кўра дўстимни гапи янада таажжублантирди. Бир вақтлар, бирга ўқиб юрган кезларимиз амру маруф ва наҳий мункарни доим қиладиган, кўчадагиларни яхшиликка чақирадиган, мункарга шиддат кўрсатадиган дўстим бошқа одамга айланиб бўлганди.

Мен ўсган шаҳарда йигит ва қиз ҳатто қўл ушлашиб тура олмасди. Агар йигитлар йигит ва қизнинг ёнма-ён кўчада ўтирганини кўриб қолса албатта шарманда қилмагунча қўймасди. Керак бўлса уришгача борарди. Мана шуни билгани учун ҳам ҳеч кимни ҳадди сиғмасди бу ишларни яққол кўчада қилишга.

Бир кун метрога тушдим. Метрога «қизини» кузатаётган йигит у қизни шунақа ўпдики… Киноларда ҳам бунақасини кўрмайсиз. Ҳалиги, нима дерди “романтичний”. Одамлар тўшакда уялиб қиладиган ишини куппа кундуз куни, жамоат жойида бемалол қилди. Энг даҳшатлиси эса ҳеч ким эътибор бермасди. Ҳатто назар ҳам солишмасди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора.

Бир муддат Тошкентда яшашимга тўғри келди. Яшаш асносида ўша саҳналарга кўникдим. Аввалига «қолоқликни» ташладим. Энди гапирмасдим. Қалбимда жирканардим. Яна бир муддатдан кейин ҳалиги ишларга эътибор бермай қўйдим. Мутлақо «қолоқликдан» қутилдим. Энди мен бемалол яшардим. Ҳеч кимга, ҳеч нарсага эътибор бермасдим. “Менга нима” шиорига ўтиб олдим. Энди дўстим иккимиз бир-ҳил фикрлардик. Бир кун меҳмон келди. Уч киши шаҳар айландик. Меҳмон ҳам ўша, мен келган вақтда ҳис қилган нарсаларни ҳис қила бошлади. Бу сафар олдини олиш учун ўзим унга тайинладим: “эътибор берма! Бу ер шундай жой. Хоҳлаган, хохлаган қандини ейди. Юр кетдик…»

“Воронижга келволдим, яна мушук бўлволдим”, деганларидек уйга қайтиб яна аввалги холимга келдим.

Умар Ибн Абдулазиз замонида бир киши дарсга кечикиб келганида Умар Ибн Абдулазиз шундай деган эканлар: “дин сен ва сенга ўхшаган лоқайдлар дастидан ғариблашади.”

Дин душманлари бу нарсани биздан аввал тушуниб етишган. Масжидлардаги азон нимага чақиради? Муаззин: «намозга келинг, нажотга келинг», деб даъват қилади.

Болаларни масжиддан тўсиш, ҳижобга тақиқ қўйиш, диний илмни чеклаш…. Ҳатто тўйларда амру-маъруфни тўхтатиш.

Аллоҳ ҳар бир гуноҳ ва биз орамизга чегара қўйган. Ўша чегарани босиб ўтдикми, тамом! Биз энди уни қилаверамиз. Ўғри онасидан ўғри бўлиб туғилмайди. У бир марта ўғирламагунча тўғри бўлиб юраверади. Бир марта ўша чегара босилдими, энди унга у гуноҳнинг ҳайбати қолмайди. Қўрқуви кетади. Ёлғон, зино, пора барчаси шулар жумласидандир.

Жамиятда қачонки одамлар бир гуноҳни гуноҳ ва жирканчлик иш деб билсагина ўша гуноҳлардан қутулиш мумкин. Пора, зино, ёлғон каби гуноҳлар одатий, кундалик турмуш тарзимизга айланган. Баъзисини ўзимиз қиламиз, баъзисини қилганлардан эшитамиз. Лоқайдмиз, эътиборсизмиз!

Бугун одамлар кўчада қорқиз кийимини кийган йигитни кўрса нафратини изҳор қилади. Уради, тепади ва ҳоказо. Гейларга ҳам муносабат шундай. Лекин гуноҳи ундан кам бўлмаган зино, каззоблик, кредит ва порахўрликни оддий, шундай бўлиши керак деб қабул қиламиз. Муаммо лоқайдлигимизда, Агар ўша қорқизни, гейларни уриб, тепиб, нафратланганимиздай порадан, ёлгондан, зинодан нафратланганимизда эди… Жамият ўз-ўзидан ўнгланарди. Афсуски, биз пора билан қаср қурган Прокурорга, одамларни қақшатиб бой бўлган мафиозга, халқни талаган амалдорга ҳавас қиламиз. Судлардан, прокурордан, милициядан зулм кўриб, дод-войлаб боламизни яна ўша даргоҳларга киргизиш учун пора билан олиб борамиз. Ўша даражага эришиб, кимнидир қон қақшатганда дуо қилиб, омад тилаймиз.

У бола ҳам отасининг облигациялари каби, ўз қийматини йўқотмаслик учун чин-дилдан ҳаракат қилиб ўша мансабга эришгандан кейин пулларни ўн ҳисса қилиб қайтариш илинжида бўлади.

Биргина лоқайдлик барча муаммоларимизнинг – онаси. Аралашмаймиз, кўзимизни юмамиз, танимаганга, кўрмаган ва билмаганга оламиз. Мақолмиз ўзимизга ярашган «оч қорним тинч қулоғим».

Sayyid Islom

facebook.com