Кўплар учун Ҳурлик – ўтмиш, хотира

Кўплар учун Ҳурлик – ўтмиш, хотира
33 views
28 May 2017 - 8:00

Ислом Холбой

Йиллар азоби
Тўқсонинчи йиллар шеърияти

АРАФА

Чинорлар бошидан қарға галаси
Булутдек қўзғолди, кузак шомида.
Тошкент кўчалари, бу маҳал ғамнок,
Хазонлар ўйнайди, уйлар томида.

Қора кийган осмон кўринса-да, тинч,
Бағрида қишлайди, кўринмас тўфон.
Юз йиллар бўлгандир, тош қотганига,
Мазлумлар, қон йиғлар, уйғонмас ҳамон.

Кўз тиккан футувват, кутиб чарчаган,
Кўплар учун Ҳурлик – ўтмиш, хотира.
Шайтондек аврайди, баъзилар ўзин,
Гоҳ бирлар, ўзини эслайди, хира.

Аммо, уйғониши элнинг ҳақиқат,
Ғафлатга ботмоққа ҳеч ҳам ҳаққи йўқ.
Ҳақсизлар бағридан бир кун шижоат,
Ёнмоқ бўлиб, узар, кутмаганда, ўқ.

Шоқоллар ҳукумрон ўлкада, бугун,
Қузғунлар сасига кўмилади, тонг.
Шундай давом этар асрлар бўйи,
Бу маконда, йиллар ёришмайди онг…

Яллиғланган шуур – оқади, яра,
Ҳақсизликдан заққум қусади, жонлар.
Милтиллаган умид, олса аланга,
Сўкилар, йиринглар, у ҳаром қонлар…

Шижоат – ўқ бўлиб отилмиш кунлар,
Яқиндир, Озодлик ҳайқириғи, бас!
Ер тишлар у куни олчоқ, золимлар,
Кўз очмасдан яшаш – тириклик абас!

Кўзингни оч, халқим, ҳақсизлик нечун?
Етар, қурбонликлар берганинг қадар.
Етди сен унмоғинг учун ёруғ кун,
Кўз тикар, йўлингга кутганинг – Зафар!

* * *

(давоми бор)