Душман карахт, у ўлгани йўқ

Душман карахт, у ўлгани йўқ
80 views
27 May 2017 - 8:00

Ислом Холбой

Йиллар азоби
Тўқсонинчи йиллар шеърияти

Оққайин

Қалин ўрмон, намчил об-ҳаво,
Эсар Ўрол тоғида шамол.
Япроқлари майин, шивирлаб,
Қўшиқ куйлар, тонглар, ойжамол.
Бу сенмисан, момом Оққайин,
Мен ўғлингман, пойинг ўпайин.

Димоғимда ҳали ҳам ҳидинг,
Кўзларимга ошно чиройинг,
Беш минг, балки ўн минг йил аввал,
Мен туфайли кулганди, ойинг.
Бу сенмисан, бобом Оққайин,
Кафтингни оч, дуонг олайин.

Атиллани етиштирган зот,
Энасойнинг эрка келини,
Шеркишварни жангга жўнатдинг,
От устида боғлаб белини.
Сен ўшасан, ўша Оққайин,
Кўзларингга тўйиб, боқайин.

Бойкўл, Сахий ерни қўйиб тур,
Камчеткани сурайлик четга,
Биздан омад юзин ўгирди,
Барисини айтайлик бетга,
Сен йиғлама, онам, Оққайин,
Исларингни қониб, туяйин.

Бир замонлар шамолдек елди,
Афросиёб, ул Қора Бўри.
Душманларни қуюндек босди,
Ўғузхонинг, дунёнинг зўри.
Садоқатли дўстим, Оққайин,
Сенга қай бирини айтайин.

Душман карахт, у ўлгани йўқ,
Миллат ҳали куч йиққани йўқ,
Ўғлинг меҳмон, у қайтгани йўқ,
Бу бир хаёл, гап айтгани йўқ.
Кўришгунча, хайр, Оққайин,
Қолиб кетдим, ортга қайтайин.

               29 августь,1999 йил,
                               Екатринбург шаҳри.

* * *

(давоми бор)